Саййид Абдуллоҳ Деҳлавий
Саййид Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари Силсилаи олиянинг йигирма саккизинчисидир. 1745 йили Ҳиндистоннинг Панжоб шаҳрида туғилди. 1824 йили Деҳлида вафот этди. Қабри Шоҳжаҳон жоме-масжиди яқинидаги даргоҳда.
Отаси Абдуллатиф афанди олим, солиҳ ва зоҳид бир зот эди. Бир куни тушида ҳазрати Али унга “Аллоҳу таоло сенга бир ўғил эҳсон этади, у буюк зот бўлади. Унга бизнинг исмимизни қўясан” деди. Расулуллоҳ ҳам авлиёлардан бўлган амакисининг тушида туғиладиган гўдакка Абдуллоҳ деб исм қўйишларини амр этади. Шунга биноан чақалоқ дунёга келганда отаси Али деб, амакиси Абдуллоҳ деб исм қўйди. Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари олти ёшга тўлганида ҳазрати Алига бўлган муҳаббат ва ҳурмати сабабли ўзига Али деб мурожаат қилишларини хуш кўрмай, "Алининг хизматчиси" деган маънога келадиган "Ғулом Али" номини олди ҳамда мана шу исм билан машҳур бўлдилар.
Кичик Абдуллоҳ Аллоҳ берган жуда устун заковатга соҳиб эди. Қуръони каримни қисқа вақт ичида ёд олди. Диний илмларни ва замонининг фан билимларини ўрганди.
Мазҳари Жони Жонон ҳазратларининг ҳузурига бориб, ўзини шогирдликка қабул қилишларини арз қилди. У зот “Сен ҳузур қиладиган бир жойга боргин. Бизнинг йўлимизда юриш бамисли тузсиз тошни ялаш кабидир” дедилар. Абдуллоҳ “Мен ҳамма нарсага розиман, устоз” деди. Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари буни эшитиб “Муборак бўлсин” деб шогирдликка қабул қилдилар. Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари 15 йил устозининг суҳбатлари билан файзиёб бўлди. Авлиёликда баланд даражаларга эришгандан кейин, мутлақ ижозат олиб, халифаси бўлдилар.
Абдуллоҳ Деҳлавий ҳазратлари айтдиларки:
Талаба – содиқ бўлган толибдирки Аллоҳу таолонинг ишқи билан ва Унинг муҳаббатига қовушиш орзуси билан ёниб куймоқда. Толиб билмаган, тушуна олмайдиган бир муҳаббат билан ҳайрат ҳолидадир. Уйқуси қочиб, кўз ёшлари тинмайди. Қилган гуноҳларидан уялиб, бошини кўтара олмайди. Ҳар ишида Аллоҳдан қўрқади. Аллоҳу таолонинг розилигига эриштирадиган ишларни бажариш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Ҳар ишида сабр ва матонат кўрсатади. Ҳар муваффақиятсизлик ва ташвишни ўзидан деб билади. Ҳар нафасда Раббини ўйлайди. Ғафлатда яшамайди. Ҳеч ким билан баҳслашмайди. Бир қалбни ранжитишдан қўрқади. Қалбларни Аллоҳу таолонинг уйи деб билади. Асҳоби киром ҳақида фақат яхши гапларни гапиради ва исмларини айтганида “родияллоҳу анҳ” дейди. Барчасининг яхши эканлигини айтади. Муҳатарам пайғамбаримиз Асҳоби киром орасида бўлиб ўтган баъзи ҳодисаларни гапирмасликни амр қилдилар. Солиҳ мусулмон буларни тилига олмайди, бу ҳақда ёзмайди ва ўқимайди. Шу тариқа бу буюкларга одобсизлик қилиб қўйишдан ўзини сақлайди. Бу буюкларни севиш Аллоҳнинг Расулини севишнинг аломатидир. Ўз фикри, кўз-қараши билан авлиёи киромни бир-биридан паст ёки юқори деб санамайди. Улардан бирининг устун эканлиги фақат ояти карима, ҳадиси шариф ва Асҳоби киромнинг иттифоқи орқали маълум бўлади. Муҳаббат сархушлиги билан бошқачароқ сўзлар айтган кишилар узрлидир.