Нажосатни уч марта ювиш керакми?

Савол: Нажосатни тозалашда нималарга эътибор бериш керак ва неча марта ювиш керак?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабида нажосат юққан жой дирҳам миқдоридан кўп бўлса, ювиш фарз бўлади. Ювишнинг маълум бир миқдори йўқ, тоза бўлгунча ювилади.

Қаттиқ нажосат камар, сумка, маҳси, пойафзалга теккан бўлса, суртиб ташлаш билан тоза бўлади. Ўзига сингдирмайдиган, силлиқ нарсалар, масалан, шиша, ойна, суяк, тирноқ, пичоқ, ёғли бўёқ билан бўялган нарса устидаги қаттиқ ёки суюқ ҳар қандай нажосатни қўл билан, тупроқ билан ёки бошқа нарса суртиб ташлаганда унинг уч сифати (ранги, ҳиди ва таъми) кетса, тоза бўлади.

Батафсил

Либос ва гиламлардаги нажосат

Савол: Тоза ва ифлос кийимларни бирга ювишнинг зарари борми?

Жавоб: Сийдик теккан, қон теккан кийимларни нажс тегмаган кийимлар билан бирга ювишнинг зарари йўқ.

Савол: Гўдакларнинг таглиги ювилган пластмасса тоғорада бошқаларнинг нажс тегмаган кийимларини ювса бўладими?

Жавоб: Бунинг зарари йўқ.

Батафсил

Гўдаклар ва нажосат

Савол: Таглигида, памперсида нажосат бўлган гўдакни орқалаб олиб намоз ўқиш жоизми?

Жавоб: Нажосатли гўдакни орқасига олиб, намоз ўқиса, намози саҳиҳ бўлмайди. Бу чўнтагида сийдик солинган идишни олиб юришга ўхшайди. Лекин ёш бола ўзи келиб намоз ўқиётганингизда қучоғингизга ўтириб олса ёки орқангизга осилса, намозга моне бўлмайди. (Радд ул мухтор)

Батафсил

Намознинг фарзлари

Фарз: Аллоҳу таоло амр қилган ва бажарилиши мажбурий бўлган ишлардир. Бир ибодатнинг фарзлари бажарилмагунча ўша ибодат саҳиҳ бўлмайди. Намознинг саҳиҳ бўлиши учун эса, ўн иккита шартининг бажарилиши лозим. Бу фарзларнинг еттитаси намоз ташқарисида, бештаси эса ичидадир. Ташқарисида бўлган фарзларга “шартлари”, ичидаги фарзларга эса “рукнлари” дейилади. [Баъзи олимлар, таҳрима такбирини намознинг ичидаги фарзлардан деб санаганлар. Бу олимларга кўра, намознинг шартлари ҳам, рукнлари ҳам олтита бўлади. ]

Батафсил

Намоз турлари

Мусулмонларга ўқишлари амр қилинган намозлар уч турли бўлиб, булар: Фарз, Вожиб ва Нофила намозларидир.

1. ФАРЗ намозлари: Беш вақт намознинг фарзлари, Жума намозининг икки ракат фарзи ва Жаноза намозидир. (Жаноза намози фарзи кифоядир).

2. ВОЖИБ намозлари: Витр намози, байрам (ҳайит) намозлари, аталган яъни бирон нарса учун ният ва назр қилинган намозлардир. Бошланиб, ярмида чала қолган намозни битириш ёки бошқатдан ўқиш ҳам вожиб. Қазога қолган Витр намозининг қазосини ўқиш ҳам вожибдир.

3. НОФИЛА намозлари: Беш вақт намознинг суннатлари, таровиҳ намози ва савоб учун ўқиладиган таҳажжуд, таҳиятул-масжид, ишроқ, дуҳа, аввобин, истиҳора, тасбиҳ каби намозларни ўқиш нофила ибодат ҳисобланади. Яъни буларни ўқиш мажбурий вазифа эмас. Фарз ва вожиб туридан бўлган намозлардан қарзи бўлмаган инсоннинг нофила намозларига ҳам савоб берилади.

Батафсил

Намоз кимларга фарз?

Намоз ўқиш, оқил ва болиғ бўлган ҳар бир эркак ва аёл мусулмонга фарздир. Намознинг инсон зиммасига фарз бўлиши учун учта шарт мавжуд:

1.Мусулмон бўлиш. 2. Ақлли бўлиш. 3. Балоғат ёшига етган бўлиш шарти.

Батафсил