Ҳусайн Ҳилми Ишиқ
Дин илмларида улуғ олим ва тасаввуф маърифатларида комил ҳамда мукаммил бўлган кароматлар соҳиби Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари етиштирган етук олимдир. Китоблари бутун ўлкаларда ўқилмоқда. Асарларидан энг муҳими “Том Илмиҳол Саодати Абадия” бўлиб, 14 туркча, 60 арабча ва 25 форсча ҳамда булардан таржима қилинган французча, инглизча, немисча, русча ва бошқа тиллардаги юзлаб китобларнинг муаллифидирлар. 8 март 1911 йили Истанбулнинг Айюб Султон мавзесида туғилиб, 2001 йил 26 октябрда вафот этдилар. Бир неча минглик издиҳом билан ўқилган жанозасидан кейин Айюб Султондаги оила қабристонига дафн этилдилар.
Фон Мизесдан олий математика, Прагердан механика, Дембердан физика, Госсдан кимё технологияси фанларини ўқидилар. Кимё профессори Арндтнинг раҳбарлигида илмий тадқиқотлар қилиб, кўп тақдирларига сазовор бўлдилар. Профессор Арндтнинг ёнида олти ойда диплом ишини тугатиб, Истанбул университетида Phenyl-cyan-nitromethan (ҳаворанг фенилнитрометан) кимёвий бирикмасини синтез қилиш орқали формуласини кашф қилдилар. 1936 йилнинг охирида Кимё олий муҳандиси мутаҳассислиги бўйича 1/1 рақамли диплом билан тақдирландилар. Ҳарбияда полковник унвонига етгунча турк армиясида заҳарли газлар инженери ва кимё ўқитувчиси вазифаларида ишладилар.
Сиёсатга умуман аралашмади, ҳеч бир сиёсий партияга аъзо бўлмадилар. Эътиқодий ва сиёсий бўлиниб-парчаланишларга, қонунларга ҳам-да ҳукуматга исён қилишга қарши эдилар. Буни асарларида ҳам очиқча тарғиб ва ташвиқ қилардилар. Ер юзининг турли ўлкаларига юборган турли тиллардаги китобларида ислом динининг тўғри тушунилиши, ислом аҳкоми ва ахлоқининг ёйилиши учун тинмай ҳаракат қилдилар. Шу сабабдан динни дунёлик тўплашга восита қилганлар билан мазҳабсизларнинг туҳматларига нишон бўлдилар. “Фармацевт, кимёгар динда нимани ҳам тушунарди? У ўзининг ишини қилсин, бизнинг ишимизга аралашмасин” деганлар бўлди. Ҳа, бу зот фармацевт ва кимёгар бўлиб, халқига 30 йилдан ортиқ хизмат қилдилар. Лекин дин илмларини ҳам ўрганиб, кеча-кундуз ўқиб, буюк ислом олимидан ижозат олиш шарафига муяссар бўлдилар. Шунча асарлар қаламга олганига қарамай асло ўз шахсий қарашини, фикрини аралаштирмасдан, доим аҳли суннат олимларининг ақл эгаларини ҳайратда қолдирадиган қийматли ёзувларини арабча ва форсчадан таржима қилиб китобларига жамладилар.
Саййид Аҳмад Маккий афанди “Том Илмиҳол Саодати Абадия” китобига ёзган тақризида айтадиларки:
“Асримизнинг фозилларидан, замонимизнинг ягонаси ёзган “Саодати Абадия” китобини кўздан кечирдим. Бу китобда калом, фиқҳ ва тасаввуф илмларини топдим. Буларнинг барчаси илмларини нубувват манбасидан олган зотларнинг китобларидан тўпланганини кўрдим. Бу китобда аҳли суннат эътиқодига мос бўлмаган ҳеч бир илм, ҳеч бир сўз йўқ. Эй покиза ёшлар, диний ва миллий билимларингизни шу латиф, ўхшаши йўқ, балки келажакда ҳам ўхшаши ёзила олмайдиган ушбу китобдан ўрганинг!”
Ҳусайн Ҳилми Ишиқ афанди аҳли суннат олимларининг китобларини ўқиб, тушуна оладиган одамларнинг камайганлигини ва жоҳил кимсаларнинг дин одамлари орасига аралашиб, бузуқ китоблар ёзаётганларини кўриб, қайғурган “Фитна тарқалган замонларда ҳақиқақтни биладиган киши бошқаларга ҳам буни билдирсин. Агар билдирмаса, унга Аллоҳу таолонинг ва бутун инсонларнинг лаънати бўлсин!” ҳадиси шарифидаги таҳдиддан даҳшатга тушганлар. Инсонларга бўлган шафқат ва марҳамати уни хизматга чорлади, аҳли суннат олимларининг китобларидан керакли мавзуларни таржима қилиб, ҳамма тушуна оладиган тарзда изоҳлашга ҳаракат қилдилар. Олган беҳисоб табрик ва таҳсинлари билан бир қаторда аҳён-аҳёнда жоҳилларнинг туҳмату бўҳтонларига ҳам дучор бўлдилар. Раббига ва виждонига нисбатан ихлоси-ю садоқатида ҳеч бир шубҳаси бўлмагани учун Аллоҳу таолога таваккул, Расулининг ҳамда солиҳ қулларининг муборак руҳларига тавассул қилган ҳолда хизмат қилишда давом этдилар. Бутун бу хизматларининг ислом олимларига бўлган кучли муҳаббати ва ҳурмати баракати билан бўлганини айтардилар. Ҳар суҳбатида ислом олимларининг китобларидан ўқир, Имоми Раббоний ва Абдулҳаким Арвосий ҳазратларининг сўзларини баён қилаётганларида кўзлари ёшланиб “Каломи кибор, кибори калом аст”, яъни "улуғларнинг сўзи, сўзларнинг улуғидир" дердилар.
“Истанбул авлиёлари” китобида бу зот ҳақида қуйидаги маълумотлар ўрин олган:
Ҳусайн Ҳилми афанди моддий ва маънавий, дунёвий ва ухравий (охиратга доир), айниқса фан, тиб, фармацевтика соҳаларида замонининг кўзга кўринган пешволаридан эди. Ҳар бир сўзи илмга, фанга ва тажрибага суянган, ушбу билимларини, тажрибаларини диннинг тамал меъёрларига солиб, ўлчаб гапирганидан ҳикмат сўзловчи, яъни ҳар сўзида дунёвий ва ухравий фойдалар жамланган, балки ўхшаши топилмайдиган олим зот эди.
Энг мўтабар, мумтоз асарлардан қилган таржима ва иқтибослар асосида янги, таълиф асарлар вужудга келтирдилар. Ақоид хусусида, айниқса аҳли суннат вал жамоат ақидасини содда бир тилда баён қилиб, ушбу қутлуғ ақиданинг ёйилишида пешқадамлик қилдилар. Ҳанафий, Шофеъий, Моликий ва Ханбалий мазҳабларидан бирида бўлишнинг аҳли суннатнинг энг асосий аломати эканлигини, ҳар кимнинг ўз мазҳаби бўйича амал қилиши шарт эканлигини, зарурат ва эҳтиёж ҳолидагина ҳақ бўлган тўрт мазҳабдан бирини тақлид қила олишини аҳли суннат китобларидан олиб, изоҳладилар. “Саодати Абадия” ва бошқа китобларида минглаб масалаларни ёритдилар. Унутилган кўпгина масалаларни майдонга чиқариб, иҳё қилдилар. “Умматим бузилган пайтларда бир суннатимни иҳё (қайта нашр) қилганга юз шаҳид савоби берилади” ҳадиси шарифини доимо кўз олдида тутиб, фарзларни, вожибларни, суннатларни, ҳатто мустаҳабларни ҳам атрофлича тушунтириб ёздилар.
Жаҳоннинг турли минтақаларида истиқомат қилаётган халқларга исломиятни тўғри, асл ҳолича танитдилар. Аҳли суннат олимлари тарафидан мадҳу сано ва тавсия қилинган юзлаб арабий ва форисий асарларни Hakîkat Kitabevi нашриёти (Ҳақиқат китоб уйи) воситасида етти иқлимга ёйдилар. Ваҳҳобий, Ҳуруфий, Қодиёний каби бир қанча адашган фирқаларнинг ҳақ йўлдан ажралган нуқталарини бутун дунёга далилларию ҳужжатлари билан ёйдилар. Бу зотнинг хизматлари натижасида Аҳли суннат эътиқоди бутун жаҳонда силкиниб жонлана ва ёшара бошлади. Мана шу томондан асарлари ва фаолиятларига “мужаддидлик” деб таъриф берганлар бўлди. Таждид - динни янгилаб, қувватлантириш деганидир.
Муваффақиятларининг сабабини сўраганларга “Ҳалакал мусаввифун", яъни "эртага қиламан деганлар ҳалок бўлди”(қолган ишга қор ёғар) ҳадиси шарифига биноан бугуннинг ишини асло эртага қолдирмадим ва ўз ишимни ўзим қилдим. Қила олмайдиган ишимни бошқасига топширганим пайтларимда ҳам унинг натижасини назорат қилдим, деган жавобни берардилар. “Бу даврда исломиятга хизмат қилишда муваффақ бўлиш учун тингловчилар тушунадиган савияда очиқ гапириш ва ҳамма билан ширинсўз, хушмуомала бўлиш керак” дердилар. Ҳақиқий бир тавозе эгаси камтарин зот эдилар. Ўзларини асло бошқалардан баланд кўрмасдилар. Ёши улуғлар ёнида сукут сақлар, ҳеч ким билан мунозара қилмас, адабга қаттиқ риоя қилар, аксариятла тиз чўкиб ўтирардилар. Бурса шаҳрида эски мударрислардан Али Ҳайдар афандини зиёрат қилгани борганларида соатларча тиз чўкиб ўтирганларида Али Ҳайдар афанди шогирдларига “Ҳилми бейдан одоб ўрганинг, одоб!” деганди. Ҳусайн Ҳилми Ишиқ афанди оиласидан усмоний тарбияси одобини, Абдулҳаким Арвосий ҳазратларидан эса, тасаввуф одобини олгандилар.