Нажосатни уч марта ювиш керакми?
Савол: Нажосатни тозалашда нималарга эътибор бериш керак ва неча марта ювиш керак?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабида нажосат юққан жой дирҳам миқдоридан кўп бўлса, ювиш фарз бўлади. Ювишнинг маълум бир миқдори йўқ, тоза бўлгунча ювилади.
Қаттиқ нажосат камар, сумка, маҳси, пойафзалга теккан бўлса, суртиб ташлаш билан тоза бўлади. Ўзига сингдирмайдиган, силлиқ нарсалар, масалан, шиша, ойна, суяк, тирноқ, пичоқ, ёғли бўёқ билан бўялган нарса устидаги қаттиқ ёки суюқ ҳар қандай нажосатни қўл билан, тупроқ билан ёки бошқа нарса суртиб ташлаганда унинг уч сифати (ранги, ҳиди ва таъми) кетса, тоза бўлади.
Сопол кўза, товоқ ва мисдан ясалган идишлар каби нажосатни ўзига сингдирмайдиган буюмларни ва сув кранида ювилган нарсаларни сиқиб қуритишнинг кераги йўқ.
Қуриб қолган манийни ишқалаб кўчириб ташлаш билан теккан жойи ва тери тоза бўлади. Маний ҳўл бўладиган бўлса, кийимни ва терини ювиш лозим.
Шаробнинг бир томчиси тегса ҳам ювиб ташлаш керак деган олимлар бор. Эҳтиёткорликка амал қилиш керак.
Ҳамма нарсада асос бўлган тозаликдир. Шу боис нажосат текканлиги қатъий маълум бўлмагунича, гумон билан нажс дейилмайди. Аҳли китобнинг сўйган моли акси исботланмагунча, тоза деб қабул қилинади.
Узум суви тозадир, шаробга айланганидан кейин нажс бўлади. Шароб сиркага айланганида тоза бўлади.
Қўлга теккан озгина нажосатни ҳам ювиб ташлаш фарз.
Ҳанафий мазҳабида мушук ва сичқон идрор (сийдиг)ининг кийимдан тозаланиши хараж [машаққат] бўлгани учун дирҳамдан кўпи ҳам авф этилган.
Нажс бўёқ билан бўялган газлама уч марта ювилса, тоза бўлади.
Идрор теккан ашё тоғорада, кир ювиш машинасида тоза бўлгунича ювилади. Бир марта ювишда тоза бўлса, шу кифоя. Ювилаётганда бошқа нарсалар нажс бўлмайди. Васвасага тушган кишининг уч марта ювиши ва ҳар бирида сувини сиқиб ташлаши керак.
Чириган, юпқа ёки катта бўлгани учун сиқилмайдиган нарсалар, масалан, гилам, тери каби нажосатни ўзига сингдирадиган нарсалар ҳар уч ювишда сув томиши тўхтагунча кутилади.
Нажс ёғ билан ошланган тери уч марта ювиб, сиқиб қуритилгандан кейин тоза бўлади.
Қайнамаган иссиқ сувга солиб қўйилган ичи тозаланмаган товуқнинг фақат териси нажс бўлади. Ичи тозалангандан кейин уч марта совуқ сувда ювилса, ҳамма жойи тоза бўлади. Қорин ҳам мана шу тарзда уч марта ювилганда тоза бўлади.
Идрор теккан мато уч марта сув кранида ювилганда тоза бўлади.
Савол: Кийимдаги қон доғи ювилганда ҳам ранги кетмади. Намозга моне бўладими?
Жавоб: Ранги қолишининг аҳамияти йўқ. Уч марта ювиш кифоя. Намозга моне бўлмайди. Қондан бошқа нажс моддалар ҳам шундай. Ювилгандан кейин ҳам ранги кетмаса, намозга моне бўлмайди.