Тасбиҳ намози
Савол: Тасбиҳ намози қандай ўқилади? Қазоси борлар ҳам ўқиса бўладими?
Жавоб: Бу савоби жуда кўп бўлган намоздир. Пайғамбаримиз амакиси ҳазрати Аббосга “Сизга ўргатадиган нарсани адо этганингизда эски-янги, аввалги-охирги, яширин-ошкор, билмасдан ёки атайлаб қилган бутун гуноҳларингизни Аллоҳу таоло авф этади” дея марҳамат қилиб, тасбиҳ намози қандай ўқилишини билдиргандилар. (Абу Довуд)
Тасбиҳ намозини, макруҳ вақтлардан ташқари хоҳлаган пайтда ўқиш мумкин. Агар кундузи ўқилса, тўрт ракатда бир, кечаси ўқилса, икки ракатда бир салом бериб ўқиш афзалдир.
Ҳафтада ёки ойда ёхуд ҳеч бўлмаса умрида бу намозни бир марта бўлса ҳам ўқиш яхши бўлиши билдирилган. Ҳар ракатида 75 марта “Субҳоналлоҳи валҳамдулиллоҳи ва ла илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” тасбиҳи айтилиб, ўқиладиган тўрт ракатлик намоздир.
(Кўп жой эгалламаслиги учун ушбу тасбиҳ юқорида қалин ҳарфлар қисқартириб берилди. Матнда "тасбиҳ" сўзидан мана шу узун гапдан иборат қисмни тушуниш керак.)
Тасбиҳ намозининг ўқилиши:
Аллоҳ розилиги учун нофила намоз ўқишга ният қилинади. Субҳонакадан кейин 15 марта юқоридаги тасбиҳ ўқилади. Кейин бир марта “Вала ҳавла вала қуввата илла биллоҳил алиййул азим” дейилади, сўнгра аузу-бисмиллоҳ айтилиб, Фотиҳа билан замми сура ўқилади. Кейин рукуга боришдан аввал яна 10 марта тасбиҳ ўқилади. Кейин “Вала ҳавла вала қуввата илла биллоҳил алиййул азим” дейилади. Сўнгра рукуга борилади, руку тасбиҳидан кейин рукуда 10 та тасбиҳ ўқилади. Рукудан “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деб турганидан кейин яна 10 та тасбиҳ айтилади. Тасбиҳ тугагач “Роббана лакал ҳамд”- деб, саждага борилади. Сажда тасбиҳидан кейин 10 марта тасбиҳ ўқилади. Саждадан кўтарилиб, жалсада ўтирган ҳолда 10 та тасбиҳ ўқилади. Иккинчи саждада ҳам сажда тасбиҳидан кейин 10 та тасбиҳ ўқилади. Жами 75 та бўлади. Иккинчи ракатга тургач, аввал яна 15 та тасбиҳ айтилади. Сўнгра худди биринчи ракатдагидек ҳаракат қилинади. Сўнгра қаъдага ўтириб, аттаҳиёт ва саловатлар ўқилади.
Учинчи ва тўртинчи ракатлар ҳам илк икки ракатдек ўқилади. Шунда ҳар ракатда 75 тасбиҳ айтилиб, жами 300 та бўлади. Намозда саждаи саҳв лозим бўлиб қолса, саждада бу тасбиҳ ўқилмайди. Тасбиҳ намози нофила бўлгани учун қазоси бор кишиларнинг тасбиҳ намози қабул бўлмайди.