Нажосатни уч марта ювиш керакми?

Савол: Нажосатни тозалашда нималарга эътибор бериш керак ва неча марта ювиш керак?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабида нажосат юққан жой дирҳам миқдоридан кўп бўлса, ювиш фарз бўлади. Ювишнинг маълум бир миқдори йўқ, тоза бўлгунча ювилади.

Қаттиқ нажосат камар, сумка, маҳси, пойафзалга теккан бўлса, суртиб ташлаш билан тоза бўлади. Ўзига сингдирмайдиган, силлиқ нарсалар, масалан, шиша, ойна, суяк, тирноқ, пичоқ, ёғли бўёқ билан бўялган нарса устидаги қаттиқ ёки суюқ ҳар қандай нажосатни қўл билан, тупроқ билан ёки бошқа нарса суртиб ташлаганда унинг уч сифати (ранги, ҳиди ва таъми) кетса, тоза бўлади.

Батафсил

Либос ва гиламлардаги нажосат

Савол: Тоза ва ифлос кийимларни бирга ювишнинг зарари борми?

Жавоб: Сийдик теккан, қон теккан кийимларни нажс тегмаган кийимлар билан бирга ювишнинг зарари йўқ.

Савол: Гўдакларнинг таглиги ювилган пластмасса тоғорада бошқаларнинг нажс тегмаган кийимларини ювса бўладими?

Жавоб: Бунинг зарари йўқ.

Батафсил

Гўдаклар ва нажосат

Савол: Таглигида, памперсида нажосат бўлган гўдакни орқалаб олиб намоз ўқиш жоизми?

Жавоб: Нажосатли гўдакни орқасига олиб, намоз ўқиса, намози саҳиҳ бўлмайди. Бу чўнтагида сийдик солинган идишни олиб юришга ўхшайди. Лекин ёш бола ўзи келиб намоз ўқиётганингизда қучоғингизга ўтириб олса ёки орқангизга осилса, намозга моне бўлмайди. (Радд ул мухтор)

Батафсил

Битта олма

Шамсиддин Севозийнинг “Маноқиби имоми Аъзам” номли асарида шундай ёзилган:

Имом Аъзамнинг отаси Собит (раҳматуллоҳи алайҳ) ёшлигидан ахлоқи гўзал, тақво ва вароъ соҳиби эди. Юзи ғоятда нурли бўлиб, жуда ибодатга берилган, динга мустаҳкам ва илмли эди.

Бир кун бир ариқ бўйида таҳорат оларди. Сувда оқиб келган бир олмани кўрди. Таҳорат олиб бўлгандан кейин, барибир сувда чириб кетадиган бу олмани олиб еди. Еб бўлгач, туфлаганида тупугига қон аралашганини кўрди. Шу вақтгача бундай ҳолатга дуч келмагани учун, буни бесўроқ олиб еган олмасидан деб билиб, пушаймон бўлди. Олманинг эгасини топиб, ҳалоллашиш учун ариқ ёқалаб юрди. Ниҳоят еган олмасига ўхшаган бир мевазор кўринди. Эгасини сўради. У ердагилар бу зотнинг ғоят сахий инсон эканлигини, ҳатто дарахатлардаги бутун олмаларни териб олиб кетса ҳам, ҳеч нарса демаслигини, битта олма у учун аҳамиятсиз эканлигини айтишди. Собит ҳазратлари бу гапларга қарамай, боғ эгасини топди, воқеани гапириб бериб, ё пулини олишини ёки ҳалоллик беришини илтимос қилди.

Боғ эгаси унинг бу ҳолини кўриб, ростдан ҳам тақво ва вароъ соҳиби эканлигини билиш учун шундай деди:

- Еган олманг учун нима берасан?

- Олтин, кумуш, нимам бўлса бераман.

- Менга олтин-кумуш керак эмас. Лекин қиёматда даъвогар бўлишимни истамасанг, бир таклифим бор шуни қабул қилишинг керак.

- Қанақа таклиф?

- Қабул қиладиган бўлсанг айтаман.

- Исломиятга мос бўлса, албатта қабул қиламан.

- Кўр, кар, тилсиз ва фалаж бир қизим бор. Агар шунга уйлансанг, еган олмангни сенга ҳалол этаман, ҳаққимга рози бўламан.

Собит ҳазратлари охиратга қул ҳақи билан кетмаслик учун бу таклифни қабул қилди. Тўй ҳозирлиги кўрилди. Собит ҳазратлари илк кеча хонага кирди-ю, кириши билан қайтиб чиқиши бир бўлди. Зудлик билан қайнотасининг олдига бориб “Менимча, бир англашмовчилик бўлганга ўхшайди. Ичкарида сиз айтган қиз эмас, умуман бошқа қиз ўтирибди” деди. Қайнотаси табассум қилиб “Ўғлим, шу менинг қизим, сенинг ҳалолингдир. Сенга кўр деганимнинг сабаби у ҳечқачон ҳаромга назар ташламаган, кар дейишимга сабаб ҳеч-ам ҳаром эшитмаган, тилсиз дейишимга сабаб умуман ҳаром гапирмаган, фалаж дейишимга сабаб ҳеч қачон ҳаром жойларга бормаган. Боргин, ҳалолингни ёнига киргин. Аллоҳу таоло муборак ва маъсуд айласин!” деди.

Мана шу никоҳдан, яъни шундай ота-онадан имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари дунёга келди.

 

Батафсил

Кучим етгани шу

Бир кун Намруд Иброҳим алайҳиссаломни оловга отишга қарор қилди. Шундай катта гулхан ёқадики, ўзи оловга яқинлашолмайди. Бир муборак зот бир чумолининг оловни ўчириш учун оғзига сув олиб, узоқдан келаётганини кўрди. Аммо оловга яқинлаша олмасдан, сувни гулханга яқин бир жойга тўкяпти. Авлиё зот чумолидан сўрабди:

- Сен нима қиляпсан?

Чумоли жавоб берибди:

- Асти сўрама, Аллоҳнинг пайғамбарини оловга отмоқчилар. Шу оловни ўчиришга ҳаракат қиляпман.

- Сенинг бу кичик жуссанг билан ташиган бир томчи сувинг улкан гулханни ўчира оладими?

- Жаноби Аллоҳ ҳар кимдан унинг кучига қараб ҳисоб сўрайди. Менинг кучим етгани шу.

Нариги тарафдан бир илон тинмай оловга пуфлаб, уни кучайтирмоқда. Ундан сўрабди:

- Нимага бундай қиляпсан?

Илон жавоб берибди:

- Бугун байрам. Бир пайғамбар ёнади.

Бу илон ҳам кучи етадиган даражада ёмонлигини қилмоқда.

Демак, буюк Аллоҳ ҳайвонларни икки гуруҳ қилиб яратганидек, инсонларни ҳам икки гуруҳда яратган: Бири оловни кучайтирадиганлар, иккинчиси оловни ўчирадиганлар.

Жаноби Ҳақ бизни оловни ўчирадиганлардан қилсин!

 

Батафсил

Бойқушнинг қиссаси

Ҳаёт-ул ҳайвон китобида айтиладики:

Сулаймон алайҳиссалом бутун ҳайвонлар билан гаплаша оларди. Бу унинг мўъжизаларидан бири эди. Кўкда тахти билан кезарди. Бир куни бойқуш Сулаймон алайҳиссаломга салом берди. Сулаймон алайҳиссалом алик олиб, ундан сўради:

- Нимага буғдой емайсан?

- Одам алайҳиссалом у сабабли Жаннатдан чиққани учун.

- Нимага сув ичмайсан?

- Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми сувда чўккани учун.

- Нимага фақат харобаларда юрасан?

- Харобалар Аллоҳу таолонинг меросидир.

- Нима учун уйларга келиб сайрайсан?

- Инсонларни огоҳлантириш учун. Олдиларида шиддатли таҳликалар бўла туриб, қандай ғафлатда ухлайдилар. Бундайларга ёзиқлар бўлсин!

- Кундузлари нимага чиқмайсан?

- Инсонлар менга зарар бермаслиги учун.

- Сайраётганда нима дейсан?

- Тасбиҳ ўқийман ва “Эй ғофиллар, чиқадиган узоқ сафарингиз учун озиқ ҳозирланг” дейман.

Сулаймон алайҳиссалом бойқушдан ҳам насиҳатчироқ қуш йўқ эканлигини айтди.

Батафсил