Саййид Абдуллоҳ Шамдиний
Саййид Абдуллоҳ Шамдиний ҳазратлари Диёри Румда (Туркия) етишиб чиққан, буюк авлиёлардан эди. Силсилаи олиянинг ўттизинчисидир. Саййид Абдулқодир Гейлоний ҳазратларининг ўнинчи невараси ва Саййид Тоҳо Хаккорий ҳазратларининг амакисидир.
Шамдинлида дунёга келган асил, тоза ва шарафли бир оилага мансуб бўлган Саййид Абдуллоҳ Шамдиний кичик ёшидан илм таҳсилини бошлади. Замонининг усулига кўра илк таҳсилни олгандан кейин Ироқнинг Сулаймония шаҳрига бориб, шу ердага бир мадрасада илм ўрганишда давом этди. Ақлий ва нақлий илмларни ўрганиб, буюк олим бўлди. Ўша жойда таҳсил олаётганда мадрасадан дўсти Мавлоно Холид Бағдодий билан ака-укадек яшадилар. Яратилиши юксак бўлган бу икки кўнгил дўстлари зоҳирий илмларни таҳсил этиш вақтида қалб ва кўнгил илми бўлган тасаввуфга нисбатан алоқа ҳис этишни бошладилар. Бу алоқа муҳаббат ва ошиқлик даражасига чиқди. Ўзларини маънавий жиҳатдан тарбиялайдиган, ботиний илмларни ўргатиб, етиштирадиган бир йўл кўрсатувчи раҳбар изладилар.
Охирида излаган йўл кўрсатувчини қайси бири биринчи топса, бу буюк зотдан оладиган маънавий файз ва баракатнинг ораларида муштарак бўлишини келишдилар. Бу хусусда бир-бирларига ваъда бердилар. Яъни излаётган бу буюк авлиёни қайси бири аввал топса ва таниса дарров дўстининг ҳам бу зотни танишига, бу зотга боғланиб файз олишига восита бўлиши керак эди.
Ўзларига йўл кўрсатадиган маънавий раҳбарни излаётган вақтларда Мавлоно Холид Бағдодий олган баъзи маънавий ишораларга кўра Ҳиндистонга боришга қарор қилди. Зоҳирий илмларда юксак олим бўлган Абдуллоҳ Шамдиний ҳам у билан бирга кетишни истади. Лекин Мавлоно Холид Бағдодий унга “Мен борайин, у ердан олиб келадиган нарсаларимга сен ҳам шериксан” дейди. Ниҳоят Ҳиндистонга бориш учун Сулаймониядан йўлга чиқди. Узоқ ва машаққатли сафардан кейин Ҳиндистонга етди. Охирида Нақшибандия маънавий йўлининг муршиди комили Шоҳ Ғулом Али Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратларининг ҳузур ва суҳбатлари билан шарафланди. Қисқа замонда лойиқ ва мустаҳақ бўлган фазилат ҳамда камолотга эришди. Тасаввуф йўлида илгарилаб, авлиёлик даражасига етишди. Устози унга исломиятнинг амр ва тақиқларини билдириш суратида инсонларнинг дунё ва охират соадатига қовушишларига васила бўла олиш ва шогирд етиштириш хусусида тўлиқ ижозат, диплом ва хилофат берди. Устозининг том ва мутлақ вакили сифатида олган файз ва камолотни илм ва одоб ошиқларига бериш ҳамда уларни етиштириш вазифаси билан Бағдодга юборилди.
Бундан сўнгра бутун олам воситасиз ва билвосита иршод ҳамда файз манбаи бўлган Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг маънавий нури билан порлашни бошлади. Шу тариқа Бағдодда файз ва нур сочадиган раҳмат қуёши чиқди.
Саййид Абдуллоҳ Шамдиний келишувларига мувофиқ бир муддат Бағдодда қолгандан кейин Сулаймонияга қайтган Холид Бағдодий ҳазратларининг зиёратига борди. Мавлононинг Ҳиндистонда қўлга киритган маърифат ва камолотини кўргач, унга бўлган муҳаббати яна-да ортди. Мадрасада бирга ўқиб, дўст бўлганликларига қарамай, унинг суҳбатларига худди шогирдлардек қатнаша бошлади. Бора-бора унинг энг илғор талабаларидан бири бўлди. Баъзи ҳасадчи ва инкорчи кимсаларнинг Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг ҳузурига кириб, сўз ва ёзув билан уни ёмонлашга, турли бўҳтон ва ёлғонлар билан унга кўнгил боғлаганларнинг йўлини кесишга уринаётган вақтда Абдуллоҳ Шамдиний доим унинг ёнида бўлди. Ўзидаги юксак қобилият ва Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг шогирд етиштиришдаги маҳоратининг бирлашуви билан қисқа вақтда бутун илмларда ва тасаввуф ҳолларида камолга етишди. Мавлоно ҳазратларининг минглаган талабалари орасида энг юксакларидан бўлди. Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратлари унга талаба етиштириш учун ижозат берди. Мавлоно ҳазратларидан ижозат ва диплом олганлардан учинчиси бўлган Саййид Абдуллоҳ Шамдиний акаси Саййид Аҳмад Гейлоний ҳазратларининг ўғли Саййид Тоҳо Хаккорийни ҳам Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг суҳбатларига олиб бориб, унинг ҳам бу йўлда камолга етишига васила бўлди.
Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратлари бир муддатга Бағдодга кетди. Бу вақтда Абдуллоҳ Шамдиний талабаларни етиштириш билан машғул бўлди. Кейин такрор Сулаймонияга қайтган Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратлари инсонларга исломиятнинг амр ва тақиқларини ўргатишлари учун турли шаҳарларга юборган шогирдлари билан бирга Саййид Абдуллоҳ Шамдинийни ҳам Шамдинлига юборди. Саййид Абдуллоҳ Шамдиний Шамдинли атрофидаги Наҳрий қишлоғига жойлашди. Наҳрийда мадраса ва даргоҳлар қуриб, шогирд етиштиришни бошлади. Туркия, Эрон ва Ироқнинг турли жойларидан илм мажлисига ва суҳбатларига келган кўплаган кишиларни зоҳирий ҳамда ботиний илмларда етиштирдилар. Жаноби Пайғамбаримиздан бошлаб, авлиё ва олимлар билдирган, яшаган исломиятни, гўзал ахлоқни инсонларга тушунтирдилар. Айниқса одоб ва ахлоқдан маҳрум бўлган кўчманчи қабилаларни таъсири остига олиб, уларнинг тузалишига сабаб бўлдилар. Уларга тушунадиган даражада гўзал насиҳатлар бериб, тўғри йўлга эришишларига васила бўлдилар.
Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратлари у ҳақида Саййид Тоҳо Хаккорийга “Саййид Абдуллоҳ қандай яхши шайхдир. Унда ҳеч қусур йўқ. Ёлғиз битта қусури унинг мункири, яъни қаршисига чиқиб, унинг буюклигини инкор қиладиган кимсалари йўқлигидир” дегандилар.
Яна айтдиларки:
“Мени Саййид Абдуллоҳ ва Саййид Тоҳодан устун кўрманглар.” Асҳоби “Улар сизнинг шогирдларингизку, нимага бундай деяпсиз?” деганларида “Улар шаҳзодалардир. Ҳали подшо бўладилар. Биз эса бироз вақт уларнинг тарбияси билан машғул бўлган ва бундай юксак вазифа берилган бир мураббиймиз холос. Мураббий шоҳ бўладиган шаҳзодалардан устун бўла оладими?” дедилар.
Умрини илм таҳсилига, исломиятни ўрганишга ва ўргатишга сарфлаган ҳамда кўплаган кароматлари кўринган Саййид Абдуллоҳ Шамдиний ҳазратлари 1813 йили Шамдинлининг Наҳрий қишлоғида вафот этдилар. Наҳрий қабристонининг киришига дафн этилдилар. Қабри устида оддий мақбара қурилган. Муборак қабри севганлари тарафидан зиёрат қилинмоқда, ошиқлари дуо қилиб, муборак руҳидан файз олмоқдалар. Уни васила қилиб, дуо қилган кишиларнинг моддий ва маънавий дардларига дармон топганлари кўп тажриба этилган.
Шамдинлининг Наҳрий қишлоғида илк марта иршод ва файз манбаи бўлган Саййид Абдуллоҳ Шамдиний шофеъий мазҳаби фиқҳида ва бошқа илмларда чуқур олим бўлиб, буюк авлиё, пайғамбарлик сирларига воқиф ҳамда ҳазрати Усмоннинг гўзал ахлоқини ёдга соладиган ахлоқ соҳиби бўлиб, ҳаё ва одобнинг манбаи эдилар. Суҳбатлари хаста руҳларга озиқ, қарашлари қорайган қалбларга шифо эди. Инсонларнинг дунёда ва охиратда қутулишларининг, саодат эшигининг калити эди.