Абдухолиқ Ғиждувоний
Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратлари Силсилаи олиянинг тўққизинчисидир. Отаси Абдулжамил Рум диёридаги Малатия шаҳридан эди. Хизр алайҳиссалом отасига “Эй Абдулжамил! Сен бир ўғил кўрасан, исмини Абдулхолиқ қўйгин” деб буюрганди.
Сўнгра Абдулжамил Бухоронинг Ғиждувон деган жойига кўчиб ўтди. Кўп ўтмай ўғиллик бўлди. Исмини Абдулхолиқ қўйди. Абдулхолиқ беш ёшга тўлганида илм ўрганиши учун Бухорога жўнатди. Буюк олим Хўжа Садриддин ҳазратларидан Қуръони карим ва тафсирини ўргана бошлади. Бир куни дарсда “Раббингизга яширин дуо қилинг!” маолидаги ояти каримани ўқигач, устозидан “Бу ерда яширин қайси маънони билдиради? Агар зикр ва дуо ошкор, овоз чиқариб қилинса, риёдан қўрқилади. Агар қалб билан бўлса, томирларда юрган шайтон эшитади. Нима қилишим керак?” деб сўради. Устози Садриддин ҳазратлари бу ёшдаги бир боланинг бундай саволига ҳайрат қилиб “Бу масала қалб илмларининг бир мавзусидир. Иншаллоҳ, сен бу илмларни ўргата оладиган устозга қовушасан. Бу мушкулингни шу тариқа ҳал этасан” деди. У энди ўша зотни кутишни бошлади. Бир куни Хизр алайҳиссалом унинг ёнига келди. Унга Аллоҳу таолони яширин ва ошкор ёдга олиш йўлларини ўргатиб “Қалбингдан Ла илоҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ калимаи тоййибасини шундай сўзлагин” деб таърифлади.
Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари Бухорога келганларида Абдулхолиқ Ғиждувоний унинг хизматига кирди ва бу хизматда бироз муддат қолди. Буни шундай баён қиладилар:
12 ёшимда эдим. Хизр алайҳиссалом менга Юсуф Ҳамадонийдан илм ўрганишимни тавсия этди. Унинг Бухорога келганини эшитиб, дарров ёнларига бордим. Ундан жуда кўп фойда кўрдим.
Дарс ўтаётганида бир ёш йигит ичкарига кирди. Бироздан сўнг рухсат сўраб “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг. Чунки у Аллоҳ нури билан боқади” деган ҳадиси шарифнинг сири нимада деб сўради. Устозим бу ёш йигитга ҳайбат билан боқиб “Аввал белингдаги зуннорни (христианлар тақадиган ип) қирқиб ташла ва мусулмон бўл” дедилар. Йигитча хавотир билан “Мен мусулмонман, зуннорим йўқ” деди. Шунда бир талабасига йигитчанинг чопонини ечишни ишора қилдилар. Талаба бу йигитнинг устидаги чопонни ечганида белида христианларга оид зуннор дейиладиган белбоғ кўринди. Йигитча қаттиқ уялди. Устозга нисбатан қалбида севги ҳис эта бошлади. Мана шу тариқа авлиёларнинг Аллоҳ нури билан боқиши нима эканлигини яхши тушунди. Калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлиш билан шарафланди. Сўнгра устоз талабаларига “Бу йигит белидаги моддий зуннорини қирқди. Биз ҳам қалбларимиздаги зуннорларни қирқайлик. Бу кибр ва ғурурдир” дедилар.
Бир куни бир киши келиб “Охирги нафасда имон билан кетишимиз учун бизга дуо қилсангиз” деб илтимос қилди. Бу меҳмонга жавобан: “Фарзларни адо этгандан кейин дуо қилган мўминнинг дуоси қабул бўлади. Сен фарзларни бажаргандан кейин дуо қилаётганингда бизни хотирласанг, биз ҳам сени ёдга оламиз. Бу ҳолат ҳам сен, ҳам биз учун дуонинг қабул бўлишига васила бўлади” дедилар.
Шиа эътиқодли Сафавий босқинчилари Ғиждувон шаҳрини қамалга олганида қўққисдан қалъа ичидан уларга қарши ҳужумга чиққан аскарларнинг бошида ҳайбатли бир зотнинг икки тиғли қилич билан ҳужумга келаётганини кўрдилар. Кўп қурбонлар бериб, ортга қочдилар. Устознинг вафотидан аввал айтган қуйидаги гаплари унинг 332 йил кейин юз берадиган кароматлари эди.
Дўстга қутлуғ, душманга эса бало бўламан,
Жангда гўё пўлатдек, тинчликда эса мумман.
Нур чашмасининг боши Ғиждувон манзилимиз,
Урушда икки тиғли қилич билан жанг қиламан.