Саййид Муҳаммад Солиҳ
Саййид Муҳаммад Солиҳ Усмонли империяси вақтида Туркияда етишиб чиққан авлиёларнинг энг улуғларидан. Силсилаи олиянинг ўттиз иккинчисидир. Буюк авлиё Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратларининг ўн биринчи невараси ва Тоҳо Хаккорий ҳазратларининг укаси бўлиб, саййиддир. 1865 йили Наҳрида вафот этди. Қабри акаси ҳамда устози бўлган Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратларининг оёқ тарафидадир.
Саййид Солиҳ кичик ёшлигидан Қуръони карим ўқишни ўрганди. Жуда зукко эди. Қисқа вақтда Қуръони каримни ёд олди. Мадрасага бориб, тафсир, ҳадис, фиқҳ каби зоҳирий илмлар билан бир қаторда замонининг фан ва адабиёт билимларини ҳам ўрганиб, буюк олим бўлди. Тасаввуфда ҳам етишиб, қалб илмларида маърифат соҳиби бўлиш учун акаси Саййид Тоҳо Хаккорийнинг суҳбатлари билан шарафланди. Бир неча йиллар хизматида бўлди. Муборак таважжуҳларига қовушди. Вилоят даражаларида жуда юксалди. Устози унга ижозат бериб, шогирд тарбиялаш учун Бардасурга жўнатди. Саййид Солиҳ ҳазратлари у ерда талабага дарс беришни бошладилар.
Саййид Тоҳо ҳазратларидан вафоти яқинлашганда "сиздан кейин бу мақомга кимнинг ўтириши муносиб бўлур?" деб сўраганларида “Биродарим Солиҳ комил ва етукдир. Бошқаларнинг боши унинг пойқадами тагидадир” дея Саййид Солиҳни кўрсатган эдилар. Саййид Солиҳ ҳазрат хаста қалбларга шифо бўлган суҳбатлари билан қанчадан-қанча ошиқларнинг камолга келишига, Ҳаққа яқинлашиб, валийлик мартабасига эришишларига восита бўлдилар.
Саййид Солиҳ ҳазратлари муҳаббат ва одоб соҳиби бўлиб, вароъ ва тақвоси кучли эди. Ҳаромлардан қаттиқ сақланар, шубҳали бўлган мубоҳларнинг ҳам кўпини тарк этардилар. Кунларнинг аксариятини рўза тутиб ўтказарди. Кечаларини ибодат билан кечириб, пешинга яқин қайлула қилиб, ухлаб олар ҳамда суннати шарифага эргашардилар. Жуда марҳаматли бўлиб, ҳеч кимни ранжитмасдилар. Инсонларнинг жаҳаннамда ёнмаслиги учун қўлидан келган ғайратни кўрсатар, Аллоҳу таолонинг амрларини билдирар, ҳаромлардан сақланишларини таъминлардилар. Ҳатто ғайри муслимларга ҳам яхшилик қилардилар. Шу сабабли эътиқодидан қатъий назар барча у зотни севарди.
Саййид Тоҳо ҳазратларининг ўғли Убайдуллоҳ отасининг ўрнига ўтирган амакиси Саййид Солиҳ ҳазратларига талаба бўлмасдан, бошқа халифаси Саййид Фаҳим ҳазратларига талаба бўлишни хоҳлайди. Фаҳим Арвосий эса унга “Муҳтарам отангиз ўз ўрнига Саййид Солиҳ ҳазратларини қолдирганлар. Шу сабабли биз ҳам, сиз ҳам унинг суҳбатига бориб, унга тобе бўлишимиз лозим” дейди. Убайдуллоҳ бунга қарамай эътироз қилди. Шунда Фаҳим Арвосий “Муборак устозимизнинг қабрига бориб сўраймиз. Нимани буюрсалар, шуни ишлайсанми?” дейди. У “ҳа” деб жавоб беради. Қабристонга киришда пойафзалларини ечиб, қабрнинг ёнига борадилар. Ҳали ҳеч нарса деб гапирмасларидан Тоҳои Хаккорий ҳазратларининг “Фаҳим Убайдуллоҳни укам Солиҳнинг ёнига олиб боргин” деб буюрганини эшитишади. Убайдуллоҳ отасининг бу амрини эшитиб, тезлик билан амакисининг олдига чопади.
Саййид Солиҳ 1865 йили хасталанди. Талабаларини тўплаб, ҳар бири билан розилик сўраб, хайрлашди. Васиятини қолдириб, “Қабримни акам Саййид Тоҳо ҳазратларининг қабри шарифининг оёқ учи тарафдан қазинглар. Адабга риоя этиб, қабрда ҳам муборак оёқлари бошим устида турадиган ҳолда бўлишини таъминланглар. Биздан кейин Саййид Фаҳимга тобе бўлинглар” дедилар. Сўнгра шогирдлари Қуръони карим ўқиётган вақтда вафот этиб, севганларига қовушдилар. Васиятини айнан бажардилар. Қабрини устозининг оёқ учи тарафидан қаздилар. Ҳозирда бу икки қабрда учта қабр тоши бор. Яъни Саййид Тоҳо ҳазратларининг оёқ учидаги тош Саййид Солиҳ ҳазратларининг бош тошидир.
Саййид Муҳаммад Солиҳ ҳазратларининг вафотидан кейин ўрнига Саййид Фаҳим Арвосий ҳазратлари ўтиб, вазифасини давом эттирдилар. Инсонларга исломиятнинг амр ва тақиқларини ўргатиб, уларнинг нажотларига васила бўлдилар.