Нофила намозларни жамоат билан ўқиш
Савол: Баъзилар муборак кечаларда таҳажжуд вақтида тўпланиб, жамоат бўлиб нофила намоз ўқийди. Бунга бошқаларни ҳам чақиришади. Динимизда ундай нарса борми, шу тўғрими?
Жавоб: Бу ҳақда имоми Раббоний ҳазратлари “Мактубот” китобининг 1-жилд 288-мактубида айтадики:
Замонимизда хоҳ олим, хоҳ оми мусулмонларнинг кўпчилиги нофила ибодатларни адо этишга катта аҳамият бермоқда. Фарзларни бажаришда эса ҳафсаласизлик билан ҳаракат қилишмоқда. Фарзлар ичидаги суннат ва мустаҳабларга риоя қилишмаяпти. Нофилаларни қадрлаб, фарзларни паст кўрмоқда. Фарз намозларни мустаҳаб бўлган вақтларида ўқийдиганлар деярли йўқ. Суннат бўлган жамоатнинг кўпайишига ҳатто намозни жамоат билан ўқишни одат ҳолига келтиришмади. Фарзларни хоҳламай, эриниб ўқиш орқали вазифани бажардик деб ўйлашмоқда. Ашуро куни, Барот, Рағоиб кечаларига катта аҳамият беришмоқда. Бу кунларда гавжум жамоатлар билан нофила намозлар ўқишмоқда. Шу жамоатларни чиройли иш деб ҳисоблашмоқда. Аслида шайтоннинг ҳийласи эканлигини, гуноҳларни савоб каби кўрсатаётганини тушунишмаяпти. “Шарҳи Виқоя” ҳошиясида “Нофилаларни жамоат билан ўқиш ва фарз намозларни жамоатсиз ёлғиз ўқиш шайтоннинг ҳийлаларидан биридир” дейилган.
Нофила намозларни жамоат билан ўқиш макруҳ бўлиб, чиркин бидъатлардандир. Пайғамбаримизнинг “Бир кимса динимизда йўқ нарсани жорий қилса у чиркин ишдир” ҳадиси шарифларида хабар берилган бидъатлардандир. Нофила намозни жамоат билан ўқишнинг макруҳ эканлиги фиқҳ китобларининг кўпида ёзилган. Ҳамма чақирилиб, катта жамоат бўлса, макруҳ бўлади деганлар ҳам бўлди. Бунга кўра, ҳеч кимга хабар қилмасдан масжиднинг бир бурчагида бир-икки киши жамоат бўлиб ўқиса, макруҳ бўлмайди. Жамоат уч киши бўлса, макруҳ бўлади деганлар ҳам, бўлмайди деганлар ҳам бўлган. Тўрт кишининг жамоат билан нофила намоз ўқиши иттифоқан макруҳ дейилди.
Савол: Таровиҳ намозидан бошқа нофила намозларни жамоат билан ўқишнинг зарари борми?
Жавоб: “Сирожия” фатво китобида таровиҳ ва қуёш тутилиши намозларидан бошқа нофила намозларни жамоат билан ўқишнинг макруҳ эканлиги ёзилган. “Ғиёсия” фатво китобида Шайхул имом Сароҳсий ҳазратлари айтадики: “Нофила намозни жамоат билан ўқиш Рамазондан бошқа вақтларда ҳамма чақирилса, макруҳ бўлади. Бир-икки киши имомга иқтидо қилса, макруҳ бўлмайди. Уч киши бўлса, шубҳалидир. Тўрт кишига етса, бир овоздан макруҳдир.”