Тавба-истиғфор қандай қилинади?
Савол: Тавба-истиғфор нима ва қандай қилинади?
Жавоб: Истиғфор этиш “Астағфируллоҳ” дейишдир. Тавба ҳаром ишлагандан кейин пушаймон бўлиб, Аллоҳу таолодан қўрқмоқ, бошқа қайта ишламасликка аҳд қилишдир. Ҳадиси шарифда “Тавба бу – гуноҳдан сўнг бу гуноҳни қайта ишламасликдир” деб марҳамат қилинди. (И.Аҳмад)
Гуноҳ ишлагандан кейн ҳамон тавба қилиш фарздир. Тавбани кечиктириш ҳам катта гуноҳдир. Кечиктиргани учун алоҳида тавба қилиш керак. Қуръони каримда маолан буюриладики:
“Аллоҳга тавба этинг!” (Нур, 31)
“Аллоҳу таоло тавба этганларни севади.” (Бақара, 222)
“Аллоҳу таолога тавбаи насуҳ қилингиз!” (Таҳрим, 8)
Насуҳ калимасига 23 маъно берилган. Булардан энг машҳури гуноҳларга пушаймон бўлиб, истиғфор этиш ва қайта ишламасликка қарор қилишдир. Насуҳ тавбасининг қандай бўлишини сўраган зотга Пайғамбар жанобимиз “Тавбаи насуҳ гуноҳкорнинг ишлаган гуноҳига пушаймон бўлиши, Аллоҳдан мағфират сўраши, қайта бундай гуноҳ ишламаслиги деганидир” деб жавоб бердилар. (Бейҳақий)
Истиғфорнинг фазилатлари жуда кўп. Қуръони каримда маолан “Истиғфор ўқинг! Имдодингизга етишаман” деб буюрилди. (Ҳуд, 52)
Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Аллоҳу таоло гуноҳ ишлаб, пушаймон бўлган кимсани истиғфор этмасидан аввал авф этади.” (Табароний)
“Истиғфор этган кунда 70 марта шу гуноҳни қайта ишласа ҳам қайсарлик қилган ҳисобланмайди.” (Термизий)
“Кунда 70 марта истиғфор айтган кишининг 700 гуноҳи авф этилади.” (Байҳақий)
“Истиғфорда давом этган кишини Аллоҳу таоло дардлардан, ғам-ташвишлардан қутқаради. Кутмаган еридан ризқлантиради.” (Насоий)
“Бир мўмин гуноҳ ишласа, фаришта 3 соат кутади. Агар у кимса тавба этса, бу гуноҳни ёзмайди.” (Ҳаким)
“Гуноҳингиз кўп бўлиб, кўкларга қадар етса ҳам, пушаймон бўлсангиз Аллоҳу таоло тавбангизни қабул этади.” (Ибн Можа)
“Гуноҳлар қалбингизни қорайтиради. Қалбларнинг жилоси эса истиғфордир.” (Байҳақий)
“Дардингизни ва давосини билдираман. Дардингиз гуноҳлар, давоси эса истиғфордир.” (Ҳаким)
“Бир гуноҳкор истиғфор этса, сўнгра бу гуноҳни такрор қилса, кейин яна истиғфор этса, учинчисида яна шу гуноҳни ишласа ва истиғфор қилса, тўртинчи марта шу гуноҳни қайта ишласа катта гуноҳ ёзилади.” (Дайламий)
“Гуноҳда давом этиб, тили билан истиғфор этган кимса, Раббини мазах этган ҳисобланади.” (Байҳақий)
“Ҳамма гуноҳ ишлайди. Фақат гуноҳкорларнинг энг яхшиси тавба этганидир.” (Ҳаким)
“Гуноҳига пушаймон бўлиб, таҳорат олиб, намоз ўқиган ва гуноҳи учун истиғфор этган кишини Аллоҳу таоло авф этади.” (Насоий)
“Қиёматда амал дафтарида кўп истиғфор бўлганга суюнчилар бўлсин!” (Байҳақий)
“Бир киши “Астағфируллоҳилазим аллази ла илоҳа илла ҳуваррахмониррахим ал-хаййул-қаййумуллази ла йамуту ва атубу илайҳ Раббиғфирли” деб 25 марта ўқиса хонасида, оиласида, уйида ва шаҳрида ҳеч қазо, бало бўлмайди.” Буни ҳар куни тонгда ва шом вақти уч мартадан ўқиш керак. (Кунда 25 марта ўқиш лозим, ундан ташқари тонг ва шомда 3 мартадан ўқиш керак.) Олимларнинг кўпи талабаларига, авлодларига буни ўқишни тавсия этган. Бу неъматларга қовуша олиш учун аҳли суннат эътиқодида бўлиш, динимизнинг амр ва тақиқларига риоя этиш шартдир. Эътиқоди бузуқ бўлганнинг, бидъат аҳлининг ўқиши фойда бермайди. (Маорижулҳидоя)
Аҳли суннат эътиқодида бўлиш, қул ҳақларини ва қазога қолган фарзларини ўташ, ҳаромлардан воз кечиш шарти билан жума куни бомдод намозидан аввал қуйидаги дуони ўқиганнинг бутун гуноҳлари авф этилиши ҳадиси шарифда билдирилди. Дуо: “Астағфируллоҳалазим аллази ла илоҳа алла ҳувал хаййул қаййума ва атубу илайҳ.” (Рамуз)
Тавба истиғфордан аввал бўлиши керак. Тавба жирканч нарсани ташлаб, гўзал бўлган нарсага юзланишдир. Истиғфор эса гуноҳнинг жирканчлигини кўриб, ундан юз ўгиргандан кейин мағфират талаб этиш деганидир. Ҳадиси шарифда “Пушаймонлик тавбадир” деб буюрилди. (Ҳаким)
Қилган гуноҳларини ҳар эслаганида истиғфор этиши лозим. Гуноҳларни эслаганда истиғфор этиш билан ўтган гуноҳлар кечирилади.
Тавба эта олиш Аллоҳу таолонинг буюк неъматларидан бири. Гуноҳ ишлашдан қўрқиш билан тавбани асло кечиктирмаслик керак. Чунки ҳадиси шарифда “Кейин қиламан деганлар ҳалок бўлди” деб буюрилди. Яъни тавбани, бошқа яхши ишларни кечиктирганлар, бугуннинг ишини эртага қолдирганлар, алданди, зиён кўрди. (И.Ғазолий)
Қул гуноҳни кичкина ва қийматсиз деб билса, бу гуноҳ Аллоҳ олдида катталашади. Қул кичик гуноҳни катта билса, бу гуноҳ Аллоҳу таолонинг олдида кичиклашади. Мўмин имон ва маърифати билан кичик гуноҳларни ҳам катта деб кўради. Ҳар гуноҳ ишлаганда қалби титрайди. Ҳадиси шарифда “Мўмин гуноҳини тоғ каби билиб, устига тушишидан қўрқади. Мунофиқ эса бурнига қўнган ва шу заҳоти учиб ктадиган пашша каби кўради” деб марҳамат қилинди. (Бухорий)
Шу ҳолда гуноҳ ишлаганини билиш буюк неъматдир. У кишининг мўмин эканлигини кўрсатади. Гуноҳлари учун тавба этиши, пушаймон бўлиши, гуноҳни тарк этиши, каффорат бўлиши учун кўп савоб ишлар қилиши керак. Ҳадиси шарифда “Гуноҳ ишлаган заҳоти унинг ўрнини босадиган савоб иш қил!” деб марҳамат қилинди. (И.Ғазолий)
Қул ҳақининг каффорати учун ҳақ соҳибларига яхшилик ва дуо этиш керак. Ҳақ соҳиби ўлган бўлса, у кишини раҳмат билан эсга олиши, бола-чақасига ва меросхўрларига эҳсонда бўлиши лозим. Гуноҳлари учун истиғфорда давом этиш керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Истиғфорда давом этган кишини Аллоҳу таоло дардлардан, ғам-ташвишлардан қутқаради. Кутмаган еридан ризқлантиради.” (Насоий)
Бир кимса гуноҳ ишлаганида Аллоҳу таолонинг бу гуноҳни ишлаётганини кўрганини билса, Аллоҳу таоло қулининг ўзини хотирлагани учун гуноҳини авф этади. Ҳадиси шарифда “Ишлаган гуноҳини Аллоҳу таоло билганига ишонган кимса гуноҳига тавба қилмаса ҳам, Аллоҳу таоло уни авф этади” деб марҳамат қилинди. (Табароний)
Ишлаган гуноҳини Аллоҳу таоло билганига ишонган кимса Аллоҳга ишонади, деганидир. Аллоҳу таолога ишонган кимса гуноҳ ишлаганда гуноҳини Аллоҳу таоло кўргани учун уялади ва истар-истамас пушаймон бўлади. Пушаймонлик эса тавбадир. Тавба этган кимсани эса Аллоҳу таоло авф этади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ё Рабби, яхшилик ишлаганда хушхабар оладиганлардан, ёмонлик қилганида истиғфор этадиганлардан қил!” (Бухорий)
“Ётоғига кирганида 3 марта “Астағфируллоҳалазим аллази ла илоҳа алла ҳувал хаййул қаййума ва атубу илайҳ” деган кишининг гуноҳлари денгиз кўпиклари қадар кўп бўлса ҳам, авф этилади.” (Термизий)
“Раббим сени нуқсон сифатлардан узоқ кўраман. Ёмон ишлар қилдим. Сендан бошқа гуноҳимни авф этадиган йўқ. Мени авф эт! деган кимсанинг гуноҳлари чумолилар сони қадар бўлса ҳам Аллоҳу таоло авф этади.” (Байҳақий)
“Эй қулларим, ҳимоялаганларимдан ташқари барчангиз гуноҳкорсиз. Мендан мағфират тилаганни кечираман. Мағфират этишга қодир эканлигимга ишонганни авф этаман.” (Термизий)
“Гуноҳдан сақланмаганни Аллоҳу таоло ҳам (дунё ва охират фалокатларидан) сақламайди.” (И.Ҳузайма)
(Мўминлар учун ҳар куни 25 марта истиғфор ўқиган кимсанинг қалбидан кин, адоват ва ҳасад чиқади. Исми авлиёлар орасига ёзилади. Унга бутун мусулмонлар сони қадар савоб берилади. Қиёматда бутун мўминлар “Ё Рабби! Бу қулинг биз учун кўп истиғфор ўқирди. Сен ҳам уни авф эт” дейдилар.)
Мўминлар учун истиғфор:
“Аллоҳуммағфир-ли валивалидаййа вали устозия валил муминина вал муминат вал муслимина вал муслимат ал-ахйаи минҳум вал амват бираҳматика ё архамаррахимин.” (Мифтаҳун нажот)
Гуноҳ ишлашда давом этган кимсанинг хотираси пастлашади, аҳмоқлашиб, ақли ҳам камаяди. Ҳадиси шарифда “Гуноҳ ишлаган кимсанинг ақли кетади ва қайтиб ортига келмайди” деб буюрилди. (И.Ғазолий)
Гуноҳларнинг барчаси Аллоҳу таолонинг амрини бажармаслик бўлгани учун катта ҳисобланади. Ҳар гуноҳ Аллоҳу таолога исён бўлганидан катта, фақат баъзилари баъзиларига қараганда кичик кўринади. Бир ҳадиси шарифда “Жуда кичкина бир гуноҳдан қочиш бутун инсон ва жинларнинг ибодатлари тўпламидан ҳам яхшироқ” деб марҳамат қилинди. Бир кичик гуноҳни ишламаслик бутун жаҳоннинг нофила ибодатларидан ҳам савоблидир, чунки нофила ибодат қилиш фарз эмас. Гуноҳлардан қочиш эса фарз. (Рияд-ун насиҳин)
Гуноҳларнинг баъзилари баъзиларига қараганда кичик кўринса ҳам, Аллоҳу таолонинг амрларини бажармаслик бўлгани учун барчаси катта ҳисобланади. Чунки Аллоҳу таолонинг ғазаби гуноҳлар ичида яширинган. Ҳадиси шарифда “Кичик гуноҳда давом этилса, катта бўлади” деб марҳамат қилинди. Кичкина кўрган гуноҳи катталашади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Гуноҳларни кичкина кўришдан сақланинг! Булар тўпланиб, эгасини ҳалок этади. Бу бир қавмнинг водийга тушиб, хас-хашак, ўтин йиғиб келиб, улкан гулхан ёқиб, овқатларини пиширишига ўхшайди. Мана шу каби кичик гуноҳларидан ҳисобга тортилган ҳам ҳалок бўлади.” (Табароний)
“Ҳар гуноҳ ишлаганнинг қалби муҳрланади, бошқа савоб ишлай олмайдиган бўлади.” (Баззор)
“Бир кимса гуноҳ ишлаганида қалбида қора нуқта ҳосил бўлади. агар тавба этса, бу доғ ўчади. Тавба этмасдан, бошқа гуноҳ ишласа, бу доғ катталашади ва бутун қалбни эгаллайди. Бутун қалби қоп-қора бўлади.” (Хараити)
Гуноҳларига тавба этган кимсанинг қул ҳақлари, намоз, рўза каби қазоларидан бошқа гуноҳлари авф бўлади. Шунинг учун қул ҳақларини ўтаб, ҳалоллашиш керак. қазоларини ҳам бир он бўлса ҳам аввалроқ ўташ керак.
Ҳазрати Баърадан ““Ўзингизни ўз қўлингиз билан таҳликага отманг” ояти душман билан юзлашиб, шаҳид бўлгунча жанг қилган кимса ҳақидами?” деб сўрадилар. Ҳазрати Баъра “Йўқ, бир гуноҳ ишлаб сўнгра Аллоҳ мени кечирмайди деганлар ҳақида” деб жавоб берди. (Ҳаким)
Ҳасан Басрий ҳазратларига етишмовчиликдан, фақирликдан, фарзанди йўқлигидан шикоят қилдилар. Барчасига истиғфор ўқишларини буюрди. Бошқа инсонлар ҳам турли мавзуларда савол бердилар. Уларга ҳам истиғфор ўқишларини буюрди. Сабабини сўраганларида Нуҳ сурасининг 10, 11 ва 12-ояти каримасини ўқиди.
Савол: Ҳадиси шарифларда баъзи дуоларни ўқиган ва баъзи ибодатларни қилган кимсанинг бутун гуноҳлари авф этилиши билдирилган. Буларга катта гуноҳлар ҳам кирадими?
Жавоб: Одамда бутун гуноҳлар дейилганда кичик гуноҳлар назарда тутилади. Катта гуноҳларнинг авф этилиши учун алоҳида тавба этиши, қул ҳақи бўлса, ҳақ соҳиблари билан ҳалоллашиш керак. намоз, рўза каби фарз ибодатлар тарк этилган бўлса ҳам тавба-истиғфор, ҳам буларнинг қазоларини ўташ керак.
Савол: Тавба этиш учун икки ракат намоз ўқиб, тавба қилиш керакми?
Жавоб: Намоз ўқиш мажбур эмас. Намоз ўқиб, дуо этиб Аллоҳу таолога сиғинса, яхши бўлади. Гуноҳига пушаймон бўлиш тавбадир.
Савол: Очиқча ишланган гуноҳнинг тавбаси ҳам очиқча қилинмаса, саҳиҳ бўлмайдими?
Жавоб: Саҳиҳ бўлади. Тавбанинг саҳиҳ бўлиши учун очиқча қилиш шарти йўқ. Фақат очиқча тавба этмаса, бу гуноҳни ишлаганини билганлар у кимсага гуноҳ ишлашда давом этмоқда деб суи зан қилишлари мумкин. Шунинг учун очиқча ишлаган гуноҳимизга тавбани ҳам очиқча қилишимиз керак. Бу гуноҳимизни билганларга тавба қилганимизни эшиттиришимиз лозим. Улар эшитмаса ҳам, тавба саҳиҳ бўлади.
Савол: “Ўлганларга истиғфор этинг” дейилади. Ўлик учун қандай истиғфор этаман? Истиғфор этиш билан истиғфор айтиш бошқа-бошқами?
Жавоб: Ҳа, иккови бошқа-бошқа. Истиғфор ўқиш Астағфируллоҳ дейиш ёки истиғфор дуосини ўқишдир. Истиғфор этиш эса хайр-ҳасанот қилиб, гуноҳларнинг авфига сабаб бўлиш деганидир. Савобини ўлганларга бағишлаб қурбонлик сўйиш, Қуръон ўқиш, масжид қуриш ва қудуқ қаздириш каби хайрли ишларни қилиш истиғфор этиш ҳисобланади.
Истиғфор этиш ҳар турли хайр-ҳасанот қилиш деганидир.