Субҳа намози
Таҳорат олгандан кейин ўқиладиган икки ракат намозга “Субҳа намози” дейилади. Уни макруҳ вақтлардан ташқари ҳамма пайт ўқиш мумкин. Таҳорат олгандан ёки ғуслдан кейин субҳа намозини ўқимоқчи бўлган одам субҳа намози билан бирга қазо намозига ҳам ният қилса, қазосини ўташ билан бирга субҳа намози савобига ҳам эришади.
Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Яхшилаб таҳорат олиб, васвасасиз икки ракат намоз ўқиган кишининг гуноҳлари авф этилади.”(Бухорий)
“Жаннатда Билолдан бу мақомга қандай эришганини сўрадим. У “Ҳар таҳоратдан кейин икки ракат намоз ўқирдим” деб жавоб берди.” (Бухорий)
Субҳа намозидан кейин қилинган дуолар қабул бўлади. Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло: “Таҳорати бузилиши билан таҳорат олмаган киши менга жафо қилган бўлади. Таҳорат олгач, икки ракат намоз ўқимаган ҳам менга жафо қилган бўлади. Икки ракат намоз ўқиб, мендан эҳтиёжини сўрамаган ҳам менга жафо қилган бўлади. Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқигандан кейин дуо қилган кишининг дуосини қабул қилмасам мен унга жафо этган бўламан. Ҳолбуки мен жафо қилмайман” деб буюрди” деб марҳамат қилинган. (Ширъа)
Савол: Бир одам таҳорат олгач, хоҳлаган бир намоз ўқиса, масалан қазосини ўқиса, ният қилмаса ҳам таҳоратдан сўнгра ўқиладиган субҳа намози ўрнига ўтадими?
Жавоб: Ҳа, ўтади. Бир одам масжидга киргач, фарз, вожиб, суннат ёки нофила намоз ўқиса, таҳиятул масжидга ният қилмаса ҳам таҳиятул масжид намози ўқилган бўлади. Бир фақир Қурбон ҳайити кунларида нофила нияти билан Каъбани тавоф этса ҳам фарз ўрнига ўтади. Явми шак, яъни Шаъбон ойининг сўнгги куни нофила рўза тутишга ният қилса-ю, сўнгра бу кун Рамазоннинг биринчи куни эканлигини билса, тутган рўзаси Рамазон рўзаси бўлади. Саҳар вақтида икки ракат таҳажжуд намозига ният қилса-ю, сўнгра фажр бошланиб, яъни бомдод вақти кирганлигини англаса, бу икки ракат бомдод намозининг суннати ўрнига ўтади. “Муайян бир кунда (масалан Зулҳижжа ойининг олтинчи, пайшанба куни) рўза тутаман” деб назр қилган киши, ўша кун нофила сифатида рўза тутса, назри бажарилган бўлади. (Радд-ул мухтор)
Савол: Таҳорат олгандан 1-2 соат ўтгач, субҳа намозини ўқиса жоизми?
Жавоб: Жоиз бўлса ҳам кечиктирмаган маъқул.