Қосим бин Муҳаммад
Қосим бин Муҳаммад ҳазратлари Тобеъиннинг буюкларидан бўлиб, Мадинада етишган ва “Фуқаҳо-и сабъа” деган ном билан машҳур бўлган етти буюк олимдан биридир. Силсилаи олия деб аталувчи улуғ олим ва валийларнинг учинчисидир.
Отаси Муҳаммад ҳазрати Абу Бакрнинг ўғлидир. Имоми Зайналобидин билан ҳам холавачча бўладилар. Отаси шаҳид қилиниб, кичик ёшида етим қолгач, аммаси ҳазрати Оишанинг ёнида ўсиб-улғайди. Асҳоби киромдан бир қанчасини кўрган ва улардан илм ўрганган. Аммаси ҳазрати Оиша, Абу Ҳурайра, Ибни Аббос ва Ибни Умар каби машҳур саҳобалардан ҳадиси шарифлар ривоят қилган. Тасаввуф илмида мутахассис эди. Вароъ ва тақвода тенги ва ўхшаши йўқ эди.
Жаноби пайғамбаримиз тасаввуф илмининг юксак маърифатларининг барини бу зотнинг бобоси бўлган ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг қалбига қуйган эди. У руҳ илмида ҳам мутахассис бўлди.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ҳам ўз навбатида Расулуллоҳдан олган бу файзларни Салмон Форисийнинг қалбига ўтказди. Муҳаммад бин Қосимруҳни юксалтадиган ва озиқлантирадиган ушбу маърифатларга Салмони Форисийнинг суҳбатларида эришди ҳамда руҳ мутахассиси бўлиб етилди.
Силсилаи олия буюкларининг тўртинчиси бўлган имоми Жаъфари Содиқ бўлса, Қосим бин Муҳаммаднинг суҳбатидан файз олди. Ҳадис ва фиқҳ илмида замонининг энг юксаги эди. Илмда ва тақвода тенгсиз баландликка чиққанди. Кўплаган ҳадиси шарифлар нақл қилди. Илми ҳамма одамлар томонидан тан олинганди. Умар бин Абдулазиз “Агар бирор кишини халифа қилиб тайинлашим керак бўлса, Қосимни танлардим” деганди.
Диний масалалар борасида жуда аниқлик билан ҳаракат қиларди. Фақат очиқ-ойдин бўлганлари ҳақида фатво берарди. Ҳар тонг Масжиди Набийга келиб, икки ракат намоз ўқирди. Сўнгра Расулуллоҳнинг минбари ва қабри ўртасига ўтириб, сўралган масалалар бўйича фатво берарди. Мазҳаб имомларимиздан Молик бин Анас ҳам у ҳақида “Қосим бу умматнинг фоқиҳларидан эди” деган эди.
Ўзи гапириб берган:
“Бир куни аммам ҳазрати Оишанинг ёнига бордим. Унга “Аммажон, мени Жаноби Пайғамбаримизнинг қабрига олиб боринг” дедим. У ерга бориб, Ҳужраи саодатни очди. Уч қабр кўрдим. Қабрлар жуда баланд бўлмаганидек, жуда паст ҳам эмасди. Устлари қизил чақир тошлар билан қопланганди. Жаноби Пайғамбаримизнинг шарафли қабрлари барчасидан олдинда эди. Ҳазрати Сиддиқнинг боши Фахри коинот ҳазратларининг муборак елкалари қаторида, ҳазрати Умарнинг боши эса Расулуллоҳ жанобимизнинг муборак оёқлари ҳизосида эди.”
Қосим бин Муҳаммад ҳазратлари Макка билан Мадина орасидаги Қудайд деган жойда 725 йили вафот этди. Вафотидан аввал кўриш қобилиятини йўқотди. Вафоти яқинлашганини сезиб ўғлига “Устимдаги шу либосларим кафаним бўлсин” деди. Ўша пайтда эгнида кўйлак, пештамол ва жубба бор эди. Ўғли “Отажон, бунга яна қўшсак бўлмайдими?” деб сўради. Ўғлига жавобан “Бобом Абу Бакр ҳам мана шундай уч бўлак кафанга ўралганди. Биз учун ўлчов мана шу. Шуниси етади, сўнгра тирикларнинг янги кийимларга бўлган эҳтиёжи ўликлардан кўпроқдир”- деди.
Ибратли сўзларидан бири:
“Биздан аввал яшаган улуғларимиз бошларига келган мусибатларни чиройли бир тарзда кутиб олишни, ўзларига берилган неъматларни эса, синиқ кўнгиллилик билан қабуллаб олишни севардилар.”