Қусуф ва хусуф намозлари
Савол: Қусуф ва хусуф намозлари қайси ва қандай ўқилади?
Жавоб: Бу икки намоз нофила намоздир. Қусуф намози қуёш тутилганда, хусуф намози эса ой тутилганда ўқилади.
Қусуф намози:
Қуёш тутилган пайтда жума намозини ўқитадиган имом азонсиз ва иқоматсиз камида икки ракат намоз ўқитади. Қироатни овоз чиқариб ёки чиқармасдан ўқийди. Узун сура ўқиган афзал. Намоздан кейин ҳам қуёш очилгунча қиблага юзланиб тик турган ҳолда ёки жамоатга ўгирилиб ўтириб дуо қилади. Бундай имом топилмаса, бу намозни ҳар бир одам ўз уйида якка ўқиши мумкин. Саҳрода ҳам ўқиш мумкин.
Қусуф намозида имоми Аъзам, имоми Молик ва имоми Аҳмадга кўра, хутба ўқилмайди. Имоми Шофеъийга кўра эса, намоздан кейин хутба ўқиш мустаҳабдир.
Хусуф намози:
Ой тутилган пайтда ҳамма ўз уйида алоҳида худди қуёш тутилгандаги намоз сингари қироати яширин ёки очиқ икки ёхуд тўрт ракат намоз ўқиши яхши бўлади. Бу намозни масжидда жамоат билан ўқиш ҳам жоиз. Бу намоз икки ракат ўқилса, бомдод суннатидек, тўрт ракат ўқилса, аср суннатидек ўқилади.