Саййид Мазҳари Жони Жонон
Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари буюк авлиёлардан эди, саййиддир. Силсилаи олиянинг йигирма еттинчисидир.
Исми Шамсиддин Ҳабибуллоҳдир. Отаси Мирзо Жондир. Унинг исмига истинодан бу зотни ҳам Жони Жонон дейишарди. 1701 йилда туғилди. 1781 йили шаҳид этилди. Боболари давлатнинг кўзга кўринган одамларидан бўлиб, Темурий султонларига яқинлиги бор эди. Отаси Мирзо Жон лавозим ва мартабани тарк этиб, фақирлик ва қаноатни устун кўрди. Бойлигини Аллоҳ учун фақирларга тарқатди. Қизининг никоҳи учун ажратиб қўйган йигирма беш минг рупия миқдоридаги олтинни бир дўстининг қаттиқ қийналиб қолганини эшитиб, бутунлай унга ҳадя этди. Отаси мамлакатда марҳамати, гўзал ахлоқи, инсоний фазилатларининг устунлиги билан танилган зот эди.
Ёш Мазҳар Жони Жононнинг заковати, фаҳм-фаросати ўткирлигини кўрган фаросат арбоби унинг фитрати баландлигини, яъни юксак яратилишда эканлиги айтишарди. Отаси унинг тарбия ва таълимига, илм ўрганишига катта эътибор қаратди. Кичик ёшидан илм, маърифат ўрганишни ва турли маҳоратларни ўзлаштиришни бошлади. Имл ва маърифат ёнида қўшимча турли касб ва маҳоратлар ўрганди. Ўзи бу ҳақида шундай деганди:
“Болалигимда Иброҳим алайҳиссаломни тушимда кўриб, кўплаган илтифот ва эҳсонларига сазовор бўлдим. Яна болалигимда ҳазрати Абу Бакрни қачон ёдга олсам, муборак сурати кўзолдимга келарди. Руҳониятини кўзим билан кўрардим. Менга жуда кўп илтифот кўрсатарди.”
Яна шундай деб баён қилганди:
“Болалигимда бир куни бир киши отам билан гаплашаётганди. Имоми Раббоний ҳазратларидан гап очдилар. Мен шу онда имоми Раббоний ҳазратларининг руҳониятини кўрдим. Ўрнимдан туришимга ишора қилди. Бу ҳолни отамга айтганимда “Умид қиламанки, сен уларнинг йўлидан истифода этасан” деди. Аллоҳу таоло қалбимга суннати санияга бўйсуниш, тобе бўлиш хислатини жойлаштирган.”
Отамнинг васияти бўйича, илм ўрганишни ва ўрганган илмим билан амал қилишни давом эттирдим. Бир кечаси тушимда бир авлиё зотни кўрдим. Мозоридан туриб ёнимга келди ва кулоҳини бошимга кийдирди. Ўша тушдан кейин қалбимда мақом ва лавозим орзуси умуман қолмади. Тасаввуфга йўналиш орзуси кучайди. Бир куни тушимда ғойибдан овоз “Бизнинг сенда ишимиз бор. Инсонларнинг ҳидоятга эришиши ва уларни ҳидоятга еткалайдиган йўлнинг ёйилиши сен сабабли амалга ошади” деди. Бу тушни кўргандан кейин тасаввуфга йўналиб, ботин нисбатини қўлга киритиш орзуси қатъийлашди. Бу мақсадимга етиш учун Саййид Нур Муҳаммад Бадавоний ҳузурларига бордим. Муборак юзини кўриб, маърифат соҳиби бўлган зот эканлигини англадим. Суннати санияга чамбарчас боғлиқ, диннинг амрларига тўла тобе бўлган, юксак ахлоқ соҳиби бўлган зот эди. Суҳбати қалбларга ҳузур берарди. Унинг ҳузурида излаганлар мақсадларига эришар, ўлган қалблар тирилиб, имонга келарди. Ҳаққа етишга шу ерда муяссар бўларди. Мени шогирдликка қабул қилишларини сўраганимда истиҳорасиз шогирд қабул этмасликларига қарамай, мени дарров қабул қилдилар. Файзлари шунчалик баракатли ва таъсирли эдики, бир таважжуҳи билан шогирдининг қалби зикр қилишни бошларди. Унга шогирд бўлиб, файзларига қовушганимдан кейин кўнглим ойдинлашди. Кўп илтифотларига ноил бўлдим.
Қисқа вақтда Нур Муҳаммад Бадавоний ҳазратларининг суҳбатида етишдим. Тасаввуф ҳолларига ғарқ бўлгандим. Мен муҳаббати илоҳийга боғланганимдан уйқуни, истироҳамни, еб-ичишни тарк қилгандим. Инсонлардан узоқлашиб, ёлғиз ўзим қолдим. Очликнинг шиддатидан дарахт баргларини ея бошладим. Бутун вақтим ўзимни билмай ва муроқаба ҳолида ўтарди. Асл мақсадимга етишни мана шу тариқа кутдим. Ниҳоят шу ҳолга келдимки “Раббингни кўриб тургандек ибодат қил” ҳадиси шарифида талаб этилган васфга етишдим. Маҳвият, фано ва бақо ҳолларига эришдим. Буюклар таърифлаган мақсадга, сирри тавҳид мақомига кўтарилдим.
Нур Муҳаммад Бадавоний менинг ҳолларимга қараб, менга тавозе билан кучли севги ва алоқа кўрсатарди. Бир куни иккимиз юзма-юз ўтирганимизда “Икки қуёш қарама-қарши келди. Бирининг нуридан иккинчиси кўринмаяпти. Агар толибларнинг тарбиясига йўналсанг олам нурланади” дедилар. Яна бир куни “Сенда Аллоҳу таолога ва Расулига нисбатан муҳаббат юксак даражададир. Бизнинг йўлимиз сенинг таважжуҳларинг билан ёйилади. Сенга Шамсиддин Ҳабибуллоҳ исми берилди” дедилар ва шогирдларининг бир қисмини тарбиялаб етиштиришни менга топширдилар.
Устозим Нур Муҳаммад Бадавоний ҳазратларининг суҳбатига тўрт йил қатнадим. Сўнгра менга ижозат бердилар. Менга аҳли суннат эътиқодида бўлишни, суннати санияга тобе бўлишимни ва бидъатлардан тийилишимни васият қилдилар.
Устози Саййид Нур Муҳаммаднинг вафотидан кейин инсонларга ҳақ йўлни таълим қилишни бошлади. Дарсларига олимлар, амирлар, ҳокимлар ва халқ қатнашиб, ундан файз олдилар. Мир Муслимон, Саноуллоҳ Пони Путий, Ғулом Кокий, Саййид Олимуллоҳ, Саййид Абдуллоҳ Деҳлавий каби буюк олим ва авлиёлар етиштирди.
Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари айтдики:
“Аллоҳу таоло бизга энг комил ақлни ва тўғри кўзқарашни эҳсон этди. Салтанат ишларининг идораси ва давлатнинг низоми хусусида барчага мос энг гўзал усулни ўрганган эдим. Шунинг учун замоннинг машҳур давлат арбоби оладиган қурол ва бошқа муҳим нарсаларини биз билан маслаҳатлашиб, шунга қараб ҳаракат қилардилар.”
Яна шундай деганди:
“Муҳтарам отамнинг баракатли тарбияси билан етишгандан кейин менда шундай бир ҳол ҳосил бўлдики, истаган одамга бир боқишда унинг кимлигини ва қалбидагини билиб олардим. Юрган йўлимнинг нури билан инсонларнинг саодат ёки шаковат (Жаннат ёки Жаҳаннам) аҳлидан эканлигини пешоналаридан ўқирдим.”
Наввоб Хон Фирузжанг, шиддатли бир қиш кунида Мазҳари Жони Жонон ҳазратларини устига эски либос кийиб олганини кўрди. Бу ҳолини кўриб, йиғлади. Ёнидаги одамларидан бирига “Биз қандай бадбахтмизки, буюкларимиздан ҳеч бир зот ҳадямизни қабул қилмайди ва унга хизмат қилиш бахтига ета олмаймиз” деди. Бу ҳодиса ҳақида Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари “Биз бойлардан бирон нарса қабул қилмасликка, олмасликка қарор қилганмиз. Умримиз ҳам тугаб қолди. Бугунгача қабул қилмадик” дедилар. Сўнгра Наввоб Хон Фирузжанк ўттиз минг рупия ҳадя этишни истади. Қабул этмасдан “Биз сизнинг бойлигингизни ейдиганлардан эмасмиз, фақирларга тарқатинг” деди.
Яна афғон сардорларидан бири ашрафий деб юритилувчи уч юз олтин совға юборганди. Буни ҳам қабул қилмадилар “Бу нарсалар ҳар қанча совға деб юбоилган бўлса-да, ҳадяни қабул қилиш лозим бўлса-да, лекин албатта қабул қилиш керак деган бирон-бир амр йўқ. Бизга ўз талабаларимиз ихлос ва эҳтиёткорлик билан ҳаром аралашмаслиги учун диққат қилиб тайёрлаган ҳадяларини келтирмоқдалар. Ҳатто уларни ҳам қабул қилмаяпмиз. Амирлар ва бойлар томонидан юборилган қатъийян ҳалолдан тайёрланганлиги шубҳали совғаларни умуман қабул қилмаймиз. Уларда халқнинг ҳақи бор. Қиёмат куни бунинг ҳисобини бериш қийин. Имоми Термизийнинг Абу Барзадан ривоят қилган ҳадиси шарифида жаноби Пайғамбаримиз “Ҳар бир инсон қиёмат куни тўрт саволга жавоб бермагунча ҳисобдан қутула олмайди: Умрини қандай ўтказди, илми билан қандай амал қилди, молини қаердан, қандай қозонди ва қаерларга сарфлади. Жисмини, баданини қаерларда ҳоритиб-чарчатди” деб марҳамат қилганлар. Шунинг учун диққат қилиш керак” дедилар.
Мазҳари Жони Жононга давлат одамларидан бири Ҳиндистоннинг машҳур меваси бўлган “Анба”дан (ҳинд гилоси) бир миқдор ҳадя жўнатиб, буларни қабул қилиши учун ялиниб-ёлворди. Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари анбадан икки донасини олди ва қолганини қайтариб бериб “Бу фақирнинг кўнгли буларни қабул қилишни истамаяпти” дедилар. Бироздан кейин ҳузурига бир боғбон келиб “Фалон амир сизга юборган анбаларни биздан тортиб олиб, сизга ҳадя тариқасида юборди” деди. Буни эшитиб, мазлумнинг ҳақини қайтариш ва доимо ҳақига риоя қилиш лозимлигини айтдилар. Сўнгра “Субхоналлоҳ, у келтирган мевалар бизнинг ботинимизга зарар етказди” дедилар. Ўша воқеадан кейин моли шубҳали бўлган кишиларнинг совға-икромини умуман олмайдиган бўлдилар. Бу ҳодиса ҳақида “Таомлар ичра энг зарарлиси топиш-тутиши шубҳали бўлган бадавлат кишилар икром қилган таомлардир. Ҳатто фақирларнинг икромлари ҳам шубҳалидир. Чунки улар ҳам бу таомларни тайёрлаш учун топгани шубҳали бўлган бойлардан қарз олишади” дедилар.
Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари бу хусусда шундай деганди: “Тановвул қилинган луқмалар инсонни муваффақиятга етказиши, тоат-ибодатининг нурини орттириши керак. Фақирликни бой бўлишдан ортиқ кўриш ва сабру қаноатга интилиш керак. Таслимият ва ризони ўзига одат қилиш лозим. Жаноби Расулуллоҳ “Аллоҳим! Ол-и Муҳаммад (оиласи)нинг ризқини етарли даражада қилгин” деган дуосига мувофиқ инсон учун лозим бўлган нарсаларни фақат етарли даражадагина сўраш, исташ керак.”
Асҳоби киром ҳам шундай дуо қилишарди. Исрофга тушадиган даражада бой ва муҳтожлика, қарзга ботадиган даражада фақир бўлмаслик лозим. Қуллик вазифасини бажариб, ўлимга тайёр бўлиб, кўнглини бошқа нарсаларга боғламаслик керак. Ўлим илоҳий бир ҳадядир. Чунки ўлим - Аллоҳу таолога қовушмоқ ва Жаноби Расулуллоҳнинг дийдорини, муборак юзини кўрмоқдир.
Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари шундай баён қилганди:
“Бир куни жаҳоннинг зийнати ва коинотнинг сарвари бўлган Жаноби Пайғамбаримизни тушда кўриш билан шарафландим. Ёнма-ён бўлиб ётардик. Шуналик яқин эдикки, муборак нафаслари юзимга уриб турарди. Шу вақт чанқадим. Сарҳанд буюгининг маҳдумлари, яъни имоми Раббоний ҳазратларининг ўғиллари ҳам шу ерда эди. Расулуллоҳ улардан бирига сув келтиришини буюрдилар. Мен “Ё Расулаллоҳ, улар менинг устозимнинг ўғилларидир” дедим. Расулуллоҳ “Улар бизнинг гапимизга амал қилишади” дедилар. Улардан бири бориб, сув келтирди. Қониб сув ичдим. Сўнгра “Ё Расулаллоҳ, сиз Мужаддиди алфи соний ҳақида нима дейсиз?” деб сўрадим. Жаноби Пайғамбаримиз “Умматим орасида унга ўхшагани йўқ” дедилар. Мен “Ё Расулаллоҳ, имоми Раббоний ҳазратларининг “Мактубот” китобига муборак назарингиз тушдими?” дедим. Айтдиларки: “Агар ундан эсингда қолган бирон парчанг бўлса, ўқигин!” Мен имоми Раббоний ҳазратларининг баъзи мактубларида ўтган ва Аллоҳу таоло ҳақида айтилган: “У варо-ул-варо кейин яна варо-ул-вародир, яъни Аллоҳу таоло хаёлимизга келган барча нарсалардан узоқдир. Ақлимиз ўйлаган ва тасаввур қилган ҳеч бир нарса У эмас” деган қисмни ўқидим. Жаноби Расулуллоҳга бу парча жуда ёқиб “Такрор ўқигин!” деб буюрдилар. Такрор ўқидим. Бу ифодаларни жуда гўзал айтилган деб топдилар. Бу ҳол бироз муддат давом этди.
Мен бу кўрган тушимда Жаноби Расулуллоҳнинг муборак нафасининг ва суҳбатининг баракати билан ўзимни бутунлай нур ҳамда ҳузур ичида сездим. Уйғоқликда қўлга киритган нарсалардан анча баракатли бўлган ушбу тушнинг баракати билан кунлар давомида очқамадим ва чанқамадим.”
Мазҳари Жони Жонон шаҳид бўлиб, вафот этдилар. Вафотидан бир неча кун аввал бу фоний дунёдан кетиш вақти келганлиги ва Аллоҳу таолога қовушадиган бўлгани учун бутунлай бошқача муҳаббат ва севинч ҳолида эдилар. Шу кунларда ибодат ва тоатларини яна-да кўпайтирганди. Бир тарафдан шогирдлари ва севганлари дарёдек оқиб суҳбатларига келишарди. Суҳбатлари ва муроқабалари жуда теран ҳузур ҳолида ўтарди. Суҳбатига тўпланганлар юз кишидан кўп бўлиб, улар баракат ва файзларга қовушардилар. Вафоти яқинлашган кунларда шогирди Мулла Насим юртига бориб-келиш учун рухсат сўраганида унга “Сен билан қайта кўришамизми йўқми, маълум эмас” дедилар. Бу билан вафот этишига ишора қилгандилар. Буни эшитган шогирдлари кўз ёшларини тута олмай, йиғладилар. Яна вафоти яқинлашган кунларда шогирдларидан Мулла Абдурраззоққа юборган бир мактубида “Ёшим саксондан ўтди. Ажалим яқинлашди. Бизга хайрли дуоларда бўлинг” деб ёзган эдилар. Бу вақтларда бошқа шогирдларига ёзган мактубларида ҳам шу тарзда кетишларига имо қилгандилар.
Сўнгги кунларда эришган неъматларни тилга олиб ва шукр этиб шундай дедилар:
“Қалбимдан нима ўтган бўлса ва қайси неъматга эришимоқни истаган бўлсам, барчасини Аллоҳу таоло менга эҳсон қилди. Мени ҳақиқий ислом билан шарафлантирди ва кўплаб илмларни эҳсон қилди. Солиҳ амалли қилди. Буюкларнинг тасаввуф йўлида хабар берган нарсаларининг барчасини бериб, кашф, тасарруф ва каромат эҳсон қилди. Мени дунёга берилган бўлишдан ва дунёга берилганлардан ҳам узоқ қилди. Лекин Аллоҳу таолога яқинлашишда юксак даража ҳисобланмиш шаҳидлик мақомига эриша олмадим. Устозларимнинг, муршидларимнинг кўпи шаҳидлик шарбатини ичиш билан шарафига муяссар бўлишди. Мана биз ҳам қаридик, вужудимиз заифлашди. Жиҳод қиладиган ва шу тариқа шаҳидликка етишадиган кучим, тоқатим қолмади. Ўлимни севмайдиган, истамайдиган кимсаларга ҳайронман. Ўлим Аллоҳу таолга етишга сабабдир.”
Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари мана шу тариқа шаҳидлик даражасига қовушишни қаттиқ орзу қилишини тилга олганди. Умрининг сўнгги кунларида ҳузурига келиб-кетадиганлар жуда кўпайганди. 1781 йил муҳаррам ойининг еттисида чоршанба кечаси эшигининг олдида жуда кўп кишилар тўпланганди. Булар орасидан уч киши қайсарлик билан ичкарига киришни талаб қилишарди. Ниҳоят изн олиб, ичкарига кирдилар. Улар мўғил ва мажусий эдилар. Ҳузурига кириб “Мазҳари Жони Жонон сенмисан?” дедилар. Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари “Ҳа, менман” дедилар. Улар Мазҳари Жони Жонон ҳазратларига қасд қилиб, ўлдиришга келгандилар. Ичларидан бири унга ҳужум қилиб, ханжар уришни бошлади. Урилган ханжар зарбаси юрагига яқин жойга урилганда оғир яраланиб, ерга йиқилдилар.
Бу воқеадан хабардор бўлган Наввоб Нажаф Хон саҳарлаб европалик бир табибни юборди. “Тезда бориб бир муборак зотни даволагин. Уни яралаганлар қўлга олиниб, қисос (бегуноҳ одам ўлдирган ёки яраланган кимсага шариатнинг айни жазони татбиқ қилиши) этилсин” деди. Бу табиб бориб Мазҳари Жони Жонон ҳазратларининг ярасини кўздан кечирди. Сўнгра ортига қайтиб, Наввоб Нажаф Хонга қасддан “Яхши бўлиб кетади, бошқа табиб юборишнинг ҳожати йўқ” деди. Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари ярадор ҳолда яна уч кун яшадилар. Жароҳатидан қон давомли оқди. Учинчи кун жума эди. Пешин вақти қўлларини очиб, Фотиҳаи шарифа ўқидилар. Аср вақтида “Кун ботишига неча соат бор?” деб сўрадилар. Тўрт соат бор дедилар. Ўша кун жума ҳам-да Ошуро куни эди. Шом тушганда уч марта чуқур нафас олдилар ва шаҳид бўлиб вафот этдилар.
Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари исломиятнинг ёйилиши ва инсонларнинг ҳақиқий саодатга эришишлари учун жуда кўплаган хизматлар қилганди. Ҳар бири бебаҳо жавоҳирдек қийматли бўлган зотлар етиштирдилар ва уларни инсонларга ҳақ йўлни кўрсатиш билан вазифалантирдилар. Шогирдлари борган жойларида халққа исломиятни ўргатдилар, имонларини тузатдилар. Шу тариқа ҳар бири борган жойида исломиятга амал қилишни, гўзал ахлоқнинг ёйилишини ва инсонларнинг бир-бири билан яхши муомалада бўлишларини таъминладилар. Уларни таниганлар улардек покиза ҳаёт кечириш ва саодатга қовушиш билан шарафландилар.
Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари айтдиларки:
“Кимки дунёга берилган кишилар орасига аралашса, суҳбатларнинг баракатини ва тасаввуфнинг нурларини туя олмайди! Бир киши дунёга берилган кимсалар билан эҳтиёж қадар аралашиб, холис ният билан ва ботиний нисбатини муҳофаза қилган ҳолда ораларида бўлса, зарари йўқ. Дунё малъундир ва дунёда бўлган нарсалардан Аллоҳ учун бўлмаганлари ҳам малъундир. Аллоҳу таолонинг севгиси билан дунё севгиси бир ерда тура олмайди. Аллоҳу таолонинг розилигига эришиш учун мосивони, яъни Аллоҳу таолодан бошқа барча нарсани ва бутун мақсадларни тарк қилиш лозим.”
Мазҳари Жони Жонон ҳазратларининг ўз асҳобига, талабаларига насиҳатлари қуйидагилардир:
“Тақвонинг, варонинг, ҳаромлардан ва шубҳали нарсалардан сақланишнинг йўли Жаноби Расулуллоҳга тўла тобе бўлиш ҳамда унинг билдирганларини чин кўнгилдан қабул қилишдир. Ўз ҳолингизни аҳли суннатда йўлида билдирилган хусуслар билан солиштиринг. Агар ҳолингиз аҳли суннатда баён қилинган хусусларга, яъни диннинг амрларига мос бўлса мақбулдир. Мос бўлмаса, мардуддир, мақбул эмас. Дунё ва охират саодатларига эришиш учун аҳли суннат вал жамоат эътиқодида бўлиш керак.”
Дунёнинг матоҳи озгина
Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари камол даражада зуҳд ва таваккул соҳиби эдилар. Дунёдан ва дунёга берилган кимсалардан қаттиқ сақланардилар. Берилган ҳадяларни қабул қилмасдилар. Қабул қилганлари ҳам жуда кам эди. Замонининг подшоси Муҳаммад Шоҳ вазири Қамариддин Хон орқали Мирзо Жони Жононга хабар жўнатиб, шундай деди: “Аллоҳу таоло бизга шундай кўп мулк бердики, устознинг хаёлларидан нимаики ўтса, ҳадя қиламиз. Тилагини айтсинлар.” Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари бу таклифга шундай жавоб бердилар: “Аллоҳу таоло Қуръони каримда маолан “...Уларга айтгин: Дунёнинг матоҳи (мулки) жуда камдир...” (Нисо, 77) деб буюриб, дунёнинг етти иқлимидаги мол-мулкнинг аслида бир ҳовучгина нарса эканини айтдилар. Ўша бир ҳовучлик бўлган етти иқлимнинг бири Ҳиндистон бўлиб, у ҳам сенинг қўлингда. Етти иқлимнинг ўзи бир ҳовучлик бўлгандан кейин еттида бирининг қайдай қиймати бор? Улуғларнинг ҳимматининг асоси эса, улардан парҳез қилмоқдир.”
Яна ўша минтақанинг амалдорларидан бири Мазҳари Жони Жонон ҳазратларига атаб бир хонақоҳ қурдирди ва бутун дарвешларнинг эҳтиёжини таъминлашини айтиб, қабул қилишларини сўради. Лекин Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари қабул қилмадилар ва “Биз учун ҳамма жой бирдир. Аллоҳу таолонинг ҳузурида ҳар бир одамнинг ризқи тақдир қилинган. Вақти келганда ҳар бир одам ризқига қовушади. Дарвешларнинг ҳазинаси сабру қаноат бўлиб, шунинг ўзи уларга кофийдур” дедилар.
Ҳақиқий дори
Мазҳари Жони Жонон ҳазратларининг саксон етти мактуби ва суҳбатлари “Калимат-и Тоййибат” номли китобларида бор. Мактубларидан бири:
“Биродарим, замонимиз талабасининг заифлиги, авлиёдан кашфу каромат исташлари ҳамда биринчи асрни кўз олдида тута олмасликлари ҳақида ёзилган мактубингиз келди. Шуни билингки, бошқа шайхларга майли бўлган тентакларни ва ақлсиз кимсаларни шогирдликка қабул қилишнинг кераги йўқ. Ақлли ва мухлис кишиларни, бу ишга астойдил толиб бўлганларни қабул қилиш лозим. Сиқилманг, Аллоҳу таоло ҳақиқий ҳокимдир. Ол-и Имрон сураси 31-оятида маолан “Эй Ҳабибим. Уларга айтгин: Агар Аллоҳни севсангиз, менга тобе бўлинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни севади” деб буюриш орқали бутун йўллардаги талабаларнинг ниҳоий мақсадлари бўлган Аллоҳу таолонинг муҳаббати ва розилигини қозонишни Жаноби Пайғамбаримизга тобе бўлишга боғлаб қўйди. У мутахассис табиб қулларини ғафлат ва гуноҳ хасталикларидан қутқариш учун дори ҳамда парҳез ўрнида бўлган амр ва тақиқларни юборди. Мана шу муолажа усулини ҳаётига татбиқ қилиб, керакли дори-дармонни ўз вақтида қабул қилиб юрган, парҳезга риоя қилган киши сиҳат ва шифо топади. Бундан қочинган кимса ўзига зиён етказган бўлади.
Ушбу муолажа усулининг бир сурати, бир ҳақиқати бор. Сурати билан авом мусулмонлар амал қилишади. У ҳам бўлса, эътиқодини тузатганидан кейин динга мос амаллар қилиб, амр ва тақиқларга бўйсуниш орқали амалга ошади. Эвазига ўша бахтиёр кимсага жаннатнинг неъматлари насиб бўлиб, жаҳаннамдан қутулади. Ҳақиқати эса, хос зотларга, танланган қулларга махсус бўлиб, қалбларнинг нурланиши, порлаши ва нафсининг тазкияси, тозаланишидир. Бу йўлда юқорида баён қилинган муолажанинг сурати билан бирга риёзат ва мужоҳада ҳам бор. Бу ерда тажаллий ва кашфлар қўлга киритилади. Суратга "имон ва ислом", ҳақиқатга эса "эҳсон" дейилади. Чунончи ҳадиси шарифда “Эҳсон бу – Раббингга Уни кўриб тургандек ибодат қилишдир”деб марҳамат қилинган. Ҳақиқатсиз сурат теридаги хасталикларга чора топиш учун чипқон ва яралар устига қўйилган малҳам каби ярани тузатиб, чипқонни кетказади. Албатта фойдасиз эмас. Лекин суратсиз ҳақиқатнинг умуман фойдаси йўқ. Балки бу ҳақиқат эмас, макри илоҳий ҳам бўлиши мумкин. Бундан Аллоҳу таолога сиғинамиз.
Ҳақиқат – тозалаш, яъни гўёки бадандан хаста, микробли, бузуқ моддаларни чиқариб ташлаш кабидир. Чунки жойида қолса, яна хаста қилиши мумкин. Тўлиқ соғайишга, бутунлай шифо топишга мана шу икки йўлни бирлаштирган ҳолда даволаниш орқали етиш мумкин. Ушбу изоҳлардан муҳтарам пайғамбаримиз тайинлаган муолажа усулининг саҳобалар табиатида қандай сиҳат ва шифо таъсирлари кўрсатганлиги осонликча тушунилади. Муҳаққақки, бу даволаниш ва дори – Аллоҳу таолони қаттиқ севиш, бутун ғайрати билан Расулуллоҳга тобе бўлиш, тоат-ибодатлардан лаззат ҳис қилиш ҳамда гуноҳларни жирканч кўриб, нафратланишдан ўзга нарса эмас. Бу уларда қалбларнинг ҳузури ва нафсларнинг покланиши таъсирини кўрсатарди. Расули акрамнинг баракатли суҳбатлари ва ислом муолажа усулининг татбиқи билан бу мартабаларга жуда қисқа вақтларда, балки бир онда ҳам эришардилар. Улар кейинги асрларда айтилган шавқ ва ҳоллардан кўпроқ, сурат ва ҳақиқатга қаттиқ аҳамият бериб, ҳақиқатни ҳимоя қиладиган суратни муҳофаза қилиб, кашфу кароматга эътибор қаратмадилар. Буларни камолотга етишишнинг шартларидан деб ҳисобламадилар.
У ҳолда тўлақонли сиҳатга қовушишни истаган бир толиб (шогирд) Расулуллоҳнинг суннатларига эргашишни бутун риёзат ва мужоҳадалардан ортиқ деб билиши ҳамда бунга оид бўлган нур ва баракатларни, бутун файзлардан аъло деб ҳисоблаши керак. Бу йўлда талабага беихтиёр тоттириладиган завқ ва ҳолларга ботин жамияти ҳамда давомли ҳузур ёнида умуман қиймат-эътибор бермаслик керак. Ушбу ҳақиқатларни қўлга киритишга сабаб бўлган зотни (шайхни, пирни, устозни) жаноби Расулуллоҳнинг вакили деб билиш, унга сидқидилдан хизмат қилиб, бу йўлда олдингиздан чиқадиган нарсаларга ширин бўлса ҳам, худди ёш болалардек алданиб қолмаслик керак.
Фиқҳ масалаларини ўргатинг. Фиқҳсиз дин бўлмайди. Аҳли суннат эътиқодини ўргатишга, ёйишга қаттиқ аҳамият беринг. Ҳар ишингизда Аллоҳу таолонинг Ҳабиби бўлган жаноби Пайғамбаримизга тобе бўлишга ғайрат қилинг. Чунки Аллоҳу таоло Ҳабибига тобе бўлганларни жуда севади.” (21-мактуб)