Али Ромитаний
Али Ромитаний ҳазратлари Силсилаи олиянинг ўн иккинчисидир. Бухоро яқинидаги Ромитан қишлоғида туғилдилар. Барчага ҳақ йўлни кўрсатган, қалбидан нур сочган Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратларидан кўп истифода қилдилар. Авлиёлик даражаларига эришдилар. Моддий илмларда ҳам юксалдилар. Ибодат ва дарслардан кейин ҳалол луқма ишлаб топиш учун тўқимачилик билан шуғулланардилар. Шу сабабдан унга тўқимачиларнинг шайхи маъносида "Пир-и Нассож" ҳам дейишарди.
Бир талабаси унга овқат келтирганди. Унга “Олиб келган таоминг меҳмон келиб, нима беришимни билмай танг ҳолда турган вақтимда ёрдам берди. Энди биздан қандай муродинг бўлса, сўрагин! Чунки ҳозир ҳожат эшиклари очиқдир” дедилар. Талаба “Илмда ва авлиёликда сизга ўхшашдан бошқа орзум йўқ” деб жавоб берди. Али Ромитаний ҳазратлари “Жуда қийин ва юки оғир бир ишни орзу қилдинг. Бунинг юкини кўтара олармикансан” дедилар. Талаба “Бу дунёдаги ягона истагим худди сиздек бўлишдир. Лекин ҳар қанақа амрингизга розиман” деди. Ромитаний ҳазратлари талабага таважжуҳ этдилар. Бу талаба бироз муддатдан кейин зоҳир ва ботинда Аллоҳу таолонинг изни билан устозининг даражасига етишди. Лекин ишқи илоҳийда маст бўлиб, ўзини йўқотди. Шу тариқа қирқ кун ётиб кейин вафот этди. Унга бир онда ўзининг мақомларини бериб, ўзидек қилгани учун иккита азиз маъносида устозининг исми ҳам “Азизон” бўлиб қолди.
Али Ромитаний умрининг охирларида Бухородан Хоразмга келдилар. Қалъа дарвозаси олдига жойлашдилар ва у ернинг подшоҳига икки талабасини юбориб: “Султоннинг олдига боринглар. Фақир бир тўқимачи шаҳрингизга келганди. Изн берсангиз шу ерда қолмоқчи, изн бермасангиз ортига қайтади денглар. Изн берса, султоннинг қўлидан муҳрланган бир ҳужжат олинглар” деди. Талабалари бориб, султонга арзларини айтдилар. Султон бундай истакни илк бор эшитиб тургани учун кулгили туюлса-да, қўлларига муҳрланган ҳужжат берди. Бу ҳужжатни талабалари олиб келдилар. Азизон ҳазратлари шаҳарнинг чеккасидаги бир очиқроқ жойга жойлашдилар.
Ҳар куни мардикорлар тўпланган бозорга бориб, улардан бир нечтасини ишга яллаб оларди. Улардан кунлик ҳақларини сўраб билгандан кейин “Энди таҳорат олиб, аср намозигача суҳбатимизга қатнашинг. Асрдан кейин ҳақларингизни олиб, уйларингизга боринглар” дерди. Мардикорлар ҳеч иш қилмай ўтириб, ибодатларини қилиш билан бирга ҳеч эшитмаган нарсаларини ўрганардилар, шомга яқин ҳақларини олардилар. Суҳбатларига бир марта қатнашган киши унинг лаззатига тўя олмай, қайтиб ажрала олмасди. Бу ҳолат бутун шаҳарга ёйилди. Аҳоли унинг талабаси бўлиш учун ҳамма нарсага тайёр эди. Ҳар куни уйи одамлар билан тўлиб-тошарди. Дуосини олиш учун халойиқ бир-бири билан ярашарди. Ниҳоят баъзи кимсалар аҳволни султонга шундай билдирдилар:
“Шаҳарда бир дарвеш пайдо бўлибди. Одамлар унинг ҳузурига дарё бўлиб оқмоқда. Унинг айтгани айтган, дегани деган. Унинг ҳар истагини худди амрдек қабуллаб, кимўзарга бажо келтиришмоқда. Бу кетишда халқ уни ўзларига султон қилиб кўтарадилар ва сиз салтанатингиздан жудо бўласиз.”
Султон уни шаҳардан чиқариш ҳақида фармон ёзиб, одамларини жўнатади. Али Ромитаний ҳазратлари келганларга “Бизнинг шаҳарда истиқомат қила олишимиз ҳақида имзоланган ва муҳрланган фармон бор. Агар султон ўз имзосини, муҳрини, изнини инкор этадиган бўлса, унда биз ҳам шаҳардан чиқиб кетишга розимиз” деган жавобни берадилар. Бу жавобни султонга етказишади. Султон ўзи берган изнни қайтариб оладиган даражада пасткашликка бормайди. Аксинча келиб, суҳбатларга қатнашди. Унинг суҳбатидаги лаззатни ва нозикликни яхши англаган султон унинг энг илғор талабаларидан бўлади.