Хожаги Муҳаммад Имканагий
Хожаги Муҳаммад Имканагий ҳазратлари авлиёнинг улуғларидандир. Силсилаи олиянинг йигирма биринчи фарди комилидур.
1512 йили Бухоронинг Имкана деган жойида туғилди. 1599 йили шу ерда вафот этди. Авлиёнинг буюкларидан Дарвеш Муҳаммад ҳазратларининг ўғли ва Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларининг устозидир. Зоҳирий ва ботиний илмларни отасидан таҳсил қилди. Отасидан файз олиб, тасаввуфда камолга етди. Тасаввуф илмининг ва ҳолларнинг мутахассиси эди.
Бутун умри исломиятга хизмат, Жаноби Пайғамбаримизнинг гўзал ахлоқини инсонларга ўргатиш билан ўтди. Кўплаган авлиёлар етиштирди. Етиштирган авлиёларнинг энг устуни ўзидан кейин халифаси бўлган Муҳаммад Боқий-биллоҳдир. Муҳаммад Боқий-биллоҳ бир куни тушида Хожаги Муҳаммад Имканагий ҳазратларини кўрди. Устози унга “Эй ўғлон, сенинг йўлингга кўз тутиб ўтирибман” деди. Боқий-биллоҳ ҳазратлари бунга беҳад севинди. Дарров ҳузурига борди. Ҳузурга боргач, унга илтифот кўрсатиб, юксак ҳолларини тинглади. Сўнгра уч кечаю, уч кундуз бир хонада юзма-юз бўлиб, суҳбат қилдилар.
Хожаги ҳазратлари унга файз бериб, юксак фойдаларга эриштирдилар. Сўнгра Боқий-биллоҳ ҳазратларига “Сизнинг ишингиз Аллоҳу таолонинг ёрдами ва бу юксак йўлнинг буюкларининг руҳларининг тарбиялари билан тамом бўлди. Такрор Ҳиндистонга қайтишингиз лозим. Чунки бу Силсилаи олия йўлимизнинг у диёрда сиз туфайли нур таратишини кўряпман. Баракат ва тарбиянгиздан фойда кўриб, буюк ишлар қиладиган кишилар келади” дедилар.
Хўжа Боқий-биллоҳ ўзини бу улуғ ишга лойиқ кўрмаганидан узр сўраса ҳам, Хожаги Имканагий унга истиҳора этишини буюрдилар. Тушини Имканагий ҳазратларига билдирганида шу жавобни олдилар: “Дарҳол Ҳиндистонга боринг. У ерда сизнинг баракатли нафасларингиздан бир азиз камол топади. Бутун дунё унинг нури билан тўлади. Ҳатто сиз ҳам ундан насибингизни оласиз.”
Хўжа Боқий-биллоҳ ҳазратлари Ҳиндистонда Сарҳанд шаҳрига келганида “Қутбнинг атрофига келдинг” деган илҳом келди. Бу қутб имоми Раббоний ҳазратлари эди. Демак, бу қийматли уруғ Самарқанд ва Бухородан олиб келиниб, Ҳиндистон тупроғига экилган эди.
Хожаги Муҳаммад Имканагий ҳазратлари умрининг охирларида шу сўзларни кўп такрорларди:
Ўлимни хотирлаб, кулолмайман асло,
Бугун нима бўлади, билолмайман асло.
Мақсадим Раббимга яқин бўлмоқдир,
Бундан бошқасини истамайман асло.
Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратлари бир мактубида Хожаги Имканагий ҳазратлари ҳақида шундай деганди:
“Хожаги Имканагий Ҳақ ошиқларини ҳақиқий муҳаббатга эриштирмоқ учун ғам-ташвишларга чидаб ва зоҳиран қийин ҳолатларда йилларча раҳбарлик қилдилар. Бир куни талабалари билан бирга бир тиконзордан ўтаётгандилар. Бир шогирдининг оёғи яланг эди. Оёқларига тинмай тикон кирарди. Ичидан билдирмай инграр, лекин оёғини устозининг изидан олмай, изидан борарди. Устози Имканагий ҳазратлари унинг бу ҳолига илтифот кўрсатиб: “Биродарим, оёққа алам тикони кирмагунча, мурод гули очилмайди” дедилар. Бу сўзга шогирди жуда севинди.”