Имтиҳонга кираётганда ўқиладиган дуо
Савол: Биз учун муҳим бўлган имтиҳонга киришдан аввал қайси дуони ўқиганимиз тўғри?
Жавоб: Аллоҳу таолодан ҳар нарсанинг хайрлисини сўрашимиз керак. Мутлақо яхши топширайин демаслик керак. “Менга хайрли бўлса, имтиҳонни яхши топширишимни насиб эт” деб дуо қилиш керак. Имтиҳонга киришдан аввал бир Фотиҳа билан истиғфор дуосини ўқиб, Пайғамбар жанобимизга, бошқа Пайғамбарларга, Аҳли байтга, Асҳоби киромга, тобеинга, мазҳаб имомларимизга, силсилаи олияга, машойихи изомга ҳадя этиб, уларнинг ҳурмати учун дуо қилган яхши бўлади. Дуо қилганда иложи бўлса силсилаи олия буюкларининг исмларини ҳам айтиш яхши бўлади. Авлиёнинг, солиҳларнинг исмлари айтилган ерга раҳмат ёғиши ҳадиси шарифларда билдирилган.
Сафарга чиқаётганда ўқиладиган дуолар
Савол: Сафарга чиқаётганда қандай дуо ўқилади?
Жавоб: Сафарга чиқаётган киши икки ракат намоз ўқиши ва садақа бериши керак. Зоҳид Абул-Ҳасани Ғазвий ҳазратлари “Сафарга чиқаётганда Қурайш сурасини ўқиган одам бутун ёмонликлардан сақланади” деди. (Ширъа)
Уйдан чиқаётганда Оятил курсини ўқиган киши уйга қайтганига қадар балолардан омон бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:
“Уйдан чиқаётганда Оятил курси ўқиган кишига етмиш фаришта уйига қайтгунга қадар дуо ва истиғфор этади.” (Эй ўғил илмиҳоли)
“Уйидан чиқаётганда “Бисмиллоҳи таваккалту алаллоҳи, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳ” деган одам таҳликаларда сақланади, шайтон ундан узоқлашади.” (Термизий)
Овқатдан кейин ўқиладиган дуолар
Савол: Таомга бошлаётганда бисмиллоҳ айтиш фарзми?
Жавоб: Фарз эмас. Таомга бошлаётганда бисмилло айтиш, яъни “Бисмиллоҳиррахмониррахим” дейиш ва еб бўлгандан кейин “Алҳамдулиллоҳ” дейиш суннатдир. (Ҳиндия)
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Овқатланиб бўлгандан кейин “Алҳамдулиллоҳиллази атамана ҳазаттаома ва разақана мин ғайри ҳавлин минна ва ла қувваҳ” дуосини ўқиган кимсанинг гуноҳлари авф бўлади.” (Абу Довуд)
“Бир кимса еб-ичгандан кейин “Алҳамдулиллоҳиллази атамани ва ашбаони ва сакани ва арвани” дуосини ўқиса, онасидан туғилган кундагидек гуноҳсиз бўлади.” (Ибн Сунний)
Пайғамбар жанобимиз овқатдан кейин “Алҳамдулиллоҳиллази атамани ва сакана ва жаолана муслимин” дуосини ўқирди. (Термизий)
Овқатдан кейин юқоридаги дуоларни ҳам ўз ичига олган қуйидаги дуони ўқиш яхшироқ бўлади:
“Алҳамдулиллоҳиллази ашбаона ва арвани мин ғайри ҳавлин минна ва ла қувваҳ. Аллоҳумма атимҳум кама атамуна. Аллоҳуммарзуқна қалбан тақиййан минашширки бориййан ла кофиран ва шақиййан валҳамдулиллоҳи раббилоламин.”
Маъноси:
Бизнинг кучимиз ва қувватимиз бўлмасдан, бизни неъматлари билан тўйдирган ва чанқоғимизни кетгизган Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин. Ё Рабби, бизга бу таомни ҳозирлашда меҳнати сингган ва бизга бу неъматларни икром этганга сен ҳам икром эт. Ё Рабби, бизнинг қалбимизни ширк, куфр ва ёмонликлардан сақла. Бизларга динимизнинг амрларига бўйсунган бир қалб насиб эт!
Шукр дуоси
Ҳар тонгда бир марта “Аллоҳумма ма асбаҳа би мин нематин ав би ахадин мин халқика фа минка вахдака ла шарика лака фа лакал ҳамду ва лакашшукр” дейиш керак ва ҳар шомда “ма асбаҳа” ўрнига “ма амса” деб барини айнан ўқиш лозим. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Бу дуони кундуз ўқиган кимса бу куннинг шукрини қилган бўлади. Кечқурун ўқиса, шу кечанинг шукрини бажарган бўлади” деб марҳамат қилдилар. Таҳоратли ўқиш шарт эмас. Ҳар кун ва ҳар кеча ўқиш керак. бу шукр дуоси юқоридаги таом дуосига қўшиб ўқилса, яхши бўлади.
Шукр дуосининг маъноси:
Ё Рабби, менга ва бошқа яратганларингга берган моддий ҳамда маънавий неъматларнинг тонгга (шомга) қадар бизнинг ёнимизда қолиши ёлғиз Сендандир. Сенинг шеригинг йўқ. Сенга ҳамд ва шукр этамиз.
Ухлашга ётганда ўқиладиган дуолар
Савол: Кечқурун ётганда ўқиладиган дуоларни тартиби билан айтиб берасизми?
Жавоб: Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари айтадики:
Ётоғингга таҳоратли ҳолда, аузу бисмиллоҳ ўқиб кир. Ўнг тарафинг билан қиблага қараб ёт. Ўнг кафтингни ўнг ёноғинг тагига қўй. Аузу бисмиллоҳ билан бир Оятал курси ўқи. Сўнгра ҳар бири учун бисмиллоҳ айтиб, уч Ихлос, бир Фотиҳа, бир Фалақ ва бир Нос сураларини ўқи. Сўнгра уч марта истиғфор дуоси, яъни “Астағфируллоҳалазим аллази ла илоҳа илла ҳу” ўқи. Учинчи ўқишда “ал-хаййул қаййума ва атубу илайҳ”ни қўшиб ўқи. Сўнгра ўн марта “Таваккалту алаллоҳ ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳ” ўқи. Ўнинчисида “хил алиййул азим аллази ла илоҳа илла ҳу”ни қўш. Сўнгра “Аллоҳуммағфирли ва ли валидаййа ва лилмўминина вал мўминат”, бир марта “Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад”, бир марта “Аллоҳумма Раббана отина фиддунё ҳасанатан ва фил охирати ҳасанатан ва қина азабаннор би рахматика ё архамаррахимин”, 3, 10, 40 ёки 70 марта истиғфор, яъни “Астағфируллоҳилазим” ва бир калимаи тавҳид, яъни “Ла илоҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ” ўқи! (Ислом ахлоқи)
Тавба-истиғфор қандай қилинади?
Савол: Тавба-истиғфор нима ва қандай қилинади?
Жавоб: Истиғфор этиш “Астағфируллоҳ” дейишдир. Тавба ҳаром ишлагандан кейин пушаймон бўлиб, Аллоҳу таолодан қўрқмоқ, бошқа қайта ишламасликка аҳд қилишдир. Ҳадиси шарифда “Тавба бу – гуноҳдан сўнг бу гуноҳни қайта ишламасликдир” деб марҳамат қилинди. (И.Аҳмад)
Гуноҳ ишлагандан кейн ҳамон тавба қилиш фарздир. Тавбани кечиктириш ҳам катта гуноҳдир. Кечиктиргани учун алоҳида тавба қилиш керак. Қуръони каримда маолан буюриладики:
Овозсиз дуо ва зикр қилиш мумкинми?
Савол: Дуо қилишда овозсиз, кўнглидан ўтказиб, ичидан ўқиса бўладими?
Жавоб: Ўзи эшитадиган даражада ўқиш лозим.
Савол: Оятал курсини, қисқа сураларни ёки “Ла ҳавла..., Ла илоҳа иллаллоҳ” каби зикрларни йўлда, автобусда кетаётганда лабларини қимирлатмасдан, кўнглидан ўтказиб айтиш тўғрими?
Назар дуолари
Савол: Назардан сақланиш учун қандай дуолар ўқилади?
Жавоб: Инсонга, ҳайвонга ва ҳатто жонсиз нарсага ҳам назар (кўз) тегади. Назар инсонни касал қилади, ҳатто ўлдиради. Аёлларга ва болаларга тезроқ таъсир қилади. Пайғамбаримиз замонларида Асад ўғилларидан "кўзи бор" деб тарифланадиган бир шахс бор эди. Уч кун ҳеч нарса емасди, сўнгра чодирнинг бир тарафини кўтариб, у ердан ўтиб кетаётган бир туяга қараб “Бундай туяни умримда кўрмаганман” деб айтган заҳоти туя йиқилиб ётиб қоларди. Мушриклар ўша одамни топиб, Пайғамбаримизни назари (кўзи) билан ўлдиришини илтимос қилдилар. Жаноби Ҳақ Расулуллоҳни унинг назаридан сақлаган эди. Бу ҳақида Қалам сурасининг “Кофирлар сени кўзлари билан йиқитишмоқчи бўлди” маолидаги 51-оят нозил бўлганди.
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Назар - одамни мозорга, туяни қозонга туширади.” (Ибн Адий)
“Инсонларнинг ярми назардан ўлади.” (Табароний)
“Кўз тегиши ҳақ.” (Муслим)
Назар-кўз теккан одам қуйидаги дуоларнинг бирини ёки барини ўқиши керак:
1) Фотиҳа, Оятал курси ва тўрт Қул (Кофирун, Ихлос, Фалақ, Нос суралари) 7 мартадан ўқилиб, хастага уфланса, жоду, назар ва ҳар қанақа дард учун даво бўлади. тузга ўқиб, бу тузни сувда эритиб, ичса ҳам бўлади. Бир ҳадиси шарифда: “Фотиҳа ва Оятал курсини ўқиган кишига шу куни назар тегмайди” деб марҳамат қилинди. (Дайламий)
2) Бир ҳадиси шарифда: “Тонгда ва шомда 3 марта (бисмиллоҳ билан) “Бисмиллаҳиллази ла йадурру маасмиҳи шайун фил арди ва ла фиссамаи ва ҳувассамиул алим” дуосини ўқиган одам сеҳр-жоду ва назар (кўз тегиши)-дан ҳимояланган бўлади” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)
3) Оятал курси, Фотиҳа, икки Қул аузу ва Қалам сурасининг охирини ўқиш жуда фойдали. (Мадориж)
4) Сарвари олам жанобимиз икки Қул аъузуни ўқиб марҳамат қилдиларки: “Бу икки сура билан (балолардан, назардан) сақланинг. Ҳеч ким бу икки сура билан ҳимояланганидек бошқа нарса билан ҳимоялана олмайди.” (Абу Довуд)
5) “Аузу бикалиматиллаҳит-таммати мин шарри кулли шайтонин ва хаммаатин ва мин шарри кулли айнин лаамматин”ни тонгда ва шомда 3 мартадан ўқиб ўзига ёки хастага уфланса, назардан, жин, шайтон ва ҳайвонларнинг зараридан сақланади. (Мавоҳиб)
6) Расулуллоҳ кўз тегишига қарши “Аллоҳумма борик фиҳи ва ла тадарруҳу”ни ўқирдилар. (Ибн Сунний)
7) "Кўзи бор", яъни кўзи, назари тез-тез тегадиган одам ёки ҳамма ўзига ёққан нарсани кўрганида “Мошааллоҳ” дейиши, ундан кейин ёққан нарсаси ҳақида гапириши керак. Бирон нарса кишига ғоятда манзур бўлганда у ҳақдаги ҳайратини ифодалашдан аввал агар "Мошаллоҳ" дейилса, кў (назар) тегмайди. Ҳадиси шарифда: “Ёқтирган бирон нарсани кўрганингизда “Мошаллоҳ ла қуввата илла биллоҳ” десангиз, у нарсага назар тегмайди” деб марҳамат қилдилар. (Байҳақий)
8) Назардан сақланиш учун Ояти хирз деган оятларни ўқиш ва ёнида олиб юриш ҳам жуда фойдали.
9) Ибн Обидин ҳазратлари “Полизга суяк, қўриқчи (чучело) ва ҳайвоннинг калла суягини илиб қўйиш керак. Бир аёл полиз ҳосилига назар тегмаслик учун нима қилиш кераклигини сўраганида Расулуллоҳ: “Полизга ҳайвоннинг калла суягини осгин” деб марҳамат қилдилар. Қараган кимса биринчи шуни кўради, ундан кейин ҳосилни кўради” деб айтган. (Радд-ул мухтор) Диққат тортувчи чақалоқ, жонли ёхуд жонсиз нарсага осилган кўзмунчоқлар ҳам худди шу мақсад ва ниятда ишлатилиши керак. Ўзгача эътиқод қилиш хатарли бўлади.
10) Иссиқ-совуқ қилиш, уни восита ёки сабаб деб билмай, тўғридан-тўғри таъсир қилишига ишониб ёнида "тивала", "тамима" деб аталадиган тилсимланган нарсалар олиб юриш ва афсун, жоду қилиш жоиз эмас. Маъносиз ёки куфрга сабаб бўладиган тилсимлар, дуолар, куф-суфлар, дам солишлар, руқялар ўқишга "афсун" (жоду) дейилади. Кўз тегишини бевосита ўзи қайтара олади деб этиқод қилинадиган кўзмунчоқларга "тамима" дейилади. Руқя - ўқиб уфлаш (дам солиш) ёки ёнида олиб юриш (тумор) деганидир. Мана шу руқя (дам солиш ва тумор) агар оят ва ҳадисларда билдирилган дуолардан фойдаланиб қилинса бунга "тавиз" дейилади. Тавиз эса, жоиз. Демак дам солганда ва тумор тайёрланганда динимизда хабар берилган мўтабар дуолардан фойдаланилса, бу дам солишнинг ва туморнинг жоиз тури ҳисобланади. Акс ҳолда қатъиян жоиз бўлмайди. Ҳадиси шарифда: “Дориларнинг энг яхшиси Қуръони каримдир” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)
11) Имом Раббоний ҳазратлари талабалари билан узоқ бир ерга кетаётганда кечаси бир карвонсаройда қолдилар. Имом Раббоний ҳазратлари талабаларига “Бу кеча бир бало келади. (Бисмиллоҳ билан) “Бисмиллоҳиллази ла йадурру маъасмиҳи шайун фил арди ва ла фиссамаи ва ҳувассамиул алим” дуосини уч марта ўқинглар” деб буюрди. Кечаси катта ёнғин чиқди. Бутун карвонсарой ёнди. Фақат дуони ўқиганларга ҳеч зарар етмади.
Дард, бало, фитна, хасталик, назар, жодудан, золимларнинг ёмонлигидан сақланиш учун тонгда ва шомда имом Раббоний ҳазратлари хабар берганини хотирлаб, 3 марта ўқиш лозим. Ояти хирз ўқилганда ҳам бу дуони ўқиш керак. Ҳадиси шарифда: “Тонгда “Бисмиллоҳиллази ла йадурру маъасмиҳи шайун фил арди ва ла фиссамаи ва ҳувассамиул алим” дуосини 3 марта ўқиганга шомгача, шомда ўқиганга эса тонггача ҳеч бало келмайди” деб марҳамат қилинди. (Ибн Можа)