Саййид Фаҳм Арвосий
Саййид Фаҳм Арвосий ҳазратлари Туркиянинг шарқида етишиб чиққан буюк авлиёлардан. Силсилаи олиянинг ўттиз тўртинчисидир. Усмонли давлатининг сўнгги даврларида яшаган. Саййидлардан бўлиб, “Ҳазрати Шайх” ва “Аллома” деган лақаблари ҳам бор. “Арвосий” деган ном билан машҳур бўлган. Отаси Саййид Абдулҳамид Арвосийдир. 1825 йили Ваннинг Боғчасарой (Мукус) туманига қарашли Арвос қишлоғида туғилди. 1895 йили шу қишлоқда вафот этди. Қабри ҳам шу ерда ва ҳамон муҳиблари томонидан зиёрат қилинмоқда.
Покиза оиласи ўлканинг шарқий вилоятларида илм, ирфон ва гўзал ахлоқ васфларининг тимсоли эди. Замонанинг олими, фазилат намунаси бўлган боболари Қодирий ва Чаштий йўлларига мансуб эдилар. Отаси Арвос қишлоғининг даргоҳ, хонақо ва мадрасаларини бошқарарди. Саййид Фаҳм кичик ёшида отаси Саййид Абдулҳамид афандини йўқотди. Онаси саййида Амина хоним зоҳида, тақво ва варо соҳиби бўлган солиҳа аёл эди. Жуда кўп аёл хизматчилари бўлса ҳам илм толибларининг кийимларини ўз қўли билан ювиб, ёрдам қиларди.
Ёшлигидан илм ўрганишни бошлаган Саййид Фаҳм қисқа вақтда Қуръони каримни хатм қилди ва ёд олди. Сўнгра боболари қурган ва кўп йиллардан бери илм манбаи бўлиб, жамиятга олимлар тайёрлаб бераётган Арвос мадрасаси билан Мукусдаги Мир Ҳасан Валий мадрасасида асос диний илмларни ва фан билимларини ўрганди. Қисқа бир муддатга илм таҳсилига танаффус берди.
Сўнгра Жизрага бориб, Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг халифаларидан Шайх Холид Жазарийнинг дарсларига қатнашди. Қисқа вақтда тенгдошларидан ўзиб, илмда илгарилади. Диний илмларни ва замонининг фан билимларини ўрганди.
Саййид Фаҳм Жизрада илм таҳсили билан машғул бўлган вақтда амакисининг ўғли саййид Сибғатуллоҳ афанди ҳам Жизрага келиб, Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг талабаси бўлган Шайх Солиҳ Сибкий ҳазратларидан илм ўрганди. Жизрадан қайтишда Ванга кирди. Шу кунларда буюк авлиё Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратлари ҳам Наҳрийдан Ванга келганди. Саййид Тоҳо ҳазратларининг танланган асҳобидан бўлган амакиси Саййид Муҳаммад, Саййид Сибғатуллоҳга бориб Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратларига шогирд тушишини тавсия қилди. Шу тавсия бўйича Саййид Тоҳо ҳазратлари ҳузурига бориб шогирд тушган саййид Сибғатуллоҳ у зотнинг хизмат ва суҳбатларида бўлиб, тасаввуф йўлида илгарилади. Қисқа муддатда етишиб, инсонларга исломиятнинг амр ва тақиқларини билдириш хусусида ижозат ва хилофат олди. Ван ҳокими ва аҳолиси шу ерда қолишини ўтиниб, ҳеч қўймадилар. Лекин у “Наҳрийга қайтаман, агар Саййид Тоҳо ҳазратлари рухсат берсалар, бу ерда қоламан” дедилар. Ванда қолиш истагини арз қилганларида Саййид Тоҳо ҳазратлари “Йўқ Мулла Сибғатуллоҳ! Ван халқининг ҳиммати нуқсондир. Ваннинг фатҳи менинг ва сенинг қўлингда эмас. Кашф оламининг маълумотига кўра, сизнинг сулолангиздан, яъни Арвосий хонадонидан, илм ва ирфони билан танилган, Аллоҳ билади, фақат унинг (Саййид Фаҳмни назарда тутмоқда) воситаси билан Ваннинг иршоди мумкин бўлади” дедилар. Саййид Сибғатуллоҳ Арвосий ҳазратлари “Бу зот амакимнинг ўғлидир. Жизрада илм таҳсили билан машғул, илм ва ирфони билан машҳурдир” дейди. Саййид Тоҳо “Кейинги келишингда у зотни муҳаққақ олдимга олиб келгин” деб амр қиладилар.
Саййид Сибғатуллоҳ кейинги сафар устозини зиёрат қилиш учун келганида ёш Саййид Фаҳмни ҳам бирга олиб келади. Саййид Тоҳонинг ҳузурига кириб, суҳбати билан шарафландилар. Кетадиган вақтида Саййид Сибғатуллоҳ ва ёнидагилар Саййид Тоҳонинг қўлини ўпиб, изн олдилар. Саййид Сибғатуллоҳ Саййид Фаҳмнинг орқада қолиб кетганини кўриб, у учун ҳам изн сўради. Лекин Саййид Тоҳо ҳазратлари Саййид Фаҳмнинг қолишини муносиб кўриб “У шу ерда қолсин” дедилар. Саййид Тоҳо ҳазратларининг хизматида қолган Саййид Фаҳм қисқа муддатда камолга етди. Саййид Тоҳо ҳазратлари у ҳақида “Бошқалар олти ойда ўтган масофани Саййид Фаҳм йигирма тўрт соатда босиб ўтди” дедилар.
Саййид Тоҳо ҳазратлари бир куни Жомеи шарифнинг деворига суяниб, Саййид Фаҳмни ишора қилиб, ёнига чақирдилар. Ёнига келгач “Жуда закий, илмга истакли ва қобилиятлисан. Муҳаққақ “Мутаввал” китобини ўқишинг керак” деди. Саййид Фаҳм “Китобим йўқ, устоз. Биз тарафларда “Мутаввал” ўқилмайди” деганида ўзининг китобини ҳадя этдилар. Муш вилояти Буланиқ тумани Обирий қишлоғида Мулла Расул Сибкий исмли буюк олимга бориб, ўқишни тавсия қиладилар. Ҳузуридан кетаётганида “Сен закий ва тадқиқ қилувчи шогирдсан. Саволларингга устозлар қониқтирувчи жавоб беролмайдилар ва безовта бўладилар. Дарс вақтида бирон мушкулот пайдо бўлса, уларни безовта қилмагин. Қўлингни кўксингга қўйиб, мени эслагин. Иншаллоҳ дарҳол мушкулингни ҳал қиламан” дедилар.
Устозининг қўлини ўпиб, дуосини олган Саййид Фаҳм Арвосий “Мутаввал” ўқиш учун замонининг Шарқий Онадўлидаги энг буюк олимларидан бўлган Мулла Расул Сибкийнинг ҳузурига борди. Мулла Расул “Мен анчадан буён Арвос оиласига мансуб бирон одамга дарс бериш орзусида эдим. Чунки ўзим Арвосда Мулла Расул Закийдан ўқидим. У оилага мансуб бу зотда зукколикдан асар ҳам кўринмайди. Аслида бу оиланинг инсонлари жуда закий бўлишарди” деди. Саййид Фаҳм Мулла Расулдан дарс олишни бошлади. Лекин Саййид Тоҳо ҳазратларининг тавсияси бўйича, дарс вақтида савол бермасликка қаттиқ аҳамият берарди. Ҳатто Мулла Расул Саййид Фаҳмнинг шогирдларидан бири бўлган Мулла Холиддан “Устозинг умуман савол бермайди. Тушунмаяптими ёки уяляптими?” деб сўради. Мулла Холид эса “Мен анча йиллардан бери бу зотнинг ёнида ўқийман. Бир вақтлар устозларига шунчалик кўп ва хўб саволлар берар, улар эса жавоб беришдан ожиз қолар эди. Лекин Наҳрийдан қайтганларидан кейин савол беришни қўйдилар. Илм ўрганиш қобилиятига келсак, айбга буюрмайсиз, мен уни сиздан юксак деб тахмин қиламан” деди.
Бир куни Мулла Расул “Мутаввал” ўқиётганида ундан “Шу жойини тушунмадим” деди. Мулла Расул тушунтиришга уринди. Лекин Саййид Фаҳм Арвосий яна тушунмаганлигини айтди. Мулла Расул жумлани бир неча марта қайталаб ўқиганидан кейин маънодаги ғалатиликни сезди “Бугун чарчадим, эртага тушунтираман” деди. Эртасига ўқиди, лекин барибир изоҳлай олмади. Шу кеча Мулла Расул ҳам, Саййид Фаҳм ҳам ҳалиги жумланинг мағзини чақолмай ўйланиб чиқдилар. Учинчи куни яна шу жойига келганида Мулла Расул у ердаги нозикликни яна изоҳлашдан ожиз қолди. Шунда Саййид Фаҳм устози Саййид Тоҳо ҳазратларининг “Дарсда тушунмаган жойинг бўлса, мени эслагин” деганини хотирлади. Мулла Расул дарсни мутоала қилаётганида Саййид Фаҳм кўзларини юмиб, муршиди Саййид Тоҳо ҳазратларини кўз олдига келтирди.
Саййид Тоҳо ҳазратлари қўлида бир китоб билан кўринди. Китобни Саййид Фаҳмнинг олдига очиб қўйдилар. “Мутаввал”нинг шу саҳифаси эди. Ҳалиги сатрларни ўқиди. Саййид Фаҳм диққат билан кузатарди. Шу жумланинг орасига боғловчи бўлган “вов” ҳарфини қўшиб ўқидилар. Саййид Тоҳо ҳазратлари кўздан ғойиб бўлгач, Саййид Фаҳм ҳазратлари кўзларини очди. Мулла Расулнинг ҳалиям шу сатрларни ўқиб, ўйланиб ўтирганини кўрди. Мулла Расулдан "мен ўқиб кўрсам бўладими" деб изн истаб, устозидан эшитганидек битта “вов” қўшиб ўқиди. Мулла Расул буни эшитиб “Мана энди тушунарли бўлди” деди. Иккиси ҳам яхшилаб тушуниб олганди. Мулла Расул “Бу сатрларни йигирма йилдан бери ўқийман, тушунтираман. Лекин доим ўзим тушунмасдан тушунтирардим. Энди яхши тушундим. Энди менга тўғрисини айтгин, бу ифодани тўғри ўқиш сенинг ишинг эмас. Мен неча йиллардан бери буни тушунмадим. Сен битта “вов” қўшиб ўқиш кераклигини қаердан билдинг?” деди. Саййид Фаҳм муршиди Саййид Тоҳо ҳазратларини хотирлаб, ёрдам сўраганини айтди. Муршидидан қандай ўрганганини айтиб берди. Мулла Расул “Имондан кейин куфр йўқдир” деб китобни бекитди. Саййид Фаҳм билан бирга Наҳрийга йўл олдилар. Улар йўлда келаётганларида Саййид Тоҳо ҳазратлари “Саййид Фаҳм гўзал ҳадя билан келмоқда” деди. Бироз вақтдан сўнгра Саййид Фаҳм билан бирга келган Мулла Расул ҳам Саййид Тоҳо ҳазратларининг суҳбатларига қатнашиб, талабаларидан бўлди. Унинг ҳузурида маънавий камолотга эришиб, зоҳирий илмларда бўлганидек тасаввуф илмида ҳам етишиб камол топди. Саййид Тоҳо ҳазратлари Мулла Расулга хилофат бериб, инсонларга исломиятнинг амр ва тақиқларини билдириш билан вазифалантирди.
Устози ва муршиди Саййид Тоҳо ҳазратларининг ҳузурига такрор қайтган Саййид Фаҳм унинг хизмат ва суҳбатларига давом этди. Саййид Тоҳо ҳазратларига бўлган муҳаббати туфайли у ётган хонанинг ташқари тарафидаги деразага тонггача тик турган турган ҳолда термулиб, унинг қуёшдай нур сочган файзларидан истифода этишга ҳаракат қиларди. Ҳатто бир марта бу билан кифояланмай, шиддатли қор ёғаётган совуқ кечаси эшикнинг шундоқ остонасида муборак бошини эшикка текказиб ётди. Қалин ёққан қор муборак баданини бекитди. Лекин муҳаббат билан ёнаётган қалби орқали турли-турли файз ва баракатларга эришди. Саййид Тоҳо ҳазратлари таҳажжуд намозини ўқишга масжидга бориш учун эшикни очди. Ташқарига қадам ташлаб, Саййид Фаҳмнинг елкасини босди. Саййид Фаҳм дарров қўзғалиб, муршидининг олдида одоб билан турди. Саййид Тоҳо ҳазратлари “Етар, Мулла Фаҳм. Менинг қаноатимга кўра бугун илмда мисли уммонсиз. Саййид Шариф Журжонийдан кейин илмда саййидларнинг юзини ёруғ қилдингиз. Бу илмни бунчалик ерга ташламанг” дедилар. Саййид Фаҳм ҳазратлари эса “Бу илмдан оладиган фойдам, сизнинг бир назарингиз орқали оладиган фойдамга етмайди. Мен ўз манфаатимни излаяпман” деб жавоб берди. Саййид Тоҳо буни эшитиб, уни бағрига босдилар. Қоронғи кечада жаҳонни равшанлаштирадиган маънавий нурларни эҳсон этдилар. Қўл ушлашиб, масжидга бирга кетдилар.
Саййид Тоҳо ҳазратларининг хизмат ва суҳбатида тасаввуф йўлининг энг юксак даражаларига чиққан Саййид Фаҳм буюк валий бўлдилар. Мутлақ хилофат билан шарафланиш вақти келганида устози Саййид Тоҳо ҳазратлари уни ҳузурига чақирдилар. Инсонларга исломиятнинг амр ва тақиқларини етказиш, уларни дунё ҳамда охиратда саодатга, қутулишга эришишларига васила бўлиш вазифасини бердилар. Лекин Саййид Фаҳм “Бу жуда оғир юк. Буни мен кўтара олмайман” дея бунга лойиқ эмаслигини арз қилдилар. Саййид Тоҳо ҳазратлари “Бу амри ихтиёрий ва истакка боғлиқ иш эмас, балки амри зарурий бўлиб, мажбурий ишдир” дедилар. Унга она юрти Арвосга қайтишини амр қилдилар. Йўлга чиқадиган вақтида яна ҳузурига чақирдилар, китобларининг ичидаги мактубларини кўрсатиб “Бу ихлос ва муҳаббат сизники эмасми? Нимага ўзингизни тортяпсиз? Қасам ичаманки, сизнинг хилофатингизни жаноби Расули акрам ва бутун саодати киром буюклари ҳам тасдиқлаганлар. Мен ҳам тасдиқлашга мажбурман. Сиз ҳам қабул этишга мажбурсиз” дедилар.
Қаноат, таваккул, зуҳд, муҳаббат, ризо ва таслимиятда жуда юксак муршиди комил бўлган ва “Саййид Тоҳони кўриб, тариқат ва ҳақиқатнинг нима эканлигини ўргандим” деган Саййид Фаҳм ҳазратлари устозининг амрига бўйсуниб, Арвосга қайтдилар. Арвос мадрасасини таъмирлаб, у ерда талабаларга илм ўргатдилар. Бундан ташқари, аҳли суннат эътиқодини, Асҳоби киромнинг йўлини ўргатиб, инсонларнинг саодатга эришишига ҳаракат қилдилар. Исломиятнинг амр ва тақиқларидан қилчалик ажралмасдан вазифасида давом этдилар. Ҳамма вақт офат деб билган шон-шуҳратдан қочдилар. Арвос мадрасасида камида эллик нафар талабага дарс бериб, “Модда-и кубро” номли асарни ўқитардилар. Ундан илм ўрганиб, таҳсилни тугатганлар Ван ва атрофида Раисул мударрисин номи билан танилдилар. Саййид Фаҳм ҳазратларининг илм ва маърифатдаги устунлиги қисқа вақтда ҳар тарафга ёйилди.
Саййид Фаҳм ҳазратлари устози Саййид Тоҳо ҳазратларини ҳар йили Арвосдан Наҳрийга бориб, зиёрат қиларди. Вафотидан кейин ўрнида қолган биродари Саййид Муҳаммад Солиҳ ҳазратларини ҳам зиёрат қилиб, суҳбатларида бўлди. Зеро Саййид Муҳаммад Солиҳ ҳазратлари Саййид Фаҳм ҳазратларининг суҳбатда устози эдилар.
Устозининг вафотидан кейин яна-да донгдор бўлган Саййид Фаҳм ҳазратлари илм ва фазилатда машҳур бўлдилар. Миср, Ироқ, Сурия ва атрофдаги аҳоли ҳал эта олмаган масалаларини унга олиб келардилар. Ечилиши мушкул кўринган масалаларни ҳал этардилар. Унинг суҳбатида бўлиш учун Арвосга келган кишилар дунёдан хабарсиз, шайтон ва нафсининг шарридан амин бўлиб, муҳаббат дарёсига ғарқ бўлдилар. Ундан файз олиб, баланд даражаларга эришдилар. Суҳбат ва дарслари билан кўплаган инсонларнинг тўғри йўлга келишига васила бўлдилар. Шу тариқа Шарқий Онадўли (Туркия) халқининг сунний эътиқодида қолишини, бузуқ фирқаларнинг кириб келишига тўсқинлик қилиб, миллий бирликка хизмат қилдилар. Тўқсон учинчи йилги русларга қарши бўлиб ўтган урушда Шарқий Боязид жабҳасига бориб, қаҳрамонликлар ва муваффақиятлар кўрсатдилар.
Саййид Фаҳм ҳазратлари устози Саййид Тоҳонинг вафотидан кейин унинг амр ва тавсияларига амал қилдилар. Йилда икки марта Ванга ташриф буюриб, халққа амри маъруф қилардилар. Уларнинг дунё ва охиратда саодатга қовушишлари учун ҳаракат қилдилар. Ваъз ва суҳбатлари билан Ван халқининг исломиятга боғлиқлиги, шу билан бирга ўзининг ҳам шуҳрати ортди. “Дунёда Ван, охиратда имон” ибораси одамлар орасида кенг тарқалди. Саййид Фаҳм ҳазратлари Ванга келганида жуда кўп одамлар тўпланиб, тиқилинч бўларди. Замоннинг ҳокими, аскари ва мулкий аркони уни зиёрат этиб, суҳбатларидан баҳра олишарди. Бирор мушкул масалалари бўлса, сўраб, керакли жавобларини олишарди. Моддий ва маънавий бутун амрлари бажарилар, барча унга ҳурмат кўрсатишда қусурга йўл қўймасди. Шу тариқа устози Саййид Тоҳо ҳазратларининг бир неча йиллар аввал айтган “Ваннинг фатҳи Арвосий хонадонидан илм ва ирфони билан танилган бир зотнинг воситаси билан амалга ошиши мумкин” каромати рўёбга чиқди.
Илм, фазилат ва гўзал ахлоқда замонининг ягонаси бўлган Саййид Фаҳм ҳазратлари исломиятнинг амрларига ҳамда севимли Пайғамбаримизнинг суннати саниясига қаттиқ амал қилардилар. Уни севадиганлар намозларини мутлақо масжидда жамоат билан ўқирди. Унинг энг буюк каромати исломиятнинг амр ва тақиқларига тўла амал қилиши, ўзидан кейин вазифасини давом эттирувчи Саййид Абдулҳакимдек олим ва авлиё зотни тарбиялаб вояга етказишлари эди. Булардан бошқа кўплаган кароматлари ҳам кўринган.
Бир куни Саййид Фаҳм ҳазратлари шогирдлари билан Ван кўли соҳилида кетаётганларида кўлдаги Ахтамар оролидаги арман черковидан бир роҳиб (поп) чиқиб, сув устида юра бошлайди. Талабалари буни кўргач, баъзиларининг хаёлига “Аллоҳнинг душмани деб таниган роҳиб сув устида юрса-ю, авлиёнинг улуғи, Аллоҳу таолонинг севган, танлаган қули деб таниганимиз Саййид ҳазратлари нимага юролмайди?” деган ўй келади. Саййид Фаҳм ҳазратлари бу фикрларини англаб, муборак оёқларидаги пойафзалларини ечиб қўлига олади ва уларни бир-бирига урадилар. Ҳар урганларида роҳиб бир мунча сувга ботаверади. Сув бўғозига келганида яна бир марта уради ва роҳиб чўкиб кетади. Сўнгра шундай ўйлаган шогирдларига қараб “У сеҳр-жоду қилиб, сув устида юрарди. Бу билан сизларнинг имонларингизни бузмоқчи эди. Пойафзалларимни бир-бирига урганимда сеҳр бузилиб, сувга ғарқ бўлди. Мусулмонлар сеҳр-жоду қилмайди. Аллоҳу таолодан каромат сўрашга ҳам ҳаё қилишади” дедилар. Шундай қилиб кароматлари билан роҳибнинг сеҳрини буздилар.
Диёрбакрда адлия тафтишчиси бўлган Мустафо Нажот бей исмли бир киши бор эди. У Ваннинг Мукус туманига ишга келди. Бир байрам куни намоздан кейин туманнинг кўзга кўринган кишилари Саййид Фаҳм ҳазратларини зиёрат қилиш учун бормоқчи бўлдилар. Мустафо Нажот бей ҳам улар билан бирга боришни истади. Керакли тайёргарликни кўрганларидан кейин йўлга чиқдилар. Йўл бўйи гурунг қилиб келишади. Арвоснинг яқинидаги Қизил кўприкдан ўтганларидан кейин барчаси бошқача бир маънавий оламга кирдилар. Мустафо Нажот бей бундан қаттиқ таъсирланди. Лекин ўзи ичкилик ичгани сабабли хуржунида икки шиша шароби бор эди. Арвос қабристонининг остидаги бир тошлоқ жойда буларни бир ерга яширди. Арвосга бориб, Саййид Фаҳм ҳазратларини зиёрат қилдилар. Барчаси навбат билан ҳурмат кўрсатиб қўлини ўпдилар. Нажот бей ҳам қўлини ўпиб, тасаввуф йўлида шогирд бўлиш истагини билдирди. Саййид Фаҳм ҳазратлари унга “Шиша билан тариқат бир жойда жам бўлмайди. Бориб шишаларни синдир, уларни тўкиб ташла, кейин сени қабул қиламан” дедилар. Мустафо Нажот бей шишаларни у ерга яширганини ҳеч ким кўрмаганини ўйлади. Лекин Аллоҳу таоло авлиё қулларига каромат билан билдиради дея ўйлаб ортига қайтди. Шишалардан бирини синдириб ташлаб, иккинчисини сиқилиб кетсам ичаман, деб қолдирди. Саййид Фаҳм ҳазратларининг ҳузурига келганида “Бориб наригисини ҳам синдириб, қайтиб келгин” деб буюрдилар. Мустафо “Уни кайф учун эмас, зарурий бўлгани учун қолдирдим. Зарур бўлиб қолса ичаман деб синдирмадим” дейди. Саййид Фаҳм ҳазратлари “Ҳаромда зарурат бўлмайди” дедилар. Мустафо Нажот бей бориб, у шишани ҳам синдириб ташлади. Сўнгра қайтиб келиб, қўлларини ўпиб, шогирдлари сафига қўшилди. Бундан кейин ичкиликнинг хумори тутмади. У Саййид Фаҳм ҳазратлари ҳақида “Бутун Туркияни, Арабистоннинг бир қисмини кезиб чиқдим. Борган жойларимда кўплаган машойихларга дуч келдим. Лекин бу зотдек комил инсонни кўрмадим. Жаноби Пайғамбаримизни ва Асҳоби киромни тамсил этарди. У зотдаги илм, ҳилм, юмшоқлик, виқор, латофат ва ҳайбатни ҳеч кимда кўрмадим” деб айтар ва йиғларди.
Саййид Тоҳо ҳазратларининг ўғли Саййид Убайдуллоҳ афанди ҳажга бориш орзусида юрарди. Бир куни Ванга келди. Кўнглида “Арабистонда отам Тоҳо-и Хаккорий ҳазратларини танийдиганлар кўп. У ёқларда илм суҳбатлари бўлади. Ёнимда бир кучлироқ олим бўлиши лозим. Бунга лойиқ бўлган фақат отамнинг халифаси Саййид Фаҳм ҳазратларидир” деб ўйлади. Уларни ҳам бирга олиб бормоқчи бўлиб, Ванга чақирди. Саййид Фаҳм ҳазратлари Ванга келгач “Устоз, бирга ҳажга борайлик” деди. Саййид Фаҳм ҳазратлари узр сўраб “Молиявий ва жисмоний тарафдан имконим йўқ” дедилар. Саййид Убайдуллоҳ афанди “Мол ва пул ишлари менинг бўйнимда. Жисмоний ҳолатингиз бўйича Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг “Девон”ига қарайлик, нима чиқаркан” деди. Китобни очганларида Мадинаи мунаввара билан алоқадор байтлар чиқди. Ҳажга боришга қарор қилиб, йўлга чиқдилар. Истанбулга бориб, Фотиҳдаги Рашодия меҳмонхонасига қўндилар. Уларнинг Истанбулга келганидан хабар топган замоннинг подшоси Султон иккинчи Абдулҳамид хон уларни саройга меҳмонга таклиф қилди. Саройда меҳмон қилиб, иззат ва икром кўрсатди.
Ўзи авлиё бўлган, олим ва авлиёларни қаттиқ ҳурмат қиладиган Султон Абдулҳамид хон II-чи Саййид Фаҳм ҳазратларининг суҳбатларида бўлиб, унинг дуосини олди. Ўн икки кун Истанбулда меҳмон қилганидан кейин Ҳайдарбошо мавқеигача ҳурматини қилиб, кузатиб қўйди.
Саййид Фаҳм ҳазратлари ва Саййид Убайдуллоҳ кема билан Мисрга бордилар. У ердаги олим ва фозиллар билан кўришиб, суҳбат қурдилар. Шу даврнинг аҳамиятли илм марказларидан бўлган Азҳар мадрасасидан етишиб чиққан олимлар Саййид Фаҳм ҳазратларининг илм ва фазилатдаги устунлигига тан бердилар.
Саййид Фаҳм ҳазратлари хизматида бўлган Ҳожи Умар билан Жоми-ул-Азҳар мадрасасига бордилар. Бир хонага кирдилар. Бу хонада бир олимни жуда кўп китоблар ўртасида олдида битта оқ қоғоз ушлаганча ўтирганини кўрдилар. Олим китобларга боқар, лекин олдидаги қоғозга ҳеч нарса ёзолмасди. Саййид Фаҳм ҳазратлари қоғоздаги ёзувни бир марта ўқиб, ёд олди. Чунки бир марта ўқиганини ёд олиш унинг хусусияти эди. Олим зот бошини кўтариб “Сиз ўқиганмисиз, илмингиз борми?” деб сўради. Саййид Фаҳм ҳазратлари бироз илм билан шуғулланганини айтдилар. Олим “Сиз бу қоғоздаги ёзувнинг маъносини биласизми?” деди. “Ҳа” деган жавобни олгач, ҳайрат билан “Ажабо! Жоми-ул-Азҳар мадрасаси (университети) бутун шўъбалари (факультетлари) билан бир ҳафтадан бери шу масалани ҳал қилиш учун уриниб ётибди. Раисул-уламо бошчилигида бутун олимлар кеча-кундуз ҳаракат қилишмоқда. Лекин ушбу ёзувнинг маъно ва ифодасини тушунишдан ҳалигача ожизмиз” деди. Саййид Фаҳм ҳазратлари “Бу оддий масала” деганидан кейин олимнинг ҳайрати яна-да ошди.
Саййид Фаҳм ҳазратлари бу масалани изоҳлашни бошладилар. Ҳайратлар водийсида кезиб юрган олим ҳурмат билан туриб, унинг қўлини ўпди. Дарров қалам олиб, Саййид Фаҳм ҳазратларининг изоҳини ёзиб олди. Манзилини олиб, такрор қўлларидан ўпиб хайрлашди. Саййид Фаҳм ҳазратлари Ҳожи Умар билан ижарага олган уйларига қайтдилар.
Бироздан кейин Жоми-ул-Азҳар мадрасаси раисул-уламоси (ректори) юборган тўрт кишилик олим ҳайати кириб келди. Раисул-уламо тарафидан мадрасага таклиф қилайтганларини айтишди. Саййид Фаҳм ҳазратлари қабул қилиб, бордилар. Катта бир залда раисул-уламо бошчилигида беш юздан ортиқ олим теран ҳурмат билан кутиб олдилар. Саййид Фаҳм ҳазратлари билан раисул-уламо ёнма-ён ўтирдилар. Суҳбат бошланди. Раисул уламо Саййид Фаҳм ҳазратларидан “Афанди ҳазратлари! Сиз изоҳлаган масала Жомиул-Азҳарда мушкул ва маъноси тушунилмайдиган масалага айланганди. Жаноби Ҳақнинг ёрдами билан бу мушкулотдан бизни қутқардингиз. Жомиул-Азҳар сизга катта миннатдорчилик билдиради” деди.
Кўплаб мушкул масалалар ҳал қилинган савол-жавобли суҳбат соатлар бўйи давом этди. Бу орада Саййид Фаҳм ҳазратлари ёнидаги Ҳожи Умарга тамаки ўраб, тутатишини сўради. Уларга ҳайрат билан қараб ўтирганлар одида тайёрланган тамакидан бир неча марта тортиб, ўрнига қўйдилар. Раисул-уламо Саййид Фаҳм ҳазратларидан рухсат сўраб “Мен ҳам чексам бўладими?” деди. Саййид Фаҳм ҳазратлари рухсат берганидан кейин раисул-уламо ҳам бир неча марта тортди. Лекин бу вақт даврадаги олимлар орасида ғала-ғовур бошланди. Ораларидан иккита олим яқинлашиб Раисул-уламога “Жаноб, тамакининг қатъий ҳаром эканлиги ҳақида тўртта фатво бергансиз. Энди эса ўзингиз чекяпсиз. Бунинг ҳикмати нима?” дедилар. Раисул-уламо уларга “Қасам ичаманки, бизнинг илмимиз бу зотнинг илми ёнида денгиздан бир томчидай. Вароъ ва тақвомиз ҳам бу зотнинг вароъ ҳамда тақвоси ёнида мисоли йўқдай. Бу зотга эргашиб, бугундан бошлаб, тамаки чекаман. Демак, мен янглишибман, ҳаром эмас экан. Ҳаром ва гуноҳ бўлганида эди, бу зот чекармиди? Сизларга рухсат. Мендан тамакининг ҳаром эканлигини эшитган барча одамларга ҳаром эмаслигини етказинглар” деди.
Саййид Фаҳм ҳазратларининг суҳбатларида бўлган кишилар ўзларини бу дунёдан узоқлашгандек сезишарди. Арабча, форсча, туркча ва бошқа маҳаллий тилларни биларди. Ҳар бир тилдаги маҳорати ёнидагилардан устун эди. Арабча гапирганида эшитганлар Миср Жомиул-Азҳарида етишган деб ўйлашарди. Моддий ва маънавий бутун илмларда теран олим эди. Саййид Абудлҳаким унинг васфларини шундай билдирганди: “У ҳар илмда бир уммон эди. Тубига ҳеч ким етолмади. Фақат ўғли ва халифаси Саййид Муҳаммад Амин у зотнинг даражасидан озгина тушунарди. Ҳатто бир куни Шайх Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”идан бир байт ўқидилар ва изоҳладилар. Бирозини тушундим. Саййид Муҳаммад Амин ҳам бироз тушунди. Сўнгра у ҳам тушуна олмади. Хуллас ўша изоҳнинг ҳақиқат ва нозикликларини ҳеч ким тўла идрок эта олмади.”
Саййид Фаҳм ҳазратлари бир кеча тушида Жаноби Расулуллоҳни кўрдилар. Жаноби Расулуллоҳ унга “Абдулҳакимнинг тарбиясини сенга топширдим” деб буюрдилар. Шу амрга биноан, Саййид Абдулҳакимнинг тарбиясига қаттиқ эътибор бериб, уни тасаввуфдаги вилояти Аҳмадия даражасига етказдилар.
Саййид Фаҳм ҳазратларининг илғор талабаси Саййид Абдулҳаким афанди унинг суҳбатларидан кўп истифода этдилар. Бир кеча шунчалик беқиёс бир суҳбат бўлдики Саййид Абдулҳаким бу суҳбатда эшитганларини ўзига етарли билиб “Бу суҳбат менга етади, оладиган барча нарсамни бу кеча олдим” деб ўйлади. Тонг отгач устози ундан қумғонини келтиришни сўради. Абдулҳаким қумғонни олма дарахти тагидаги устозига олиб борди. Шунда ҳазрати Саййид “Абдулҳаким! Бу қандай дарахт?” деб сўрадилар. “Олма дарахти устоз” деган жавобни олгач “Бу дарахтнинг гавдаси, шохлари, шохларида эса мевалари бор. Энди шу дарахтдаги бир олма мевасининг ичидаги уруғини еган қурт мен бутун олма дарахтини еб қўйдим, ундаги барча нарсани олдим деса тўғри бўладими?” дедилар. Шу тариқа Саййид Абдулҳакимга кечқурунги ўйларининг нотўғри эканлигини маълум қилиб, яна-да кўпроқ ғайрат қилиши кераклигини уқтирдилар.
Ҳазрати Саййид талабаларининг энг устуни бўлган Саййид Абдулҳакимга хилофотнома беришдан беш йил аввал биродарларига ёзган мактубда айтдики: “Севгили, қийматли Саййид Иброҳим ва Саййид Тоҳо. Аллоҳу таоло икковингизга ҳам саломатлик берсин. Сизларга кўп дуо ва салом этгандан кейин, билганингиздек Саййид мулла Абдулҳаким ўтган йили кузда бу ерга келиб, дарс олишни бошлаганди. Мен ҳам унинг дарсларини ғоят пурдиққат ва синчковлик билан тушунтирдим. У ҳам дарсларда ва ҳаракатларида ғоятда диққатли бўлди. Илмдан бошқа нарсага бурилиб қарашига вақт қолдирмадим. Замонимиздаги усул бўйича китобларни тамомлади. Бу фақир восита илмларини, фиқҳ ва ҳадис илмларини ўқитишда устозларимдан қандай таълим олган бўлсам, унга ҳам шундай таълим бердим. Сизлар энди унга укангиздек қараманг. Илмининг шарафини билдириш учун тавозе кўрсатинг. Буларни сизларнинг яхшилигингиз ва фойдангиз учун ёзмоқдаман. Бундан бошқа илмга тавозе кўрсатиш Аллоҳу таолога тавозе кўрсатиш деганидир. Бу қисқа ёзувимдан кўп нарсаларни тушунинглар! Ас-саййид Фаҳм.”
Саййид Абдулҳаким афандига 1882 йили зоҳирий илмларда ижозатнома берганларидек, 1888 йили тасаввуфда Нақшибандия, Қодирия, Суҳравардия, Чаштия ва Кубровия йўлларида ҳам хилофот бердилар. Инсонларга исломиятнинг аҳкомини ўргатиш билан вазифали қилдилар. Саййид Абдулҳакимга ёзган бир мактубида айтдиларки: “Севгили ўғлим, кўзимнинг нури саййид мулла Абдулҳаким! Сизга чексиз дуоларимни маълум қилгандан кейин айтмоқчиманки, узоқ вақтдан бери сиздан хабар олмаганим учун қалбим маҳзун. Аллоҳу таоло барча яширин нарсаларни билади. У шоҳидки, ҳар доим қалбим сиз билан деб айта оламан. Мени бу маҳзунликдан қутқариш учун кўринадиган ва кўринмайдиган ҳолларингизни тез-тез билдириб туринг. Шу тариқа севги ришталари ўйнатилади. Агар бу ердагиларни сўрасангиз, Аллоҳу таолога ҳамд ва шукрлар бўлсин! Баданимизнинг ва атрофимиздаги роҳатлик ҳамда саломатлик кундан-кунга ортмоқда. Ҳақ таоло биз фақирларнинг ва бутун биродарларимизнинг қалбларига саломатлик берсин! Омин. Шайх Абдулҳамид, Шайх Ҳасан ва Саййид Иброҳимга бу фақирнинг дуоларини етказинг. Тоҳо афандига ва Мазҳар афандига дуо қиламан. Кимни муносиб кўрсангизз, бу дуоларимни билдириш учун вакилимсиз. Бундан бошқа Наҳрийдагиларнинг тўғри-эгри барчанинг ҳолларини ёзинг. Бундан ташқари, Несториан (христиан мазҳаби)ларнинг ҳадларидан ошиб, тўрт юз мусулмонни ўлдирганларини эшитдик. Уларнинг нима қилганликларини ва нима учун қилаётганликларидан ҳам бизни хабардор қилсангиз. Вассалом. Дуогўйингиз гуноҳкор Саййид Фаҳм.”
Бутун умрини исломиятни ўрганиш ва ўргатишга бағишлаган Саййид Фаҳм ҳазратлари вафотидан олти ой олдин сафар тайёргарлигини бошлаганди. Суҳбатларида ҳар доимгидан кўпроқ ўлим ҳақида гапирардилар. Ҳозирда дафн қилинган қабри шарифларининг ўрнига қараб, Арвос қабристонига дафн қилинганларнинг имонли бўлган тақдирда бутун гуноҳлари авфу мағфират қилинишини айтардилар.
Умрининг сўнгги кунларига яқин хасталиклари ортди. Бир жума куни хаста ҳоли билан масжидга бордилар. Шу куни халифаси ва ўғли Саййид Муҳаммад Амин жуда балиғ ва ҳазин хутба ўқиди. Масжиднинг ортидаги чашмагача саф тортган жамоат бу хутбанинг таъсирида маҳзун бўлиб, йиғладилар. Саййид Фаҳм ҳазратлари жума намозини ўтирган ҳолатда ўқидилар. Сўнгра Саййид Абдулҳаким, Саййид Муҳаммад Амин, Халифа Дарвеш ва Халифа Али исмли тўрт халифасини ҳузурига чақириб, шундай васият қилдилар:
“Китобларимни Арвос кутубхонасига ҳадя қилдим. Менинг билишимча, ҳеч кимдан қарзим йўқ. Эҳтиёти шарт, эълон қилинглар. Агар қарз берганлар бўлса, қанча деб иддао қилсалар ҳам Муҳаммад Амин тараддуд этмасдан берсин. Илмнинг ва Нақшибандия йўлининг ёйилишига ғайрат қилинглар. Саййидим ва паноҳим Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратларининг ҳар йили камида бир марта Ванга бориб, халқни иршод қилиш ҳақидаги менга берган буйруқларини канда қилмай давом эттиринглар…”
Васиятида давом этиб “Мендан кейин кўп фитналар чиқади, аёллардан ҳаё пардаси кўтарилиб, бозор ва кўчаларда кезадилар. Ислом Абдулҳамид хон билан қоимдир” дедилар. Бир муддат Саййид Абдулҳакимга ўгирилиб “Жаноби Ҳақ сизни муҳофаза қилади” ва Иброҳим алайҳиссаломнинг оловда ёнмаганлиги ҳақидаги қиссани гапирдилар. “Аҳли суннат эътиқодининг, Асҳоби киром йўлининг ёйилиши учун қўлимдан келганича қилчалик ажралмасдан хизмат қилдим. Иншааллоҳ масъул эмасман. Тўлиқ тадқиқ қилмагунча асло фатво берманглар. Рухсатлар билан кифояланиб қолманглар. Имкон борича азиматларни асос қабул қилинглар” деб айтганларидан кейин бироз вақт ҳеч кимни ёнларига қабул қилмадилар. Аллоҳу таолони ёдга олиб, ибодат билан машғул бўлдилар.
Фаҳм Арвосий ҳазратларининг хасталигини эшитганлар узоқ-яқиндан келиб, зиёрат қилдилар. Даволаш учун табибларни олиб келдилар. Вафот этган куни аср намозини ўтирган ҳолатда ўқиган Саййид Фаҳм ҳазратларининг муборак вужудлари саждадан бош кўтара олмайдиган даражада заифлаганди. Ўғли Саййид Муҳаммад Амин ёрдаи билан бошларини саждадан кўтарди. Бу орада ғам ва қайғу Арвос ҳамда унинг атрофини қоплаган, уй атрофида юзлаб севганлари, шогирдлари у зотнинг соғайиши ҳақидаги хабарни интизорлик билан кутишаётган эди. Шу вақт ранг-баранг қушлар учиб келиб, ҳавода бироз муаллақ туриб, ҳамма тушунадиган тарзда ўз маҳзунликларини кўрсатди. Юз минглаб қушлар Арвос устида гир айланиб соябондек соя қилдилар. Шунда ғайбдан бир овоз “Ё аййутуҳаннафсул-мутмаиннаҳ...” ояти каримасини охиригача ўқиди. Саййид Фаҳм ҳазратлари саждадан бошини кўтариб “Ар-Рафиқул-аъла” деб, овоз чиқариб бир калимаи тавҳид ўқиганларидан кейин 1895 йили Шаввол ойининг ўн бешинчи, сешанба куни руҳини таслим этдилар.
Саййид Фаҳм Арвосий ҳазратларининг Арвосдаги қабри севганлари тарафидан зиёрат қилинмоқда ва баракатларидан ҳамон фойдаланмоқдалар. У зот васила қилиниб, тиланган дуолар қабул бўлмоқда. Фарзанди бўлмаган фарзандли бўлмоқда, хасталар шифо топмоқда.
Уйдан нимага кечаси чиқдингиз?
Саййид Фаҳм ҳазратлари ҳар йили Ванга келганларида бир муддат қоларди. Ошиқлари тўпланиб, ундан файз олишарди. Одатда уни жуда севадиган маҳкама бош котиби Аҳмад бейнинг уйида меҳмон бўлардилар. Бу йили Аҳмад бей ҳажга кетганди. Ванга келганида яна унинг уйига қўндилар. Бир кеча ярмида яқинларидан бирини ёнига чақирди: “Дўстларингни уйғот! Ҳозир бу ердан чиқиб, фалон уйга кетамиз” дедилар. У киши “Устоз ярим кечада чиқиб кетсак уят бўлади. Эртага кетсак бўлмайдими?” деди. Саййид ҳазратлари “Йўқ, ҳозир кетамиз. Аҳмад бейнинг ўғилларига ҳам хабар бергин” дедилар. Буни эшитган Аҳмад бейнинг ўғиллари келиб ялиниб-ёлвордилар: “Устоз, биздан бир қусур ўтган бўлса авф этинг. Бизникидан кетманг. Отамиз эиштса қаттиқ ранжийдилар. Биз унга нима деб жавоб берамиз, лутф қилинг, эҳсон қилинг! Қабоҳатимизни кечиринг!” Роса кўз ёши тўкдилар. Саййид Фаҳм ҳазратлари “Йўқ, мен сизлардан жуда розиман. Бизга ҳар хизматни ортиғи билан қилдинглар. Сизларга дуода бўламан. Лекин ҳозир кетишимиз керак” дедилар. Аҳмад бейнинг ўғиллари “Сиз қандай муносиб кўрсангиз шундай бўлсин!” дейишди. Ярим кечаси севганларидан бир бошқасининг уйига бордилар.
Эртаси куни ўғли Муҳаммад Амин афанди "Аҳмад бейнинг ўғиллари жуда хафа бўлишди" деб қолди ва “Отажон, у уйда эрталабгача қолсак нима бўларди?” деб сўради. Саййид Фаҳм ҳазратлари “Ўғлим! Энди ҳеч кимга айтмагин. Бу кеча Аҳмад бей Маккаи мукаррамада вафот этди. Уйи етим уйи бўлди. Мол меросчиларга қолди. Авваллари ҳамма нарсани қўлланиб, еб-ичардик. Чунки Аҳмад бейнинг буларни бизга қувона-қувона тортиқ қилаётганини билардим. Энди эса нотаниш меросчиларнинг ҳақи бўлганидан у уйда бирон нарсани қўлланиш жоиз эмас. Қул ҳақидан сақланиш учун тезроқ чиқиб кетдим” деб жавоб бердилар. Бир ой сўнгра ҳожилар қайтиб, ҳамма келди. Фақат Аҳмад бей келмади. “Ярим кечаси Маккада вафот этди” дедилар. Ҳисоблаб кўрсалар, Саййид Фаҳм ҳазратларининг уйдан чиқиб кетган кечага тўғри келарди.
Шайхинг сени ўлдиртмайди
Ваннинг Гурпинор Муҳаммад Пийрон қабиласидан Али исмли бир зот келиб, Саййид Фаҳм ҳазратларига шогирд тушган эди. Бир сафарга чиққанида бир замонлар ўчакишиб қолган душмани бўлган бир кимса йўлини тўсди. Али исмли зотни ўлдириш учун қуролига ёпишди. Энди мўлжалга олганида Али “Мени ўлдирма. Ҳазрати Шайхга (Саййид Фаҳм) шогирд тушдим. Бутун дунёлик ўйлардан қутулдим” деб душманини райидан қайтармоқчи бўлди. Лекин душмани уни тингламай, тепкини босди. Беш дона ўқи бор эди. Барини отди, лекин ҳеч қандай овоз эшитилмагани етмаганидек, Алига ҳам ҳеч нарса бўлмади. Душмани ўқдонга қараб, ўқларини топмади. У ердагилар буни кўриб, ўзларини йўқотиб қўйишди. “Шайхинг сени ўлдиртмайди” деб у жойдан кетишди.
Али афанди бир муддат ўтиб Саййид Фаҳм ҳазратларини зиёрат мақсадида Арвосга борди. Зиёрат вақтида Саййид Фаҳм ҳазратлари ундан “Қишлоқнинг юқорироғида қаттиқ қўрқдингизми?” деб сўрадилар. Али афанди “Ҳа, устоз” деди. Саййид Фаҳм ҳазратлари ўтирган пўстакнинг тагидан беш дона ўқ чиқариб, Али афандига бердилар ва “Булар қул ҳақидир. Бўйнимда қолмасин” дея ўқларни эгасига элтиб беришини амр этдилар. Али афанди бу ўқларни эгасига олиб бориб берди. Бу воқеадан ҳайратда қолган ҳалиги душмани қилганларига пушаймон бўлди. Тавба қилиб, Арвосга борди ва Саййид Фаҳм ҳазратларига шогирд бўлди.