Муҳаммад Маъсум Форуқий
Муҳаммад Маъсум Форуқий ҳазратлари авлиёларнинг машҳурларидан эди. Имоми Раббоний ҳазратларининг учинчи ўғлидир. Силсилаи олиянинг йигирма тўртинчисидир. Ҳиндистоннинг Сарҳанд шаҳрида туғилди.
Уч ёшлигидаёқ калимаи тавҳидни равон айтарди. Қуръони каримни қисқа вақт ичида ёд олди. 11 ёшлигида зикр ва муроқаба йўлини отаси имоми Раббоний ҳазратларидан олди. Отаси унинг истеъдоди юксаклигини тушуниб “Ҳол илмдан кейин тургани учун аввал илм ўрганиш керак” деб ўғлига ақлий ва нақлий илмларни ўқитишни бошлади. Унга “Илм таҳсилини тезроқ тугатгин, сен билан қиладиган улуғ ишларимиз бор” дедилар. 14 ёшлигида отасига “Ўзимда бир нур кўряпман, бутун олам қуёш каби бу нурдан чароғон бўлмоқда” деб айтганида отаси “Сен замоннинг қутби бўласан” муждасини берди. Кейинчалик ўзи “Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин! Отам айтган муждаларига эришдим” деганди.
16 ёшлигида бутун илмларнинг таҳсилини тугатиб, тасаввуфга йўл олди. Отасининг файзларига қовушди. Ўзи бу ҳақда “Бу асрор денгизларининг ғаввоси бўлдим” деганди. Шундай камолга етдики, унинг баракати ва файзлари бутун оламга ёйилди. Ислом тарихида ҳидояти уникидек бўлган бир олим ва муршид кўрилмаган эди. 900 минг киши у зотга шогирд бўлиб, улардан 140 минг нафари авлиёлик мартабасига эришган, 7 минг нафари муршиди комил бўлганди. Шогирдлари унинг ҳузурида баъзан бир ойда, баъзан бир ҳафтада авлиёлик даражасига чиқар эди. Баъзиларини бир таважжуҳ билан юксак мақомларга кўтарарди.
Отаси умрининг сўнгги кунларида унга “Менинг бу дунёда қолишимнинг сабаби фақат қаййумлик вазифаси эди. Энди бу вазифа сенга берилди. Бу дунёдан кетишим яқинлашди” деган эди.
Шогирдларидан бўлган Муҳаммад Ханиф Қобилий устозининг ҳиммати билан кўп маърифатларга қовушди. Устозидан ижозат олиб, ўз ватани Кобилга кетди. Халқни иршодга, тўғри йўлга бошлади. Унга ҳам ҳасад қиладиганлар чиқди. Бир гуруҳ инсон унга келиб “Бир каромат кўрмагунимизча сизнинг буюклигингизга ишонмаймиз. Биз бир зиёфат тайёрлаймиз. Устозингизни чақирамиз. Зиёфат вақтида Сарҳанддан Кобилга бир зумда келишини кутамиз. Агар кела олса, барчамиз сизга шогирд бўламиз” дедилар. У вақтларда Сарҳанддан Кобилга бир ойда етиб келиш ҳам қийин эди. Хожа Муҳаммад Ханиф устозига бўлган интисоби ва муҳаббатининг қувватидан бунга рози бўлиб “Устозим овқатни хуфтон намозидан кейин ейдилар. Сизлар тайёргарлик кўраверинглар, келишларига умид қиламан” деди. У ердагилар бу гапга кулиб, мазах қилганча зиёфатга тайёрлана бошладилар. Вақт бўлганда “Мана хуфтон вақти ҳам кирди. Энди овқатланайлик” дедилар. Хожа “Устозим шу вақтда овқатланарди. Таомни олиб келинглар” деди. У ердагилар таомларни келтираётганида Муҳаммад Маъсум ҳазратлари олти ўғли билан эшикдан кириб келдилар. Ўзи учун тайёрланган жойга келиб ўтирдилар. У ердаги кишилар буни кўргач, ҳайратга тушиб, узр сўрашни бошладилар. Муҳаммад Маъсум ҳазратлари “Сизларни ишонтириш учун эмас, ёлғиз Муҳаммад Ханифнинг ҳурмати учун келдим. Авлиёдан каромат талаб қилинмайди” дедилар. Барчаси бирга овқатланишни бошладилар. У ердагилар суҳбатнинг баракати билан қалбларидаги зулматдан қутулдилар. У зотнинг мухлис ва муҳиблари қаторига қўшилиб, саодатга эришдилар.