Боязид-и Бистомий
Боязид-и Бистомий ҳазратлари Силсилаи олиянинг бешинчисидир. Орифлар султони деган ном билан машҳурдир. Исми Тайфурдир. Увайсий эди. Ўзидан қирқ йил аввал вафот этган имоми Жаъфари Содиқ ҳазратларининг руҳониятидан фойдаланди. 113 олимдан илм ўрганди. Жуда олим, фозил ва адиб киши эди.
Ҳали онасининг қорнида эканлигидаёқ кароматлари кўрина бошлади. Онаси унга ҳомиладор вақтида шубҳали бир нарсани оғзига солса, уни чиқариб ташаламагунча қорнига урарди. Болалигида бир куни масжид ҳовлисида ўйнаб юрарди. Шақиқ-и Балхий ҳазратлари “Бу бола катта бўлса, замонининг энг буюк авлиёси бўлади” деди. Ҳадис олимларидан бири уни кўргач, жуда ёқтириб қолди. “Эй бола, намоз ўқишни биласанми?” деди. Боязид Бистомий “Ҳа, Аллоҳ тиласа бажара оламан” деди. Олим “Қандай қилиб?” деб сўради. Боязид “Буюр ё Рабби! Амрингни бажариш учун такбир оламан, Қуръони каримни дона-дона қилиб ўқийман, таъзим билан рукуга бораман, тавозу билан сажда қиламан, видолашиб салом бераман” деди. У олим зот ҳайрон қолиб “Эй зукко бола! Сенда шунча фазилат ва теран билим бор экан, нимага одамларнинг бошингни силашига изн беряпсан?” деди. Боязид “Улар мени эмас, Аллоҳу таолонинг мени зийнатлантирган бу гўзалликни силамоқдалар. Менга оид бўлмаган бир нарсага тўсиқ бўлишим тўғрими?” деди.
Онасига хизмат
Кичик ёшидан бошлаб ўқишни бошлади. Дарсларга диққат билан давом этарди. Бир куни ўқиган бир оятининг (Луқмон, 14) таъсири билан уйга қайтди. Онаси ташвишланиб нима учун эрта қайтганлигини сўраганида шундай жавоб берди: “Ўрганган бир ояти каримамда Аллоҳу таоло ўзига ва сизга итоат этишимни амр этмоқда. Ё сизга хизмат қилай, ё бўлмаса мени бўш қўйинг. Фақат Аллоҳу таолога ибодат билан машғул бўлайин” деди. Онаси “Сен мени қўйгин, Аллоҳу таолога ибодат этгин” деди. Бундан кейин ўзини Аллоҳу таолога бағишлади, амрларининг бирортасини ҳам қолдирмади, лекин онасининг хизматини ҳам ташлаб қўймади. Онасининг кичик орзусини буюк амр деб қабул қилиб, ҳар қандай ҳолатда бажаришга уринди. Чунки Аллоҳу таолонинг амри ҳам шундай эди.
Совуқ бир қиш кечаси эди. Онаси уйғониб, сув ичишни истади. У дарров сув олиш учун ўрнидан турди. Лекин челакда сув йўқ эди. булоқ бошига бориб, челакка сув тўлдирди. Уйга келганида онасининг яна ухлаб қолганини кўрди. Уйғотишга кўзи қиймади. Челакни қўтарганича кутди. Анча вақтдан кейин уйғониб “Сув, сув” деб сўзлади. Ўғлини бу ҳолда кўриб “Ўғлим, нима учун челакни кўтариб олибсан?” деб сўради. Боязид “Уйғонганингизда дарров сув бериш учун челакни кўтариб олдим” деди. Онаси “Ё Рабби, мен ўғлимдан розиман. Сен ҳам рози бўл!” деб дуо қилди. Балки онасининг мана шу дуоси сабабли Аллоҳу таоло унга авлиёнинг юксак мартабаларига эришишни эҳсон қилди.
Ибодат завқи
Ёшлигида қилган баъзи ибодатларидан завқ ололмасди. Бу ҳолатни онасидан ҳам сўради. Улғайишида, тарбиясида бир қусур бўлганми деб сўради. “Ичимда мени Раббимдан ажратувчи бир нарса ҳис қиламан. Лекин сабабини билмайман” деди. Онаси анчагина ўйланганидан кейин “Ўғлим, фақат битта нарсани хотирлайман. Сен жуда кичик эдинг. Қўшниларникига чиққандим. Қучоғимда йиғлашни бошладинг. Ҳеч овутолмадим. Сени овутиш учун ўчоқда пишаётган шўрвага изнсиз бармоғимни ботириб, оғзингга солдим” деди. Буни эшитиб, онасига у қўшнининг олдига бориб, у билан ҳалоллашишни айтди. Онаси ҳалоллашгандан кейин ибодатларидан завқ олишни бошлади. Бир кеча саҳар вақти Аллоҳ деди. Сўнгра ҳушини йўқотиб, йиқилди. Ўзига келганидан кейин нимага ҳушидан кетганлигини сўрадилар. “Сен ким бўлибсан-ки, менинг исмимни оғзингга оладиган?” деган овоз келади деб жуда қўрқдим ва шу сабабли ҳушимдан кетдим деди.
Бир киши “Бу даражаларга қандай етишдингиз?” деб сўради. Унга “Ҳар жойда Аллоҳу таолонинг кўриб ва билиб турганини тушуниб, одобга риоя этиш билан” деб жавоб берди.
Бир кеча ўтирганида оёқларини узатганди. “Султоннинг ёнида ўтирганда одобга риоя қилиш керак” деган овозни эшитиб, дарров оёқларини йиғиштирди.
Айтдики:
Аллоҳу таолони ёдингда тут, тилингни бошқа ишлар билан шуғулланишдан сақла. Нафсингни ҳисобга торт. Илмга ёпиш ва одобни сақла. Марҳамат соҳиби ва юмшоқ бўл. Аллоҳу таолони унутдирадиган барча нарсадан узоқ тур. Бир кишининг Аллоҳу таолога бўлган севгисининг ҳақиқий эканлигининг аломати у кишдиа денгиз мисоли сахийлик, қуёш мисоли шафқат ва тупроқ мисоли тавозу каби уч хислатнинг бўлишидир.