Қози Муҳаммад Зоҳид

 Қози Муҳаммад Зоҳид ҳазратлари Ўрта Осиёда яшаган буюк авлиёлардан. Силсилаи олиянинг ўн тўққизинчисидир. Онаси Силсилаи олиянинг буюкларидан бўлган Яъқуб Чархий ҳазратларининг қизидир.

Кичик ёшлигидан бошлаб илм ўрганди. Ундан кейин тасаввуфга йўналди. Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларига шогирд бўлди. 12 йил унинг қалбларга шифо бўлган суҳбатларига қатнашди. У зотдан вазифасини қабул қилиб олди. Кўплаган шогирд тарбиялаб етиштирди. Силсилаи олия улуғларидан Дарвеш Муҳаммад ҳазратлари у етиштирган авлиёлардан бири.

Ватани бўлган Самарқандда қолиб илм таҳсил этгандан кейин яна илм ўрганиш учун бир шогирди билан Ҳиротга бориш учун йўлга чиқди. Шодмон қишлоғига борганларида ҳаво ҳаддан ташқари иссиқ бўлгани сабабли бир муддат шу ерда қолдилар. Ўша кунларда қишлоққа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари ташриф буюрдилар. Уни зиёрат қилишга боришди. Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари у билан бироз гаплашгандан кейин суҳбатни бошлади. Суҳбатда Муҳаммад Зоҳиднинг кўнглидан ўтган саволларга жавоб бериб “Агар мақсадинг илм ўрганиш бўлса, унга бу ерда осонроқ эришилади” дедилар. Сўнгра унинг ёнига бориб “Ҳиротга боришдан мақсадинг нима илм ўрганишми ёки тасаввуфми?” деб сўрадилар. Муҳаммад Зоҳид даҳшатга тушиб, жавоб беролмади. Ёнидаги шогирди “Устозимнинг асл мақсадлари тасаввуф йўлига кириш” деб жавоб берди.

Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари табассум қилиб “У ҳолда жуда яхши” дедилар. Сўнгра бирга боққа чиқдилар. У ерда Муҳаммад Зоҳиднинг қўлидан тутдилар. Қўлини тутар-тутмас ўзида катта ўзгаришларни ҳис этган Муҳаммад Зоҳид ҳушидан кетди. Ўзига келганида Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратлари “Балки сен менинг ёзувимни ўқий оларсан” дея чўнтагидан бир қоғоз чиқариб “Бу қоғозда ибодатнинг ҳақиқати ва Аллоҳу таолонинг азамати қаршисида инсоннинг ожизлиги ёзилган” деб уни Муҳаммад Зоҳидга бердилар.

Бу қоғозда шундай ёзув бор эди:

“Бу саодат Аллоҳу таолонинг муҳаббати билан ва Унинг Расулига тобе бўлиш орқали қўлга киритилади. Бунинг учун дин илмларига ворис бўлган олимларнинг суҳбатида бўл. Улардан фойдали илм ўрган. Токи Жаноби Расулуллоҳга тобе бўлиш билан маърифати илоҳийга эришгайсан. Ёмон дин одамларидан узоқ бўл. Ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормайдиган, динга мос бўлмаган ишлар қиладиган жоҳил тариқатчилардан узоқ тур.”

Муҳаммад Зоҳидга Ҳиротга боришга изн бердилар. Саъдуддин Қошғарийга элтиши учун бир мактуб бердилар. Мактубда Муҳаммад Зоҳидга ёрдам бериши ҳақида ёзилганди. Буларни кўрган Муҳаммад Зоҳиднинг Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларига бўлган муҳаббати ва боғлиқлиги ортди. Лекин барибир Ҳиротга бориш ниятидан воз кечолмади. Мактубни олиб йўлга чиқди. Йўлга чиқиши билан минган улови сустлашди, тез юролмай қолди. Бухорога 36 км қолганда қаттиқ кўз оғриғи бошланди. Бир неча кун шу ерда қолди. Тузалгач, йўлга чиқди. Бу сафар безгак хасталигига учради. Агар шу тариқа йўлда давом этадиган бўлса, ҳалок бўлишини тушунганди. Ҳиротга боришдан воз кечди. Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг ҳузурига бориб суҳбат ва хизматида бўлишга қарор қилди. Келиб истагига қовушди.

Айтдиларки:

Дарвешлик фақат бир жойга қамалиб ўтириш, кўкда учиш, каромат кўрсатиш эмас. Дарвешлик кўнглини мосуводан (Аллоҳу таолодан бошқа барча нарсадан) поклаб, барчасидан юз ўгиришдир. Бир томонда гуноҳ қилиб, иккинчи томондан “Астағфируллоҳ” дейиш истиғфор эмасдур. Истиғфор бу – Аллоҳу таолонинг амрларига бўйсуниш ва тақиқлаган нарсаларидан амалда сақланишдир.