Ёмон ахлоқ ва даволари
Мусулмонлар ҳамма нарсадан аввал қалбларини тозалашлари лозим. Чунки қалб бутун баданнинг раиси, бошқарувчисидир. Бутун аъзолар қалбнинг амридадир. Пайғамбаримиз (саллоллоҳ алайҳи ва саллам): “Инсоннинг баданида бир эт парчаси бор. Агар у яхши бўлса барча аъзолар яхши бўлади. У ёмон бўлса бутун аъзолар бузуқ бўлади. Бу – қалбдир” деб буюрдилар. Яъни бу юрак деган эт парчасидаги кўнгилдир. Унинг яхши бўлиши, ёмон ахлоқдан тозаланиши ва яхши ахлоқ билан безанишини билдиради. Инсоннинг суратига, шакли-шамойилига “Бадан”, “Халқ” дейилади. Инсоннинг қалбидаги куч-қувватга, ҳолатга, феъл-атворига “Хулқ” дейилади. “Ахлоқи замима” – қалбнинг касалликларидир. Буларни даволаш қийин. Уларнинг дори-дармонларини яхши билиш ва ўринли фойдаланиш лозим. Хулқ, яъни феъл, қалбдаги қобилият ва қалбдаги орзу, ҳол демакдир. Одамнинг эътиқоди, сўзлари, ҳаракатлари ана шу қувватдан ҳосил бўлади. Ихтиёрий ҳаракатлар феълнинг асарларидир.
Ахлоқни ўзгартириш, ёмонини йўқ қилиб, ўрнига яхшисини пайдо қилиш мумкин. Ҳадиси шарифда: “Ахлоқни яхшиланг” деб буюрилади. Исломият мумкин бўлмайдиган нарсани буюрмайди. Тажрибалар буни кўрсатади. Тажриба қатъий билим беришга ярайдиган учта воситадан биттасидир. Бу воситалардан иккинчиси мухбири содиқнинг хабар беришидир. Учинчиси ҳисоблаш орқали англашдир. Одамларнинг ахлоқларини ўзгартириш истеъдодлари бир хил эмас.
Ахлоқнинг келиб чиқиш сабаби инсоний руҳнинг уч қувватидир. Булардан биринчиси руҳнинг “Идрок” қувватидир. Бунга “Нутқ” ва “Ақл” дейилади. Нутқнинг назарий қувватининг мўътадил, ўрта миқдорига “Ҳикмат” дейилади. Ҳикмат яхшини ёмондан, ҳақни ботилдан ажратувчи қувватдир. Бу қувватнинг керагидан ошиқча бўлганига “хуштакаллум” яъни донолик қилмоқ дейилади. Хуштакаллум инсон мумкин бўлмаган нарсаларни англашга тиришади, ўхшаш оятларга маъно беради. Фалокат, ғам-ғусса ҳақида гапиради. Макр, ҳийла, сеҳр каби зарарли нарсаларни англаб тушунтиради. Бу қувватнинг керагидан кам бўлишига “Баладат”, яъни аҳмоқлик дейилади. Бунақа одамлар фойда билан зарарни бир-биридан ажрата олмайди. Нутқнинг амалий қувватининг ўртача бўлишга “Адолат” дейилади. Адолатнинг ози-кўпи бўлмайди.
Ахлоқнинг манбаи бўлган қувватлардан иккинчиси “Ғазаб”дир. Ҳайвоний руҳнинг қувватидир. Ёқтирмаган, истамаган бирор нарсасига дуч келганда қони қайнайди. Мазкур қувватнинг инсоний руҳ томонидан таъминлайдиган ўртача миқдордаги “Шижоат”, жасорат дейилади. Керакли, фойдали ишларга мойилликдир. Мусулмонларнинг икки баровар кўп кофирлар билан жанг қилишлари, мазлумни золимдан қутқаришлари жасоратдир. Бу қувватларнинг кўп бўлиши “Таҳаввур” чаққон, ҳужумкор бўлишдир. Тезкор ҳиддат – ғазабдир. Бу қувватнинг кам бўлиши – “Губн”, қўрқоқликдир. Керакли нарсани қилишдан тортинади.
Руҳнинг қувватларидан учинчиси “Шаҳват”дир. Ҳайвоний руҳнинг ўзига ширин, ёқимли нарсаларни қилишдир. Бунинг инсоний руҳ томонидан тайин этилган миқдори Иффат, номус деб аталади. Инсон табиатининг муҳтож бўлган нарсалари исломиятга ва инсонликка уйғун тарзда амалга оширади. Керагидан ошиқ бўлишига “Шараҳ”, ҳирс ва фусур дейилади. Ҳалол бўлсин, ҳаром бўлсин хоҳлаганини қилишга уринади. Бошқаларнинг зарарига бўлса-да, ёқтирган нарсасини тўплайди. Шаҳватнинг керагидан кам бўлишига “Хумуд”, уюшуқ дейилади ва бундай ҳолатга тушган одам, касаллигидан, ёки ҳаёсидан ёхуд қўрққанидан, кибридан муҳтож бўлган нарсаларига эришишда бўлган ҳаракатда бўлади.
Юқорида қайд қилинган тўрт ўрта даража, яъни ҳикмат, адолат, иффат ва шижоат яхши феъл-атворларнинг асосидир. Инсон руҳнинг уч қувватидан ҳикматга тобе бўлган, бошқа иккитасига, яъни ғазаб ва шаҳватга ҳоким бўлади. Шу икковини ўрта даражали бўлган иффатга шижоатга эриштириб, саодатга етади. Агар ақлнинг назарий қуввати, ўрта даражаси бўлган ҳикматга эриша олмай, икки ёмон томонга майл қўйса ёмон феъллари ҳосил бўлади. Зиёда бўлган олтита феъл ҳамиша ёмондир. Ўрта даражада бўлган тўрт феъл ҳам ёмон ният билан қилинса, ёмон бўлади. Мол-мулкка мавқе, мартабага эришмоқ учун, руҳоний бўлиш, риё билан хўжа кўрсига намоз ўқиш ва жиҳод қилиш ҳикматни ёмон ишларга қўллашдир. Бирор завқ ёки мавқега эришиш учун баъзи завқлардан воз кечиб иффатдан ёмонликда фойдаланилади.
Асос бўлғувчи тўрт феъл-атвордан ҳар бирининг асарлари, аломатлари бор. Ҳикматнинг етти асари бор. Шижоат ва иффатнинг ўн биттадан асари – белгиси мавжуд.
Ёмон феъл-атворнинг давоси. Ёмон феъл-атворнинг ҳаммаси учун муштарак даво-касалликни, унинг зарарини, зиддини, давосини фойдасини билмакдир. Сўнгра бу касалликни ўзида ташхис қўйиш, текшириш ва топиш-аниқлаш лозим. Бу ташхисни ўзи қилади. Ёки бирор олимнинг, раҳбарнинг маълум қилиши билан англайди. Мўмин – мўминнинг ойнасидир. Одам ўз қусури – камчиликларини англаши қийин. Ишонган ўртоғидан сўраб камчилигини билиш ҳам мумкин. Содиқ бўлган дўсти, уни тахликалардан, қўрқувлардан муҳофаза – ҳимоя қилувчи одамдир. Шундай бир ўртоқ топиш жуда мушкул.
Душманларнинг ўзингга қарши ишлатган калималари ҳам одамга айбини билиш имконини беради. Чунки душман, одамнинг айбини юзига солади. Яхши оғайнилар эса инсоннинг айбларини унча яхши кўрмайдилар. Бир киши Иброҳим Адҳам ҳазратларининг айбини, кусурини билдириш учун унга ялиниб, сен билан дўст тутинганман, сенинг ҳамма қилиғинг, ҳаракатларинг менга гўзал кўринади. Айбингни бошқалардан сўра, дейди. Бошқа бировда қандайдир айб борлигини кўриб, шундай айб ўзимда ҳам борми деб, ўзининг кусурини қидирса ва топса-ю, ундан қутулиш йўлини изласа, бу хам ёмон феълларнинг давосидир. “Мўмин мўминнинг ойнасидир” ҳадиси шарифнинг маъноси ана шу. Яъни бошқаларнинг айбларида ўз айбларини кўради. Исо алайҳисалломга бу гўзал ахлоқни кимдан ўргандинг деганларида, “Бировдан ўрганганим йўқ, одамларга қарадим. Менга ёқмаган феъл-атворларини қабул қилмадим. Маъқул келганларини қабулладим” дедилар. Луқмони Ҳакимдан “Адабни кимдан ўргандинг?” деб сўрашди. “Адабсиздан!” деб жавоб бердилар. Салафи солиҳнинг, Асҳоби киромнинг, Валийлар (раҳматуллоҳи таоло алайҳим ажмаин)нинг ҳаётига оид ҳикояларни ўқиш ҳам яхши феълли бўлиш сабабларидандир.
Ўзида ёмон феъл-атвор бўлган одам бунга қандай дучор бўлганининг сабабини қидириши, шу сабабни йўқотиш, бунинг аксини қилиш ҳаракатида бўлиши лозим. Ёмон феълдан қутулиш, унинг аксини қилиш учун кўп шуғулланмоқ керак. Чунки одам ўрганган нарсасидан воз кечиши, қутулиши жуда мушкул. Ёмон нарсалар нафсга ширин кўринади.
Одам ёмон иш қилиб қўйиб, орқасидан риёзат чекиш, нафсга оғир келувчи ҳаракатда бўлишини одат қилса ҳам, фойдали даводир. Масалан, бирор ёмонлик қилсам, шунча садақа бераман, ёки рўза тутаман, кечки намозларни ўқийман деб қасам ичиш мумкин. Нафс, бундай оғир ишларни бажармаслик учун уларга сабаб бўлувчи ёмон одатларни ташлайди. Ёмон ахлоқнинг зарарларини ўқиш, эшитиш ҳам фойдали даводир. Мазкур зарарларга доир ҳадиси шарифлар кўп. Буларнинг баъзилари қуйидагилар:
“Аллоҳ олдида ёмон феъл-атвордан катта гуноҳ йўқ.” Чунки одам бунинг гуноҳ эканини билмайди. Тавба қилмайди. Натижада гуноҳи ортиб бораверади.
“Одамларнинг ҳеч тортинмасдан сиқилмасдан қилган гуноҳлари ёмон феълли бўлишдир”.
“Ҳар гуноҳнинг тавбаси бор. Ёмон ахлоқнинг тавбаси бўлмайди. Одам ёмон феълининг тавбасини қилмай туриб, янада ёмонини қилади”.
“Иссиқ сув музни эритгани каби яхши ахлоқ ҳам хатоларни эритади. Сирка асални бузгани сингари ёмон ахлоқ хайр-ҳасанотни маҳв этади”.
Ёмон ният билан бўлмаган ҳикмат, адолат, иффат ва шижоат яхши ахлоқнинг манбаи, асосидир. Яхши феълли бўлиш учун ва яхши ахлоқни ҳимоя қилиш учун солиҳ одамлар, яхши феъл-атворлилар билан дўст бўлиш керакдир. Одамнинг ахлоқи ўртоғининг феълига ўхшаш бўлади. Ахлоқ касаллик сингари юқумли бўлади. Ҳадиси шарифларда: “Одамнинг дини ўртоғининг дини кабидир” дейилади. Фойдасиз нарсалардан, ўйин-эрмаклардан, зарарли ҳазиллардан, баҳслардан тийилиш лозим. Илм ўрганиш ва фойда амаллар билан шуғулланиш керак. Ахлоқни бузувчи, шаҳватни қўзғатувчи секс, фаҳш китобларни ўқимаслик, телетомошаларни кўрмаслик лозим. Яхши феълларнинг фойдалари ҳамда ҳаромларнинг зарарлари ва Дўзахдаги азобларни ҳамиша эсда тутиш шарт. Мол-мулк ва мавқе-мартаба орқасидан қувгучиларнинг ҳеч қайси бири мақсадига етмаган. Мол ва мавқени хайр деб излаган ҳамда хайрли ишлар учун қўллаган роҳатга, ҳузур-ҳаловатга эришади. Мол, мавқе ғоя бўлмаслиги керак, хайрли ишларга восита бўлиши керак. Молу давлат, мавқею мартаба дарёга ўхшайди. Кўплар ана шу дарёда ғарқ бўлганлар. Аллоҳ таоллодан қўрқмоқ, шу дарёнинг кемасидир. Ҳадиси шарифда: “Дунёда қолувчи каби эмас, йўловчи каби яшаш керак! Ўлим хақлигини асло унутмаслик керак!” дейилади. Инсон дунёда боқий эмас. Дунё завқларига туйғунча дардлар, ғам-ғуссалар, қийинчиликлар ортиб боради. Қуйидаги ҳадиси шарифларни асло унутмаслик керак:
1. “Ибодатлари кам бўлган бир банда яхши феъли билан қиёматда юксак даражага кўтарилади”.
2. “Ибодатнинг энг осони ва кўп фойдалиси оз гапириш ва яхши хулқли бўлишдир”.
3. “Бир банданинг ибодатлари кўп бўлса ҳам ёмон феъли уни Дўзахнинг энг тагига ташлайди. Баъзан куфрга етаклайди”.
4. Бир кишининг кундузлари рўза бўлиши, кечалари намоз ўқиши, лекин ёмон феълли бўлгани, тили билан қўшниларига, оғайниларига азоб бергани айтилганда, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жавобида: “Бундай бўлиш яхши эмас. Борадиган жойи жаҳаннам ўтидир” дедилар.
5. “Яхши ахлоқни тўлдириш, ўз ўрнига қўйиш учун юборилдим”. Самовий динларнинг ҳаммасида яхши феъллар бор эди. Бу дин шуларни тўлатиш, охирига етказиш учун юборилди. Бу дин бор экан, яхши феълни билдирувчи бошқа манбага, бошқа бировга ҳожат йўқ. Бунинг учун Муҳаммад алайҳисаломдан кейн бошқа пайғамбар келмайди.
6. “Яхши феълли бўлганлар дунё ва охират саодатига эришади”: Чунки яхши феълли одам Аллоҳу таолога ва бандаларига нисбатан ҳақ вазифаларни бажаради.
7. “Сийрати ва феъли яхши бўлганни дўзах ўти куйдирмайди”.
8. “Ўзидан узоқлашганларга яқинлашмоқ, зулм қилганларни авф этмоқ, ўзини маҳрум қилганларга эҳсон бермоқ яхши феълли бўлишдир”. Яхши феълли одам ўзини ҳайдаб юборганга яхшилик қилади. Эҳсон беради. Молига, шаънига, баданига зарар берганни кечиради.
9. “Жаҳли чиққанда ғазабини босишга уринганнинг қалбини Аллоҳу таоло ҳимоя ва иймон билан тўлдиради”. Қўрқмас ва амин бўлади. Ёмонлик қилганга яхшилик қилиш, яхши феълларнинг энг аълосидир. Бу комил инсон аломатидир. Бу душманларни дўст қилади. Имом Ғазолий (раҳматуллоҳу таоло) айтадики, “Инжил”да кўрдим: Исо алайҳиссалом: “Ёмонлик қилганга ёмонлик билан жавоб берманглар! Ўнг юзингизга урганга, чап юзингизни тутингиз! деб буюрганлар. Христианларнинг ҳозир қўлларида мавжуд бўлган сохта “Инжил” китобларида ҳам шундай ёзилган бўлишига “Жавоб беролмади” китобимиз маълум қилади. Насронийларнинг Испанияда, Қуддусда, Ҳиндистонда ва Босня-Герцеговинода мусулмонларга ва яхудийларга қилинган ёзув зулмлари ва инквизиция судларида бир-бирига қилган исканжалар китобларда ёзилган. Бундай ваҳшиёна ҳаракатлар ҳақиқий “Инжил”га тобе бўлмасликларини кўрсатмоқда.
Ҳар бир мусулмон қалбида барча ёмон феълларни чиқариб ташлаб, ўрнига яхши ахлоқни жойлаштириш вожибдир. Бир нечтасини чиқариб, бир нечтасини жойлаштириш билан инсон яхши феълли бўлиб қолмайди. Тасаввуф одамни – камолга етказувчи йўлдир. Бундай бўлмаган йўлга тасаввуф дейилмайди. Ҳар бир илмнинг, ҳар бир санъатнинг сохталари, қалбакилари бўлганидек, диндан, исломиятдан, исломнинг гўзал ахлоқларидан хабари бўлмаган кўзбўямачилар, ёлғончилар ўзларини тариқатчи, шайх дегувчилар бўлади. Буларга ишонмаслик, жоҳилларнинг, алдамчилар ва ахлоқсизларнинг китобларини ўқимаслик, радиосини тингламаслик, тузоқларига тушмаслик керак.