Битта олма
Шамсиддин Севозийнинг “Маноқиби имоми Аъзам” номли асарида шундай ёзилган:
Имом Аъзамнинг отаси Собит (раҳматуллоҳи алайҳ) ёшлигидан ахлоқи гўзал, тақво ва вароъ соҳиби эди. Юзи ғоятда нурли бўлиб, жуда ибодатга берилган, динга мустаҳкам ва илмли эди.
Бир кун бир ариқ бўйида таҳорат оларди. Сувда оқиб келган бир олмани кўрди. Таҳорат олиб бўлгандан кейин, барибир сувда чириб кетадиган бу олмани олиб еди. Еб бўлгач, туфлаганида тупугига қон аралашганини кўрди. Шу вақтгача бундай ҳолатга дуч келмагани учун, буни бесўроқ олиб еган олмасидан деб билиб, пушаймон бўлди. Олманинг эгасини топиб, ҳалоллашиш учун ариқ ёқалаб юрди. Ниҳоят еган олмасига ўхшаган бир мевазор кўринди. Эгасини сўради. У ердагилар бу зотнинг ғоят сахий инсон эканлигини, ҳатто дарахатлардаги бутун олмаларни териб олиб кетса ҳам, ҳеч нарса демаслигини, битта олма у учун аҳамиятсиз эканлигини айтишди. Собит ҳазратлари бу гапларга қарамай, боғ эгасини топди, воқеани гапириб бериб, ё пулини олишини ёки ҳалоллик беришини илтимос қилди.
Боғ эгаси унинг бу ҳолини кўриб, ростдан ҳам тақво ва вароъ соҳиби эканлигини билиш учун шундай деди:
- Еган олманг учун нима берасан?
- Олтин, кумуш, нимам бўлса бераман.
- Менга олтин-кумуш керак эмас. Лекин қиёматда даъвогар бўлишимни истамасанг, бир таклифим бор шуни қабул қилишинг керак.
- Қанақа таклиф?
- Қабул қиладиган бўлсанг айтаман.
- Исломиятга мос бўлса, албатта қабул қиламан.
- Кўр, кар, тилсиз ва фалаж бир қизим бор. Агар шунга уйлансанг, еган олмангни сенга ҳалол этаман, ҳаққимга рози бўламан.
Собит ҳазратлари охиратга қул ҳақи билан кетмаслик учун бу таклифни қабул қилди. Тўй ҳозирлиги кўрилди. Собит ҳазратлари илк кеча хонага кирди-ю, кириши билан қайтиб чиқиши бир бўлди. Зудлик билан қайнотасининг олдига бориб “Менимча, бир англашмовчилик бўлганга ўхшайди. Ичкарида сиз айтган қиз эмас, умуман бошқа қиз ўтирибди” деди. Қайнотаси табассум қилиб “Ўғлим, шу менинг қизим, сенинг ҳалолингдир. Сенга кўр деганимнинг сабаби у ҳечқачон ҳаромга назар ташламаган, кар дейишимга сабаб ҳеч-ам ҳаром эшитмаган, тилсиз дейишимга сабаб умуман ҳаром гапирмаган, фалаж дейишимга сабаб ҳеч қачон ҳаром жойларга бормаган. Боргин, ҳалолингни ёнига киргин. Аллоҳу таоло муборак ва маъсуд айласин!” деди.
Мана шу никоҳдан, яъни шундай ота-онадан имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари дунёга келди.