Ногирон бўлиб туғилган болалар
Савол: Ота-онанинг хатоси, маст-аластлиги ёки хасталиги туфайли кўр, оқсоқ, кар, соқов ёки никоҳсиз туғилган гўдакнинг айби нима? Ота-онаси кофир бўлган ва кофир ўлкада дунёга келган боланинг исломни ўрганиши мушкиллиги назарда тутилса, булар боланинг зарарига эмасми?
Жавоб: Ҳақиқий мусулмон Аллоҳу таолонинг розилигидан бошқа нияти бўлмаган кишидир. Аллоҳу таоло амр этгани учун ризқини топишга ҳаракат қилади. Иш ҳаётида ҳам ибодатини тарк қилмайди ва ҳаромга қўл урмайди. Пул топишда ҳам, уни сарфлашда ҳам динимизга амал қилади. Бундай одамга бойлик ҳам, фақирлик ҳам фойдали бўлади. Лекин бундай хислатлардан бенасиб кимсалар Аллоҳу таолонинг тақдирига рози бўлмайди. Фақир бўлса, "етмаяпти" деб эътироз қилади. Бой бўлса, "тўймаяпман" деб, бешта бармоғини оғзига тиқади. Топганини ҳаромларга сарфлайди. Ундай кимсларнинг бойлиги ҳам, фақирлиги ҳам дунёда ва охиратда ўз фалокатига сабаб бўлади.
Кўрлик, оқсоқлик ва бошқа ногиронликларнинг фойдали ёки зарарли бўлиши одамларга қараб ўзгаради. Айрим ногиронлар Аллоҳу таолонинг тақдирига рози бўлгани учун абадий жаннат неъматларига эришади. Айримлар норозилик қилиб, абадий жаҳаннамда жазога лойиқ бўлиши мумкин. Одам ўзи учун ногиронликнинг фойдали ёки зарарли эканлигини била олмайди.
Бир танишимиз университетда ўқиётганида сўнгги курсда имтиҳондан йиқилди. Шу дарсдан ўта олиш учун охирги курсни қайта ўқишга тўғри келиб, янги курсдошлар билан танишди. Улар орасида солиҳлар билан дўстлашиб, ёмон қилиқларини тарк этиб, тўғри йўлни топди. Ташқаридан диплом ололмай бир йил курсда қолиб кетиши албатта ёмон. Лекин солиҳ дўстлар билан танишиши дунё ва охират саодатига сабаб бўлди.
Баъзилар сўнгги русумдаги автомобил эгаси бўлишни армон қилади. Автомобилни олгач худди шу транспортда бола-чақаси билан ҳалокатга учраб, нобуд ё ногирон бўлишлари ҳам мумкин. Шу боис, муайян бир нарсанинг албатта рўёбга чиқишини эмас, фақат хайр олиб келишини тилаш керак.
Боланинг ногирон бўлиб туғилишида унинг гуноҳи йўқ. Агар бунда ота-онанинг айби бор бўлса, гуноҳи уларга ёзилади. Ногиронлик ташқаридан катта нуқсон ё мусибатдек кўринса ҳам, одамзотга қоронғу бўлган фойдалардан ҳам холи эмас. Масалан баъзи кўзи ожизлар агар ҳамма қатори соғлом бўлганида ёмон ишлар қилиб, дунё ва охиратини куйдириши мумкин эди. Баъзилар эса, аксинча кўрлигига исён қилиб, Яратганнинг тақдирига рози бўлмай, ўз фалокатига сабаб бўлади.
Туғма ёки кейинроқ кўр бўлган мусулмон жаннатга киради. Ҳадиси шарифларда маолан марҳамат қилиндики:
“Аллоҳу таоло икки кўзи бўлмаган мусулмонни жаҳаннамга ташламайди.” (Табароний)
“Кўзи ожиз одам сабр қилса, Аллоҳу таоло унга мукофот сифатида жаннатни беради.” (Бухорий)
Фақат кўзи ожизлар эмас, бошқа нуқсонлари бўлганлар ҳам сабр қилса, жон таслим қилаётганда, қабрда ва маҳшарда ташвиш тортмай жаннатга киради. Жаннатда эса, жисмоний нуқсонлик, ногиронлик умуман бўлмайди. Иймони йўқ одам соғлом бўлса ҳам, ногирон бўлса ҳам, борар жойи абадий жаҳаннам.
Адолат билан эҳсонни бир-бири билан адаштирмаслик керак. Ер юзидаги ҳар бир бандага ортиғи билан адолат қилинган. Масалан оқил-болиғ бўлмай вафот этган кофир болалари жаҳаннамга тушмайди. Исломият ҳақида зиғирча эшитмасдан ўлган кофирлар ҳам жаҳаннамга тушмайди. Улар исломиятни, жаннат-жаҳаннамни эшитгандан кейин ўрганмаса, ишонмаса, ана шунда азоб кўради.
Оқил-болиғ бўлганлар, ота-она ё муҳитнинг таъсири остида қолмайди. Агар қолганида эди, йиллар мобайнида ислом ўлкаларида, ислом тарбияси билан вояга етган мусулмон ёшлар ғайридинларнинг ёлғону бўҳтонларига алданиб, динсизликка шўнғиб кетмасди. Ундай бенасиблар оқил-болиғ бўлгач, диндан чиқади. Ота-оналарини "қолоқ" деб мазах қилади.
Шу аччиқ мисоллар ота-она тарбиясининг давомли эмаслигини очиқча кўрсатиб турибди. Шунинг учун бу даврда диндан чиқиш, бутун дунёни қоплаб олган одатга айланди. Ёшу қари ичида бу фалокатга дучор бўлмаган одам жуда оз.
Бир томондан кўплаб кофирлар, илм-фан арбоблари мусулмон бўлишмоқда. Жуда кам бўлса ҳам, динларида мустаҳкам турганларнинг бор бўлиши ота-она тарбиясининг таъсири баъзан давомли бўлишини кўрсатади. Бир фарзанднинг мусулмон авлоди бўлиши, ислом тарбияси билан улғайиши Аллоҳу таолонинг эҳсонидир. Кофир фарзандларига бу эҳсонини бермаган. Лекин Аллоҳу таоло ҳеч кимга эҳсон қилишга мажбур эмас. Эҳсон қилмаслик зулм бўлмайди. Масалан, дўкондан бир кило гуруч оладиган бўлсак, сотувчининг аниқ бир кило тортиб бериши адолатдан бўлади. Кам тортса, зулм бўлади. Бироз кўпроқ берса, эҳсон бўлади. Лекин бу эҳсонни талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.