Хотинларнинг ишлаши
Савол: Аёлларнинг турли соҳаларда ишлашининг зарари борми?
Жавоб: Динимизда хотин киши пул топиш дардидан озод этилган. У югуриб-елиб пул топишга, бунинг учун беш вақт намозини оқсатишга, бошини-қўлини очиб, бегона эркаклар орасига аралашиб, гуноҳ ишлашга мажбур эмас. Ҳамма нарсани унинг олдигача олиб келиб қўйиш вазифаси эрига юклатилган. Динимиз аёлга мана шундай баланд ўрин ва қиймат берган.
Мусулмон хотин тижорат, фан, саноат ва деҳқончилик билан шуғулланишга мажбур бўлмаса ҳам булар билан банд бўлиб, ишлаб пул топиши гуноҳ эмас. Ўз истаги билан ишлаши мумкин. Лекин иш жараёнида ҳаромлардан тийилиши шарт. Ҳаром аралаштириб ибодат қилинмайди. Масалан, фарз бўлган ҳаж сафарига хотин киши маҳрамсиз бора олмайди.