Духо (чошгоҳ) намози
Савол: Чошгоҳ намозининг аҳамияти қандай ва қачон ўқилади?
Жавоб: Чошгоҳ вақти шаръий кундузнинг тўртдан бири ўтгандан кейин бошланиб, завол вақтигача давом этади. Яъни қуёшнинг пастки қавси зоҳирий уфқ ҳаттидан бир найза бўйи кўтарилган пайтдан ёки қуёш ҳақиқий уфқдан 5°С баландликка кўтарилганидан кейин бошланадиган вақт бўлиб, кароҳат вақтининг тугаганидан дарак беради. Масалан, 5 мартда Туркистонда имсок вақти 06:07да, шом 19:28да. У ҳолда шаръий кундуз 13 соат 21 дақиқани ташкил қилади. Бунинг тўртдан бири: 3 соат 20 дақиқа. Буни имсок вақтига қўшсак, 9:27 бўлади. Демак, Чошгоҳ вақти шу пайтдан бошланиб, деярли ишроқ вақтига тўғри келади. Чошгоҳ намози мана шу вақтдан то пешинга 20 дақиқа қолгунча ўқилади. (Қисқача айтганда, чошгоҳ вақти - қуёш чиққандан 50 дақиқа ўтгач бошланиб, пешинга 20 дақиқа қолгунгагача бўлган вақтдир.)
Чошгоҳ вақтида камида икки ракат намоз ўқиш жуда савобли. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Кунда икки ракат чошгоҳ намозини ўқиган кишининг гуноҳлари денгиз кўпигидек бўлса ҳам авф этилади.”(Ибн Можа, Термизий, Абу Довуд)
“Ҳар бир одамнинг вужудида бўғинлар сони қадар садақа бериши керак. Субҳоналлоҳ, Алҳамдулиллоҳ, Ла илоҳа иллаллоҳ ёки Аллоҳу акбар дейиш ҳам садақадир. Яхшиликни тавсия қилиш, ёмонликка моне бўлишга уриниш ҳам садақа ҳисобланади. Икки ракат чошгоҳ намозини ўқиш эса бутун буларни ўзида жамлаган.” (Муслим)
“Кунда икки ракат чошгоҳ намозини ўқиган одам туғилган кунидагидек гуноҳсиз бўлади.” (Абу Яъло)
“Икки ракат чошгоҳ намозини ўқиган киши ғофиллардан бўлмайди. Тўрт ракат ўқиган обидлардан бўлади. Олти ракат ўқиса, бу намоз ўша куни унга кофийдир. Саккиз ракат ўқиган мосивони тарк этиб, итоат қилган қуллардан ёзилади. Ўн икки ракат ўқиган эса жаннатда махсус кўшкка эришади.” (Табароний)
“Жаннатнинг бир Духо дарвозаси бор. Бу дарвозадан фақат чошгоҳ намозини ўқиганлар киради.”(Табароний)
“Икки ракат чошгоҳ намози қабул қилинган бир ҳаж ва умрага бадалдир.” (Абушшайх)
Пайғамбаримиз душман устига юборган аскарлари қисқа вақт ичида ғолиб бўлиб, мўл ғанимат билан уйларига қайтдилар. Бу аскарларга ҳавас қилганларни кўриб айтдиларки: “Сизларга ундан ҳам қисқа, янада кўп ғанимат келтирадиган ва янада тез уйга қайтарадиган жиҳод йўлини кўрсатаман. Чошгоҳ намози учун масжидга борган киши кам жанг қилиб, кўп ғанимат олган ва тезда уйига қайтган бўлади.” (И.Аҳмад)
“Икки ракат чошгоҳ намозини ўқиш мен учун фарздир.” (И.Аҳмад)
“Икки ракат чошгоҳ намозини ўқиган киши вужудининг закотини тўлаган бўлади.” (И.Асокир)
“Радд-ул-мухтор” китобида “Чошгоҳ намозини ўқишда давом этган киши шаҳид бўлиб вафот этади” дейилган.
Имоми Шароний ҳазратлари “Чошгоҳ намозини ўқишда давом этганларга жин тегмайди” деган.
Чошгоҳ намози нофила намоздир. Қазоси бор киши қазоларини ўтамагунича нофила намозлари қабул бўлмайди. Аввало қазосини ўташи керак. Қазо намоз қарзи бўлган одам чошгоҳда чошгоҳ (Ишроқ, Духо) намозини ўқимоқчи бўлса “Илк қазога қолган бомдод (пешин, аср, шом, хуфтон) намозининг фарзини ва чошгоҳ намозини ўқишга” деб ният қилса, ҳам қазоси ўталган, ҳам чошгоҳ намозини ўқиган бўлади. (Радд-ул-мухтор)
Савол: Духо, чошгоҳ, ишроқ намозлари қачон бошланади ва қачонгача ўқиш керак?
Жавоб: Духо - чошгоҳ деганидир. Олимларнинг кўпи ишроқ намозининг ҳам чошгоҳ намози эканлигини билдирганлар. “Саодати абадия” китобида айтиладики:
Духо вақти бўлганда икки ракат “Ишроқ намози” ўқиш суннат. Бу намозга “Чошгоҳ намози” ҳам дейилади.
Ишроқ вақти ҳайит намози ўқиладиган вақтдан бошланади. Пешинга 20 дақиқа қолгунча давом этади.