Ориф Ревагарий
Ориф Ревагарий ҳазратлари Силсилаи олиянинг ўнинчисидир. Бухородан 30 км узоқликдаги Ревагар қишлоғида дунёга келди.
Кичик ёшидан таҳсил олишни бошлади. Заковати ва тез ўзлаштириш қобилиятининг порлоқлиги сабабли қисқа вақтда камолга келди. Бу аснода илм ва ҳикмат соҳиби, ибодат шартларини бекаму кўст бажарувчи, инсонларга ҳақ йўлни кўрсатишда замонининг қутби бўлган Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари билан танишди ва бутун олами ўзгарди. Илк кундаёқ абадий саодат тожининг бошига қўнганини ҳис этди. Дарҳол унга боғланиб, то вафотигача ундан ажралмади.
Устози илк суҳбатида унга шундай деди:
“Ҳақ йўлдаги талаба вақтнинг қийматини яхши билиши керак. Вақт ўтиб кетаётганда ўзининг қандай ҳолда эканлигини сезишга уриниш лозим. Агар ўтказган ҳар бир онида ҳузурда бўлган бўлса, буни яхши ҳол деб билиш керак. “Аллоҳимга шукрлар бўлсин!” дейиши лозим. Агар ғафлат билан ўтказган бўлса, дарров уни тузатишга киришиши, буюк Яратганга узрини билдириб, Ундан авф этишини тилаши, астағфируллоҳ дейиши керак.”
Ориф Ревагарий устози Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг ҳаётларида унга хизмат қилиши билан машҳур бўлиб, жуда кўп файз ва баракатларига эришди. Устозининг вафотидан кейин унинг ўрнига Жаноби Пайғамбаримизнинг ва Асҳобининг йўлини инсонларга ўргатиш ишида жавобгар бўлди. Ҳиммат, иноят ва ғайратларини Аллоҳу таолони излаганларга сарфлади.
Кўплаган кишиларнинг ҳидоятга ва авлиёлик мақомларида юксак даражаларга эришишиларига васила бўлдилар. Замонининг ягонаси эдилар. Ҳамма билан жуда яхши ва юмшоқ муомалада бўлар, ҳеч кимнинг кўнглини оғритмасдилар. Нафсининг истаганларини ҳеч вақт бажармас, истамаганларини бажариб, руҳини юксалтиш учун қаттиқ ҳаракат қилардилар. Ҳаромлардан қаттиқ сақланар, ҳатто ҳаромга тушиш қўрқуви билан мубоҳларнинг кўпини ҳам тарк этардилар. Кечалари вақтини доим ибодат билан ўтказар, кундузлари талабаларга дарс берар, суннат бўлгани учун пешиндан аввал бироз ухлаб олардилар. Бунга қайлула дейилади. Пайғамбаримизнинг суннатларини жуда яхши билардилар ва буларнинг унутилиб кетмаслиги учун қаттиқ ғайрат кўрсатардилар.
Суҳбатларини шундай бошларди:
“Аллоҳу таоло барчамизни дунё ва охиратнинг сарвари, бутун инсонларнинг ҳар жиҳатдан энг устуни ва энг яхшиси бўлган Расулуллоҳга тобе бўлиш саодати билан шарафлантирсин! Чунки Жаноби Ҳақ Унга тобе бўлишни, Унга эргашишни жуда севади. Унга эргашишнинг кичик бир зарраси бутун дунё лаззатларидан ва бутун охират неъматларидан ҳам устундир. Ҳақиқий устунлик унинг суннати санийясига тобе бўлишдир.”
Ориф Ревагарий ҳазратлари узоқ умр кўрганлар. Қабрини зиёрат қилганнлар унинг файз ва баракатига эришмоқдалар. У зотни васила қилиб, Аллоҳу таолога қилинган дуолар қабул бўлмоқда.