Силсилаи олийя нима дегани?
Савол: “Силсила-и олийя” дегани нима?
Жавоб: “Силсила” сўзи “бир-бирига боғлиқ, бир-бирига алоқадор нарсалардан ташкил топган занжир, ҳалқа” маъносига келади. Ҳар бир муршид-и комил, яъни олим ва авлиё зот, шогирдлари орасидан етилиб, энди ўзгаларни ҳам ўқитиб тарбиялай оладиган даражага келган шогирдларига халифалик ва ижозат (диплом) беради. Сўнгра улар ҳам шогирд ўқитиб, етилтирган шоирдларига мана шу тарзда ижозат беришади. Мана шу тариқа олимлар силсиласи юзага келади. Бу занжир пайғамбаримизгача етиб боради.
Ораларида Баҳоуддин Бухорий, имоми Раббоний, Мавлоно Холид Бағдодий сингари улуғ алломалар ҳам бўлган олимлар занжирига “Силсилаи олийя”, яъни “олий силсила” дейилган. Бунга “Силсилат уз-заҳаб”, яъни “олтин силсила” ҳам дейилади.
Ислом олимлари ердан униб чиқмайди. Ҳеч ким устозсиз, ижозатсиз олим бўла олмайди. Ҳар бир олимнинг албатта Расулуллоҳгача етиб борадиган устозлар силсиласи, шажараси бўлиши керак. Масалан, имоми Раббоний ва Абдулқодир Гейлоний ҳазратларидек ҳар аҳли суннат олимининг жаноби пайғамбаримизгача бўлган бутун устозлари маълум. Исломда фақат мана шундай улуғ зотларга боғланиб, уларнинг китобларини ўқиш керак. Ёзганлари тўғри бўлса ҳам, дуч келган муаллифларнинг китобларини ўқиш дуруст эмас. Ҳаётда шундай улуғ зотларни топа олмаган киши улардек мутахассис, яъни силсиласи маълум ва ижозат соҳиби бўлган бирон олимнинг ёзган китобларини ўқиши, уни ўзига раҳбар билиши лозим.
Ҳозирги даврда силсилаларнинг охирги халқаларидаги исмларнинг фарқли-фарқли бўлиши устозлари халифалик, ижозат бермаган баъзи одамларнинг алоҳида йўл тутиб кетиши туфайлидир. Имоми Раббоний ҳазратлари тўрт аср аввал шундай деганлар:
“Бу юксак ва қутлуғ йўлнинг йўловчилари ғариб бўлдилар, камайдилар. Ҳозирги тариқатчиларнинг йўлига бидъатлар аралашгани ва бу йўл бузилгани учун Расулуллоҳнинг суннатига амал қиладиган улуғ зотларни таниб билиш мумкин бўлмай қолди. Одамлар жоҳилликлари туфайли бу улуғ йўлга бидъат аралаштирдилар. Халқнинг қалбини мана шундай бидъатлар билан қозонишга уриндилар. Бу билан Ислом динини такомиллаштиряпмиз деб ўйладилар. Аслида улар бу юксак йўлни йўқ қилишга уринишяпти.” (2/62)
Савол: “Силсила-и олийяда йўлнинг сўнгги энг бошига жойлаштирилган” деган бир ифода кўп ишлатилади. Бу нимани англатади?
Жавоб: Имоми Раббоний ҳазратлари айтадиларки:
“Бу йўл Асҳоби киромнинг йўлидир. Чунки бу улуғ зотлар жаноби Расулуллоҳнинг суҳбатларида биринчи куниёқ шундай нарсаларга эришардиларки, улардан кейин келган энг улуғ авлиё ҳам йўлнинг энг охирида Асҳоби киром эришган нарсалардан фақат бир парчасигагина ета олди. Мана шунинг учун ҳазрати Ваҳший ҳазрати Ҳамзани шаҳид этгани ҳолда мусулмон бўлганидан кейин бир марта Расулуллоҳнинг суҳбати билан шарафлангани учун Тобеиннинг энг устуни бўлган Вайсал Қаронийдан ҳам баланд бўлди. Расулуллоҳнинг суҳбатининг бошида ҳазрати Ваҳшийга насиб бўлган нарсаларга Вайсал Қароний шунчалик юксак даражада бўлишига қармай энг охирида ҳам ета олмади. Демак, замонларнинг, асрларнинг энг яхшиси Асҳоби киромнинг асридир. Ўша асрдан олинган омонатни бир-бирига ўтказиб олиб келаётган улуғларимизнинг йўли эса, олтин силсиладир. Бу йўлнинг бошқа йўллардан афзаллиги Асҳоби киром замонининг кейинги замонлардан афзаллиги кабидир. Ушбу йўлнинг улуғлари шундай зотлардирки, Аллоҳу таоло уларга фазилат ва марҳамати билан бу йўлнинг бошида-ёқ энг охирида насиб бўладиган неъматининг таъмини тоттирди. Уларнинг даражаларини бошқалар тушуна олмайди. Улар етган мақомлар бошқалар борадиган мақомлардан анча устундир.” (1/66)
Савол: Силсила-и олийя деб номланган улуғ олимларнинг исмларини ўқиш фойдалими?
Жавоб: Жуда ҳам фойдалидир. Хусусан қуйидаги уч фойдаси бор:
1. Файз келишига сабаб бўлади.
2. Ғам ва ташвишни кетказиб, қалбни сокинлаштиради.
3. Эҳтиёж ва истакларининг ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Савол: Силсила-и олийя улуғларининг барчаси муршиди комилми? Муршиди комилларнинг барчаси мужтаҳид бўладими?
Жавоб: Ҳа, Силсилаи олийя улуғларининг барчаси муршиди комилдир. Муршиди комиллар ҳам айни вақтда мужтаҳид бўладилар.
Абдулқодир Гейлоний ва имоми Раббоний ҳазратлари ҳам имоми Аъзам ва имоми Шофеъий сингари мужтаҳиддирлар. Тўрт мазҳабнинг имоми ва бошқа мужтаҳид бўлган олимларнинг ҳам барчаси муршиди комилдирлар. Вазифаларни ўзаро бўлиб олганликлари учун баъзилари фиқҳда, баъзилари тасаввуфда машҳур бўлганлар.