Салмон Форисий (родиаллоҳу анҳ)
Салмон Форисий ҳазратлари Асҳоби киромнинг буюкларидан ва машҳурларидандир. Аҳли байтдан саналади. Инсонларни Ҳаққа даъват этган, тўғри йўлни кўрсатиб саодатга қовуштирган “силсила-и олия” деб аталадиган улуғ олим ва валийларнинг иккинчи ҳалқасидир.
Хандақ ғазосидан бошлаб, бутун жангларда иштирок этган. Бадр ва Ухуд ғазосидан кейин мусулмонлар Мадинага учинчи марта ҳужум қилмоқчи бўлган мушрикларга қарши қандай ҳимояланиш кераклигини маслаҳатлашаётган эдилар. Барча мушриклар бирлашиб ҳужум қилмоқчи бўлган бу жангда Салмон Форисий Расулуллоҳга хандақ қазиш йўли билан ҳимояланишни тавсия қилганди. Унинг бу таклифи қабул қилиниб, хандақ қазилди. Шу сабабдан бу жангга Хандақ жангги дейилди. Салмони Форисий таркибида Амр бин Авф, Ҳузайфа бин Яман, Нуъмон бин Мукаррин билан Ансордан олти киши бўлган гуруҳда эди. Салмони Форисий кучли ва қувватли бир зот эди. Хандақ қазиш ишларида ғоят моҳир ва уста эди. Ёлғиз ўзи ўн киши қазийдиган жойни қазирди. Жобир бин Абдуллоҳ: “Салмоннинг ўзига ажратилган 5 аршин узунликдаги ва 5 аршин чуқурликдаги жойни вақтида қазиб бўлганини кўрдим” деганди.
Хандақ жанггидаги ғайрат ва хизмати сабабли уни Жаноби Пайғамбаримиз “Салмон-ул хайр”, яъни “Хайрли Салмон” деб атадилар.
Асҳоби киром тарафидан ҳам жуда қаттиқ севилиб, ҳурмат кўрсатилди. Салмони Форисий ҳазратлари ҳеч дунёга қизиқмасди. Ўзига келган бутун дунё молини Аллоҳ розилиги учун тарқатарди. Оёқда тура олмайдиган даражага тушгунча намоз ўқир, сўнгра бадани ҳолдан тойгунча ўтириб тили билан зикр қиларди. Тили чарчаганда Аллоҳу таолонинг яратган нарсаларидаги ҳикматларни ўйлардики, бу тафаккури Жаноби Пайғамбаримиз марҳамат қилган “Бир соат тафаккур минг йиллик ибодатдан хайрлидур” ҳадисларига ҳамоҳангди. Бироз дам олгандан кейин “Эй нафсим, сен яхшигина дам олдинг. Энди ўрнингдан тур, Аллоҳу таолога ибодат қилгин”, тилига эса, “Эй тилим, сен ҳам Аллоҳу таолонинг зикрини бошлагин”- дерди.
Салмони Форисий ҳазратлари Асҳоби Суффа дейилган ва Жаноби Пайғамбаримиз илм ўрганишни вазифа қилиб белгилаган ҳамда Пайғамбаримиздан ҳазарда ва сафарда бир он ҳам ажралмаган кимсалардан эди. Баъзи кечалар Расулуллоҳнинг ҳузурида бўлиб, соатларча суҳбатларида бўларди.
Қўлида мол-мулк йиғмасди. Кинда қабиласидан бир аёлга уйланганди. Уйланган аёлининг уйига кирганида уй деворларига ҳар хил безаклар илинганини кўрди.
Ҳар хил зийнатли, безакли ёпинчиқларнинг фақат Каъбаи Муаззамага ярашишини айтиб, уйга кирмади. Эшик ёпинчиғидан бошқа бутун ёпинчиқлар олинди. Уйга кирганида анчагина мол-мулкни кўрди. “Булар ким учун?” деб сўраганида “Сеники ва аёлингнинг моли” дедилар. Салмони Форисий “Расулуллоҳ менга буни тавсия қилмаганлар. Менга бир йўловчининг моли ва эҳтиёжидан ортиқча нарса тўпламасликни тавсия қилганлар” деди. Бироздан кейин бир хизматчини кўрди. “Бу хизматчи кимники?” деб сўради. “Сеники ва оилангники” дедилар. Айтдики: “Халилим (саллаллоҳу алайҳи васаллам) менга буни тавсия этмадилар. Уйингда никоҳингдаги аёлингдан бошқа кимса тутмагин дедилар. Агар тутсанг, улар аёллар қилиши керак бўлган нарсаларни (ёлғонни, ғийбат, нотинчлик) қиладилар деб тавсия қилдилар.” Шундай деб хизматчи аёлни ҳам жўнатиб юборди. Сўнгра аёлининг олдига кириб “Сен менга амр этган нарсаларимда итоат этасанми?” деб сўради. Аёли “Сизга итоат қилиш учун турмушга чиқдим”- деди. “Халилим (саллаллоҳу алайҳи васаллам) менга айтдики: Сен оиланг билан Аллоҳу таолонинг амрларини бажариш учун бирга бўлгин.” Ундан кейин намоз ўқиш учун турди ва аёлига намоз ўқишини буйирди. Кўп ибодат қилиб кўз ёши тўкди ва никоҳини баракатли қилиши учун Аллоҳу таолога дуолар қилди. Салмони Форисий ҳазратлари аёли билан ғоят зоҳидона ҳаёт кечирардилар. Асҳоби Суффа ичида Расулуллоҳнинг олдида ислом илмларини ўрганарди. Ҳазрати Салмон (родиаллоҳу анҳ) йилларча фақирлик ва қуллик ортидан чеккан аламларни ваҳий булоғининг тиниқ сувларидан ичиб кеткизарди. Аҳли Суффа ичида Расулуллоҳга энг яқин бўлгани Салмони Форисий ҳазратлари эди. Ҳазрати Оиша волидамиз айтдики: “Салмони Форисий кечалари узоқ вақт Расулуллоҳ билан қоларди ва суҳбатида бўларди. Қаерда бўлса ҳам Расулуллоҳнинг ёнида биздан ҳам кўп бўларди. Жаноби Пайғамбаримиз “Аллоҳу таолонинг менга севишини билдирган ва менинг ҳам уларни севишимни амр этган тўрт кишидан бири Салмондир” деб марҳамат қилганлар.”
Ҳазрати Абу Бакр даврида Мадинадан ва ҳазрати Абу Бакрнинг суҳбатидан бир зумга ҳам ажралмаган ҳазрати Салмон, ҳазрати Умар замонида Эрон фатҳида иштирок этди. Ислом лашкарининг буюк ғалабаларга эришган бу сафарларида кўп хизматлари сингди. Эронликлар ҳақида кўп маълумотга эга эди. Чунки ўзи аслан эронлик эди. Эронликларни ўз тиллари билан динга даъват этар, исломиятни тушунтирар эди. Эронликлар жангларда филдан фойдаландилар. Мусулмонлар шу вақтгача фил кўрмаганлари учун жуда шошиб қолдилар. Ҳазрати Салмон филлардан қандай ҳимояланиб ва уларни қандай ўлдириш кераклигини ислом аскарларига кўрсатиб берди. Эроннинг Мадойин шаҳри олиниши билан ҳазрати Умар уни шаҳарга волий этиб тайинлади. Илми, узоқни кўра олиши вазифасидаги адолати ва назокати билан Мадойин халқи тарафидан кучли ҳурмат-эътиборга лойиқ бўлди. Шу тариқа у ерда исломият тезлик билан тарқалди. Салмони Форисий ҳазратлари ҳазрати Умар замонида Мадойин волийси бўлиб турганида ўттиз минг кишига хутба ўқиган пайтида ёнида атиги икки парчадангина иборат ҳирқаси бўларди. Ҳирқасининг бир парчасини ерга тўшаб устида намоз ўқир, иккинчисини кияр эди. Ундан бошқа ҳеч қандай кийими йўқ эди. Волий бўлгани учун маош бериларди. Маош олган куни пулни ҳеч нарсага сарфламай барини фақирларга тарқатарди. Ўз меҳнати билан кун кўрарди. Гилдан идиш-товоқ ясаб, уч дирҳамга сотарди. Унинг бир дирҳамига яна товоқ ясаш учун хомашё сотиб олар, бир дирҳамини садақа қилиб берар, бир дирҳамига эса уйига керакли нарсаларни оларди.
Мадойинда волийлиги вақтида Шомдан бир киши келди. Ёнида бир сават анжир бор эди. Салмони Форисий ҳазратларини ёлғиз ҳирқада кўриб, уни ишчи деб ўйлади. “Кел, мана буни кўтар” деди. У ҳам индамасдан саватни кўтариб, ортидан эргашди. Буни кўрганлар “Сен нима қиляпсан, бу волий-ку” дедилар. Буни эшитиб ҳалиги киши “Мени кечиринг, сизни танимабман. Саватни қўйинг” деди. Ҳазрати Салмон “Йўқ, қўймайман. Ният қилдим, борадиган жойгача кўтариб бораман” дея у кишининг уйигача кўтариб борди.
Жуда ҳам оддий ҳаёт кечирган Салмони Форисий ҳазратлари ҳазрати Усмон даврида хасталанди. Шу пайтларда уни зиёрат қилишга келган Саъд бин Аби Ваққосга дунёдан кетадиган вақти келганини ва бутун бойлигининг бир коса, бир лаган, бир гилам ва бир шолчадан иборат эканлигини айтди. Зиёратга келган Асҳоби киром насиҳат сўраса, хаста бўлишига қарамай уларга тинмай насиҳатда бўлди. Шу хасталиги натижасида Мадойинда вафот этди.
Илм ўргатишни жуда севарди. Кўплаган олимларни етиштирди. Абу Саид ал-Худрий, Ибни Аббос, Авс бин Моликлар унинг талабалари ичида эди. Тобеъиннинг буюкларидан ва шу вақтда Мадинада Фуқаҳои Сабъа деб аталувчи етти буюк олимдан бири бўлган Қосим бин Муҳаммад ҳам, Салмони Форисийнинг талабаларидан эди. Унинг дарслари ва суҳбатларида камолга етганди. Салмон Форисий ҳазратлари Расулуллоҳ жанобимизнинг ҳузурида ва суҳбатларида камолга етди. Зоҳир ва ботин илмида юксак даражаларга эришди. Асҳоби киромнинг барчаси ҳам шу даражаларга етганди. Лекин Расулуллоҳдан ҳар ким ўз қобилияти ва қувватига кўра файз оларди. Ҳазрати Абу Бакр қовушган даражага ҳеч бир Саҳоба етиша олмади. Салмони Форисий ҳазратлари Расулуллоҳдан сўнгра ҳазрати Абу Бакрнинг суҳбатида ва хизматида бўлиб, ундан ҳам файз олди.
Аёли ҳикоя қилади:
"Вафотига яқин менга “Уйда бироз мушк бор. Уни сувга қўшиб, бош атрофимга сепгин. Инсон ва жин бўлмаган кимсалар (фаришталар) ёнимга келади” деди. Айтганидек қилдим. Ташқарига чиқдим. Хонадан “Ассалому алайка, эй Аллоҳнинг валийси ва Расулуллоҳнинг дўсти” деган овоз эшитдим. Ёнига қайтиб кирганимда руҳини таслим этганди. Ётоғида худди ухлаётгандек ётарди."
Саид бин Мусаййаб Абдуллоҳ бин Саломдан нақл этади:
“Салмони Форисий менга “Эй биродарим, қайси биримиз аввал вафот этсак, ўзини ҳаётда тирик қолганга кўрсатсин” деди. Мен бу мумкинми дедим. У “Ҳа мумкин. Чунки мўминнинг руҳи баданидан ажралгач, истаган жойига бора олади. Кофирларнинг руҳи Сижжинда ҳибс этилган бўлади” деди. Салмон вафот этди. Бир кун қайлула вақтида Салмоннинг келганини кўрдим. Салом берди. Саломига жавоб бердим. Борган жойи қанақалигини сўрадим. “Яхши. Таваккул қилгин. Таваккул жуда яхши нарса” деди ва буни уч марта такрорлади.”
Салмони Форисий ҳазратларининг илми билан фазилати жуда кўп эди. Ҳар илмда олим эди. Ҳазрати Али “Салмони Форисий аввалгиларнинг ва кейингиларнинг илмини ўрганган битмас-туганмас денгиздур" деб айтган эди. Расулуллоҳга бўлган сидқ ва муҳаббати сабабли Асҳоби киромнинг танланганлари орасига Расулуллоҳ тарафидан қўшилди. Муҳожирлар билан Ансор ўртасида Салмон муҳожирми ёки ансорми деган ихтилоф чиққанида Жаноби Пайғамбаримиз “Салмон биздандир, аҳли байтдандир” деб марҳамат қилдилар.
Салмони Форисийнинг қийматли насиҳатларидан баъзилари қуйида келтирилган:
“Мўмин худди табиб олдидаги хастага ўхшайди. Табиб унга нима бўлиши, нима бўлмаслигини билади. Хаста ўзига зарари етадиган бирон нарсани қилмоқчи бўлса, моне бўлади ва есанг ўласан дейди. Мўминнинг ҳоли ҳам шундай. У ҳам кўп нарсаларни орзулайди. Лекин Аллоҳу таоло моне бўлади, то ўлгунига қадар. Сўнгра Жаннатга киради.”
“Шу кишига ҳайрон бўламанки, дунёга ҳирс билан ёпишади. Аммо ўлим унинг изидан бормоқда. Ўзи унутган, лекин унутилган эмас. Кулади, фақат билмайдики, Рабби ундан розими ёки йўқ?”
“Уч нарса мени ҳайратга солди. Булар: орқасидан ажал келиб турса ҳам дунё ортидан чопаётган кимсаларнинг ҳоли; ўзи ғафлатда ва батамом унутса ҳам, унутилмаган ва ҳисобга тортиладиган кимсалар; ҳамда ўзидан Рабби рози ёки рози эмаслигини билмасдан оғзини тўлдириб кулган кимсаларнинг ҳоли.”
“Илм кўп, лекин умр қисқа. Шундай экан, аввало динда зарур бўлган илмларни ўргангин!”
“Қалб билан баданнинг ҳоли кўр ва ногирон кимсаларнинг ҳолига ўхшайди. Кўр бир дарахтнинг тагига боради, лекин ундаги меваларни кўрмайди. Ногирон дарахтдаги меваларни кўради, лекин ололмайди. Илоҳий неъматларни қалб билиши, ишониши керак. Бадан эса, уни исташи лозим-ки, охиратдаги сўнгсиз неъматларга эришмоқ насиб бўлсин.”
“Сизлар иложи борича бозорга энг эрта келадиган ва қайтишда энг кеч қайтадиган киши бўлманглар. Чунки бу икки пайт шайтонларнинг жанг қиладиган вақтидир.”
“Бир кимса Аллоҳу таолога қарши очиқча гуноҳ қилса, тавбасини ҳам очиқча қилсин, гуноҳини яшириб қилган бўлса, тавбасини ҳам элдан яширинча қилсин. Тавба қилгандан кейин “Ё Раббий, тавба билан гуноҳимни авф этгин!” деб дуо қилсин.”
“Бир бой билан дўст бўлганингда унинг ёнида даражангни туширгинг келмаса, ундан ҳеч нарса сўрамагин. Чунки истамоқ инсон ўғилларининг юзида қора бир доғдир. Берилган нарсани рад этган кимса, бераётган кишининг кўзига буюк кўринади ва унинг олдида ўз мақомини ҳимоя қилган бўлади.”
“Фарзларни тўлиқ бажармасдан, нофилалар билан даражасини юксалтиришга уринган кимсанинг ҳоли сармоясини қўлдан чиқарганига қарамай фойданинг ортидан чопаётган тижоратчига ўхшайди.”
“Мўмин кишининг ўлим вақтида пешонасининг терлаши, кўзларининг ёшланиши, бурун тешикларининг кенгайиши Аллоҳу таолонинг раҳматига ноил бўлганига аломатдир.”
“Намоз бир ўлчовдир. Кимки уни тўла-тўла ўлчаса, ҳақини бериб ўқиса, катта ажру мукофотга қовушади. Кимки кам-кам қилиб ўлчаса (одобига мос ўқимаса), Аллоҳу таоло буюрган Вайлни (Жаҳаннамни) хотирласин.”
Абу Ваил айтадики:
"Бир дўстим билан Салмонни зиёрат қилишга бордим. Бизга бироз арпа нони билан туз келтирди. Дўстим “Шу тузнинг ёнида бироз тоғжамбил ҳам бўлганида эди” деди. Шунда Салмон сув идишини гаровга қўйиб, ҳалиги кўкатдан сотиб олиб келди. Овқатлангандан кейин дўстим “Бизга берган неъматга қаноат қилдик, Аллоҳу таолога ҳамд этамиз” деди. Салмон “Агар қаноат қилганингда сув идиш гаровга қўйилмасди” деди.
Жуда ҳам кам ерди. Меҳмонда кўпроқ ейишга ундаганларга Жаноби Пайғамбаримизнинг “Инсонларнинг охиратда очлик алами чекадиганлари бу дунёда тўйгунча овқатланганларидир” деб марҳамат қилганликларини хабар берди. Жуда ҳам сахий бўлган ҳазрати Салмон кунлик топишининг кўпини тарқатарди ва қўл меҳнати билан кун кечирарди. Доим фақирларни тўйдирар, улар билан бирга овқатланарди. Жуда қариб қолганида ҳам ўз ишини ўзи қиларди. Бирон нарса кўтарганида қўллари титрарди. Халқ атрофига тўпланиб, нарсаларни биз ташиймиз десалар, уларга “Йўқ, ўзим олиб бораман” деб жавоб берарди. Ҳолбуки амрида мингларча киши бор эди.
Айтдики:
“Дунёда Аллоҳ учун тавозу қилинг. Дунёда тавозу соҳиби бўлганларни Аллоҳу таоло қиёматда юксалтади.”
“Қўлида йўқ бўлса ҳам худди қўлида бордек неъматларга шукр қилиб, рози бўлган киши шу неъматга етишган киши ҳукмидадир.”
“Жаҳаннамнинг зулмати ва азоби дунёдалигида инсонларнинг ўзларига ва бошқаларга қилган зулмидир.”
“Аллоҳу таоло мўминнинг хасталигини унга каффорат қилади ва гуноҳларининг авфига сабаб бўлади. Фосиқнинг хасталиги эса эгаси тарафидан боғланган туя кабидир. Кейин бўшатиб юборилганида нима учун боғланганини ва нима учун қўйиб юборилганини билмайди.”
“Расул-и Акрам ўзимизда бўлмаган ноз-неъматни меҳмон учун топиб келишдек кулфатга кирмаслигимизни ва бор нарсага қаноат қилишимизни амр этдилар.”
Салмони Форисий ҳазратлари ўлим тўшагида ётганида йиғлади. Сабабини сўраганларга “Дунёдан ажралаётганимга йиғламаяпман. Лекин Расул-и Акрам жанобимиз “Дунёдан кетаётганларида сармоянгиз бир йўловчининг йўл озиғидан ортиқ бўлмасин” деб буюргандилар, мана шунга йиғлаяпман” деди. Ҳолбуки вафот этганида қолдирган молининг баҳоси ўн дирҳам атрофида эди.
Бир куни ёнида меҳмони билан Мадойиндан чиқиб, бир жойга кетаётгандилар. Йўлда қоринлари очиқди. Ейдиган ҳеч нарсалари йўқ эди. У ерда қушлар ва кийиклар бор эди. Салмони Форисий бир кийик билан бир қушни ёнига чақирди. Иккиси ҳам ёнига келди. Уларга “Бу киши менинг меҳмоним. Сизларни унга икром этишни истайман” деди. Кийик ва қуш ҳеч эътироз билдирмади. Уларни сўйиб едилар. Ёнидаги зот бу ҳолга жуда ҳайратланиб “Эй афандим, кийик билан қушни чақирдингиз, қочмасдан олдингизга келди. Мен ҳайратьан донг қотдим” деди. Ҳазрати Салмон айтдики: “Бу ерда ҳайратланадиган нарса йўқ. Бир кимса Аллоҳу таолога итоат қилса ва ҳеч гуноҳ ишламаса, ҳамма нарса унга итоат қилади.”