Маҳмуд Анжир Фағнавий
Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратлари Силсилаи олиянинг ўн биринчисидир. Моварауннаҳрнинг Тури Синодек муқаддас бир жой юрт бўлишига васила бўлган, у ерни нурлантирган улуғ олим ва авлиёлардан бўлган Маҳмуд Анжир Фағнавий Бухоронинг Фағна қишлоғида туғилдилар. 1315 йили вафот этдилар. Меъморлик билан кун кечирганлар.
Хўжа Ориф Ревагарий ҳазратларининг дарсларида ва суҳбатларида етишиб, камолга келдилар. Моддий ва маънавий илмларда замонининг буюк олимларидан бўлдилар. Инсонларга тўғри бўлган саодат йўлини кўрсатиш учун устозидан ижозат олдилар. Кўплаган олим етиштирдилар. Минглаган кишиларнинг залолатдан ҳидоятга, яъни бузуқликдан тўғри йўлга ва саодатга қовушишига васила бўлдилар. Етиштирган олимлари орасида энг улуғи ўзларидан кейинги халифалари Хўжа Али Ромитанийдир.
Устози Ориф Ревагарийдан ижозат олиб, инсонларни тўғри йўлга бошлаш вазифаси берилгач, ўша пайтларда керак бўлган овозли (жаҳрий) зикрни бошладилар. Дастлабки жаҳрий зикр айтишлари устозининг сўнгги хасталиги вақтида Ревагар тепалиги устида бўлганди. Хўжа Ориф шунда “Дам бу дам” дегандилар. Бу сўзини розилигига аломат деб тушундилар. Хўжа Ориф Ревагарийнинг вафотидан кейин қалъа дарвозаси олдидаги масжидда жаҳрий зикр тушишда давом этдилар. Замонининг буюк олимларидан Хўжа Муҳаммад Порисонинг боболаридан Мавлоно Ҳафизуддин олимларнинг устози Шамс-ул-аимма Ҳулвонийнинг ишораси билан Бухорода замонанинг энг улуғ имом ва олимларининг ҳузурида Хўжа Маҳмудга: “Сиз қандай ният билан овоз чиқариб жаҳрий зикр айтяпсиз?” деб савол қотдилар. Хўжа Маҳмуд “Ухлаётганларни уйқудан, ғофилларни ғафлатдан уйғотиш, инсонларни диннинг асосий ва тўғри йўлида юритиш, ҳақиқатга ташвиқ қилиш, шу тариқа инсонларни бутун яхшиликларнинг калити, ҳар саодатнинг асоси бўлган тавбага ва бир буюк зотга интисоб қилишларига (боғланишларига) сабаб бўлиш ниятида” деб жавоб бердилар. Мавлоно Хафизуддин унга “Агар ниятингиз мана шундай дуруст бўлса, бундай жаҳрий зикр қилишингиз жоиз бўлур” дедилар.
Маҳмуд Анжир Фағнавий айтдиларки:
“Жаҳрий зикрни, яъни сасли, овозли зикрни фақат тили ёлғону ғийбатдан, меъдаси ҳарому шубҳалилардан пок, қалби риё-ю хўжакўрсиндан узоқ, сири Раббидан бошқа барча нарсага таважжуҳдан муназзаҳ бўлган кишигина айта олади.”
Буюк олим Али Ромитаний айтдилар:
“Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий замонида дарвешлардан бири Хизр алайҳиссаломни кўрди ва ундан: “Бу замонда этагидан тутиб, изидан эргашиладиган шайх кимдир?” деб сўради. Ҳазрати Хизр “Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий” деди.”
Ҳазрати Хизр билан кўришиб, бу саволни сўраган зот Али Ромитанийнинг ўзи эканлиги айтилади. Бир куни Хўжа Али Ромитаний Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг яқинлари билан бирга Ромитан саҳросида ҳавода учиб юрган катта оқ қушни кўрдилар. Бу қуш уларнинг бошига яқин келиб, аниқ-тиниқ қилиб “Эй Али, комил эр бўлгин! Сўзингга содиқ қолгин. Ушлаган этагингни маҳкам тутгил, аҳдингни бузмагин!” деди. Бу қушни кўриб, айтганларини эшитгач дўстларини ажойиб бир ҳол қоплаб, ҳушларидан кетдилар. Ўзларига келгач, қуш ва унинг гапиргани ҳақида сўрадилар. Али Ромитаний айтдики: “У Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий эди. Аллоҳу таоло унга бу кароматни эҳсон этди. Ҳозир Хўжа Деҳҳон хаста, сўнгги лаҳзаларини яшамоқда. Уни йўқлаб, зиёратга кетмоқда. Чунки у Аллоҳу таолодан сўнгги нафасда ўзига ёрдамчи бўлиши учун авлиёларидан бирини юборишини илтижо қилган эдилар. Хўжа Маҳмуд шу сабабдан у зотнинг ёнига кетмоқдалар.”