Мавлоно Холид Бағдодий
Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратлари Ироқ ва Шомда етишиб чиққан буюк авлиёлардан. Силсилаи олиянинг йигирма тўққизинчиси. Ўз асрининг мужаддиди эдилар. Отаси ҳазрати Усмоннинг, онаси ҳазрати Алининг авлодидандир. Қабри Шом шаҳрининг шимолида Қасийун тоғининг этагидаги қабристонда жойлашган мақбарасидадир.
Ўткир зеҳнли, хотираси кучли, жуда иродали ва меҳнаткаш киши эдилар. Даврининг машҳур олимларидан илм ўрганиб, ижозат олдилар. Ўрганган бутун илмларида дин ва фан арбобларига устозлик қила оладиган даражада юқори билимга эга бўлдилар. Дин ва фан илмларидаги устунлиги ҳамда теран илми сабабли замонининг бутун олимлари ва авлиёларининг илтифотларига сазовор бўлдилар. Қайси илмдан ва қайси фандан нима сўралса, дарҳол жавобини берарди. Заковати ва билими олдида ақллар ҳайратга тушарди. 21 ёшлигида уламога устоз бўлиб, 7 йил дарс берди. Олимлар орасида унинг сўзлари далил эди.
Ҳижозга бориб, Мадинага етгач, Расуллуоҳга бўлган муҳаббатини форс тилида баён қилиб “Қасидаи Муҳаммадия”ни ёзди. Мадинада фазилат соҳиби бўлган яманлик бир кишига дуч келди. Ундан насиҳат сўради. У зот дедики: “Эй Холид, Маккага борганингда одобга зид бирон нарса кўрсанг, дарров рад қилмагин.” Мавлоно Холид Маккада бир жума куни Каъбаи шарифга қараб Далоили Ҳайротни ўқиркан, бир кишининг Каъбага орқа ўгириб, ўзига қараб ўтирганини кўрди. “Буни қара Каъбага орқа ўгириб ўтирибди-я, одобга риоя қилмас экан” деб хаёлидан ўтказиб турганида у киши “Мўминга ҳурмат Каъбага ҳурматдан аввал келади. Шунинг учун сенга ўгирилиб ўтиргандим. Сенга берилган насиҳатни жуда тез унутдинг” деди. Ундан узр сўраб “Мени талабаликка қабул қилинг” деб ёлворди. У эса, “Сен бу ерда камолотга ета олмайсан, сенинг ишинг Ҳиндистонда тамом бўлади” деди. Бу зот бўлажак устози Абдуллоҳ Деҳлавий эканлиги ривоят қилинган.
Бир кун кутилмаганда Ҳиндистондан Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратларининг шогирдларидан Мирза Абдурраҳим келди. Устозининг “Мавлоно Холидга саломимизни айтинг, бу тарафларга ҳам келсин” деган сўзларини етказди. Сўнгра иккови бирга Ҳиндистонга қараб йўлга чиқдилар. Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратларининг олдига кетаётганлигининг севинчи билан бутун бор-будини фақирларга тарқатди. Ҳиндистоннинг энг буюк авлиёси ва буюк ислом олими Шоҳ-и Абдуллоҳ-и Деҳлавийнинг ҳузурига қовушди.
Абдуллоҳ Деҳлавий унга нафсининг тарбияси учун даргоҳни тозалаш вазифасини бердилар. У олим бир зот эканлигига қарамай ҳеч эътироз билдирмади. Бироз муддат шу вазифада юриб, бир куни устозига рўпара келди. Устози унинг елкаларидан Аршгача муаззам бир нурнинг кўтарилганлигини ва фаришталарнинг буни ҳайрат билан кузатаётганларига шоҳид бўлдилар. Устози унинг тасаввуфда жуда баланд даражаларга эришганлигини кўриб, доим ёнида бўлишини тайинладилар. Шундан кейин Холид раҳбари Абдуллоҳ Деҳлавийнинг қалбидаги бутун сир ва маънавий устунликларга эришди.
Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари: “Эй Холид, энди юртингга ва Бағдодга боргин. У ердаги инсонларни Аллоҳу таолога эрдиргин” деб буюрдилар. У ҳам юртига қайтиб, иршодни бошлади. Бағдод волийси Саид Бошо зиёратга келди. Бир неча олимнинг овозсиз, бошлари эгик, хизматчидек одоб билан ҳузурида ўтирганлигини кўрди. Унинг ҳайбатини кўриб, тиз чўкиб титрай бошлади. Жалол ҳоли кетганидан кейин Саид Бошонинг титраши ҳам тинчиди. Ундан кейин волий шогирдликка қабул қилинди.
Уламодан Шайх Али Сувайдий ҳадис олими эди. Ҳадиси шариф санадларида қувватли илми бор эди. Имтиҳон мақсади билан Мавлоно Холид ҳузурига келди. Кутуб-и Ситтада ёзилган ҳадислардан уч донасини имтиҳон учун санадларини чалкаштириб ўқиди. Мавлоно Холид бу ҳадисларнинг асл санадларини тўғри ўқигач, дарҳол қўлларига ёпишиб, қалбига келган имтиҳон фикри учун тавба қилиб авф тилади. Шундан сўнг у ҳақида гап кетганида “Мавлоно Холид зоҳир ва ботин илмларида чексиз бир денгиз, биз эса бир томчимиз холос” дерди.
Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг кўплаган кароматлари кўринган эди. Бағдоддалигида Ҳожи Маҳмуд Афанди исмли бир талабаси бор эди. Бу зот роса қарзга ботганди. Бир кун “Устоз, қарзим кўплигидан кўчага бош кўтариб чиқишга юзим қолмади” деди. Мавлоно Холид “Бир ой сабр қилгин” дедилар. У “Бир ой сабр қилишга ҳам тоқатим қолмади, устоз” дея икки марта такрорлади. Шунда Мавлоно Холид “Ундай бўлса, шолчани кўтаргинда истаганингча ол!” деб буюрдилар. Маҳмуд Афанди шолчани кўтариб, тагида бир олтин танга кўрди. Олтинни олганида, унинг ўрнида яна бошқа олтинни кўрди ва шу тариқа ҳар олган олтини ўрнида янги бир олтин кўрди. Қарзларидан қутулгунча олтин олишда давом этди.
Сулаймониянинг машҳур олимларидан баъзиси Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларини ақл ва нақл илмларининг энг қийин ва нозик масалалари билан имтиҳон қилдилар. Чорасиз қолиб, Ироқнинг ҳар жиҳатдан энг буюк олими бўлган ва ҳужжат-ул-ислом деб машҳур бўлган Шайх Яҳё Мазури Имодийга мактуб ёзиб “Сулаймония олимлари тарафидан дин ва дунё илмларининг алломаси, мусулмонларнинг ҳужжати, устозимиз Яҳё Мазури Имодий ҳазратларига арз қиламизки, шаҳримизда Холид исмли бир зот пайдо бўлди. Ҳиндистонга бориб келгандан кейин вилояти кубро ва инсонларни иршод қилиш даъвосида бўлмоқда. Бу зот дин илмларини таҳсил қилгандан кейин тарк қилди. Ножўя йўлга адашди. Бизлар уни илмда енга олмадик. Буюгимиз сизсиз! Бу тарафга бир келиб, хатоликни ва зарарларни даф қилиб, уни енгишингиз зиммангизга вожибдир. Агар келмасангиз, унинг нотўғри фикрлари бутун инсонларга ва бошқа шаҳарларга ҳам тарқалади” дедилар.
Бу мактуб Шайх Яҳёга етиб келгач, баъзи талабалари билан бирга Сулаймонияга йўл олдилар. Шаҳарга яқинлашгач, бутун олимлар кутиб олишга чиқиб, ҳар бири ўз уйига меҳмонга чақирса ҳам уларни қабул этмадилар. Шайх “Бир зот билан кўришишим керак” дея Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг уйига кетдилар.
Шайх уйга кирганида Мавлоно ҳазрат уни эшикда кутиб олиб, ёнига ўтқаздилар. Шайх Яҳёнинг қалбида бир қатор нозик ва қийин масалалар бор эди. Буларни сўраб имтиҳон этмоқчи эди.
Холид Бағдодий ҳазратлари Шайхга “Дин илмларида жуда мушкул масалалар бор. Булардан бири мана бу, жавоби эса шу; наригиси бу, жавоби шу” деб Шайхнинг қалбидаги бутун саволларни ва жавобларни бир-бир айтиб чиқдилар. Шайх Яҳё масалани тушундилар. Тавба қилиб, талабаларидан бўлдилар. Талабаларидан Ибни Обидин ҳазратлари: “Кеча си тушимда ҳазрати Усмоннинг вафот этганини кўрдим. Жуда одам кўп бўлди. Жаноза намозини мен ўқидим” деб тушини айтганида Мавлоно Холид ҳазратлари “Яқинда вафот этаман. Сен жуда кўп одамга бош бўлиб, жанозамни ўқийсан. Чунки мен ҳазрати Усмоннинг авлодиданман” дедилар. Ибни Обидин ҳазратлари буни эшитиб, жуда қайғурди. Кўп ўтмай Мавлоно Холид вафот этди. Жаноза намозини Ҳанафий мазҳабида буюк фиқҳ олими Саййид аллома Ибни Обидин ҳазратлари ўқитдилар. Мавлоно ҳазратлари шогирдлари ва халифаларидан бўлмиш Саййид Тоҳо Ҳаккорий ҳазратларини жуда севар ва унга кўп дуо қилардилар.
Айтдиларки: “Нафси амморадан қутулишнинг аломати, инсонларнинг мақтови билан айбловларини тенг кўрмоқдур. Инсонларнинг рағбатига севиниш, эътиборсиз бўлганларига қайғуриш ақлсизликдир.”