Аловуддин Аттор
Аловуддин Аттор ҳазратлари Бухорода етишиб чиққан энг буюк авлиёлардан. Силсилаи олиянинг ўн олтинчисидир. Асл исми Муҳаммад бин Муҳаммад Бухорийдир.
Бадавлат отаси вафот этгач, ўғилларига мерос сифатида жуда кўп мол-мулк қолди. Лекин Аловуддин меросдан улуш олишдан бош тортиб, Шоҳи Нақшбанд Муҳаммад Баҳоуддин Бухорийга талаба бўлишни танлади. Унинг ҳузурига бориб аҳволини тушунтирди ва талабаликка қабуллашини сўради. Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари унга назар этиб “Ўғлим бизнинг йўлимизда заҳмат ва ғам-ташвишлар кўпдир. Дунёни ва нафсингни тарк эта оласанми?” деганларида ҳеч ўйлаб турмасдан “Тайёрман устоз” деди. Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари “Ундай бўлса бугун бир сават олма олиб, ака-укаларингнинг маҳалласида сотгин” дедилар.
Аловуддин насл-насабли ва таниқли бир оилага мансуб бўлишига қарамай кибрланмасдан, ака-укаларининг маҳалласига бориб, бақириб-чақириб олма сотди. Эртаси кун устозининг ҳузурига келиб “Амрингизни бажаришга ҳаракат қилдим, устоз” деди. Устози “Бугун энди акаларингнинг дўкони олдида олма сотасан” дедилар. Аловуддин “Хўп бўлади, устоз” деб, акаларининг дўкони олдига бориб, кечагидек бақириб-чақириб олма сота бошлади. Акалари буни кўриб “Бизни шарманда қилма, пул керак бўлса, истагингча берамиз. Меросдаги улушингдан ҳам ортиғини ол, лекин бу ишни ташла” дедилар. Аловуддин уларга қулоқ солмасдан олма сотишда давом этди. Шунда акалари “Агар олма сотадиган бўлсанг, бизнинг дўконимиз олдида сотма!” дедилар. У яна қулоқ солмади. Акалари уни ҳақоратлаб, ушлаб урдилар. Лекин у ҳеч нарсага эътибор бермай, устозининг амрини бажаришга уринди. Эртаси кун устози “Энди бу иш тугади” дея олма сотишини тўхтатиб, шогирдликка қабул қилдилар.
Аловуддин Аттор ҳазратлари баён қилади:
“Устозим мени талабаликка қабул этгач, унга бўлган муҳаббатим жуда ортди ва унинг суҳбатларидан ажрай олмайдиган ҳолга келдим. Бир куни менга “Сен мени севдингми ё мен сени севдимми?” дедилар. Мен “Бу ожиз хизматчига илтифот кўрсатсангиз у ҳам сизни севади” дедим. Устоз “Бироз кутгин!” дедилар. Бироздан кейин қалбимда унга бўлган севгидан асар ҳам қолмади. Шунда устоз “Севгининг кимдан эканлигини билдингми?” дедилар.”
Талабаликка қабул этилгач, жон-жаҳди билан хизматда бўлди. Талабалари орасида бармоқ билан кўрсатиладиган даражага етди. Устози унинг даражаси юқори эканлигини билгани учун бир куни аёлига “Қизимиз балоғатга етганида хабар бергин” дедилар. Қизи балоғатга етгач, талабаси Аловуддиннинг хонасига кирдилар. Эски бир шолча устида ўтириб, китоб ўқиётганини кўрдилар. Бошининг тагига ёстиқ ниятида қўядиган бир ғиштдан бошқа нарсаси йўқ эди. Устози “Агар қабул қилсанг, балоғатга етган бир қизим бор. Уни сенга никоҳлаб бераман” дедилар. Аловуддин “Буюк лутф кўрсатдингиз. Лекин кўриб турганингиздек ҳеч нарсам йўқ” деди. Устози “Қизим сенинг тақдирингга ёзилган. Ризқингизни эса, Аллоҳу таоло бераман деб ваъда қилган” - дедилар. Бироз вақт ўтиб, турмуш қурдилар.
Бир куни Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари талабалари билан қирга чиққанди. Йўлда бир дарёдан ўтишга тўғри келди. Дарё ёққан ёмғирлар туфайли тўлиб-тошиб, дарахтларни илдизлари билан қўпориб оқарди. Устози “Аловуддин сувга сакра!” деди. Аловуддин ҳеч тараддудсиз сувга сакради. Тўлиб оқаётган сув ичида йўқолди. Талабалари ўзларини йўқотиб қўйган эдилар. Лекин устозларидан ҳеч нарса сўрамадилар. Устозлари шомга яқин қирдан қайтаётганида кўприк ёнига келиб “Бир киши камми?” дедилар. Талабалари “Ҳа шундай” дедилар. Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари қўлини узатиб “Аловуддин кел!” дедилар. Шунда Аловуддин дарёдан чиқиб келди. Ҳатто кийимлари ҳам ҳўл бўлмаганди. Устозлари “Қаранглар, дарё илдизлари маҳкам, соғлом бўлмаган дарахтларни йиқитиб оқизмоқда. Лекин Аловуддиннинг илдизи маҳкам бўлгани учун уни оқиза олмади”- дедилар.
Аловуддин Аттор ҳазратлари айтдики: “Мақсадга фақат устознинг розилиги билан етиш мумкин. Шогирднинг зиммасига бутун ишларини устозига ҳавола қилиш қолади. Устозининг ёнида ўзича иш қилмаслиги керак. Аллоҳ одамлари билан суҳбат ақлни орттиради. Уларни кўрмасдан икки кунни ўтказиб юбормаслик керак.”
Вафот этгандан кейин тушда кўриниб “Аллоҳу таолонинг бизга берган неъматлари мўл. Қабримдан 40 фарсаҳгача (240 км) масофада дафн қилиниган мусулмонлар шафоатим билан мағфиратга эришишлари билдирилди” деди.