Бизга балки шуниси хайрлидир

Чўлда яшайдиган бир бадавийнинг бир хўрози, бир ити ва бир эшаги бор эди. Хўроз саҳарлари қичқириб, уларни намозга уйғотарди. Бир куни тулки хўрозни олиб қочди. Бола-чақаси ғамга ботди. Бадавий “Бизга балки шуниси хайрлидир” деб уларга тасалли берди. Бироз вақтдан кейин бир бўри келиб, юкларини ташийдиган эшакни еб кетди. Бадавий ғамга ботган оиласига яна “Бизга балки шуниси хайрлидир” деб тасалли берди. Бироз вақт ўтгач, ўзларини қўриқлайдиган итлари ҳам ўлиб қолди. Бадавий яна оиласига тасалли берди.

Бир куни эрталаб, олдиларидаги бир неча чодирларда яшайдиганлар асир олинганлигини кўрди. Ҳайвонларнинг овозлари, хўроз қичқириши, эшакнинг ҳанграши ва итларнинг ҳуриши чодирда яшайдиганларни тутиб берганди. Бадавийнинг ҳайвонлари бўлмаганидан унинг борлигидан хабар топмагандилар.

Батафсил


Қозининг уч камчилиги

Ҳазрати Умар халифалиги вақтида Химиснинг бошчиларига хат ёзиб, атрофдаги фақирларга ёрдам бериши учун улар ҳақида маълумот сўради. Химисликлар Шом ва атрофидаги фақирларнинг рўйхатини халифа ҳазрати Умарга тақдим этдилар. Ҳазрати Умар рўйхатнинг бошида қози этиб тайинлаган Саъд бин Амирнинг исмини кўриб, рўйхатни олиб келганлардан қозининг мол-мулки ҳақида сўради. Улар “Қозимиз ҳақиқатдан ҳам жуда фақир. Қўлига тушганни фақир фуқароларга тарқатади. Пора бўлиб қолиш қўрқувидан бизнинг энг кичик ҳадямизни ҳам олмайди” дедилар.

Ҳазрати Умар “Аллоҳдан шундай қўрқадиган қозингизнинг, сизларга ёқмаган тарафлари ҳам борми?” деб сўради.

Улар “Ҳа, бор” деб қуйидагиларни билдирдилар:

1. Вазифасини бомдод намозидан кейин бошлаши керак бўлгани ҳолда чошгоҳ вақти ишга чиқади.

2. Уйига кириб кетиб, бизга қўшилмайди.

3. Ҳафтада бир кун уйидан ташқарига чиқмайди. Эшикни ичидан қулфлаб олади.

Ҳазрати Умар уларга бироз ейдиган ва киядиган нарсаларни бериб юборди. Юқоридагиларни ўрганиш учун Қози Саъд бин Амирни ҳузурига чақиртирди. Қози ҳазрати Умарнинг ҳузурига келиб, аҳволни тушунтирди:

Биринчи камчилигим, оилам хаста бўлгани учун уйнинг бутун ишларини ўзим қиляпман. Шу сабабдан вазифамга фақат чошгоҳ вақти чиқяпман.

Иккинчиси эса, шом бўлгач, кун бўйи қилган ишларимни ҳисоб-китоб қиламан, қилган ишларимда камчилик бўлмадими деб, тадқиқ қиламан.

Учинчиси, устимдагидан бошқа киядиган либосим йўқ. Ҳафтада бир кун кийган кийимларимни ювиб, тозалик ишлари билан машғул бўламан. Ҳатто уйда ҳам киядиган бир кийимим бўлмаганидан ювган либосларим қуригунча, ҳеч ким билан кўришолмайман.

Саъд бин Амирнинг бу изоҳлари ҳазрати Умарни жуда мамнун қилди ва кейинчалик Саъдни эслаганида “Эҳ Саъд, Аллоҳ қўрқуви сени нақадар юксакларга олиб чиқди” деб у билан фахрланарди.

Батафсил


Бу сувни ифлос қилма

Шибли ҳазратлари бир куни Ҳижозга бориш учун йўлга чиқади ва йўли Бағдоддан ўтади. Шу вақтдаги халифа Хорун Рашид Шибли ҳазратларининг Бағдодга келганини эшитади. “Ҳузурларига биз борайликми ёки ўзлари бизнинг саройга келадиларми?” деб хабар юборади. Шибли ҳазратлари ўзи ёнига бориши айтиб, саройга боради.

Халифа Шибли ҳазратларига “Менга бир насиҳат қиласизми, ҳазрат” деб айтади. Шибли ҳазратлари “Менга бир пиёла сув келтиринг” дейди. Сўнгра халифага “Агар чўлда сувсиз қолсанг, ўлим олдида бўлсанг, бир кимса қўлида бир пиёла сув билан олдингга чиқиб “Бу сувни бераман, аммо хазинангни ярмини берасан” деса, рози бўлармидинг?” дебди. Халифа бироз ўйланиб “Албатта, бераман” деб жавоб берибди.

Шибли ҳазратлари “Яхши, бу сувни ичдинг, энди бу ичган сув, бир касаллик юзага келиб, баданингдан ташқарига чиқмай қолди. Бир табиб келиб “Мен бу сувни чиқарман, аммо бойлигингнинг қолган ярмини берасан” деса, рози бўласанми?” деб сўради. Халифа бироз ўйланиб “Албатта, бераман” деб жавоб берибди.

Шибли ҳазратлари “У ҳолда бир пиёла сувчалик ҳам қадри бўлмаган хазинангга ишонма” дебди. Халифа йиғлаб “Менга яна бир насиҳат қилинг” дебди.

Шибли ҳазратлари “Сиз сувнинг бошидасиз. Аллоҳу таоло Пайғамбар жанобимиздан бери оқиб келаётган исломият сувининг ҳимоячиси бўлишни сизга насиб этди. Бу сувни ифлос қилманг, ифлос қилишларига ҳам йўл қўйманг. Бидъат аралаштирманг, уни топ-тоза қилиб сақланг” дебди. 

Батафсил


Мусулмон ёлғон гапирмайди

Мавлоно Холид ҳазратлари Бағдоддан отида Шомга йўлга чиқади. Шомда икки киши Мавлоно ҳазратларидан “Бу бизнинг отимиз, бу киши ўғирлабди” деб қозига шикоят этади. Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратлари “Мен бу отни ўзимнинг отхонамдан олиб миниб келяпман. Бу икки мусулмон ёлғон гапирмайди. Аллоҳу таоло ҳамма нарсага қодир. Бу иккиси отини менинг отхонамга қўйган бўлишлари мумкин. Мен эса бу отга миниб келганим учун уларнинг ҳақи ўтган. Ҳақини тўлайман” дебди.

Бу икки киши Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг буюк зот эканлигини тушуниб “Нима қилиб қўйдик? Биз ёлғон гапирдик, тавба этдик. Бу от бизники эмас” деб узр сўрадилар.

Батафсил


Битта олма

Шамсиддин Севозийнинг “Маноқиби имоми Аъзам” номли асарида шундай ёзилган:

Имом Аъзамнинг отаси Собит (раҳматуллоҳи алайҳ) ёшлигидан ахлоқи гўзал, тақво ва вароъ соҳиби эди. Юзи ғоятда нурли бўлиб, жуда ибодатга берилган, динга мустаҳкам ва илмли эди.

Бир кун бир ариқ бўйида таҳорат оларди. Сувда оқиб келган бир олмани кўрди. Таҳорат олиб бўлгандан кейин, барибир сувда чириб кетадиган бу олмани олиб еди. Еб бўлгач, туфлаганида тупугига қон аралашганини кўрди. Шу вақтгача бундай ҳолатга дуч келмагани учун, буни бесўроқ олиб еган олмасидан деб билиб, пушаймон бўлди. Олманинг эгасини топиб, ҳалоллашиш учун ариқ ёқалаб юрди. Ниҳоят еган олмасига ўхшаган бир мевазор кўринди. Эгасини сўради. У ердагилар бу зотнинг ғоят сахий инсон эканлигини, ҳатто дарахатлардаги бутун олмаларни териб олиб кетса ҳам, ҳеч нарса демаслигини, битта олма у учун аҳамиятсиз эканлигини айтишди. Собит ҳазратлари бу гапларга қарамай, боғ эгасини топди, воқеани гапириб бериб, ё пулини олишини ёки ҳалоллик беришини илтимос қилди.

Боғ эгаси унинг бу ҳолини кўриб, ростдан ҳам тақво ва вароъ соҳиби эканлигини билиш учун шундай деди:

- Еган олманг учун нима берасан?

- Олтин, кумуш, нимам бўлса бераман.

- Менга олтин-кумуш керак эмас. Лекин қиёматда даъвогар бўлишимни истамасанг, бир таклифим бор шуни қабул қилишинг керак.

- Қанақа таклиф?

- Қабул қиладиган бўлсанг айтаман.

- Исломиятга мос бўлса, албатта қабул қиламан.

- Кўр, кар, тилсиз ва фалаж бир қизим бор. Агар шунга уйлансанг, еган олмангни сенга ҳалол этаман, ҳаққимга рози бўламан.

Собит ҳазратлари охиратга қул ҳақи билан кетмаслик учун бу таклифни қабул қилди. Тўй ҳозирлиги кўрилди. Собит ҳазратлари илк кеча хонага кирди-ю, кириши билан қайтиб чиқиши бир бўлди. Зудлик билан қайнотасининг олдига бориб “Менимча, бир англашмовчилик бўлганга ўхшайди. Ичкарида сиз айтган қиз эмас, умуман бошқа қиз ўтирибди” деди. Қайнотаси табассум қилиб “Ўғлим, шу менинг қизим, сенинг ҳалолингдир. Сенга кўр деганимнинг сабаби у ҳечқачон ҳаромга назар ташламаган, кар дейишимга сабаб ҳеч-ам ҳаром эшитмаган, тилсиз дейишимга сабаб умуман ҳаром гапирмаган, фалаж дейишимга сабаб ҳеч қачон ҳаром жойларга бормаган. Боргин, ҳалолингни ёнига киргин. Аллоҳу таоло муборак ва маъсуд айласин!” деди.

Мана шу никоҳдан, яъни шундай ота-онадан имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари дунёга келди.

 

Батафсил


Кучим етгани шу

Бир кун Намруд Иброҳим алайҳиссаломни оловга отишга қарор қилди. Шундай катта гулхан ёқадики, ўзи оловга яқинлашолмайди. Бир муборак зот бир чумолининг оловни ўчириш учун оғзига сув олиб, узоқдан келаётганини кўрди. Аммо оловга яқинлаша олмасдан, сувни гулханга яқин бир жойга тўкяпти. Авлиё зот чумолидан сўрабди:

- Сен нима қиляпсан?

Чумоли жавоб берибди:

- Асти сўрама, Аллоҳнинг пайғамбарини оловга отмоқчилар. Шу оловни ўчиришга ҳаракат қиляпман.

- Сенинг бу кичик жуссанг билан ташиган бир томчи сувинг улкан гулханни ўчира оладими?

- Жаноби Аллоҳ ҳар кимдан унинг кучига қараб ҳисоб сўрайди. Менинг кучим етгани шу.

Нариги тарафдан бир илон тинмай оловга пуфлаб, уни кучайтирмоқда. Ундан сўрабди:

- Нимага бундай қиляпсан?

Илон жавоб берибди:

- Бугун байрам. Бир пайғамбар ёнади.

Бу илон ҳам кучи етадиган даражада ёмонлигини қилмоқда.

Демак, буюк Аллоҳ ҳайвонларни икки гуруҳ қилиб яратганидек, инсонларни ҳам икки гуруҳда яратган: Бири оловни кучайтирадиганлар, иккинчиси оловни ўчирадиганлар.

Жаноби Ҳақ бизни оловни ўчирадиганлардан қилсин!

 

Батафсил


Бойқушнинг қиссаси

Ҳаёт-ул ҳайвон китобида айтиладики:

Сулаймон алайҳиссалом бутун ҳайвонлар билан гаплаша оларди. Бу унинг мўъжизаларидан бири эди. Кўкда тахти билан кезарди. Бир куни бойқуш Сулаймон алайҳиссаломга салом берди. Сулаймон алайҳиссалом алик олиб, ундан сўради:

- Нимага буғдой емайсан?

- Одам алайҳиссалом у сабабли Жаннатдан чиққани учун.

- Нимага сув ичмайсан?

- Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми сувда чўккани учун.

- Нимага фақат харобаларда юрасан?

- Харобалар Аллоҳу таолонинг меросидир.

- Нима учун уйларга келиб сайрайсан?

- Инсонларни огоҳлантириш учун. Олдиларида шиддатли таҳликалар бўла туриб, қандай ғафлатда ухлайдилар. Бундайларга ёзиқлар бўлсин!

- Кундузлари нимага чиқмайсан?

- Инсонлар менга зарар бермаслиги учун.

- Сайраётганда нима дейсан?

- Тасбиҳ ўқийман ва “Эй ғофиллар, чиқадиган узоқ сафарингиз учун озиқ ҳозирланг” дейман.

Сулаймон алайҳиссалом бойқушдан ҳам насиҳатчироқ қуш йўқ эканлигини айтди.

Батафсил


Чўкмаган кема

Абу Муслим Сафтар авлиёнинг буюкларидан эди. Бир кун кема билан йўлга чиқди. Ёнида бошқа кўп одамлар бор эди. Бирданига қаршидан бир шамол турди. Тўлқинлар катталашди. Кема чўкишининг олдини олиш учун юкларни денгизга отдилар, ёрдам истадилар.

Абу Муслим айтадики: Биз билан бирга кимлиги номаълум бир қишлоқлик ҳам бор эди. Унинг ёнида бир мусҳафи бор эди. У ўрнидан туриб, мусҳафни қўлига олиб “Ё Рабби! Агар бир кимсанинг қўлида дунё султонидан бир мактуб бўлса, ҳеч ким унга теголмайди, зарар беролмайди, балолардан узоқ бўлади” деди, сўнгра мусҳафни юқорига кўтариб “Ё Рабби, бу сенинг китобингдир, буни бизга бердинг. Қўлларида сенинг китобинг бўлган қулларингни сувда чўктириш карамингга ярашмайди. Бу таҳликадан қутқар” деб ёлвориб дуо қилди.

Шу заҳоти тўлқинлар ва денгиз тинчланди. Биз соғ-саломат йўлимизда давом этдик.

Батафсил


Мен ҳам бирга ёнайин

Иброҳим алайҳиссалом оловга отган вақт бутун фаришталар, ваҳший ҳайвонлар ва қушлар йиғладилар ва атрофида тўпланиб, Иброҳим алайҳиссалом ёрдам бериш чорасини изладилар.

Буларнинг орасида заиф бир булбул бор эди. Булбул ўзини оловга отмоқчи бўлганида Ҳақ таоло Жаброил алайҳиссаломга амр этиб, буюрдики:

- Бу қушни тут ва қандай тилаги борлигини сўра.

Жаброил алайҳиссалом қушни тутиб, қандай тилаги борлигини сўраганида, қуш:

- Халилуллоҳни оловга ташламоқчилар. Модомики қутқаришга қодир эмас эканман, ҳеч бўлмаса мен ҳам оловда ёнайин.

Ҳақ таоло буюрдики:

- Бу қушнинг мендан тилаги нима?

Булбул “Менинг дунёда Аллоҳу таолонинг исмини ёд этишдан бошқа орзуим йўқ. Минг бир исми бор эканлигини эшитдим. Юз бирини биламан. Қолган тўққиз юз исми шарифини ҳам билишни истайман” деди. Ҳақ таоло қушнинг тилагини бажарди. Ҳозирда саҳроларда нола қилаётган булбул Аллоҳу таолонинг исмини сўзламоқда.

Намруднинг ёққан олови Иброҳим алайҳиссалом учун гулистонга айланганида, булбул келиб гул шохига қўниб, сайрашни бошлади. Шу вақтдан қиёматга қадар гулга муҳаббат қўйди, ошиқ бўлди.

 

Батафсил


Косибнинг қўрқуви

Обидлардан бири ибодат этиш учун тоққа чиқиб кетибди. Бир кеча тушида бир овоз “Фалон косибнинг олдига бор. Сен учун дуо этсин” дебди. Обид тоғдан тушиб, бу одамни топибди. Унинг нима иш қилишини сўрабди. Бу киши кундузлари рўза тутиб, косиблик билан шуғулланишини, топган пул билан оиласининг кам-кўстини таъминлагандан кейин ортганини садақа қилишини айтибди.

Обид бу одамнинг гўзал бир иш қилаётганини, аммо ўзининг тоғда фақат ибодат билан машғул бўлишини устун кўриб, такрор ибодатига қайтибди.

Яна бир кечаси тушидаги овоз “Косибнинг олдига бор, ундан “Юзинг сарғайиб кетганининг сабаби кима?” деб сўра” дебди. Обид бориб, косибдан буни сўрабди. Косиб “Кимни кўрсам у қутулади, мен эса ҳалок бўламан деб, ўзимдан жуда қўрқаман. Юзимнинг сарғайишининг сабаби шу” деб жавоб берибди.

Шунда обид косибнинг бу қўрқув ва тавозу билан устунлик қозонганини тушунди.

Батафсил