Саййид Сибғатуллоҳ Ҳизоний
Саййид Сибғатуллоҳ Ҳизоний ҳазратлари Усмонлилар даврида яшаган олим ва авлиё бўлиб, Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратларининг талабаларидандир. 1870 йили вафот этди. Қабри Ҳизоннинг Ғайда қишлоғидадир.
Кичик ёшлигидан илм таҳсилини бошлади. Отаси Саййид Лутфуллоҳ афанди унинг етишиши учун кўп ғайрат сарфлади. Жуда закий бўлган Саййид Сибғатуллоҳ қисқа вақтда калом, тафсир, ҳадис, фиқҳ каби зоҳирий илмларни ўрганди. Замонининг фан билимларида ҳам мутахассис бўлди. Бидъатдан узоқ бўлиб, жаноби пайғамбаримизнинг суннатига мос ҳолда ҳаёт кечиришга ҳаракат қилди. Тасаввуфга қаттиқ боғлиқлик ҳис қилди. Кўплаган олим ва авлиё зотларнинг илм мажлисларида, суҳбатларида бўлди. Ван шаҳрига бориб, Саййид Муҳйиддин афандининг хизматига кирди. Саййид Сибғатуллоҳ устози берган вазифаларни бажариш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Оғир риёзатлар ва мужоҳадалар чекди. Яъни нафсининг истаганларини қилмай, истамаганларини ишлаб нафсини тарбиялади. Узоқ йиллар устозига хизмат ва суҳбатида бўлиш билан шарафланди. Ниҳоят бир куни устози унга “Вафот этган авлиёлардан истифода этадиган, фойдаланадиган мақомга келдинг” дедилар. Саййид Муҳйиддин вафот этгач, Шайх Холид Жазрий ҳузурига борди. Бу муборак зотнинг ёнида вафот этгунча бўлиб, суҳбатлари билан шарафланди. Сўнгра Саййид Тоҳонинг Мулла Мурод Хурусий орқали юборган “Ўз уйингга қайт!” хабарига биноан Тоҳо Хаккорийнинг шарафли хизматига келиб, ҳақиқий ва асосий уйига қайтди. Унинг бебаҳо суҳбатларини худди чўлда чанқаганда берилган сувдек руҳига ҳаёт берувчи васфда топди. Саййид Тоҳо ҳазратлари жаноби Расулуллоҳдан муршидлари воситаси билан келаётган файзу баракатларни унинг қалбига қуйди. Қалб кўзи очилиб, юксак мақомларга эришди. Муршиди Саййид Тоҳо ҳазратлари вафот этгач, унинг халифаси Саййид Солиҳ ҳазратларининг суҳбатларига давом этди. Саййид Тоҳонинг ҳузурида камолу икмол мартабаларига етишган Саййид Сибғатуллоҳ Ҳизон ва Ғайдада халқни иршод қилишга киришди ҳамда инсонларга исломиятнинг амр ва тақиқларини ўргатди. Суҳбатларига қатнашиб, бир таважжуҳларига мазҳар бўлган кишининг қалбига Аллоҳу таолонинг муҳаббати дарров жойлашарди. Диннинг амрларига қаттиқ амал қилар, тақиқларидан сақланарди.
Айтардики:
“Шогирд бамисоли товус бўлмоғи керак. Гўзал қанотларига, ранг-баранг патларига эмас, қора оёқларига боқмоғи керак. Нафсини қусурли деб билмагунича истиқоматни қўлга киритиб бўлмайди. Ўзига шундай танқидий назар билан қарамаслик катта гуноҳдир. Муҳаббат, ихлосли амал ва ғайрат шогирд бўлмоқнинг шартидир. Булардан бирининг кам бўлиши маънавий фалокат аломатидир.”
Авлиёнинг ҳолларини билиш ва тинглаш ҳақида айтдиларки:
“Авлиёнинг манқибаларини тинглаш муҳаббатни орттиради. Асҳоби киромнинг манқибалари имонни қувватлантиради, гуноҳларни ювади.”
Саййид Тоҳо ҳазратлари унга ёзган мактубида “Шогирднинг устозига бўлган ихлос ва муҳаббати кучли, итоати дуруст бўлса-ю лекин ҳол соҳиби бўлмаса зарари йўқ. Фақат бу уч ишдан бирида нуқсонлик бўлиб, ҳол ҳам бор бўлса, Аллоҳ сақласин, бу истидрождир. Бу шаковат (шаккоклик) аломатидир” деганлар. Бу мактубдаги маъно шунчалик теранки, бир йил бўйи барча ваъзларини мана шу сўзлар билан бошлагандилар.
Вафот этишларидан аввал айтдиларки:
“Мақсад исломият билдирган йўлда истиқомат узра бўлмоқдир. Бидъатдан ва исломиятга зид бўлган амаллардан файз олинмайди. Тасаввуф исломиятга эргашиш деганидир. Исломиятга эргашмасдан вилоятга, яъни авлиёликка эришилади деган кимса бузуқ ва зиндиқдир (имонсиз). Намозлардан кейин дарров истиғфор айтинг. Исломият билдирган хусусларга эргашмаган ва суннатларни тарк этган одам пир, муршид, раҳбар, яъни динда йўл кўрсатувчи бўла олмайди.”