Намоз турлари

Мусулмонларга ўқишлари амр қилинган намозлар уч турли бўлиб, булар: Фарз, Вожиб ва Нофила намозларидир.

1. ФАРЗ намозлари: Беш вақт намознинг фарзлари, Жума намозининг икки ракат фарзи ва Жаноза намозидир. (Жаноза намози фарзи кифоядир).

2. ВОЖИБ намозлари: Витр намози, байрам (ҳайит) намозлари, аталган яъни бирон нарса учун ният ва назр қилинган намозлардир. Бошланиб, ярмида чала қолган намозни битириш ёки бошқатдан ўқиш ҳам вожиб. Қазога қолган Витр намозининг қазосини ўқиш ҳам вожибдир.

3. НОФИЛА намозлари: Беш вақт намознинг суннатлари, таровиҳ намози ва савоб учун ўқиладиган таҳажжуд, таҳиятул-масжид, ишроқ, дуҳа, аввобин, истиҳора, тасбиҳ каби намозларни ўқиш нофила ибодат ҳисобланади. Яъни буларни ўқиш мажбурий вазифа эмас. Фарз ва вожиб туридан бўлган намозлардан қарзи бўлмаган инсоннинг нофила намозларига ҳам савоб берилади.

БЕШ ВАҚТ НАМОЗ

Намоз Аллоҳу таолонинг амридир. Аллоҳу таоло Қуръони каримнинг юздан кўп жойида «Намоз ўқинг» - деб буюрмоқда. Ақлли ва балоғат ёшига етган ҳар бир мусулмоннинг, ҳар куни беш вақтда намоз ўқиши, Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифда амр қилинган.

Рум сураси 17- ва 18- ояти карималарда маъолан: «Шом ва тонг вақтларида Аллоҳни тасбиҳ этинг. Кўкларда ва ер юзидагиларнинг тоатлари, аср ва пешин вақтларида айтилган ҳамдлар, барчаси Аллоҳу таоло учундир.» Бақара сураси, 239-оятида маъолан: «Намозларни ва Аср намозини муҳофаза қилинг (яъни, ўтказиб юборманг) – дейилди. Ояти карималардаги тасбиҳ ва ҳамд калималарнинг “намоз” маъносида ишлатилганлиги уламонинг тафсир китобларида билдирилган. Ҳуд сурасининг 114-ояти каримасида маъолан: «Кундузнинг икки палласида (пешин ва аср вақти) ва тунга яқин уч вақтда, (шом, хуфтон ва бомдод) намоз ўқи! Тўғриси, бу яхшилик, (беш вақт намознинг савоби кичик) гуноҳларни маҳв этади. Бу ибрат истаганлар учун бир насиҳатдир.»- дейилди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам айтдиларки: «Аллоҳу таоло қулларига ҳар куни беш марта намоз ўқишни амр этди. Яхшилаб таҳоратланиб, бу беш вақт намозни вақтида ўқийдиган, рукуъ ва саждаларни нуқсонсиз бажо келтирадиганларни Аллоҳу таоло кечиради».

Беш вақт намознинг йиғиндиси қирқ ракат бўлади. Булардан ўн етти ракати фарз, уч ракати вожиб, йигирма ракати эса суннатдир. Яъни:

1. Бомдод намози: Тўрт ракат бўлиб, аввал икки ракат суннати, кейин икки ракат фарзи ўқилади. Бу суннат жуда қувватли бўлгани учун унга вожиб деган олимлар ҳам бўлган.

2. Пешин намози: Ўн ракатдан иборат. Аввал тўрт ракатлик илк суннати кейин тўрт ракат фарзи, ундан кейин яна икки ракат охирги суннати ўқилади.

3. Аср намози: Саккиз ракатдир. Аввал тўрт ракат (ғайри муаккада) суннати, кейин тўрт ракат фарзи ўқилади.

4. Шом намози: Беш ракатдир. Аввал уч ракат фарзи, кейин икки ракат суннати ўқилади.

5. Хуфтон намози: Ўн уч ракатдир. Аввал тўрт ракатлик илк (ғайри муаккада) суннати, кейин тўрт ракат фарзи, сўнгра яна икки ракатлик охирги суннати ва унинг орқасидан уч ракатлик Витр-и вожиб намози ўқилади.

Аср ва Хуфтон намозларининг илк тўрт ракатлик суннатлари ғайри муаккада суннатидир. Уларнинг иккинчи ракатларидан сўнг ўтирилганда, Аттаҳийётудан кейин “Аллоҳумма солли” ва “Аллоҳумма борик” дуолари ўқилади. Учинчи ракатга турилганда “бисмиллоҳ”ни айтмай туриб худди биринчи ракатдагидек “Субҳонака” ўқилади ва давом этилади.

Пешин намозининг илк тўрт ракатлик суннати эса Муаккад суннатдир. Яъни қувват-ла амр қилинган бўлиб, савоби ҳам кўпдир. Бу намознинг иккинчи ракатидан кейинги ўтиришда, худди фарзлардагидек фақатгина “Аттаҳийёту” ўқилиб, учинчи ракат учун қиёмга турилади. Ундан кейин “бисмиллоҳ” айтилиб тўғридан тўғри “Фотиҳа” ўқилади.

Пешин ва Хуфтоннинг фарзидан кейин тўрт ракат, Шомнинг фарзидан кейин олти ракат намоз ўқиш, мустаҳабдир, яъни катта савоби бор. Бу мустаҳаб намозларни битта салом билан ёки ҳар икки ракатда бир салом бериш билан ўқиса ҳам бўлади. Ҳар икки ўқиш тарзида ҳам, илк икки ракати охирги суннат ўрнига ўтади. Қолганлари мустаҳаб намозлари бўлади. Бу намозларни, вақтнинг охирги суннатидан кейин, алоҳида ўқиса ҳам бўлади.

Намозлардаги биринчи ракат “Аллоҳу акбар” деб кирган заҳоти бошланади. Бошқа ракатлар эса, саждадан ёки ташаҳҳуд (ўтириш)дан қиёмга қад ростланганда бошланади. Ва келаси ракат учун такрор қиёмга туришгача давом этади. Жуфт ракатли намозларда иккинчи ракатдан кейин албатта ташаҳҳудга ўтириш керак.