Абу Али Формадий
Абу Али Формадий ҳазратлари Силсилаи олиянинг еттинчисидир. Ўз даврининг танҳоси эди. Зоҳирий дин илмларини Абул Қосим Қушайрийдан ва бошқа олимлардан ўрганди. Насиҳатлари жуда таъсирли эди. Низом-ул-мулк ва замонининг давлат бошчилари уни қаттиқ ҳурмат қилардилар. Тасаввуф илмининг мутахассиси эди. Имом Ғазолий ва Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг устози эди.
Ўзи айтиб берган:
Ёшлигимда Нишопурда илм ўрганардим. Бир куни Шайх Абу Саид Абулхайр ҳазратларининг Нишопурга келаётгани ҳақида хабар олдик. Кароматлари машҳур эди. Нишопур халқи, олимлар ва замонанинг кўзга кўринган инсонлари, барча унинг буюклигини билар ва уни қаттиқ ҳурмат қиларди. Тумонат одам кутиб олишга чиқдик. Мен ҳам уни кўришни истардим. Уни кўрар-кўрмас унга ва тасаввуфга бўлган қалбимдаги севги ортди. Шу куни суҳбатини диққат билан тингладим. Суҳбатларида давомли иштирок этишга бошладим. Бир куни уни жуда кўргим келди. Лекин у кун суҳбат бўлмайдиган кун эди. Сабр қилиш керак дедим. Чидай олмай ташқарига чиқдим. Атрофимга боқдим. Абу Саид ҳазратлари бир неча одам билан бир жойга кетаётган эди. Уларнинг орқасидан эргашиб бордим. Бир жойга меҳмонга кетишаётган экан. Чақирилган уйга кирдилар. Ортларидан мен ҳам кириб, бир бурчакка ўтирдим. Мени ҳали кўришмаган эди. Бир пайт шайхни шундай бир ҳол қоплаб олдики, ўзидан кетиб, устидаги чопонини йиртиб парча-парча қилдилар. Кейин жулдур бўлган либосини ечиб ерга ташладилар. Суҳбатда ўтирганлар йиртилган либосни парчаларга бўлиб тарқатиши учун Шайхнинг олдига қўйдилар. Бу парчалардан енг қисмини олиб “Абу Али қаердасан?” дедилар. Мен ўзимча мени танимайдилар-ку, шогирдлари орасида ҳам Абу Али деган бирортаси бордир шекилли деган ўйда жавоб бермадим. Иккинчи марта чақирганида у ердагилар менга “Шайхимиз сизни чақиряпти” дейишди. Ўрнимдан туриб, олдиларига бордим. Бу парчани менга бериб “Сен бизга шу бир парча матодек яқинсан” дедилар.
Абул-Қосим Қушайрийнинг ёнида бўлган вақтимда менда пайдо бўлган ҳолларни у зотга айтганимда “Болам, илм ўрганиш билан машғул бўлгин” дердилар. Яна 2-3 йил илм ўргандим. Бир куни қаламимни сиёҳ идишига ботириб-чиқарсам, оппоқ бўлиб чиқди. Уч марта қайталадим. Барида сиёҳ оқ чиқарди. Бу ҳолни устозимга арз қилдим. У зот бўлса “Модомики, қалам сенинг қўлингдан қочаётган экан, сен уни ташлагин” дедилар. Мен мадрасадан алоқани узиб, даргоҳга ўтдим.
Бир куни менга бир ҳол бўлиб, ўзимдан кетдим. Бир муршидга, раҳбарга, йўлбошчига эҳтиёжим бор деб ўйладим. Абул-Қосим Гургонийнинг исмини эшитгандим. Тус шаҳрига бордим. У зот талабалари билан мажлисда ўтирардилар. Мен ҳам олдиларида тиз чўкдим. Шайхнинг боши эгилган ҳолда эди. Бошини кўтариб “Кел, Абу Али” дедилар. Ёнларига бориб, ҳолларимни арз қилдим. У зот “Бошланиши муборак бўлсин. Тарбия кўрсанг, юксак даражаларга эришасан” дедилар. Қалбимдаги шавқ ва муҳаббат ортган эди. Бу орзумнинг кучайгани сабаб Абул-Ҳасан Ҳарқоний ҳазратларининг суҳбатларига, ниҳоятсиз файзларига эришдим.
Бир куни устозим Абул-Қосим Қушайрий ичкарида ҳаммомда ғусл қилардилар. Мен ташқарида "балки сув тугаб, керак бўлиб қолар" деб, қудуқдан бир челак сув тортиб, ҳаммом ҳовузига қуйдим. Ўша пайтда ҳақиқатан ҳам ичкарида сув тугаб қолиб, шайхим танг аҳволда қолган экан. Устоз ҳаммомдан чиққач “Эй Абу Али, Абул-Қосимнинг 70 йилда қўлга киритган даражасини сен бир челак сув билан қозондинг” дедилар.
Бир гал сафарда тоғ этагидан ўтаётганимизда олдимиздан катта бир илон чиқди. Ҳаммамиз қўрқиб қочдик. Абу Саид ҳазратлари ҳам шу ерда эдилар. Отидан тушиб, илонга яқинлашдилар. Мен Шайхнинг ёнида эдим. Илон у зотнинг олдида бошини ерга суриб, ҳурмат кўрсатди. Шайх ҳазратлари илонга “Сенга заҳмат бўлди” дедилар. Сўнгра илон тоғ тарафга қайтиб кетди. Шайх “Бу тоғда биз бир неча йил мана шу илон билан бирга қўшни бўлиб кун кечирдик. Бизнинг бу ердан ўтишимизни билиб, дийдорлашгани келибди. Аҳднинг гўзаллиги имондандир. Гўзал ахлоқли бўлган инсонга нисбатан ҳамма нарса гўзал муносабатда бўлади. Ҳазрати Иброҳим пайғамбар ҳам гўзал ахлоқли эди. Шунинг учун олов ҳам, унга гўзал муносабатда бўлди. Уни ёқмади, куйдирмади.”