Саййид Нур Муҳаммад
Саййид Нур Муҳаммад ҳазратлари авлиёнинг улуғларидан эди. Силсилаи олиянинг йигирма олтинчисидир. Саййидлардан бўлиб, насаби жаноби пайғамбаримизга боради. Қабри Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида.
Саййид Нур Муҳаммад Бадавоний ҳазратлари илмини ва файзини имоми Раббоний ҳазратларининг невараси буюк олим ва муршиди комил Муҳаммад Сайфиддин Форуқий ҳазратларидан олди. Унинг дарс ва суҳбатларида етишиб, ижозат олди. Илмда шундай улуғ мартабаларга чиққан эдики, замонасининг ягона олими ва йўл кўрсатувчи раҳбари бўлдилар
Инсонлар ундан файз олиш учун суҳбатларига чопардилар. Бир таважжуҳи билан шогирдларининг қалблари зикр қилишни бошларди. “Кўчада гуноҳкор кимсага дуч келиб қолиш қалбда зулмат ҳосил қилади” деб тез-тез эслатар ва шогирдларига қараб кимнинг қайси гуноҳни қилган одам билан рўпара келганлигини хабар берардилар. Ўқитиб етиштирган шогирдларининг энг машҳури ва халифаси Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари бўлиб, у ҳам улуғ авлиёдан эдилар.
Шубҳали нарсалардан ва ҳаромлардан сақланиш хусусида ғайратлари энг баланд чўққига етганди. Ейдиган нонининг унини ҳалолдан топиб, хамирини ўзи қориб, пиширарди ва қорни қаттиқ очганда озгина-озгинадан ерди. Тасаввуфда илоҳий муҳаббат сабабли ҳушидан кетиш ҳоллари у зотда кўп намоён бўларди. 15 йил шу ҳолда яшаб, тасаввуфий ҳолларга ғарқ бўлдилар. Умрининг сўнгги вақтларида бу ҳолдан ҳушёр ҳолга қайтгандилар.
Суннати санияга амал қилишда, адабларда Сарвари олам Пайғамбаримизга тобе бўлишга қаттиқ эътибор берардилар. Расулллоҳнинг ҳаёти ва юксак ахлоқини баён қилувчи китобларни доим ёнларида олиб юрарди. Буларни ўқиб, ҳар бир ишларида Расулуллоҳга эргашишга ҳаракат қиларди.
Бир куни ҳожатхонага кираётганда янглишиб, аввал ўнг оёғини ичкарига қўйганида тасаввуфда қозонган барча ҳоллари бирданига ғойиб бўлди. Уч кун Аллоҳу таолога ялиниб-ёлворганидан кейин ҳоллари такрор очилди.
Доимо муроқабада бўларди. Шу тариқа Аллоҳу таолодан бошқа ҳамма нарсани унутиб, Аллоҳу таолога кўп ибодат қилганидан беллари букилганди.
Бир куни бир киши егулик у-бу кўтариб келди. Бу ҳадя тақдим қилинганида “Бу таомда қандайдир зулмат кўринмоқда. Бир суриштириб кўринглар” дедилар. Бу таом ҳалол дейишди. Лекин сўраб-суриштиргандан кейин бу таомнинг кўз-кўз қилиб мақтаниш ниятида пиширилгани маълум бўлди.
Дунёга берилган бирон одам у зотдан омонатга китоб сўраса берардилар. Китобни қайтариб бергандан кейин уни бир жойга қўйиб, уч кун кутардилар. Берган кишисидан китобга юққан зулмат даргоҳдаги суҳбатларнинг баракати билан тарқагандан кейингина олиб ўқирдилар.
Бир куни ҳузурига келаётган шогирди йўлда бегона аёлга дуч келиб, унга тикилиб қараганди. Устозининг ҳузурига кирганида сенда зино зулмати кўриняптику деб бегона аёлга қарагани туфайли гуноҳга ботганига ишора қилдилар.
Асҳоби киромга душман бўлган рофизийлардан икки киши эътиқодларини яшириб, шогирд тушиш ниятида келишганини айтиб ҳузурларида қўл қовуштиришади. Шунда уларга қарата “Аввало нотўғри эътиқодингиздан воз кечинг, ана ундан кейин илм ўрганишни орзу қилсангиз ярашади” дедилар. Ҳалигилардан биттаси бу кароматни кўриши билан дарров тавба қилиб, бузуқ эътиқодидан воз кечди.
Нур Муҳаммад Бадавоний ҳазрат айтганлар:
“Бир куни устозимнинг қабрини зиёрат қилишга келган эди. Қабр бошида муроқабага чўмдим. Устозимни қабрида кўриб, гаплашдим. Кафани ва бадани ҳечам чиримаган эди. Фақатгина оёқларининг таг қисмига тупроқ таъсир қилиб, сал ранги қорайган эди. Бунинг сабабини сўраганимда “Эгасидан сўрамай, кейин келганида қайтариб берарман деган ўйда бир тош олиб таҳорат оладиган жойимга қўйдим. Таҳорат олаётганда шу тошнинг устига босдим. Оёқларимдаги тупроқнинг таъсири шу сабабдандир” дедилар.”