Қозининг уч камчилиги
Ҳазрати Умар халифалиги вақтида Химиснинг бошчиларига хат ёзиб, атрофдаги фақирларга ёрдам бериши учун улар ҳақида маълумот сўради. Химисликлар Шом ва атрофидаги фақирларнинг рўйхатини халифа ҳазрати Умарга тақдим этдилар. Ҳазрати Умар рўйхатнинг бошида қози этиб тайинлаган Саъд бин Амирнинг исмини кўриб, рўйхатни олиб келганлардан қозининг мол-мулки ҳақида сўради. Улар “Қозимиз ҳақиқатдан ҳам жуда фақир. Қўлига тушганни фақир фуқароларга тарқатади. Пора бўлиб қолиш қўрқувидан бизнинг энг кичик ҳадямизни ҳам олмайди” дедилар.
Ҳазрати Умар “Аллоҳдан шундай қўрқадиган қозингизнинг, сизларга ёқмаган тарафлари ҳам борми?” деб сўради.
Улар “Ҳа, бор” деб қуйидагиларни билдирдилар:
1. Вазифасини бомдод намозидан кейин бошлаши керак бўлгани ҳолда чошгоҳ вақти ишга чиқади.
2. Уйига кириб кетиб, бизга қўшилмайди.
3. Ҳафтада бир кун уйидан ташқарига чиқмайди. Эшикни ичидан қулфлаб олади.
Ҳазрати Умар уларга бироз ейдиган ва киядиган нарсаларни бериб юборди. Юқоридагиларни ўрганиш учун Қози Саъд бин Амирни ҳузурига чақиртирди. Қози ҳазрати Умарнинг ҳузурига келиб, аҳволни тушунтирди:
Биринчи камчилигим, оилам хаста бўлгани учун уйнинг бутун ишларини ўзим қиляпман. Шу сабабдан вазифамга фақат чошгоҳ вақти чиқяпман.
Иккинчиси эса, шом бўлгач, кун бўйи қилган ишларимни ҳисоб-китоб қиламан, қилган ишларимда камчилик бўлмадими деб, тадқиқ қиламан.
Учинчиси, устимдагидан бошқа киядиган либосим йўқ. Ҳафтада бир кун кийган кийимларимни ювиб, тозалик ишлари билан машғул бўламан. Ҳатто уйда ҳам киядиган бир кийимим бўлмаганидан ювган либосларим қуригунча, ҳеч ким билан кўришолмайман.
Саъд бин Амирнинг бу изоҳлари ҳазрати Умарни жуда мамнун қилди ва кейинчалик Саъдни эслаганида “Эҳ Саъд, Аллоҳ қўрқуви сени нақадар юксакларга олиб чиқди” деб у билан фахрланарди.