Яъқуб-и Чархий
Яъқуб-и Чархий ҳазратлари авлиёларнинг буюкларидан эди. Инсонларнинг имон, ибодат ва ахлоқ хусусида ҳақни ўрганиб, бажо келтиришларини таъминлаган ҳамда Аллоҳу таолонинг розилигига эришишлари учун йўл кўрсатган Силсила-и олия деб аталадиган ислом олимларининг ўн еттинчиси халқасидир. Буюк олим ва комил валий эдилар.
Ўзи шундай дейди:
“Бухоро олимларидан илм ўрганиб, ижозат олгандан кейин юртимга қайтмоқчи бўлдим. Қалбимда Баҳоуддин Бухорий ҳазратларининг ёнига бориш орзуси пайдо бўлди. Ҳузурларига бориб “Мени ёдингиздан чиқарманг” деб ёлвордим. “Менинг олдимга кетаётган вақтингда келасанми?” дедилар. “Кўнглим сизга бўлган иштиёқ билан тўла” дедим. У “Бу орзунинг манбаи қаерда?” дедилар. Мен “Буюк бир зотсиз ва ҳаммага мақбулсиз” дедим. Шунда Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари “Бу сабаб етарли эмас, бундан маъқулроқ бўлган сабаб топишинг керак. Ҳаммага мақбул бўлишим шайтоний ҳам бўлиши мумкин” дедилар. Шунда “Саҳиҳ бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳу таоло бир қулини севадиган бўлса, унинг муҳаббатини қулларининг қалбига солади. Шу боис инсонлар у зотни севадилар” деб марҳамат қилинган” деганимда табассум қилиб “Биз азизонмиз” дедилар. Бу сўзни эшитиб, ўзимдан кетишимга оз қолди. Чунки бу учрашувдан бир ой аввал бир туш кўргандим. Тушимда менга “Азизонга шогирд тушгин!” дейилганди. Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари “Биз азизонмиз” деганларида ўша туш ёдимга тушди. Такрор “Менга таважжуҳ қилсангиз. Мени ёдингиздан чиқарманг” деб ёлвордим. У “Бир куни Азизон (Али Ромитаний)дан бир киши мана шундай талабда бўлганди. У зот эса, бир нарсанинг ёдда қолиши учун воситага эҳтиёж борлигини айтганлар. Ёдга олиш учун васила бўла оладиган бирон эсдалик сўрагандилар” дедилар. Буни айтгандан кейин менга муборак дўпписини ҳадя қилиб “Мана бу дўппини олгин, уни ҳар кўрганингда бизни хотирла ва ёдингда тутгин!” дедилар.”
Яна баён қиладики:
“Аллоҳу таолонинг инояти билан бу фақирда авлиёлар йўлига кириш орзуси туғилганида Баҳоуддин Бухорий ҳазратларига интисоб қилиш насиб бўлди. Унинг карам ва илтифотлари мени саодатга ғарқ этди. Кўрдимки, муршидим комилдир. Турли воқеалар ва ғайбдан аломатлар бўлганидан кейин Қуръони каримни очиб бир оятни белги қилиб олишни истадим. “У Пайғамбарлар Аллоҳнинг ҳидоятига эриштирувчи кишилардир, сен ҳам улар юрган йўлдан юр...” деган маънодаги ояти карима чиқди. Унга бўлган боғлиқлигим яна-да кучайди.
Тараддудда юрган кунларим эди. Ичимда шундай бир ғалаён бошландики, зудлик билан Баҳоуддин Бухорий ҳазратларининг ҳузурига бориш учун Қасри Орифон томон йўлга чиқдим. Баҳоуддин Бухорий ҳазратларининг уйига яқинлашганимда йўлга чиқиб, мени кутаётганлигини кўрдим. Мени ёнига ўтқаздилар. Намоз ўқигандан кейин суҳбатни бошлаб, айтдиларки: “Илм икки қисмдир. Бири қалб илми, бу илм энг фойдали илмдир. Бу илмни расуллар ва набийлар ўргатади. Иккинчиси тил илмидир. Бу илм ҳам Аллоҳу таолонинг одамзодга ҳужжатидир. Ботин илмларидан сенга бир улуш тегишидан умид қиламан. Садоқат аҳли билан ўтирганингизда диққатли бўлинг. Чунки улар қалбларга кириб, майл ва ҳавасларингизга боқади. Биз ўз қароримиз билан ҳеч кимни қабул қила олмаймиз. Вазифамиз шундай. Кўрамиз бу кеча қандай аломат билдирилади. Агар сени қабул қилсалар, биз ҳам қабул қиламиз.”
Умримда бундай оғир ва қийин кеча ўтказмадим. Саодат эшигининг юзимга ёпиилишдан қўрқдим. Бомдод намозини устозим билан бирга ўқидим. Намоздан кейин “Сенга муждалар бўлсин! Қабул қилишга белги келди. Биз инсонларни камдан-кам қабул қиламиз. Қабул этганимизда ҳам кеч қабул этамиз. Токи келганларнинг қандай келганлиги ва замонининг танлангани эканлиги равшан бўлсин” дедилар. Халифаси Аловуддин Аттор билан ҳамсуҳбат бўлишимизни амр этдилар. Мен эса, амрга итоат қилган ҳолда унинг ёнига бордим ва вафотигача суҳбатларида иштирок этдим. Сўнгра унинг халифаси сифатида инсонларга ҳақ йўлни кўрсатиш вазифаси берилди.”