Жаъфари Содиқ
Жаъфари Содиқ ҳазратлари Аҳли байтдан бўлиб, Силсилаи олиянинг тўртинчисидир. Отаси Муҳаммад Бокир, бобосининг бобоси ҳазрати Алидир.
Илм ва фазилатда замонининг бир донаси бўлди. Дин билимлари билан бир қаторда фан илмларида ҳам сўзлари далил эди. Етиштирган талабалари жабр ва кимё илмларида турли кашфлар қилган, бу илмларнинг асос системасини қурганлар. Физика ва кимё илмларининг мавзусини ташкил этган модда ва улар ҳақида билими жуда теран эди. Кимёнинг отаси ҳисобланадиган Жобир ҳам Жаъфари Содиқ ҳазратларининг шогирди эди.
Имоми Жаъфарнинг энг машҳур шогирдларидан бўлган Имом Аъзам Абу Ҳанифа бу зотнинг суҳбатларига икки йил қатнаб, ботиний ва зоҳирий маърифат манбасидан илм ҳамда авлиёлик йўлида кўп истифода қилди. Имоми Аъзам бу зотнинг ҳузурида эришган юксак мартабаларни билдириш учун “Мана шу икки йил бўлмаганида Нўъмон ҳалок бўларди” деган эди.
Ҳақиқий ислом олимлари динимизни ҳеч ўзгартирмасдан бугунгача олиб келдилар. Бу олимлардан имон билимларини ўргатганлари “Мутакаллимин”, ибодатлар ҳақида дарс берганлари “Фуқаҳо”, қалб орқали бажо келтириладиган ва сақланадиган ишларни ўргатувчи илмга “Тасаввуф”, бу илмнинг олимларига “Мутасаввифин” дейилди. Имом Жаъафари Содиқ ҳазратлари булардан учинчи илмни таълим қилди.
Замонининг ҳукмдори бир кеча вазирига шундай деди: “Зудлик билан бориб Имоми Жаъфарни олиб кел. Уни ўлдирмоқчиман.” Вазир ҳукмдорни ниятидан қайтаришга қанчалик уринса ҳам, у аҳдидан қайтмади. Вазир мажбуран имомни чақириб келишга кетди. Ҳукмдор эса, жаллодларга амр берди: “Имом Жаъфар ичкарига кирганида менга қараб туринглар, қачонки бошимдан бошкийимимни ечаман, ўша заҳоти калласини танидан жудо қилинглар!” Бироз муддат ўтиб Имоми Жаъфари Содиқ ҳазратлари ичкарига кирди. Ҳукмдор дарров ўрнидан сапчиб турди. Чуқур ҳурмат-эҳтиром билан ҳазратни кутиб олди. Ёнбошига ўтқазди ва ўзи одоб билан қаршисига тиз чўкиб ўтирди. Жаллодлар шошиб қолди. Ҳукмдор имомга “Устоз, мендан нимаики истагингиз бўлса, айтинг бажараман” деди. Имоми Жаъфар ҳукмдорга “У ҳолда марҳамат қилиб мени бошқа ҳузурингизга чақириб, ибодатдан қолдирманг” деди-да кетиш учун ўрнидан турди. Ҳукмдор иззат ва ҳурмат билан уни кузатиб қўйди. У кетганидан кейин ҳукмдорнинг вужудида титроқ туриб, ҳушини йўқотди. Ўзига келгач вазири сўради: “Сизга нима бўлди ҳукмдорим?” Ҳукмдор: “У ичкарига кирганида ёнида баҳайбат бир арслон кўрдим. Арслон менга гўё “Уни ранжитсанг, сени парча-парча қиламан” дерди. Нима қилишимни билмай, шошиб қолдим” деди.
Имом Жаъфари Содиқ ҳазратларининг насихатларидан баъзилари:
“Қуйидаги кимсалар билан бирга бўлишдан сақлангин:
1) Ёлғончи билан;
2) Хасис билан;
3) Аҳмоқ билан. Чунки энг керак бўлган пайтда сени ташлаб кетади.
4) Фосиқ, яъни гуноҳ ишлашдан уялмайдиган кимса билан!”
“Бирон хатога қўл урганингизда дарҳол истиғфор этинг. Хатода оёқ тираб туриб олиш, қайсарлик қилиб, хатодан қайтмаслик ҳалок бўлишга сабабдир. Кун кўриши, рўзғор тебратиши қийинлашган одам истиғфор ўқишда давом этсин.”
“Дарду балога шукр қилмаган одам, неъматга ҳам шукр қилмайди.”
“Садақа бериш орқали ризқингизни кўпайтиринг. Закот бериш орқали мол-мулкингизни ҳимояланг. Тежамкор бўлган киши ташвиш кўрмайди. Тадбирли, тартибли яшаш тирикчиликнинг ярмидир. Инсонлар билан яхши муомалада бўлиш ақлнинг ярмидир. Мусибат замонида сабр сақламай тиззасини муштлаган одам савобидан маҳрум қолади.”
“Шу тўрт нарсанинг ози ҳам кўп: Оташ, душман, фақирлик, хасталик.”
“Шу уч нарса мусулмонга шараф беради: Сенга зулм қилган кимсани кечириб юбориш, неъматни сендан аяганга яхши муомалада бўлиш ва сени изламаганни, сўраб-суриштириш.”