Нажосатни уч марта ювиш керакми?

Савол: Нажосатни тозалашда нималарга эътибор бериш керак ва неча марта ювиш керак?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабида нажосат юққан жой дирҳам миқдоридан кўп бўлса, ювиш фарз бўлади. Ювишнинг маълум бир миқдори йўқ, тоза бўлгунча ювилади.

Қаттиқ нажосат камар, сумка, маҳси, пойафзалга теккан бўлса, суртиб ташлаш билан тоза бўлади. Ўзига сингдирмайдиган, силлиқ нарсалар, масалан, шиша, ойна, суяк, тирноқ, пичоқ, ёғли бўёқ билан бўялган нарса устидаги қаттиқ ёки суюқ ҳар қандай нажосатни қўл билан, тупроқ билан ёки бошқа нарса суртиб ташлаганда унинг уч сифати (ранги, ҳиди ва таъми) кетса, тоза бўлади.

Батафсил

Либос ва гиламлардаги нажосат

Савол: Тоза ва ифлос кийимларни бирга ювишнинг зарари борми?

Жавоб: Сийдик теккан, қон теккан кийимларни нажс тегмаган кийимлар билан бирга ювишнинг зарари йўқ.

Савол: Гўдакларнинг таглиги ювилган пластмасса тоғорада бошқаларнинг нажс тегмаган кийимларини ювса бўладими?

Жавоб: Бунинг зарари йўқ.

Батафсил

Гўдаклар ва нажосат

Савол: Таглигида, памперсида нажосат бўлган гўдакни орқалаб олиб намоз ўқиш жоизми?

Жавоб: Нажосатли гўдакни орқасига олиб, намоз ўқиса, намози саҳиҳ бўлмайди. Бу чўнтагида сийдик солинган идишни олиб юришга ўхшайди. Лекин ёш бола ўзи келиб намоз ўқиётганингизда қучоғингизга ўтириб олса ёки орқангизга осилса, намозга моне бўлмайди. (Радд ул мухтор)

Батафсил

Аслида хаста менман

Жунайд Бағдодий ҳазратларининг кўзларида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. Барчага яхшилик қиладиган, сахийлиги билан машҳур бўлган бир табибни чақиришди. Бу табиб насроний эди. Кўздан кечиргандан кейин “Кўзларингизга асло сув текказманг, сув тегса кўр бўлиб қоласиз” деди. Жунайд Бағдодий ҳазратлари “Кўзларимга сув текказмай, қандай таҳорат оламан?” деганида “Агар кўзларингиз сизга керак бўлса, сув текказмайсиз” деди. Жунайд Бағдодий ҳазратлари таҳорат олиб, намоз ўқиди ва намоздан кейин бироз ухлади. Тушида “Кўзларини Аллоҳ учун, Аллоҳнинг амри бўлган намоз учун фидо этган банданинг кўзларига шифо берамиз” дейилди. Уйғонганида кўзларидаги оғриқ қолмаганди.

Эртасига назорат учун келган табиб кўзларининг бутунлай соғайиб кетганини кўриб, ажабланди. Ҳайратомуз оҳангда “Бундай иллатнинг бир кунда бутунлай йўқолиши тиббиёт тарихида кузатилмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Қандай соғайиб кетди?” деб сўради.

Жунайд Бағдодий ҳазратлари тушини айтиб берди. Табиб дарров эгилиб қўлини ўпиб, имон келтирди: “Аслида хаста сиз эмас, мен эканман. Сизнинг кўзларингиз оғриган бўлса, меники кўр экан. Ҳақиқатни кўролмаган мен эканман” деди.

Ҳикмати илоҳийга қаранг, сахий ва яхшилик қилувчи бир насронийнинг ҳидоятга қовушиши учун Аллоҳу таоло Жунайд Бағдодий ҳазратларининг кўзларига оғриқ беради. Шу тариқа табибнинг ҳидоятига сабаб қилади.

Батафсил

Сен нимага йиғлаяпсан?

Ҳасан Басрий ҳазратларига бир зот келиб “Менинг бир қизим бор, кеча-кундуз йиғлайвериб, кўзлари кўр бўлди. Бунинг давоси йўқми?” деб ёлвориб сўради. Ҳасан Басрий ҳазратлари қайғуга ботиб, унинг уйига борди.  Қиздан нимага йиғлаганлигини сўради. Қиз дедики: “Жаноб, мен Раббимга ошиқман. Унга ошиқлигим сабабли йиғлаяпман. Гапимни ва ҳолимни тушунадиган йўқ. Сиз бўлмаганингизда буни яна айтмасдим. Кўр бўлган кўзларим учун ҳам сиқилмайман. Агар бу кўзлар охиратда Аллоҳу таолони кўра олса, унга минглаган кўз фидо бўлсин. агар бу кўзлар буюк Аллоҳни кўришга лойиқ бўлмаса, уларни кўз деб олиб юришнинг нима фойдаси бор? Охиратда кўр бўлсалар, дунёдалигида ҳам кўр бўлиб кетсин.”

Ҳасан Басрий ҳазратлари “Шундай давом эт, қизим. Ҳеч қайғурма. Пайғамбар жанобимиз “Киши севгани билан бирга бўлади” деб суюнчилаганлар. Биз аслида бу ерга насиҳатчи ва табиб сифатида келгандик. Даволамоқчи эдик. Ҳолбуки ўзимизга насиҳатчи ва табиб топиб, кетяпмиз” деди.

 

Батафсил

Гуноҳ хасталигининг дориси

Боязид Бистомий ҳазратлари бир куни руҳий хастахона ёнидан ўтиб кетаётганида биттасининг тўқмоқ билан бир нарсаларни ўраётганини кўриб, ундан сўради:

- Нима қиляпсан?

- Телбаларга дори қиляпман.

- Менинг касалимга ҳам бир дори тавсия этасанми?

- Қандай касаллик?

- Гуноҳ ишлаш.

- Мен гуноҳ касаллигини тушунмайман... Мен телбаларга дори қиламан.

Шунда бу гапларни эшитиб турган бир телба Боязид Бистомий ҳазратларига деди:

- Сенинг касаллигинг давосини мен айтаман. Тавба ҳиди билан истиғфор баргини аралаштир. Қалб ҳовончасида тавҳид тўқмоғи билан майдала. Инсоф элагидан ўтказ. Кўз ёши билан суюлтир. Ишқ тандирида пишир... Тонг ва шомда кўп-кўп е... Шунда сенинг касалингдан асар ҳам қолмайди.

Бистомий ҳазратлари “Эҳ, олчоқ дунё! Демак сени ҳам телба деб бу ерга олиб келибдилар” деб у ердан кетди.

 

Батафсил