Бизга балки шуниси хайрлидир
Чўлда яшайдиган бир бадавийнинг бир хўрози, бир ити ва бир эшаги бор эди. Хўроз саҳарлари қичқириб, уларни намозга уйғотарди. Бир куни тулки хўрозни олиб қочди. Бола-чақаси ғамга ботди. Бадавий “Бизга балки шуниси хайрлидир” деб уларга тасалли берди. Бироз вақтдан кейин бир бўри келиб, юкларини ташийдиган эшакни еб кетди. Бадавий ғамга ботган оиласига яна “Бизга балки шуниси хайрлидир” деб тасалли берди. Бироз вақт ўтгач, ўзларини қўриқлайдиган итлари ҳам ўлиб қолди. Бадавий яна оиласига тасалли берди.
Бир куни эрталаб, олдиларидаги бир неча чодирларда яшайдиганлар асир олинганлигини кўрди. Ҳайвонларнинг овозлари, хўроз қичқириши, эшакнинг ҳанграши ва итларнинг ҳуриши чодирда яшайдиганларни тутиб берганди. Бадавийнинг ҳайвонлари бўлмаганидан унинг борлигидан хабар топмагандилар.