Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом

Пайғамбаримизнинг муборак “нур”лари

 Муҳаммад (алайҳиссалом), Аллоҳу таолонинг ҳабиби, севгилиси, яратилган бутун инсониятнинг ва бошқа махлуқотнинг ҳар тарафлама энг юксаги, энг чиройлиси, гўзали ва шарафлисидир. Ул зот, Аллоҳу таолонинг ўзи мадҳ этган, жамики инсониятга ва жинга пайғамбар қилиб танлаган, сўнгги ва энг юксак Пайғамбаридир. Ул сарвар оламларга раҳмат қилиб юборилган бўлиб, дунёдаги жонли-жонсиз ҳамма нарса Ул зотнинг ҳурматига яратилган. Уларнинг муборак исмлари Муҳаммад (алайҳиссалом), такрор-такрор мадҳ этилган, жуда кўп мақталган деган маъноларни билдиради. Аҳмад, Маҳмуд, Мустафо каби бошқа муборак исмлари ҳам бор. Оталарининг исми Абдуллоҳ эди. Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳижратдан 53 йил аввал, Рабиул-аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба кечаси тонгга яқин Маккаи мукаррамада дунёга келдилар. Тарихчилар мелодий ҳисоб бўйича бу куннинг 571 йил, апрель ойининг йигирманчисига тўғри келишини қайд этганлар.

Ҳар бир Пайғамбар, ўз замонида, ўз маконида, ўз қавмининг ҳаммасидан устун бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса, дунё яратилган кундан то қиёматгача ҳар даврда, ҳар минтақада яшаб ўтган ва дунёга келадиган барча инсонларнинг ҳар тарафлама энг фазилатлиси, энг устунидирлар. Ҳеч ким, ҳеч қайси томондан Ул зотдан олдинда бўла олмайди. Жаноби Ҳақ Ул кишини шундай яратган.

Дунёга ташрифлари 

Олам  жаҳолат ботқоғига шунчалик ботган ва атрофни зулмат шу қадар қоплаб олган эдики, халойиқ оламларнинг яратувчиси бўлган Аллоҳу таолога иймон келтиришни, ибодат қилишни батамом ташлаб қўйганди. Халқнинг ўзлигини унутиб, ҳаддан ошишлари шундай кучайиб кетгандики, улар табиат ҳодисаларига ва Жаноби Ҳақ яратган махлуқотга, айниқса, қўлларидаги бутларига “илоҳ” дея сиғинардилар.

Олам ғамгин, мавжудот ғамгин, кўнгиллар ғамгин ва юзларни табассум тарк этган эди. Аллоҳу таолонинг бошқа жонзотлардан устун қилиб яратган бандаларини жаҳаннам оташидан қутқаришга сабаб-васила-восита бўладиган бир қаҳрамоннинг майдонга чиқиши керак бўлган вақт яқинлашган эди. Олам Одам алайҳиссаломдан шу кунгача покиза инсонлардан покиза юзларга кўчиб келаётган нурнинг эгасини кутиб олишга тайёргарлик кўраётган эди. Инсониятга ва жинга абадий саодатни кўрсатадиган тенги йўқ инсон келаётганди! ... Шафқат ва марҳамат манбаи, Раббининг ахлоқидан ахлоқ олган буюк инсон келаётган эди!

Мақоми маҳмуд соҳиби, шафоат қилувчиларнинг бош тожи келаётган эди! ... Коинотнинг муаллими, мавжудотнинг асл ўзаги, инсониятнинг саййиди келаётган эди! Маҳшар кунида инсониятнинг дод-фарёдига етишувчи, пайғамбарларнинг султони келаётган эди!... Аллоҳу таолонинг Ҳабиби, севгилиси, яратилишимизни ўзи ўша зотнинг ҳурматига амалга ошган, оламларга раҳмат қилиб юборилган севимли Пайғамбаримиз келаётганди! ... (саллаллоҳу алайҳи васаллам)

Етти қават ер, етти қават осмон, қисқаси бутун олам улуғвор бир эҳтиром ва севинчга тўлиб Саййидул-Мурсалин, Ҳотамул-Анбиё, Ҳабиби Худо бўлган жанобини кутишмоқда эди. Бутун махлуқот бор овозлари билан “Хуш келибсиз, ё Расулуллоҳ!” дейиш учун тайёрланарди. Ана шундай бир замонда, ҳижратдан 53 йил муқаддам, Фил воқеасидан икки ойлар чамаси кейин, Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни кечаси тонгга яқин Макка шаҳрининг Ҳошим ўғиллари маҳалласида, Сафо тепалигига яқин бир уйда муштоқлик билан кутилаётган, Аллоҳу таолонинг нури Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу дунёга ташриф буюрди. Бу ташриф муносабати билан олам янгидан ҳаёт топди, яшнай бошлади. Қоронғиликлар бирдан у нур билан ёруғлашди.

“Мадорижун-нубувва” китобида айтиладики: “Шарафларнинг энг юксагига мазҳар (эришган) бўлган оналарнинг энг бахтиёри Ҳазрати Омина, ҳомиладорлиги ҳақида қуйидагиларни баён қилади: ”У сарварга ҳомиладорлик чоғимда ҳеч бир оғирлик, қийинчилик кўрмадим. Ҳомила бўлганимни ҳис этмасдим. Фақат олти ойдан сўнг, бир кун уйқусираб турган пайтимда бир киши менга, “Сен кимга ҳомиладор эканлигингни биласанми?” деб сўради. “Билмайман”, деб жавоб қотдим. У киши эса, “Билиб қўйки, сен Пайғамбарларнинг охиргисига ҳомиладорсан!” деган хабарни берди. Туғилиш куни яқинлашганида ўша киши такрор келиб, ”Эй Омина! Бола туғилганидан кейин унинг исмини Муҳаммад қўй” (Бошқа бир ривоятда “Эй Омина! Бола туғилганидан кейин, унинг исмини Аҳмад қўй” деди шаклда билдирилади) деди.”

Ҳазрати Омина волидамиз, боланинг туғилиш онини ҳам қуйидагича айтиб берган: “Вақти-соати келганида ҳайбатли бир овоз эшитдим. Этларим жимирлай бошлади. Ундан сўнгра бир оқ қуш кўрдим. У қуш келиб, мени қаноти билан силади. Натижада менда қўрқув ва титроқдан асар ҳам қолмади. Ўша онда сувсаб, ҳароратдан ёнаётган эдим. Ёнимда эса, сутга ўхшаш бир коса оқ шарбат пайдо бўлди. Ўша шарбатни менга ичишга узатишди. Уни ичдим, болдан ширин ва салқин эди. Шу билан чанқоғим босилди. Шу онда жуда катта бир нур кўрдим, у нурдан уйим шундай ёп-ёруғ бўлдики, ёруғликдан ўзга ҳеч нарсани кўриб бўлмасди.

Шу пайтда атрофимда жуда кўпчилик хонимларнинг мени ўраб турганини кўрдим. Уларнинг бўйлари узун, юзлари қуёшдек порларди. Улар худди Абду Маноф қабиласининг қизларига ўхшаб кетардилар. Уларнинг бирин-кетин чиқиб келишларидан ҳайратим ошди. Улардан бири “Мен Фиръавннинг хотини Осияман!” деса, бошқаси “Мен Марям бинти Имронман, қолганлар эса Жаннат ҳурларидир” дерди. Ўша ҳолатда яна бир оппоқ, узун ва осмондан ергача чўзилган ипак матони ҳам кўрдим. “Уни одамларнинг кўзидан яшириннг” дейишди. Шу онда бир қуш пайдо бўлди. Унинг оғизлари зумраддан, қанотлари ёқутдан эди. Қўрққанимдан терлаб кетдим. Мендан томаётган тер томчиларидан мушки анбар ҳиди келарди. Шу ҳолда ётганимда кўзимдан пардани кўтардилар. Ўшанда бутун ер юзини шарқдан ғарбгача кўрдим. Атрофимни эса, малоикалар ўраб олишгандилар.

Муҳаммад алайҳиссалом туғилганиданоқ муборак бошини саждага қўйиб, шаҳодат (кўрсатгич) бармоғини кўтарди. Сўнгра кўкдан уни ўраб олган бир оқ булут тушди. Шу билан бар вақтда, “Уни мағрибдан машриққа қадар ҳамма жойда кездиринг, Шундай кездирингларки, жумлаи жаҳон Уни исми, жисми ва сифати билан кўриб танисин. Унинг Моҳий (Ҳидоят манбаи) эканлигини, яъни Аллоҳу таоло, У орқали ширк асарларини қолдирмаяжагини билсинлар” деган бир овоз эшитилди. Шу онда ҳалиги булут ҳам кўздан ғойиб бўлди ва Муҳаммадни ( саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир оқ жундан мато билан йўргакланганини кўрдим. Кейин олдимизга юзларидан қуёшдек нур таратиб турган уч киши келишди. Улардан биттасининг қўлида кумушдан обдаста, иккинчининг қўлида зумраддан лаган, учинчисининг қўлида эса, бир ипак бор эди. Обдастадан худди мушк томаётганга ўхшарди. Муборак ўғлимни лаганнинг ичига ётқизишди, муборак оёқ-қўлларини ювишиб, ипакка ўрашди. Ундан сўнгра Унинг муборак бошига хушбўй нарса сурдилар, муборак кўзларига сурма қўйдилар ва кўздан ғойиб бўлишди”.

Муҳаммад алайҳиссалом туғилган вақтида Ҳазрати Омина волидамизнинг ёнида Абдурраҳмон бин Авфнинг онаси Шифо Хоним, Усмон бин Абил-Оснинг онаси Фотима Хоним ва Пайғамбаримизнинг аммалари София Хонимлар бор эди.

Улардан Шифо Хоним ўша вақтдаги ҳолатни қуйидагича тушунтиради:

“Мен ўша кечаси Оминанинг ёнида унга ёрдамчи эдим. Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилганиданоқ  дуо ва ниёз қилганини эшитдим. Ғойибдан, “Ярҳамука Раббика” дейилган сўзлар эшитилди. Сўнгра бир нур пайдо бўлиб, атроф шундай ёришиб кетдики, шарқдан ғарбгача ҳамма жой ойдинликка ғарқ бўлди. ... “

Улардан бошқа яна бир қанча ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган Шифо хоним “Кейинчалик ушбу зотга Пайғамбарлиги билдирилган пайтда, ҳеч иккиланмай унга дастлаб имон келтирганлардан бири мен бўлдим” деганди.

София хоним ҳам ўша ҳодисалар ҳақида: “Муҳаммад алайҳиссалом туғилганда ҳамма тарафни бир нур қоплади. Туғила солиб, сажда қилди, муборак бошини кўтариб аниқ сўзлар билан “Ла илоҳа иллоллоҳ, инний расулуллоҳ” деди. Уни ювмоқчи бўлганимда “биз уни ювилган ҳолда юбордик” дейилган сўзлар эшитилди. Кейин киндиги кесилган ва суннат қилинган ҳолда кўрдик. Ўша вақт, гўдакнинг лаблари худди бир нарсалар шивирлаётгандек бўлди. Мен унинг муборак оғзига қулоғимни яқинлаштирдим ва “Умматий, Умматий! (Умматим, умматим)” деяётганини эшитдим”,- деб ҳикоя қилади. Севимли Пайғамбаримиз туғилаётган вақтида унинг бобоси Абдулмутталиб, Каъбаи шарифнинг ёнида Аллоҳу таолога ёлвориб дуо қилаётган эди. Ўшанда суюнчи хабари келди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган кунида бир қанча ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган Абдулмутталиб, бу хушхабардан жуда хурсанд бўлиб “Бу ўғлимизнинг шон-у шарафи жуда баланд бўлади”- деди.

Абдулмутталиб, шундай катта хурсандчиликни нишонлаш мақсадида муборак таваллуднинг еттинчи кунида Макка халқига уч кун зиёфат берди. Бунга қўшимча шаҳарнинг барча маҳаллаларида туялар сўйиб, халқнинг кўнглини олди. Ҳайвонлар ҳам зиёфатдан бенасиб қолмади. Зиёфат давомида боланинг исмини сўраганларга, "МУҲАММАД" (саллаллоҳу алайҳи васаллам) исмини бердим”, дея жавоб қайтарди. Нега оталарининг бирининг исмини қўймадингиз деганларга, ”Аллоҳу таоло ва инсонлар уни мадҳ этишларини, мақташларини истаганим учун шундай исм бердим” деб жавоб берди. Бошқа бир ривоятда айтилишича гўдакка “Муҳаммад” исмини Омина хонимнинг ўзлари қўйганлиги билдирилади.

Сут онага берилиши

Омина волидамиз нурли гўдагини қучоқлаганида, эри Ҳазрати Абдуллоҳнинг вафотини бир зумга унутгандек бўлди. Уни тўққиз кун эмизганидан кейин, Абу Лаҳабнинг чўриси ҳисобланган Сувайба хоним бир неча кун сут оналик хизматида бўлди. Сувайба хоним бундан олдин Ҳазрати Ҳамзани, сўнгра Абу Саламани ҳам эмизганди. Ҳофиз ибни Жазарий дейдики: “Абу Лаҳабдан ўлимидан кейин тушда кўрилиб, қандай аҳволда эканлиги сўралганда, “Шиддатли қабр азобини чекяпман. Фақат ҳар йили Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси кечалари азобим бироз енгиллашади. Икки бармоғим орасидан чиққан салқингина зардобни шимиб бир мунча тинчланаман. Бу кеча Раслуллоҳ дунёга келганини Сувайба исмли чўрим менга хабар берганди. Мен эса шу хушхабарга хурсанд бўлиб, уни озод қилгандим ва унга сут оналик қилишни амр қилгандим. Шунинг учун бўлса керак, бу кечаларда унчалик азоб кўрмаяпман”- деган эди”.

У замонларда Макка халқи учун ўз болаларини (гўдаклигиданоқ) бирор сут онага бериб, унинг қўлида ўстириш одат эди. Гўдаклар асосан ҳавоси мулойим, суви тотли, кенг яшил яйловларда истиқомат қиладиган оналарга берилиб, уларнинг қўлларида бироз вақт ўсиб, тарбияланарди. Чунки Макканинг ҳавоси жуда иссиқ эди. Шу сабабдан ҳам ёш гўдаклар қийналмасликлари учун шундай қилинарди. Шунинг учун ҳар йили Маккадан эмизиладиган болалар олиб кетишга турли тарафлардан жуда кўп она Маккага оқиб келишарди. Сут оналар, болаларни ўстириб, ота-оналарига қайтариб беришганларида, анчагина яхши ҳақ ва совғалар олишарди.

Пайғамбаримиз туғилган йили, хуш ҳаво яйловларда яшайдиган Баний Саъд қабиласидан бир қанча оналар сут оналикка бола олиб кетиш нияти билан Маккага келдилар. Уларнинг ҳар бири насибасига яраша болаларни танлаб олдилар. Аслида Макка атрофида жойлашган қабилалар ичида Баний Саъд қабиласи энг шарафли, жўмард, мард ва арабчани жуда равон, тўғри ва чиройли сўзлашадиган қабила ҳисобланарди. Шунинг учун Қурайшнинг бообрўлари, болаларини айнан ўша қабиладаги оналарга беришни ёқтирардилар. Ўша йили эса, Баний Саъд қабиласининг юртида қурғоқчилик бўлиб, очлик ҳукм сурарди. Ушбу қабиладан бўлган Ҳалима хоним вазиятни мана бундай таърифлаган:

“Мен ўша йили қирларни кезиб ўт йиғардим ва уни топа олганим учун Аллоҳу таолога шукр қилардим. Баъзан уч кунлаб оғизга бирор нарса солишга озиғимиз бўлмасди. Шундай ҳолимнинг устига бир бола ҳам кўрдим. Шу сабабли бир тарафдан очлик бўлса, бошқа тарафдан чақалоқ ташвишлари менинг бошимда эди. Очликдан ер билан осмонни, кундуз билан кечани фарқ қилолмайдиган вақтларим ҳам бўлиб турарди. Бир кеча ҳолсизилк туфайли саҳрода ухлаб қолгандим. Тушимда бир зот мени сутдан ҳам оқ бўлган бир сувнинг ичига туширди ва “бу сувдан ич” деди. Қонганимча ичдим. У мени яна ичишга ундарди. Ича олгунимча ичдим. Бироқ у сув болдан ҳам ширин эди. Кейин у мендан “Сутинг кўп бўлсин эй Ҳалима! Мени танидингми?” дея сўради. Танимаганлигимни айтдим, у менга “Мен сенинг қийналган пайтларингда қилган ҳамд ва шукрларингман. Эй Ҳалима! Маккага боргин. У ерда сенга бир “Нур” дўст бўлади, баракатларга қовушасан. Бу тушингни ҳеч кимга айтмагин!”- деди. Уйғонганимда, кўкракларим сутга тўлган, ташвиш ва очлик ҳам мени тарк қилганини ҳис қилдим”.

Очарчилик бўлганлиги сабабли сут оналик қилиб бироз аҳволимизни ўнглаб олиш нияти билан ўша йили Маккага бошқа йилларга кўра кўпроқ оналар келганди. Уларнинг барчаси бой-бадавлатроқ оиладан бола олишга ҳаракат қиларди. Эртароқ келган оналар ҳаммаси аллақачон биттадан бола олиб улгуришганди. Лекин сарвари олам пайғамбаримизнинг етим бўлишлари туфайли тузукроқ ҳақ ололмаймиз деган ўй-хаёллар билан Уни олишга ҳеч ким ҳаракат қилиб кўрмаганди. Ўша сутоналар орасида иффати, поклиги, ҳилми-мулойимлиги, ҳаёси ва чиройли хулқ-атвори билан танилган Ҳалима хоним ҳам бор эди. Ҳалима хоним ва эри минган уловлари ориқ, заиф, кучсиз бўлганлигидан Маккага ҳаммадан кеч етиб келишганди. Лекин бу кечикиш шунчалик хайрли бўлган эдики, уларнинг орзу қилганларидан ҳам зиёда неъматларга ғарқ бўлишларига сабаб бўлган эди. Ҳалима хоним эри билан Маккани кезиб, барча бадавлат оилаларнинг болалари аллақачон олиб қўйилганини кўрдилар. Бироқ бўш қайтишни ҳам истамаётгандилар. Таваккал қилиб битта чақалоқ олиб қайтишни орзу қилардилар.

Ниҳоят улар, бир қараганда дарҳол ҳурмат кўрсатишга мажбур қиладиган ва нуроний сиймоли бир зотга дуч келиб қолишди. Бу зот Макканинг раиси Абдулмутталибдан бошқаси эмасди. Абдулмутталиб, уларнинг истакларини эшитганидан кейин, ўз неварасини олишларини, шунда улуғ давлат ва саодатга эришишларини айтди. Абдулмутталибнинг иззат-икроми, меҳри ва уларга ўзини яқин тутиши қалбларини жазб қилаётган эди. Шу сабаб унинг таклифини дарҳол қабул қилишди. Ундан сўнг кекса бобо, Ҳалима хонимни ҳазрати Оминанинг уйига эритиб келди. Бу уйда бўлган ҳолни Ҳалима хоним бундай баён қилади:

“Боланинг бошига борганимда йўргакланган, яшил ипакдан бир кўрпа устида ширин ухларди, ундан атрофга мушк ҳиди тарқаларди. Ҳайрат ичида бир онда болага шундай маҳлиё бўлдимки, кўнглим уни уйғотишга ҳеч рози бўлмади. Қўлимни кўксига қўйгандим, уйғонди ва менга қараб табассум қилди. Мен эса, у табассумга мафтун бўлиб, ўзимни йўқотиб қўяёздим. Шу ҳолда онаси бундай гўзал ва муборак чақалоқни менга бермай қўймасин деган фикрда, унинг юзини ёпиб, дарҳол кўтариб олдим. Ўнг тарафимдан эмиза бошладим, у эма бошлади. Чап тарафимдан эмизмоқчи бўлдим, бироқ у бу сийнамдан эммади. Шунда Абдулмутталиб, менга қараб “Хабаринг бўлсинки, хонимлар ичида сендек буюк неъматга эришгани бўлмади” деди.

Омина хоним ҳам севимли чақалоғини менга бериб “Эй Ҳалима, бундан уч кун аввал ”Сенинг ўғлингга сут берадиган хотин, Баний Саъд қабиласининг Абу Зуайб сулоласидан бўлади” деган овоз эшитдим”, деди. Унинг бу гапига “Ҳа мен, Баний Саъд қабиласиданман ва отамнинг исми шарифи Зуайбдир” дея жавоб қилдим”.

Ҳалима хоним яна айтдики:

“Омина хоним менга яна бир неча ажойиб воқеаларни айтиб бергач болага яхши қарашимни васият қилди. Мен ҳам Маккага келишимдан олдин кўрган тушимни ва бу ерга келаётганимда ўнгу-сўлимдан “Сенга муждалар (суюнчи) бўлсин, эй Ҳалима! У кўз қамаштурувчи оламларни ойдинлатувчи нурни эмизиш сенга насиб бўлади” деган овозлар эшитганимни айтиб бердим.

Муҳаммад алайҳиссаломни олиб ҳазрати Оминанинг уйидан чиқдим. Эримнинг олдига келдим. У қучоғимдаги гўдакнинг юзига бир қараб, ҳушини йўқотаёзди ва менга: “Эй Ҳалима, мен бугунгача бундай гўзал одам боласи кўрмадим” деди. Уни ёнимизга олар-олмас хонадонимизга кела бошлаган баракатларни кўриб, эрим “Эй Ҳалима! Билгинки, сен ғоят муборак ва қадри буюк бола олганга ўхшайсан” деди. Мен эса унга “Валлоҳи, зотан шундай тилаклар тилардим, шукрки истаганимдай бўлди” дея жавоб қилдим”.

Сутона Ҳалима хоним ва унинг эри Муҳаммад алайҳиссаломни олиб, Маккадан ўз уйларига қараб йўлга чиққанларидан бошлаб, Унинг баракатига дуч келавердилар. Масалан, кучсиз, заиф ва зўрға юрадиган бўлиб қолган эшаклари энди машҳур араб отларидек йўрғалайдиган бўлиб қолганди. Маккага бирга келишган йўлдошлари, булардан анча олдин чиқиб, Маккадан анча узоқлашиб кетишларига қарамай, уларга етиб олиб, ҳатто уларни орқада қолдириб кета бошлади. Баний Саъд юртига етиб боришганларидан сўнг ҳисобсиз мўл-кўлчилик ва баракатга эришдилар. Уларнинг сути кам ҳайвонларининг сутлари бирданига жуда кўпайиб кетди. Бу ҳолни кўрган қўшнилари ҳайрон қолишиб, бундай ҳолатнинг эмизишга олиб келишган бола туфайли эканлигига ишонч ҳосил қилгандилар.

Қабиладошлар юртларидаги қурғоқчилик сабаб анча ташвишда эди. Бир марта Муҳаммад алайҳиссаломни ёнларида олиб ёмғир дуосига чиқишди. Унинг ҳурматига мўл ёмғир ва баракатга эришдилар.

Пайғамбар жанобимиз сут онаси Ҳалима хонимнинг ўнг кўкрагини эмарди, чапини эммасди. Чапини у сут қардошига қолдирарди. Икки ойлигида эмаклади. Уч ойга тўлганида оёққа турди. Тўрт ойлигида деворга суяниб юра бошлаганди. Беш ойлигида юриб кетди. Олти ойлик гўдак югуриб юрарди. Етти ойлигида атроф теваракка ўзи бориб кела оладигандай бўлди. Саккиз ойлигида киши тушунадиган ва тўққиз ой тўлганида ғоят очиқ сўзлайдиган бўлди. Ўн ойлигида ўқ отишни бошлади. Ҳалима хоним бундай ҳикоя қилади: “Биринчи марта сўзлай бошлаганидаёқ “Ла илоҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар. Валҳамдулиллаҳи раббил оламин” деб айтганига гувоҳ бўлдик. Ўша кундан бошлаб Аллоҳу таолонинг исмини айтмасдан асло ҳеч нарсага қўл узатмасди. Чап қўли билан бирон нарса емасди. Юра бошлаганида, болалар ўйнайдиган жойдан узоқроқ турарди ва уларга ”Биз булар учун яратилмадик” дерди. Ҳар куни Уни худди қуёш шуъласидек бир нур қоплаб оларди ва бироз вақт ўтганидан кейин очиларди. Ой билан сўзлашарди, унга ишорат қилса, ой ҳаракатга келарди.

Ҳалима хоним қўшимча қуйидагиларни ҳам айтиб берганди:

“Муҳаммад алайҳиссалом икки ёшга кирганида Уни сутдан ажратдим. Ундан кейин Уни онасига бериш учун эрим билан Маккага йўл олдик. Бироқ биз Унинг баракатларига шундай эришгандикки, Ундан ҳеч ажралгимиз йўқ эди, Унинг дийдоридан маҳрум қолиш бизга жуда оғир туюларди. Унинг ажойиб ҳоллари ҳақида онасига гапириб бердим. Омина хоним “Менинг ўғлимнинг буюк шони бор” деди. Мен ҳам “Валлоҳи, бундан-да муборак бирон одам боласини кўрмадим” дедим. Ундан кейин мен бир неча баҳоналарни айтиб, яна бироз муддат бизнинг ёнимизда қолишини Омина хонимдан илтимос қилдим. У райимизни қайтармади ва болани бизнинг ёнимизда яна бироз вақт қолишига ижозат берди. Шундай қилиб У билан бирга яна қабиламизга қайтдик. Бу орада уйимиз баракатга тўлди, молимиз, мулкимиз ва шонимиз ортди. Саноқсиз неъматларга эришдик”. 

Муборак кўксининг ёрилиши воқеаси

Ҳалима хонимдан нақлан шундай хабар берилади:

“Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи вассалом) бир куни: “Кундузлари нега қардошларимни кўрмайман, бунинг сабаби недир?” деб сўраб қолди. “Улар қўйларни ўтлатишга кетишади. Уйга кечқурун кеч келишади”,- дея Унга жавоб қилдим. Менинг бу жавобимга “Мени ҳам улар билан бирга юборинг, мен ҳам қўйларни ўтлатаман”, деди. Бир неча баҳоналар тўқиб, Уни юбормасликка уриниб кўрдим, охири кўнглига қараб, “Майли, бўпти” дедимда ижозат беришга ваъда қилдим. Эртаси куни Унинг муборак сочларини тарадим. Кийимларини кийдириб, сут қардошлари билан бирга қўй боқишга юбордим. Шундай қилиб, бир неча кун бориб юрди. Бир куни қирдан тушиб келган сут қардоши Шаймодан, “Кўзимнинг нури, ўғлим Муҳаммад қаерда?” деб сўрадим. “Саҳрода” деди. “Жигаримнинг танаси бу иссиққа қандай чидаяпти”, деган эдим, “Эй онажоним! Сиз ташвиш қилманг, Унга асло зиён-заҳмат етмайди. Зеро, унинг муборак боши устида бир булут доим У билан бирга юради. У булут Уни иссиқдан соялайди” деди Шаймо. “Нималар деяпсан? Бу гапларинг ҳақиқатан тўғрими?” дегандим, Шаймо қасам ичди. Шундагина мен бироз тинчидим. Бошқа бир кун пешин вақти, сут қардоши Абдуллоҳ келиб менга, “Онажон, тез келинг! ... Қурайший қардошим билан қўйларни ўтлатиб юргандик. Тўсатдан яшил кийимли уч киши келди. Қардошимизни ёнимиздан олдиларда, тоғнинг бошига олиб чиқишди. Юзини осмонга қаратиб ётқиздилар ва қорнини ёришди. Мен бу ерга сизга хабар беришга келаётганимда улар ҳамон ўша ерда эдилар. Қардошим соғ қолдими ё йўқ билмайман- деди. Бу сўзларни эшитиб, худди қон миямга сачради. Тезда у ерга етиб бордик.  Дарҳол Унинг муборак юзини, бошини ўпиб, “Эй кўзимнинг нури, оламларга раҳмат ўғлим! Бу не ҳол? Бошингга нималар келди? Сени ким ташвишга солди?” деб сўрадим. “Уйдан чиққанимиздан кейин яшил кийимли икки кишини кўрдим. Бировнинг қўлида кумуш идиш (обдаста), бошқасининг қўлида яшил зумраддан бир лаган бор эди. Лаган қордан ҳам оқ бир нарса билан тўлдирилган эди. Мени улар тоғ этагига элтишди. Биттаси менинг юзимни осмонга қаратиб ётқизди. Кўксимдан киндигимгача кесдилар, мен буларни кўриб турардим. Оғриқ ёки бирон азоб сезмадим. Қўлини ичимга суқиб, ичимда нима бўлса барини чиқаришди. Ичимдан чиқариб олганларини бояги лагандаги оқ нарса билан ювиб, яна уларни жойига қайтариб қўйишди. Улардан биттаси, “нарироқ тургин, мен ҳам хизматимни бажарай” деди ва қўлини ичимга суқиб юрагимни чиқариб олди. Ундан икки бўлакча гўштни ва яна битта қора нарсани чиқариб ташлади. Ундан кейин, ”Булар сенинг вужудингдаги шайтоннинг насиби эди. Уларни чиқариб ташладик. Эй Аллоҳу таолонинг севгилиси! Сени васвасадан ва шайтоннинг хийласидан амин қилдик” дейишди. Кейин юрагимни уларнинг ёнларида бўлган нозик ва юмшоқ  бир нарса билан тўлдиришди. Нурдан бир муҳр билан муҳрлашди. Ҳозир ҳам ўша муҳрнинг совуқлиги бутун аъзоларимда сезилиб турибди. Улардан бири, қўлини кесилган жойга қўйганди, яра дарҳол соғайиб кетди. Кейин мени умматимдан ўн киши билан тортдилар, мен улардан оғир келдим. Минг киши билан тортдилар, яна оғир келдим. Шунда улардан бири иккинчисига ”Бас, уни тортиб ўтирма. Валлоҳи, Уни бутун уммати билан тортсанг-да, У оғир чиқади” деди. Шулардан сўнг, уларнинг ҳар бири қўлимдан ва юзимдан ўпишди ва мени шу жойда қолдириб кетишди” деди.

Севгили Пайғамбаримизнинг бошидан кечган ва Қуръони каримнинг Иншироҳ сурасининг биринчи ояти каримасида билдирилган бу ҳодисага “Шаққ-и садр”, яъни кўксининг очилиши дейилади.

Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлиги билдирилганидан кейин Асҳоби киромдан баъзилари “Ё Расулуллоҳ! Бизга ўзингиз ҳақингизда ҳикоя қилиб бермайсизми” деганларида, "Мен, аждодим Иброҳимнинг дуосиман. Қардошим Исонинг хушхабариман. Онамнинг эса тушиман. У менга ҳомиладор бўлганида то Шом саройларини ёруғ қилган бир нурнинг ўзидан чиққанлигини кўрганди. ... Мен Саъд бин Бакр ўғиллари ёнида эмизирилиб ўсдим” дея марҳамат қилдилар.

Сут оналари Ҳалима хоним муборак болани тўрт ёшга тўлганида Маккага келтириб онасига топширди. Бобоси Абдулмутталиб, Ҳалима хонимга беҳисоб ҳадялар бериб, кўп эҳсонлар қилди. Ҳалима хоним Уни Маккада қолдирганидан кейин Ундан айрилишнинг оғирлиги ҳақида “Худди жоним билан кўнглим ҳам У билан бирга Маккада қолиб кетгандай бўлди”- деб айтган эди. 

 Муҳтарам онанинг вафоти

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) олти ёшгача оналарининг ёнида ўсдилар. Олти ёшдалигида, муҳтарама оналари Умму Айман исмли бир чўри билан биргаликда қариндошларини ва марҳум оталари Абдуллоҳнинг мозорини зиёрат қилиш учун Мадинага келдилар. Бу ерда бир ой муддат қолдилар. Пайғамбар жанобимиз Мадинада Нажжор ўғилларига қарашли ҳовузда сузишни ўргандилар. Ўша ерда Унга кўзи тушган бир яҳудий олими Ундаги нубувват аломатларини сезди. Унинг ёнига яқинлашиб, Ундан исмини сўради. “Аҳмад” деб жавоб қилганди, ҳалиги олим “Бу бола охир замон Пайғамбари бўлади!” дея бақириб юборганини билмай қолди. Бундан бошқа яҳудий олимларидан баъзилари ҳам Ундаги пайғамбарлик аломатларини кўрганлар, Унинг пайғамбар бўлиши ҳақида ўз ораларида шивирлашиб, бир-бирларига ҳайрат билан гапириб беришарди. Яҳудийларнинг бу ҳаракатларидан хабар топган Умму Айман аҳволдан Ҳазрати Омина волидамизни хабардор қилади. Ана шундан кейин Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак онаси бирор кор-ҳол бўлиб қолишидан хавфсираб, Уни олиб Маккага кетиш учун йўлга чиқади. Абво номли жойга келганида Ҳазрати Омина онамиз касалланади. Хасталик тез-тез хуруж қилиб, ҳушидан кетиши тез-тез такрорлана бошлайди. Ўша ҳолда бошида турган севикли ўғли Муҳаммад алайҳиссаломга қараб “Эй бўғизига тақалиб келган даҳшатли ўлим ўқидан Аллоҳу таолонинг лутфи ва ёрдами билан юз туя ҳисобига қутилган зотнинг ўғли! Аллоҳу таоло сени муборак айласин. Агар тушимда кўрганларим тўғри келса, сен жалол ва беҳисоб икром соҳиби бўлган Аллоҳу таоло тарафидан одамзотга ҳалол ва ҳаромни билдириш учун юборилгайсан. Жаноби Ҳақ, сени миллатлар билан бирга асрлар қаридан илашиб-эргашиб келган бутлардан ва бутпарастлардан муҳофаза этиб ҳимоя қилади” деди.

Ана шундан кейин кўп ўтмай Омина волидамиз дунё ҳаётидан кўз юмди. Омина онамиз вафот қилганида эндигина йигирма ёшга кирган ёшгина она эди.

Умму Айман, оламларнинг сарварини ёнига олиб, бир неча кунлар давом этган йўл азобларидан кейин Маккага етиб келиб, Уни бобоси Абдулмутталибга топширди.

Бобоси ёнидаги ҳаёти

Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жанобимизнинг бобоси ва онаси Иброҳим алайҳиссаломнинг динида эдилар. Яъни улар мўмин эдилар. Ислом олимлари, уларнинг ҳақиқатан Иброҳим алайҳиссалом динида бўлганликларини ва Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлиги билдирилганидан кейин уларнинг Унинг умматидан бўлишлари учун тирилтирилиб, Калимаи шаҳодатни айтишга имкон берилганлигини ҳамда ана шу йўл билан бу уммат қаторига кирганларини билдирганлар.

Муҳаммад алайҳиссалом саккиз ёшигача бобосининг олдида ўсиб ўлғайди. Абдулмутталиб Маккада ҳурмати баланд ва кўпгина ишларни идора қилган бир зот бўлиб, ҳайбатли, сабрли, ахлоқи юксак, дуруст, мард ва жўмард бир одам эди. Доим камбағалларни тўйдирарди, ҳатто оч ва сувсиз қолган ҳайвонларни ҳам едириб-ичирарди. Аллоҳу таолога ва охиратга ишонарди. Ёмон ишлардан сақланиб, жоҳилия даврининг турли хил ифлосликларидан узоқда бўлишга ҳаракат қиларди. Маккада зулмга, ҳақсизликка тўсиқ бўларди ва бу ерга келган меҳмонларга ҳурмат эҳтиром кўрсатарди. Рамазон ойида Хиро тоғида якка ўзи қолишни одат қилганди. Болаларни ёқтирувчи ва уларга ўта шафқаткор Абдулмутталиб севимли неварасини доим бағрига босиб, ҳеч ёнидан айирмасди. Унга ўзгача бир севги ва шафқат билан қарарди. Каъбанинг соясида унинг ўзига махсус тўшалган гиламда У билан бирга ўтирарди, бу ҳолга эътироз билдирганларга “Ўғлимга тегманг, Унинг шону давлати жуда юксакдир” дерди. Пайғамбар жанобимизнинг бобоси Умму Айманга Унга яхши қарашни доим эслатиб “Ўғлимга яхши қарагин. Аҳли китоб, менинг ўғлим ҳақида яхши гаплар айтишади, У бу умматнинг пайғамбари бўлади дейишади”, дерди. Умму Айман ”Болалигида унинг очлик ёки чанқоқдан шикоят қилганини ҳеч ҳам кўрмадим. Эрталаб бир ютум замзам ичарди. Унга овқат берганимизда, йўқ емайман, тўқман, дерди” деб ҳикоя қилади.

Абдулмутталиб юрганида ёки хонасида ёлғиз ўтирганида унинг ёнида Ундан бошқа бирор кишининг бўлишига ижозат бермасди. Уни ҳар доим меҳр билан бағрига босар, эркаларди, Унинг сўзлари ва ҳаракатларидан роса мазза қиларди. Дастурхонда Уни ёнига олиб тиззасига ўтиртирарди, овқатлардан энг яхши, энг ширинларини Унга берарди ва У келмасидан дастурхонга ўтирмасди. У ҳақида бир неча тушлар кўриб, қатор ҳодисаларга гувоҳ бўлганди.

Бир пайтлар Маккада қурғоқчилик бўлиб, очлик бўлган эди. Ўшанда Абдулмутталиб бир туш кўрди. Шу тушига кўра Муҳаммад алайҳиссаломни ёнига олиб, Абу Қубайс тоғига чиқди ва “Эй Аллоҳим бу бола ҳурмати учун бизни бир баракатли ёмғир билан севинтиргин” дея дуо қилди. Абдулмутталибнинг дуоси қабул бўлди ва мўл-кўл ёмғир ёғди. Ўша замоннинг шоирлари шеърлар ёзишиб, бу воқеани тилга олгандилар. 

Бобосининг вафоти

Абдулмутталиб вафоти яқинлашганда ўғилларини тўплаб ”Энди менга ҳам навбат келди, шекилли, охиратга кўчишим яқинлашди. Лекин қалбимни безовта қиладиган ягона нарса икки кўзимнинг нури бўлган етимимдир. Кошки, умрим вафо қилсаю Уни вояга етказиш хизматини жону дилим билан давом эттира олсам. Бироқ начора, қўлдан нима ҳам келарди? Умр ҳеч кимга вафо қилмади, бизга ҳам раҳм қилмайди. Ҳозир менинг кўнглим шу ҳасрат оташи билан ёнмоқда. Бу инжу донасини сизлардан бирингизга омонат қолдиришни ўйламоқдаман. Ажабо, қайси бирингиз лойиқ бўлган даражада Унинг ҳақларини назорат қилиб, Унинг хизматида нуқсонга йўл қўймайсиз”, дея сўзларини тугатди. Ўшанда биринчи бўлиб, Абу Лаҳаб дарҳол чўккаллаб, “Эй арабнинг жаноби! Агар бу омонатни орамиздан кимга топшириш ҳақида бирон фикрингиз бор бўлса, ихтиёрингизга бўйсунамиз, акс ҳолда бундай хизматни мен ўз зиммамга оламан”- деди. Абдулмутталиб унга қарата, “Ҳа сенинг молинг кўп. Бироқ сен юмшоқ қалб эмассан, марҳаматинг оз. Етим қалби эса, ярали ва нозик бўлади. Бирон нарсадан тезда кўнгли синиб, дарҳол хафа бўлиб қолади”, деб унинг таклифини қабул қилмади. Бошқа ўғилларидан ҳам баъзилари шундай таклифда бўлдилар. Аммо Абдулмутталиб, уларнинг ҳар бирининг ўз хусусиятларини юзларига айтиб, таклифларини рад этаверди. Ниҳоят, навбат Абу Толибга келганида, ”Мен бундай хизматни ҳаммадан кўпроқ орзу қиламан. Лекин мендан катталар турганда олдинга ўтишим тўғри бўлмасди. Молим камроқ, аммо садоқатим қардошларимдан зиёдадир деб биламан” деди. Абдулмутталиб эса, ”Ҳа, сен тўғри айтдинг. Бу хизматга энг лойиқ киши сенсан. Лекин шуни хотирингда тутки, мен ҳар ишда У билан маслаҳатлашардим ва У истагандай ҳаракат қилардим. Ҳар гал тўғри натижаларга эришардим. Бу хусусда ҳам Унинг ўзи билан яна бир маслаҳат қиламан. У қайси бирингиздан рози бўлса, менга ҳам шу маъқул бўлади” деди. Бундан сўнгра, севимли Пайғамбаримизга юзланиб “Эй кўзларимнинг нури! Сенинг ҳасратинг билан охиратга йўл олмоқдаман. Бу амакиларингдан қайси бирини танлайсан” дея Ундан сўради. Пайғамбаримиз дарров ўринларидан турди-да бориб Абу Толибнинг бўйнига осилиб, тиззасига ўтириб олди. Абдулмутталиб бундан беҳад хурсанд бўлди ва ”Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин, менинг ҳам хоҳишим шундай эди” деди-да, Абу Толибга қараб “Эй Абу Толиб! Бу инжу донаси, ота-она меҳрини кўрмади. Шуни назарда тутган ҳолда У билан муомала қиласан. Сени бошқа болаларимдан устун кўрдим. Бу улуғ ва жуда қиммат омонатни сенга ҳавола қилдим. Чунки сен Унинг отаси билан бир онадансизлар. Уни ўз жонингдек қўриб-қўрғагайсан. Бу васиятимни қабул қилдингми?” дея сўради. У “Қабул қилдим” деганидан сўнгра, Абдулмутталиб, севимли Пайғамбаримизни  қучоғига олди, муборак бошидан, юзидан ўпди ва ҳидлади. Ундан кейин яна “Ҳаммаларинг гувоҳ бўлингларки, мен умрим бино бўлиб бундан да нафис ҳид ҳидламаганман ва бундан-да гўзалроқ юз кўрмадим” дея сўзларини тамомлади.

 Абу Толибнинг ҳимоясида

Бобосининг вафотидан кейин Коинотнинг жаноби (саллаллоҳу алайҳи васаллам), саккиз ёшидан бошлаб амакиси Абу Толибнинг ёнида яшашни бошлади ва унинг ҳимоясида вояга етди. У пайтларда Абу Толиб ҳам, отаси Абдулмутталиб сингари, Маккада Қурайшнинг обрўлиларидан ҳисобланиб, ҳурмат-иззат кўрсатиладиган ва сўзи ўтадиган бир зот даражасида эди. Шу билан бирга Абу Толиб ҳам Пайғамбаримизга улкан бир севги ва шафқат билан қарарди. Уни ўз болаларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, Уни ўзи билан бирга олмай бирон жойга бормасди ва  доим “Сен жуда хайрилисан, жуда мубораксан”, дерди. У дастурхонга қўл узатмасидан олдин ейишни бошламасди, овқат ейишни аввал У бошлашини хоҳларди. Баъзан У учун алоҳида дастурхон ёздирарди. Пайғамбаримиз эрталаб уйғонганда юзи ювилиб ойдай порлаганини, сочларининг таралганини кўришардилар. Абу Толиб унчалик бадавлат киши эмасди. Унинг устига оиласи ҳам катта эди. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жанобимизни ҳимоясига олганидан кейин мўл-кўлчилик ва баракатга эришди. Маккада содир бўлган қурғоқчилик оқибатида халқ қийналиб қолганида, Абу Толиб Уни Каъбанинг ёнига келтириб дуо қилди. Унинг баракати билан кўп ёмғир ёғди. Қурғоқчилик ва очарчиликдан қутулдилар.

 Ўсмирлиги ва уйланиши

Ҳар тарафлама инсонларнинг энг юксаги бўлган Муҳаммад алайҳиссалом, ҳали ўсмирлигидаёқ Макка халқи ичида тартиби ва хушмуомалалиги билан танилган эди. Жуда гўзал ахлоқи, одамлар билан шу давргача кўз кўриб қулоқ эшитмаган даражада чиройли муомаласи, сокинлиги, мулойимлиги ва одамларда бўлмаган бошқа устун сифатлари билан қалбларни жазб қиладиган киши бўлиб қолган эди. Унинг бундай хислатларига гувоҳ бўлганлар ҳайрон қолишарди. Макка халқи, ўз кўзлари билан кўрган, ҳайрон қоларли даражадаги тўғри сўзлилиги ва ишончлиги туфайли Унга "Ал-Амин", яъни ишончли, Унга доимо ишониш мумкин деган маънога келадиган лақаб қўйишганди. У ўсмирлигида ана шу исм билан қавми орасида машҳур бўлди.

Пайғамбаримизнинг ўсмирлик йиллари кечган замонларда араблар, жуда паст жоҳилият даврини бошидан ўтказмоқда эди. Бутларга топиниш, ичкиликбозлик, қимор, зино, фоиз ва яна қанчалаб ифлос ишлар уларнинг ораларида кенг тарқалганди. Муҳаммад алайҳиссалом уларнинг бундай бузуқ аҳволларидан ниҳоятда нафратланарди ва уларнинг ҳар бир ёмонликларидан узоқда турарди. Бутун Макка халқи Унинг бундай ҳолини билишарди ва ҳайратга тушишарди. Бутлардан қаттиқ нафратлангани учун уларнинг ёнларига ҳеч яқинлашмасди. Бутлар учун сўйилган қурбонликлардан ҳеч қачон емади. Болалигида ва ўсмирлигида ўзига оид қўйларни, Жиёд тоғи этакларида боқарди ва шу йўл билан кунини ўтказарди. Бундай ҳаддан зиёд бузилган жамиятдан доим узоқ турди. Бир гал Асҳоби киромга “Қўй боқмаган (чўпон бўлмаган) ҳеч бир пайғамбар бўлмаган”,- дея марҳамат қилганди. “Ё Расулуллоҳ! Сиз ҳам чўпонлик қилганмисиз?”, дейишганларида, “Ҳа, мен ҳам чўпонлик қилганман” деб марҳамат қилдилар.

Севимли Пайғамбаримиз йигирма ёшларига келган вақтларда Маккада осойиш батамом бузилиб бўлган эди. Зулм ҳаддига етган, мол-жон ва номус муҳофазаси батамом тугаб бўлганди. Макканинг маҳаллий аҳолиси, шаҳарга тижорат ва Каъбани зиёрат қилишга келган меҳмонларга ноҳақлик қилиб, зўравонлик кўрсатишарди. Жабр-зулмга дучор бўлганлар, ҳақларини сўраб борадиган бирор жой топа олмай қолишганди. Ўша кезда, тижорат иши билан Маккага келган Яманлик бир тужжорнинг моллари, Ос бин Воил исмли бир маккалик тарафидан тортиб олиниб ўзлаштирилган эди. Бу ҳодисадан хўрлиги келган яманлик Абу Қубайс тоғига чиқиб, ҳаққини қайтариб олиш учун дод-фарёд солиб қабилалардан ёрдам сўради. Зулмнинг қанчалик ҳад чегарасидан ошиб кетганлигини кўрсатадиган бу ҳодисалар оқибатида, Ҳошим ва Зуҳра ўғиллари ҳамда бошқа бир қатор қабилаларнинг ёши улуғлари Абдуллоҳ бин Жудъоннинг уйига йиғилишди. Хоҳ маҳаллий, хоҳ келгинди, умуман ҳеч кимга зулм ва ҳақсизлик қилинмаслиги, зулмга чек қўйиш, ҳақсизликка учраганларнинг ҳақларини зўравондан олиб беришга қарор қилдилар. Ана шу мақсадда Адолат жамияти қуришди. Севимли Пайғамбаримиз ўсмирлигида қатнашган ва қурилишида катта меҳнати сингган ўша жамиятга Ҳилфул Фудул дейилади. Бундан олдин ҳам Фадл исмли икки киши ва Фудайл исмли яна бир киши тарафидан шунга ўхшаш бир адолат ташкилоти тузилган эди. Ана ўшаларнинг аввалдан тузишган ташкилотларига ҳурмат юзасидан, бу янги жамият ҳам шундай исм билан аталган эди. Бу янги жамият, зулмга нуқта қўйиб, Маккада батамом барбод бўлган осойишни янгидан тиклашга муваффақ бўлди. Унинг таъсири анча узоқ вақт давом этди. Расулуллоҳ жанобимиз, пайғамбарлик вазифаларини бошлагандан кейин ҳам ўша жамият ҳақида Асҳоби киромга ҳикоя қилиб ”Абдуллоҳ бин Жудъоннинг уйида айтилган қасамда мен ҳам бор эдим. Менга ўша аҳдлашма, қизил тукли туяларга (сарватга-мулкка) эга бўлишдан ҳам ёқимлироқдир. Ҳозир ҳам ўшандай бир мажлисга чақирилсам, ҳеч иккиланмасдан унга қатнашган бўлардим”, дея марҳамат қилганди. 

 Тижорат билан машғул бўлишлари

Маккаликлар қадимдан тижорат билан кун кечириб келишарди. Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) амакиси Абу Толиб ҳам тижорат билан шуғулланарди. Севимли Пайғамбаримиз йигирма бешларга кирган вақтларида Маккада кун кўриш яна анча оғирлашиб қолган эди. Шу сабабдан ҳам маккаликлар бу сафар Шомга бориш нияти билан катта бир тижорат карвони ҳозирладилар. Шундай карвон ҳозирлиги кетиб турган кунларнинг бирида Абу Толиб, Расулуллоҳ жанобимиз олдига келиб ”Эй муҳтарам жияним! Камбағаллик чекига етди. Очлик ва курашлар билан ўтказган кейинги йиллар қўлимизда ҳеч нима қолдирмади. Мана ҳозир Қурайш тижорат карвони Шомга жўнамоқчи бўлиб турибди. Ҳадижа хоним ҳам карвон билан мол жўнатаяпти ва у албатта ўзининг бу савдосига бош-қош бўладиган ишончли кишилар изламоқда. Ўйлайманки, сендек амин, соф ва вафодор кишига эҳтиёжи бор. Унинг ҳузурига бориб, тижоратида сенинг вакил бўлиб боришингни сўрасак ёмон бўлмасди. Шубҳасиз, сени бошқаларидан афзал ҳисоблайди. Аслини олганда мен сенинг Шомга боришингни унча ҳам хоҳламайман. Чунки у ердаги яҳудийларнинг сенга бирон зарар келтиришларидан хавотирдаман. Бироқ начора, дея маслаҳат қилди. Пайғамбар жанобимиз амакисига “Сиз нима десангиз шу”, деб марҳамат қилди.

Ҳазрати Ҳадижа чиройи, ақли, иффати, ҳаёси, адаби ва мулкдорлиги билан Арабистонда шуҳрат қозонган аёл эди. Шунинг учун унга чор тарафдан толиб бўлган ва уни сўратиб, орқасидан югуриб юрган кишилар жуда кўпчилик эди. Бироқ у тушида кўрган бир воқеа туфайли ҳеч кимга илтифот қилмай келарди. Унинг тушида, осмондан ой ерга тушиб, Ҳадижа хонимнинг қўйнига кирган ва унинг нури қўлтиғидан чиқиб, бутун оламни ёритган эди. Эрталаб туриб у тушни қариндошларидан Варақа бин Навфалга сўзлаб берди. Варақа эса, унинг тушини шундай таъбир қилди: “Охир замон Пайғамбари дунёга келибди. У сенга уйланади ва сенинг замонингда Унга ваҳий нозил бўлади. Унинг динининг нури оламни тўлдиради. Энг биринчи иймон келтирган сен бўласан. У Пайғамбар, Қурайшдан ва Баний Ҳошимдан бўлади”.  Ҳазрати Ҳадижа бу таъбирдан жуда хурсанд бўлган ва ўша Пайғамбарнинг келишини сабрсизлик билан кута бошлаган эди.

Ҳазрати Ҳадижа, савдо-сотиқ ишларини олиб борарди, ишонарли кишилар билан шериклик қиларди. Абу Толиб, ҳазрати Ҳадижа ҳузурига келиб, аҳволни тушунтирди. Шу сабабдан ҳазрати Ҳадижа Расулуллоҳ жанобимизни кўриб, У билан сўзлашиш учун Уни уйига таклиф қилди. Жанобимиз ташриф буюрганларида, Уни жуда зиёда таъзим ва ҳурмат билан қабул қилди. Пайғамбаримизнинг назокатини, соф ва пок жамолини кўриб ҳайрон қолди. Расулуллоҳ жанобимизга юзланиб “Тўғри сўзли, ишонарли ва гўзал одатли киши эканлигингизни биламан. Менинг бу ишимга бош-қош бўладиган одамга мўл-кўл қилиб, бошқа вақтлардагидан ҳам кўпроқ ҳақ тўлайман...” деди. Бундан кейин хизматда лозим бўладиган кийимларни Унга топширди ва кўнгли хотиржам ҳолатда хайр-маъзур қилди.

Ҳазрати Ҳадижа волидамиз билимли, диний қарашлари насроний бўлган амакисининг ўғли Варақа бин Навфалдан пайғамбарлик аломатларини ҳам сўраб олган эди. Расулуллоҳ жанобимизнинг бу сафарги зиёратида ҳам пайғамбарлик хусусиятларини ўзида намоён қилганди. Шу сабабдан ҳам ҳазрати Ҳадижа, Майсара исмли қулига “Маккаликлар ҳар хил миш-миш тарқатмаслиги учун карвон Маккадан озгина чиққунча туянинг жилови Муҳаммад алайҳиссаломнинг қўлида бўлсин. Шаҳардан узоқлашиб, кўздан ғойиб бўлганларингдан сўнгра мана бу қимматбаҳо кийимларни Унга кийдир” дея тайинлади. Ундан кейин туялардан энг чиройлисини султонларга лойиқ бир шаклда беззаттирди. Майсарага “Уни бениҳоя катта ҳурмат эҳтиром билан ман шу туяга миндириб жиловини ўз қўлингга олгин ва ўзингни у Ҳазратнинг хизматкори деб ҳисоблагин! Ундан ижозат олмай бирон иш қилмагин ва Уни муҳофаза қилиш, хавфлардан қўриш учун жонингни аямагин! Борган жойларингизда кўп қолманглар, тезда қайтинг. Эҳтиёт бўлгин, Хошим ўғиллари олдида уятли бўлиб қолмайлик. Агар бу айтганларимни бе каму кўст бажарсанг, сени озод қиламан ва истаганингча мол бераман”, дея вазифасини тайинлади.

Ниҳоят карвон тайёр бўлди. Маккаликлар сафар олдидан яқин-узоқлари билан хайрлашиш учун бир жойга йиғилдилар. Уларнинг орасида севимли Пайғамбаримизнинг қариндошлари, амакилари ва Хошим ўғилларининг улуғлари ҳам бор эди. Пайғамбаримизнинг аммаси, Аллоҳу таолонинг Расулини (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хизматчи кийимида ва туянинг жиловини ушлаб турган ҳолатда кўриб, тиззалари титраб, фарёд қилиб йиғлаб юборди. Оҳу-воҳ қилиб, кўзларидан ёш дарёсини оқизиб “Эй Абдулмутталиб! Эй замзам қудуғини қазиган буюк зот! Эй Абдуллоҳ! Қабрларингдан туриб, мана бу тарафга қаранг ва мана шу муборакнинг ҳолини кўринг!” дея аламларини айтиб олди. Абу Толиб ҳам айнан ўшандай туйғулар ва ўшандай ҳолатда эди. Расулуллоҳ жанобимизнинг Ҳақни кўрувчи инжу кўзларидан ҳам марварид ёшлар тўкилди ва “Мени унутманглар. Ғурбатда ғам ва ташвиш чекаётганимни ёд қилиб туринг” каби сўзлар билан марҳаматда бўлдилар. Унинг бу сўзларини эшитиб турганларнинг барчасининг кўзларига ёш келди. Кўкдаги малаклар ҳам бу ҳолга шерик бўлдилар ва “Эй Раббимиз! Бу ўзингга ҳабиб этиб, энг буюк мақом эҳсон қилган банеданг Муҳаммад алайҳиссаломдир. Бу ҳолнинг ҳикмати нимадир” деб Аллоҳу таолога ёлворишди. Аллоҳу таоло эса, малакларга “Ҳа, У менинг ҳабибимдир. Лекин сиз муҳаббат сирларини билмайсиз. Маҳбуб ва ҳабиб орасидаги сирлардан воқиф бўлолмайсиз. Бу мақомни ҳеч ким билмайди. Бу сирли ишдан ҳеч ким ҳеч нарса тушунолмайди” деб марҳамат қилди.

Оқибат, карвон ҳаракат қилиб, Макка уларга кўринмай қолганидан кейин Майсара хўжасидан олган амри бўйича, қимматбаҳо кийимларни севимли Пайғамбаримизга кийгазди. Турли хил матолар билан безатилган туяга уни мингазди. Жиловини эса, ўз қўлига олди.

Ушбу йўловчилик давомида карвондагилар, оламларга раҳмат қилиб юборилган севимли Пайғамбаримизнинг устида, Унга доим соябон бўлган бир булутнинг ва қуш қиёфасида иккита малакнинг то сафар битгунича У билан бирга кўкда сузиб юрганини кўришди. Йўлда туялардан иккитаси ҳолдан тойиб юра олмайдиган аҳволга тушиб, карвондан орқада қола бошлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом, уларнинг оёқларини силаб қўйганди уларнинг тезликлари ортиб, ўзиб кета бошлади. Йўл давомида шунга ўхшаш яна қатор ҳодисалар рўй бериб турди. Бу ҳоллардан воқиф бўлишган йўловчиларда Унга нисбатан ўзгача ҳурмат пайдо бўлиб, Унинг жуда бообрў киши бўлиши ҳақида гапира бошлашди. Бу сафар ҳам Бусрага етиб борганларида эски монастир яқинида дам олишга тўхтадилар. Муҳаммад алайҳиссаломда кўрилган бир қатор аломатларга кўра, Унинг охирги пайғамбар бўлишини башорат қилган роҳиб Баҳира бу вақтга келиб вафот қилган эди. Унинг ўрнига энди Настура исмли киши роҳиб бўлганди. Монастирнинг яқинига келиб юк туширишган Қурайш карвонини кузатиб турган роҳиб Настура, улар ёнидаги қуриб қолган дарахтнинг остига бир киши келиб ўтирганини ва у дарахт бир онда кўкара бошлаганини сезиб қолиб, Майсарага “Анави дарахтнинг тагига ўтирган киши ким?” дея савол берди. “У Қурайш қабиласининг Ҳарам аҳлидан бир зотдир” деб жавоб қилди Майсара. “Ҳа, ҳозиргача бу дарахтнинг остига пайғамбардан ўзгаси ўтирмаган эди”, деди роҳиб Настура. “Унинг кўзларида бироз қизил борга ўхшайди, шундайми” деб яна қўшимча савол ҳам берди Настура. “Ҳа шундай, у қизиллик ҳеч Унинг кўзларидан кетмайди”, деди Майсара. “Исо алайҳиссаломга Инжилни туширган Аллоҳу таоло ҳаққи, бу зот охирзамон пайғамбари бўлади. Оҳ, кошки, мен Унга пайғамбарлик вазифасига киришиши буйруладиган замонгача яшай олсам эди”, дея афсусланди роҳиб...

Муҳаммад алайҳиссалом Бусра бозорида Ҳадижа ҳонимнинг молларини сотаётганида, бир яҳудий харидор у билан савдолашиб туриб, Унинг айтганларига ишонмади-да “Лот ва Узза исмли бутларга қасам ич, мен сенга ишонайин”, деди. Муҳаммад алайҳиссалом “Мен у бутлар номидан асло қасам ичмайман! Уларнинг олдиларидан ўтаётганимда ҳам юзимни бошқа тарафга буриб ўтаман” дея марҳамат қилдилар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг бу сўзини эшитиб ва Ундаги бошқа хил аломатларни ҳам кўрган яҳудий харидор “Ҳақ гап айтдинг! Валлоҳи бу пайғамбар бўладиган зот. Олимларимиз китобларида бунинг хусусиятларини ёзиб қолдиришган” қабилида гаплар айтиб, ҳайратини билдирди.

Майсара Расулуллоҳ жанобимизда кўрилган ва У ҳақида эшитган нарсаларни хотирига нақш этарди ва Унга бўлган ҳайронлиги тобора ортмоқда эди. Қисқаси, Майсаранинг қалбида оламларнинг жанобига нисбатан улуғвор муҳаббат ҳосил бўлган эди. Энди Майсара Унга завқланиб ва теран ҳурмат билан хизмат қиларди, энг кичик истагини ҳам худди амр олгандек ихлос билан бажарарди.

Олиб келинган моллар батамом сотилди, Пайғамбаримизнинг баракати билан тушган фойда ҳар галгидан бир неча марта кўп бўлган эди. Охири карвон ортга йўлга чиқди. Қайтиш йўлида Марруззаҳрон ўлкасига келганларида Майсара севимли Пайғамбаримизга Маккага суюнчи айтиб боришларини таклиф қилди. Сарвари олам бу таклифни қабул қилиб, туясини карвондан чиқариб минди-да, уни тўғри Маккага қараб ҳайдади.

Нафиса бинти Мунийя Хоним қуйидагича ҳикоя қилади: “Карвоннинг қайтиб келиш вақти яқинлашганди. Ҳадижа Хоним ҳар куни хизматчилари билан уйининг томига чиқиб карвоннинг йўлига муштоқ қарарди. Ўша кунларнинг бирида мен ҳам Ҳадижанинг ёнида эдим. Тўсатдан узоқда бир туя минган кишининг қораси кўринди. Унинг устида бир булут ва иккита қуш (қуш шаклига кирган малаклар) Унга соябон бўлишган эди. Пайғамбаримизнинг пешонасидаги нур эса, худди ойдек порларди. Бундай ҳолатда келаётган зотнинг кимлигини аллақачон фаҳмлаган Ҳадижа хонимнинг кўнгли тинчланди. Бироқ у, ўзини билмасликка олиб “Шундай иссиқда келаётган ким бўлди экан?” деб ёнидагилардан сўради. Хизматчилари эса, Унга кўкда соя солиб келаётганларни кўрганларидан ҳайратга тушиб “Бу келаётган Муҳаммадга (алайҳиссалом) ўхшайди”, дедилар. Бироз кейин Расули акрам (саллаллоҳи алайҳи ва саллам) жанобимиз, Ҳадижа волидамизнинг кўшкига келди ва аҳволдан хабар берди ва бу хушхабар билан уни бениҳоя хурсанд қилди.

Бир қанча вақт ўтганидан кейин карвон ҳам Маккага кириб келди. Майсара ҳазрати Ҳадижа волидамизга сафар давомида Пайғамбаримизнинг соябони, роҳиб Настуранинг айтганлари, ҳолдан тойган туяларнинг қандай йўрғалаб кетганлари ва шуларга ўхшаш юз берган анчагина фавқулода ҳолларни бир-бир сўзлаб берди. Жаноби пайғамбаримизни тили айлангунча мадҳ қилди. Зотан ҳазрати Ҳадижа, Унинг бу каби хусусиятларидан хабардор эди. Бироқ бу янги ҳикоялар унинг ишончини оширди. Майсарага “Бу кўрганларингни бошқа ҳеч кимга айтиб юрмагин”, дея эслатиб қўйди.

Ҳадижа волидамиз, Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида бу эшитганларини ва олдиндан биладиганларини йиғиб, яхшилаб маслаҳат солиш мақсадида билимли қариндоши Варақа бин Навфалга борди. Ҳадижа хонимнинг гапирриб берганларини диққат ва ҳайрат билан тинглаган Варақа “Эй Ҳадижа, шу айтганларинг тўғри бўлса, Муҳаммад алайҳиссалом, бу умматнинг пайғамбари бўлиши муқаррар” деди.

Хуллас, Пайғамбаримиз 12 ёшлигида амакиси Абу Толиб билан тижорат ишлари бўйича Бусрага, 17 ёшлигида бошқа амакиси Зубайр билан Яманга, 20 ёшида Шомга ва 25 ёшида ҳазрати Ҳадижанинг молларини сотишга вакил бўлиб яна Шомга, ҳаммаси бўлиб тўрт марта Маккадан ташқарига саёҳат қилганлар. Булардан бошқа ҳеч бир жойга саёҳат қилмадилар. 

 Ҳазрати Ҳадижага уйланиши

Ҳазрати Ҳадижа волидамиз, Варақа бин Навфал берган хушхабарга суяниб ва севимли Пайғамбаримизнинг гўзал хислатларини кўриб, Унинг хоними бўлиб, хизмати билан шарафланишга мойил бўлди. Нафиса бинти Мунийя бу ҳолни сезиб орага кирди. Ана шу ният билан Нафиса бин Мунийя Расули акрамнинг юксак ҳузурига келди ва “Ё Муҳаммад! Зоти олийларининг уйланмай юришининг сабаби нимадир?” дея сўради. Пайғамбаримиз: “Уйланишим учун қўлимда етарли даражада пулим йўқ” деб марҳамат қилди. Нафиса хоним эса: “Ё Муҳаммад! Агар иффатли ва шарафли, мол ва жамол соҳибаси бирор аёл билан уйланишни истасангиз мен хизматингизга тайёрман” деди. Пайғамбаримиз, “У аёл ким бўлди экан?” дея марҳамат қилганди, “Ҳадижа бинти Ҳувайлид”,- деди. Расуллоҳ жанобимиз: “Бу ишга ким васила бўлади?”дея сўраганди, Нафиса хоним “Бу ишни менга қўйиб беринг” деб Пайғамбаримиз ҳузуридан чиқиб кетди. Нафиса хоним бу хушхабарни ҳазрати Ҳадижага етказди. Ҳазрати Ҳадижа эса, қариндошлари Амр бин Асад ва Варақа бин Навфални чақириб, уларга аҳволни тушунтирди. Фикрлари бир жойдан чиқди. Ана шундан кейин Расулуллоҳ жанобимизга алоҳида хабар юбориб, аниқ бир вақтда учрашиш учун ташриф буюришини сўради. Ўз навбатида Абу Толиб ва унинг қардошлари ҳам ҳозирликларини кўришиб, Пайғамбаримиз билан бирга ҳазрати Ҳадижанинг уйига боришди. 

Ҳазрати Ҳадижа волидамиз ҳурматли меҳмонларнинг келишига уйини синчковлик билан тозалатиб, безатди. Бу муборак кунинг шукронаси учун барча зийнатларини хизматчиларига ҳадя қилди ва уларни озод қилди. Расулуллоҳ амакилари билан Ҳадижа волидамизнинг уйига ташриф буюрдилар. Абу Толиб “Яратганга ҳамд бўлсинки, бизни Иброҳим алайҳиссаломнинг авлодидан ва Исмоил алайҳиссаломнинг наслидан айлади. Бизни Байтуллоҳнинг қўриқчиси қилди. Одамзотнинг қибласи ва оламлар тавоф қиладиган ул муборак хонани, ҳар қандай ёмонликдан муҳофаза қилган Ҳарами шарифни бизга муяссар айлади. Қардошим Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммад шундай бир кишидурки, Қурайшда ким билан қиёсланса, ундан устун келади. Гарчи моли оздир, лекин кишининг қиймати моли билан ўлчанмайди. Чунки молу-мулк, бир сояга ўхшайди. Қўлдан қўлга ўтиб кетаверади. Жиянимнинг шарафи, устунлиги ҳаммангизга аниқ ва маълумдир. Мана бугун Ҳадижа бинти Ҳувайлидни ҳалоллигига сўрайди. Молимдан қанча маҳр берилишини хоҳлайсиз? Аминманки, Муҳаммаднинг мартабаси юксак бўлгай”, дея сўз бошлади. Варақа бин Навфал бу сўзларни тасдиқ қилди. Ҳадижа волидамизнинг амакиси Амр бин Асад “Гувоҳ билинглар, Ҳадижа бинти Ҳувайлидни Муҳаммад алайҳиссаломга хотинликка бердим” деди. Шу билан никоҳ аҳди ва маросими тамом бўлди. Бир ривоятга кўра маҳр 400 мисқол олтин, бошқа бир ривоятда беш юз дирҳам, учинчи бир ривоятга кўра эса, 20 та туя эди деб хабар берилади.

Абу Толиб тўй зиёфати учун бир туя сўйиб, шу кунгача кўз кўриб қулоқ эшитмаган улкан зиёфат берди. Шу билан никоҳ воқе бўлди. Ҳазрати Ҳадижа волидамиз бутун бор-будини Пайғамбармизга ҳадя қилди ва “Бу молларнинг ҳаммаси юксак шахсингизга оиддир. Мен Сизга муҳтожман ва миннатингиз тагидаман” дея бутун ихтиёрини Унга топширди.

Ҳадижа волидамиз, оила ҳаёти давомида пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга доим хизмат қилиб, Унга ёрдамчи бўлди. Пайғамбаримизнинг бу турмуши Ҳадижа волидамизнинг вафотигача 25 йил давом этди. Унинг ўн беш йили бисатдан олдин, ўн йили эса, бисатдан (пайғамбарликнинг билдирилишидан) кейин кечди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи хотини ҳаётлигида бошқа ҳеч кимга уйланмадилар. Улар олтита бола кўришди. Уларнинг иккиси ўғил, тўрттаси қиз эди. Исмлари Қосим, Зайнаб, Руқайя, Умму Гулсум, Фотима ва Абдуллоҳ (Бу ўғлининг исмини Таййиб ёки Тоҳир ҳам дейишарди). Кейинчалик пайғамбарлик даврида уйланган Ҳазрати Марийядан ҳам битта Иброҳим исмли ўғиллари бўлган эди. Бошқа аёлларидан болалари бўлмади. Зайнаб қизларининг энг каттаси эди. Энг кичиги, отасининг севимли қизи Фотима эди. У ҳижратдан ўн уч йил олдин туғилди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг эркак авлодлари кичик ёшларда вафот этганлари сингари, Ҳазрати Фотимадан бошқа барча қизлари ҳам Ўзларидан олдин вафот қилди. Фотима волидамиз Пайғамбаримиздан олти ой сўнгра вафот қилганди. Ҳазрати Алига турмушга чиққан эди. Севимли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг насллари Ҳазрати Фотима авлодлари билан давом этди.

Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам), Ҳадижа волидамизга уйланганидан кейин ҳам тижорат билан машғул бўлдилар. Тижоратдан топган фойдалари билан мусофирларнинг оғирини енгил қилар, етимлар ва камбағалларга ёрдам берарди.

 Биъсати (пайғамбарлиги) ва даъвати

Оламларнинг жаноби (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўттиз етти ёшлигидаёқ  ғойибдан “Ё Муҳаммад” деб уни чақираётган товушлар эшитарди. Ўттиз саккизида, бир қатор нурлар кўра бошлади. Воқеаларни фақат Ҳадижа волидамизга айтиб берарди. Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарликнинг билдирилиши яқин қолган пайтларда замонасининг машҳур адибларидан Қус бин Саида, Уқоз бозорида туянинг устида туриб, катта бир йиғинга ўқиган хутбасида Унинг (пайғамбарнинг) келиши хушхабарини берганди. Севимли Пайғамбаримиз ҳам ўша хутбани тинглаганлар орасида эди. Қус бин Саида, ўша ўзининг машҳур хутбасининг бир қисмида шундай деганди:

“Эй одамлар! Келинг, тингланг, кутинг, ибрат олинг! Туғилиб, яшаган ўлади, ўлган фано топади, бўладигани бўлади! ... Қулоқ тутинг, яхшилаб тингланг! Кўкда хабар бор, ерда ибрат оладиган нарсалар бор! ... Аллоҳнинг олдида бир дин! ... Ва Аллоҳнинг юборадиган бир пайғамбари бор. Унинг келиш вақти жуда яқин. Унинг сояси бошингиз устига тушиб турибди. Уни тинглаган ва Унга иймон келтирганлар не қадар муборак бўлғайлар. Унга исён қилган ва мухолифат қилган бадбахтнинг ҳолига вой дейман! Хайф бўлсин, умрлари ғафлатда ўтган умматларга! ... “

У замонларда Арабистон бўйлаб одамлар илоҳий ўлчовлардан узоқлашганди, улар бой-камбағал, кучли-кучсиз, хўжайин ва қул каби синфларга бўлиниб олганди. Бироз ўзларини баландроқ, маданиятлироқ деб ҳисоблайдиганлар қолганларга зулм қиларди, уларни одам сонига қўшмасди. Кучсизларнинг моллари тортиб олинарди, аммо бундай ноҳақликка тўсиқ бўладиган бирор масъул топилмасди. Аллоҳу таолога иймондан ҳосил бўладиган ҳаё ва қўрқув ҳиссидан маҳрум бўлиб, фазилатдан роса узоқлашгандилар. Ҳар хил ахлоқсизлик, иззат-ҳурмат ва номусни оёқ ости қилиш каби бемаъни қилиқлар бемалол қилинарди, қимор, ичкиликбозлик, завқу сафодан ҳеч ким четда қолмасди. Ҳар куни қайталанаверадиган қотилликлар, зино ва босқинчилик ҳолатлари жонга тегиб бўлганди, маъсум кишиларнинг ингроқлари ва аччиқ кўз ёшлари Аршни ларзага келтираётганди. Тамоман ахлоқий тубанлик ҳукм сурарди, кишилар жаҳолат денгизига ғарқ бўлганди. Аёл зоти худди оддий бир молдай олиб сотилар, қиз болалар тириклайин инсофсизларча тупроққа кўмиларди. Ҳаммасидан баттари, тошюрак, ўжар ва раҳму шафқатдан йироқ бу халқ ўз қўли билан ясаган фойдаю зарардан ожиз жонсиз бутларга сиғинишиб-топинишни улкан бир шараф деб қабул қиларди.

 Одам алайҳиссаломдан буён, дунёда бундай ваҳшат, йўлдан озиш, ахлоқсизлик, имонсизлик ва сафоҳат (кайфу-сафо, тубанликка муккадан кетиш) учрамаган эди. Одамлар гўёки ҳайвон қиёфасига кириб олгандай эди. Ҳамма бир-бирига душман, жамият ҳар онда портлашга тайёр турган эди. Кишиларнинг ҳузуру-роҳатга эришилари учун бундай қоронғилик қаридан саодат қуёши чиқиши керак бўлаётган эди. Агар шундай бир зиё чиқса, куфр ўрнини иймон, зулм ўрнини адолат, жоҳиллик ўрнини илм оларди ва инсоният абадий саодатга эришган бўларди.

Ниҳоят севимли Пайғамбаримизга олдин содиқ тушлар кўрсатила бошланди. Ҳадиси шарифда ваҳий илк маротаба тушда туширилганлиги билдирилади. Тушида кўрганлари айнан чиқарди. Бундай ҳол олти ой давом этди. Ваҳий келиши яқинлашганида ”Ё Муҳаммад” деган овозлар эшитилиши кўпайиб қолди. Ундан кейин танҳоликни ёқтирадиган бўлдилар. Натижада одамлардан узоқроққа кетиб, Хиро тоғидаги бир ғорда тафаккурга берилишни одатга айтантирдилар. Баъзан Маккага келар, Каъбани тавоф қилар, саодатхоналарига (уйларига) кириб чиқардилар. Хонаи саодатда пича вақт бўлиб, оз мунча озиқ оларди-да, такрор Хиродаги ғорга қайтарди, тафаккур ва ибодат билан машғул бўлардилар. Баъзан бир неча кунлаб ғорда қолиб кетардилар. У вақт ҳазрати Ҳадижа бирор киши орқали овқат бериб юборарди ёки ўзи элтиб берарди. 

Илк ваҳий

Пайғамбаримиз қирқ ёшлигида, Рамазон ойида Хиро тоғига чиқиб, тафаккурга берилган эди. Рамазоннинг 17-чиси,  душанба куни ярим кечадан кейин исмини айтиб чақирган бир овоз эшитдилар. Бошларини кўтариб атрофига қараганларида, ўша овоз яна такрорланди ва сўнгра бирданига теварак атрофни ёруғликка ғарқ қилган бир нурни кўрдилар. Нурнинг орқасидан Жаброил алайҳиссалом қаршисида пайдо бўлди ва Унга “Ўқи!” деди. Жанобимиз эса “Мен ўқий олмайман” жавобини бердилар. Ўшанда малак жанобимизни тутиб қаттиқ қучоқлади ва яна “Ўқи!” деди. Жанобимиз такрор“Мен ўқий олмайман”, дея жавоб қайтардилар. Яна бир марта уни қучоқлади ва яна “Ўқи!” деди. Жанобимиз “Мен ўқишни билмайман”, деганди, Уни учинчи марта қучоқлаб қисди. Ундан кейин уни бўшатиб (Эй Муҳаммад!) Яратган Аллоҳнинг исми билан ўқи! У инсонни лахта қондан яратди! Ўқи, Аллоҳ буюк карам соҳибидир. У, (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни) ўргатди, У зот инсонга билмаганларини ўргатади” мазмунидаги Алақ сурасининг илк беш ояти каримасини келтирди. Муҳаммад алайҳиссалом ҳам у билан бирга такрорлади (ўқиди). Илк ваҳий ана шундай келди ва жаҳонга зиё сочган Ислом қуёши шу тариқа чиқди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) даҳшатга тушган ва ҳаяжонда Хиро тоғидаги ғордан чиқиб, пастга туша бошладилар. Тоғнинг ярмига келганида яна бир овоз эшитилди. Яна Жаброил алайҳиссалом “Ё Муҳаммад! Сен Аллоҳу таолонинг расулисан, мен эса, Жаброилман” деяётганди. Бу орада у товони билан ер тепди. Тепган жойидан сув чиқди ва у таҳорат ола бошлади. Пайғамбаримиз уни диққат билан кузатиб турарди. Жаброил алайҳиссалом таҳоратини тугатиб, Пайғамбаримизга ҳам кўрганидек таҳорат олишини айтди. Севимли Пайғамбаримиз таҳоратини олиб бўлганидан кейин, Жаброил алайҳиссалом имомлигида икки ракат намоз ўқидилар. Намоздан кейин Жаброил алайҳиссалом “Муҳаммад! Раббинг сенга салом айтди” деди-да, Аллоҳу таолонинг “Сен менинг жин ва одамларга юборган расулимсан. Шундай экан, уларни тавҳидга даъват қилгин!” деган буйруғи бор деб кўкка кўтарилиб кетди. Севимли Пайғамбаримиз мана шу тариқа Жаброил алайҳиссаломни кўрдилар ва сўзлашдилар.

Пайғамбаримиз келиб, хонаи саодатларига киргунича йўлда учраган ҳар бир тош, дарахтнинг Унга қараб “Ассалому алайкум ё Расулуллоҳ!” деганларини эшитарди. Уйига келиб, “Мени ёпиб қўйинглар! Мени ёпиб қўйинглар!” дея марҳамат қилдилар ва титрашлари ўтиб кетганича ўраниб ётдилар. Сўнгра кўрганларини Ҳадижа волидамизга сўзлаб берди ва “Жаброил (алайҳиссалом) кўзимдан ғойиб бўлди. Лекин унинг ҳайбати, шиддати ва ундан қўрқув ҳисси устимдан ҳамон кетмади. Мени алжиган дейишиб, менга тил текказишларидан қўрқаяпман”, дея марҳамат қилдилар. Бундай ҳолларни ва бу кунларнинг қачондир содир бўлишини кутаётган, буларнинг барчасига тайёр бўлган ҳазрати Ҳадижа тасалли бериб “Сизни Аллоҳу таоло сақласин. Ҳақ таоло Сизга фақат хайр тилайди ва хайрдан бошқа ҳеч нарса лозим кўрмас. Аллоҳу таолонинг ҳаққи учун бу умматнинг пайғамбари бўлишингизга ишонаман. Зеро Сиз, меҳмонсеварсиз, тўғри сўзли, аминсиз. Ожизларга ёрдам берган, етимларни ҳимоялаган, ғарибларга ёрдамингизни аямайдиган бир кишисиз. Ҳулқи-одатларингиз яхши, бундай хислатлар соҳибида қўрқув бўлиши мумкин эмас” деган сўзларни айтди.

Кейин, ҳолат юзасидан дурустроқ маслаҳат олиш мақсадида Пайғамбар алайҳиссалом ва Унинг умр йўлдоши ҳазрати Ҳадижа иккаласи Варақа бин Навфалнинг олдига келишди. Варақа, Расулуллоҳ жанобимизни диққат билан тинглаганидан кейин “Хушхабар эй Муҳаммад алайҳиссалом! Аллоҳу таолога қасам этаманки, сен, Ҳазрати Исо хабар қилган охирги пайғамбарсан. Сенга кўринган малак, сендан аввал Мусо алайҳиссаломга келган Жаброил алайҳиссаломдир. Оҳ! Кошки ёш бўлсайдим. Сени Маккадан чиқариб юборадиган замонга етишиб, сенга ёрдамга югурсайдим. Жуда яқин вақтларда таблиғ ва жиҳод қилишга буйруқ оласан” деди ва Пайғамбар жанобимизнинг муборак қўлларини ўпди. Бу воқеадан кўп ўтмай Варақа бин Навфал вафот қилди.

 Таблиғ амрининг келиши

Севимли Пайғамбармизга, пайғамбарлигини билдирувчи биринчи ваҳий юқорида билдирганимиздек келган эди. Ундан сўнг бу ҳол тўхтаб қолди. Уч йил ҳеч нарса келмади. Бу орада Исрофил алайҳиссалом исмидаги фаришта (малак) келиб, баъзи нарсаларни ўргатганди, аммо улар ваҳий эмас эди. Бу вақтлар ичида Расулуллоҳ жанобимиз кўп изтироб чекарди. Жанобимиз ташвишли, хафа бўлганларида Жаброил алайҳиссалом кўриниб “Эй Ҳабибуллоҳ! Сен Аллоҳу таолонинг пайғамбарисан” дер ва бу билан ғам-ғуссасини қисман тарқатиб юборарди. Пайғамбаримиз марҳамат қиладики:“Ваҳий тўхтаб турган вақтлар эди. Хиро тоғидан тушиб келаётгандим. Тўсатдан осмон тарафдан овоз эшитдим. Тепамга қарадим. Жаброилни (алайҳиссалом) кўрдим. Шундай ер ва осмон орасида бир курси устида ўтирарди.Мен ундан қўрқиб кетдим. Уйга бориб, мени бирон нарса билан ёпиб қўйишларини сўрадим. Ҳақ таоло ваҳий юборди“Эй (либосларига) бурканиб олган зот, тур-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантир! (Иймон келтирмасалар, азобга учрашларидан уларга хабар бер” мазмунидаги Муддассир сурасининг биринчи оятини туширди. Ундан кейин ваҳийларнинг кети узилмади”.

Фахри коинот (алайҳи афдалус-салавот) жанобимиз, инсонларни исломга даъват қилишни, Аллоҳу таолонинг амр ва тақиқларини таблиғ (кишиларга етказиш) этишни бошлаб юбордилар. Жаброил алайҳиссалом, ваҳий келтирганида баъзан инсон шаклида келарди. Кўпинча Асҳоби киромдан Диҳя-и Калбийнинг сувратида келарди. Баъзан эса, Пайғамбар жанобимизнинг қалбига илҳом билан ташларди, талқин этарди. Расулуллоҳ жанобимиз уни кўрмасди. У баъзан тушда, баъзан даҳшат сочиб, кучли ҳайқириқ билан келарди. Ваҳийнинг ана шундай келиши Пайғамбар жанобимизга жуда оғир, мушкул туюларди. Бундай ҳолларда кун жуда совуқ вақтлари ҳам Унинг муборак пешоналаридан тер оқаверарди, туя устида бўлса, ваҳийнинг оғирлигидан туя ерга чўкиб қоларди. Унинг ёнида бўлган саҳобийлар ҳам ваҳийнинг оғирлигини таналарида ҳис этардилар. Жаброил алайҳиссалом бир неча марта Пайғамбаримизнинг ўз шакли ва суратларида ҳам келган.

Аллоҳу таоло гоҳо ҳеч фариштасиз ва пардасиз, яъни ҳеч қандай воситасиз ҳам Пайғамбаримизга ваҳий юборган. Бундай ҳол Меърож кечасида содир бўлди.

Илк ваҳийнинг келиши билан пайғамбарлик вазифасини бажаришни бошлаган Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жанобимизнинг Исломни таблиғ қилишлари йигирма уч йил давом этди. Бу вақтнинг ўн уч йилини Маккада, ўн йилини Мадинада кечирдилар.

Қуръон-и карим, 22 йил, 2 ой-ю 22 кунда ваҳий қилиниб тамомланди.

Муҳаммад алайҳиссалом уммий эдилар, яъни китоб ўқимаган, бирор нарса ёзмаган ва ҳеч кимдан дарс олмаган киши эдилар. Маккада туғилиб, ўша жойда ўсди, маълум кишилар орасида вояга етдилар. Шундай бўлишига қарамай Таврот ва Инжилда, Юнон ва Рим даврларида ёзилган китобларда бўлган билимлардан, маълумотлардан, ҳодисалардан хабарлар берарди. Исломиятдан хабардор қилиш мақсадида ҳижратнинг олтинчи йилида Рим, Эрон ва Ҳабаш ҳукмдорларига ва бошқа араб подшоҳларига мактублар юборди. Унинг ҳузурига олтмишдан ортиқроқ элчилар келди. Пайғамбар жанобимизнинг ўқиш ва ёзишни билмаганлиги, Қуръони каримнинг Анкобут сураси, 48-чи ояти каримасида маолан “Сен, бу Қуръони карим келишидан олдин, бир китоб ўқимадинг. Бирор ёзув ёзмадинг. Ўқиб, ёза оладиган бўлганингда эди, бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлур эди” деб билдирилади.

Ҳадиси шарифда: “Мен уммий пайғамбар Муҳаммадман. ... Мендан кейин пайғамбар йўқ” деб марҳамат қилинади. Яна Қуръони каримда “У (Муҳаммад алайҳиссалом) ўз-ўзидан сўзлаётгани йўқ. Унинг айтаётганлари, Унга ваҳий орқали билдирилмоқда, ўргатилмоқда” (Нажм сураси, 3, 4 оятлар) мазмунида марҳамат қилинади.

 Илк мусулмонлар

Пайғамбаримизга илк ваҳий келганидан кейин биринчи бўлиб иймон келтирган киши ҳазрати Ҳадижа волидамиздир. У киши ҳеч иккиланмасдан Исломиятни дарҳол қабул қилиб, илк мусулмон бўлиш билан шарафланди. Пайғамбаримиз ҳазрати Ҳадижа волидамизга Жаброил алайҳиссалом ўргатганидек таҳорат олишни ўргатдилар. Ундан кейин Пайғамбар жанобимиз имом бўлиб, бирга икки ракат намоз ўқидилар. Ҳадижа волидамиз севимли Пайғамбаримизниг ҳар бир сўзларига, ҳар бир амрига энг мукаммал шаклда итоат қилди. Шундай қилиб, у Аллоҳу таоло наздида жуда юксак даражаларга эришди. Расулуллоҳ жанобимиз хафа бўлсалар, Уни инкор этганларнинг мазахларидан аччиғи чиқса, Унга тасалли бериб, ҳоврини туширарди. Ҳар доим “Ё Расулуллоҳ! Ҳеч хафа бўлманг, ташвишланманг, ғам ҳам чекманг. Охир-оқибат динимиз куч-қувватга киради, мушриклар ҳалок бўлишади. Қавмингиз сизга итоат қиладиган бўлади...” деб турарди. Ҳадижа волидамизнинг бундай ёрдамлари, тасаллилари сабаби билан бир кун Жаброил алайҳиссалом келиб ”Ё Расулуллоҳ! Ҳадижага Аллоҳу таолонинг саломини билдиргин” деди. Пайғамбаримиз “Эй Ҳадижа! Мана Жаброил  (алайҳиссалом) сенга Аллоҳу таолонинг саломини билдирмоқда” дея марҳамат қилдилар.

Пайғамбаримиз бошқа бир куни “Аллоҳу таоло менга Жаннатда инжудан бир уй шайланганини айтиб Ҳадижага хушхабар беришимни амр қилди. У ерда хасталик, хафачилик ва бош оғриғи йўқ” деб марҳамат қилгандилар.

Ҳазрати Ҳадижадан кейин илк мусулмон бўлган шарафли киши Расулуллоҳ жанобимизнинг яқин оғайниларидан бири ҳазрати Абу Бакрдир. Ҳазрати Абу Бакр ўшанда ҳаётида илк марта ҳис этган юксак бир туйғу билан уйига мусулмон бўлиб қайтган эди. Масалан, бир ҳадиси шарифда: “Кимни иймонга даъват қилсам, ҳаммалари юзларини буриштириб, тараддудланиб менинг юзимга тикилишарди. Биргина Абу Бакр Сиддиқ иймонга келишда ҳеч қандай тараддуд қилмади ва иккиланмади” дея марҳамат қилинган.

Пайғамбаримиз бир куни ҳазрати Ҳадижа волидамиз билан намоз ўқиётганларида ҳазрати Али уларни кўриб қолади. У вақтларда ҳазрати Али ўн ёки ўн икки ёшли бола эди. Уларнинг намозларидан кейин “Бу нима?” деб сўрайди. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) эса “Бу Аллоҳу таолонинг дини. Сени бу динга даъват қиламан. Аллоҳу таоло ягона, Унинг шериги йўқ. Сени ўша яккаю ягона бўлган, шериги бўлмаган Аллоҳга иймон келтиришга даъват қиламан...” деб марҳамат қилади. Ҳазрати Али эса “Аввал отам билан маслаҳатлашай”, деб жавоб қотади. Расулуллоҳ унга “Исломга келмасанг бу сирни ҳеч кимга айтмагин” деб тайинлайди. Ҳазрати Али эртаси куни эрталаб Расулуллоҳнинг ҳузурига келади ва “Ё Расулуллоҳ! Менга Исломни ўргатинг” деб мурожаат қилади ва ўша куни мусулмон бўлади. Ҳазрати Али мусулмон бўлганларнинг учинчисидир. Аммо ҳазрати Алининг Расули акрам жанобимизга кўрсатган фидокорлиги ва Уни ўзидан афзал кўриши эса, ҳар қандай тақдирдан юқори туради.

Зайд бин Ҳориса ҳам илк иймон келтирганлардан. У ҳазрати Ҳадижа, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Алидан кейин тўртинчи ва озод қилинган қуллар ичида эса, биринчи  бўлиб ислом билан шарафланди. Унинг ўзи билан бирга хотини УммуАйман ҳам мусулмон бўлганди.

Ҳазрати Абу Бакр мусулмон бўлганида дарҳол ўзининг яқин оғайниларига бориб, уларни ҳам мусулмон бўлишга чақирди. Асҳоби киромнинг бообрўларидан Усмон бин Аффон, Талҳа бин Убайдуллоҳ, Зубайр бин Аввом, Абдурраҳмон бин Авф, Саъд бин Абий Ваққос каби қавмларининг ҳурматли кишилари уларнинг бошида эди. Ҳазрати Ҳадижа волидамиздан кейин имонга келган юқорида исмлари санаб ўтилган саккиз (ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Али, Зайд бин Ҳориса, Усмон бин Аффон, Талҳо бин Убайдуллоҳ, Зубайр бин Аввом, Абдурраҳмон бин Авф, Саъд бин Абий Ваққос) кишига Собиқуни Ислом, яъни илк мусулмонлар дейилади.

Расулуллоҳимиз пайғамбарлигининг дастлабки уч йили давомида кишиларни яширинча Исломга даъват қилдилар. Одамлар Исломга жуда секинлик билан келарди, бир-икки киши аранг мусулмон бўларди. Бу ўтган уч йил ичида мусумонларнинг сони ўттиз кишига етди, холос. Улар ҳам ибодатларини уйларида қилар ва Қуръони каримнинг нозил бўлган ояти карималарини яширинча ўқиб, ёд олардилар.

Асҳоб-и икромга кўрсатилган азоб-уқубатлар

Ўша замонлар мушриклар фақат Расулуллоҳга азият бериш билан чекланмаётганди. Унинг шонли Асҳобига ҳам тинмасдан азият беришаётганди. Айниқса уларнинг ичидан энг камбағал ва ҳеч кими йўқларини танлаб, ана шуларга зулм қиларди, ҳеч аямай ақл бовар қилмайдиган азобларга ташлардилар.

    Мушриклар мусулмон бўлганларга исканжа, зулм беришда уларни эркак ва аёлга ажратмасдилар. Ҳеч кими бўлмаган Зиннира хоним илк мусулмонлардан бири бўлиб, у ҳам қул, чўри эди. Зиннира хонимнинг мусулмон бўлганлигидан хабар топган мушриклар унга ҳам оғир исканжалар беришдан тортинмадилар.

Дор-ул-Арқам

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) асҳобига мушриклар тарафидан берилаётган азоблар ва исканжалардан жуда эзилиб, кўп хафа бўларди. Шу билан бирга Исломиятнинг яхшироқ ёйилиши ва ўрганилиши учун қулай бўлган бир жой лозим бўлаётганди. Фахр-и коинот жанобимиз бундай муҳим иш учун ҳазрати Арқамнинг уйини танладилар. Унинг уйи эса, Сафо тепалигининг шарқий тарафидаги тор кўчада бироз баландроқ бўлган бир жойда эди. У ердан Каъба-и муаззама яхши кўриниб турарди. У уйга кириб-чиқиш ҳам келиб-кетганларни назорат қилишга жуда қулай эди. Бундан ташқари, Ҳазрати Арқамнинг ўзи ҳам Маккадагиларнинг обрўлилари ичида ўз ўрни ва эътибори бор кишилардан бири эди. Шундай қилиб, Ҳабиб-и акрам у уйда Асҳобига Исломиятни тушунтиришни бошлаб юборди. Энди янгидан мусулмон бўлишни истаганлар бу маконга келиб исломият билан танишиш шарафига муяссар бўлиб, Расулуллоҳ жанобимизнинг кўнгилларга шифо бўлган муборак сўзларини тинглаш билан баракатлана бошладилар. Улар Пайғамбаримизни, худди бошларига бир қуш қўнган-у, бирор сас чиқарса, у учиб кетадигандек қимирламасдан берилиб тинглардилар. Унинг муборак сўзларининг ҳеч бирини қолдирмай ёдлаб олардилар. Ўша вақтлар Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) кундузги вақтини Арқамнинг уйида ўтказиш учун ажратиб, у ерда тонгдан кечгача Асҳобини етиштириш билан машғул бўларди. Арқамнинг уйи мусулмонларнинг илк қароргоҳи “Дор-ул Ислом”га айланган эди. Илк мусулмонлар ўша уйда тўпланардилар ва шу йўл билан ҳам мушрикларнинг таъқиблари, азоблари ва бошқа турли ёмонликларидан бироз бўлса да сақланган бўлардилар.

 Меърож

Севимли пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шу тариқа кўрган ҳар бир қабиласига Исломни баён қилдилар. Ўзини ҳимоя қилиб, кишиларга Исломни таблиғ қилишда ёрдамчи бўлишларини сўради. Бироқ ҳеч ким мусулмон ҳам бўлмади, У зотни ҳимоя қилишга ҳам мойиллик кўрсатишмади. Аксинча, Уни ҳақорат, масхара қилишди, зулм ва қийноқлар беришди, ёлғончидан ёлғончига солишди. Оламларнинг жаноби, ўшанда жуда чарчаган, очлик ва ташналик чекиб, хафа ва ғамгин эди. Кундузлари асосан шундай ўтарди, кечалари ҳам узоқ вақт шу ҳолда қоларди. Маккалик мушриклар тинмасдан Унинг орқасидан кузатишарди. Каъбани зиёрат қилишга келганларнинг мусулмон бўлишларига тўсиқ бўлишлари билан бирга, Ҳабиб-и акрам жанобимизга зулм ўтказишдан қайтмаётган эдилар. Расулуллоҳнинг кун сайин бошқа борадиган бирор жойи қолмаётганди. Унинг ҳамма тарафини душманлар ўраб олган эди. Ўша куни кечаси амакиси Абу Толибнинг қизи Умм-и Хонийнинг Абу Толиб маҳалласидаги уйига келдилар. Эшикни қоққанида ичкаридан: “Ким у?” деган овоз эшитилди. Расулуллоҳ жанобимиз: “Амакинг ўғли Муҳаммадман. Қабул қилсанг сенга меҳмонликка келдим” дея марҳамат қилдилар. Умм-и Хоний у пайтларда ҳали иймон келтирмаган эди. Шунга қарамасдан Расулулоҳ жанобимизнинг ташрифидан мамнун бўлиб: “Сиздек тўғри сўзли, амин (ишончли), асил, шарафли меҳмонга жоним фидо бўлсин. Фақат ташрифингиз ҳақида олдиндан хабардор бўлганимда бирон ейдиган нарса ҳозирлаб қўярдим. Ҳозир эса, сизга икром қиладиган ҳеч нарсам йўқ”- деди. Муҳтарам пайғамбаримиз: “Менинг ейиш-ичишга эҳтиёжим йўқ. Уларнинг ҳеч бирида кўзим йўқ. Фақат Раббимга ибодат қилиш, Унга ёлвориш учун кичкина бир жой менга кифоя” - дея марҳамат қилдилар.

Умм-и Хоний, оламлар султонини ичкарига киритиб, Унга бир шолча, лаган ва қумғон берди. Арабларда уйига келган меҳмонга икром қилиш, уни душмандан қўриқлаш энг шарафли вазифа ҳисобланарди. Дуч келган бир арабнинг уйидаги меҳмонга бирон зарар келиши мезбон учун жуда катта шармандалик бўларди. Умм-и Хоний “Қариндошимизнинг Маккада душманлари кўп. Ҳатто Уни ўлдирамиз деб юрганлар ҳам бор. Шу сабаб Унинг шарафини ҳимоя қилиб, эрталабгача кузатиб чиқаман” деб хаёлидан ўтказди. Шундай ҳам қилди. У отасининг қиличини осиб олиб, ташқарида уйининг атрофида айланиб юрди.

Муҳтарам пайғамбаримиз ўша куни жуда хафа бўлгандилар. Таҳорат олиб, Раббига ёлворишни, Ундан афв тилашни, бандалари иймонга келиб, саодатга эришишларини  истаб дуо қилишни бошладилар. Ундан кейин куни билан оч юриб, жуда чарчаганлари учун бояги Умм-и Хоний берган шолчанинг устида ухлаб қолдилар. 

Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) эндигина уйқуга кетган маҳалда Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссаломга:“Севикли пайғамбаримни ҳаддан зиёд хафа қилдим. Унинг муборак баданини, нозик қалбини кўп оғритдим. Шу ҳолда ҳам У менга ёлвормоқда. Мендан бошқа ҳеч нарсани ўйламаётир. Сен унинг олдига боргин, Ҳабибимни бу ерга олиб келгин! Жаннатимни, Жаҳаннамимни унга кўрсатгин. Унга ва Уни севадиганлар учун тайёрлаб қўйган неъматларни кўрсин. Унга инонмаганларга, Унга сўзи, ёзуви ва қилиғи билан озор етказадиганларга тайёрланган азобларни ҳам бир кўрсин. Унга мен тасалли бераман. Унинг нозик қалбининг яраларини мен тузатаман” дея марҳамат қилди.

Одам қиёфасида келган Жаброил алайҳиссалом, Расулуллоҳни осуда ухлаб ётган ҳолида топди. Унинг ширин уйқусини бузгиси келмади. Муборак оёғининг тагини ўпди. Малакларнинг вужудларида қони бўлмаганлиги учун унинг дудоқлари совуқ эди. Ўша салқинлик Расулуллоҳ жанобимизни уйғотиб юборди. Кўзини шундай уйқудан очиб қаради-да, у ерда Жаброил алайҳиссалом турганини кўрди ва: “Эй Жаброил қардошим! Бундай бевақт нега келдинг? Ёки, бирор хато қилиб қўйдимми? Раббимни норози қилдимми? Менга бирор нохуш хабар келтирдингми?” дея Раббининг ғазабидан қўрққан ҳолда марҳамат қилдилар.

Жаброил алайҳиссалом: “Эй бутун яратилганларнинг энг юксаги! Эй Яратганнниг севиклиси, эй пайғамбарларнинг жаноби, яхшиликлар манбаи, улуғликлар булоғи бўлган шарафли ва буюк Пайғамбар! Раббингиз Сизга салом айтди ва Сизни ўз ҳузурига чақираяпти. Лутф қилиб ўрнингиздан турсангиз, Унга борайлик” деган таклифда бўлди.

Севикли Пайғамбаримиз таҳорат олиб, покландилар. Жаброил алайҳиссалом муҳтарам Расулуллоҳнинг муборак бошлариига нурдан имома (бошга кийиладиган махсус бош кийими), эгнига нурдан бир кийим кийдирди, белларига ёқутдан бир тасма (белбоғ) тақди. Муборак қўлларига тўрт юзта инжу билан безатилган зумрад бир асо (ҳасса) ҳам ушлатиб  қўйди. Инжуларнинг ҳар бири Зуҳро юлдузи сингари порлаб турарди. Муборак оёқларига яшил зумраддан пойабзал кийдирди. Ундан сўнгра улар қўл ушлашиб, Каъбага келдилар. У ерда Жаброил алайҳиссалом севикли Пайғамбаримизнинг кўксини ёрди. У зотнинг қалбини танасидан чиқариб олди. Зам-зам булоғида ювди. Ундан кейин ҳикмат ва иймон тўлдирилган бир идиш келтириб, қалбига жойлаб, кўксини ёпиб қўйди.

Шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом Жаннатдан келтирилган Буроқ исмли оқ рангли ҳайвонни кўрсатиб: “Ё Расулуллоҳ! Унга мининг! Бутун малаклар йўлингизни пойлашяпти” деди. Шу орада Пайғамбаримизни бир ғам чулғаб олиб, тафаккурга чўмдилар. Аллоҳу таоло эса, Жаброил алайҳиссаломга: “Эй Жаброил! Сўрагин, Ҳабибим нега ғамгин бўлиб қолди?” деди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ жанобимиздан сабабини сўраганида, Фахри коинот (саллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мен бунчалар иззат ва икром кўраяпман. Аммо менинг хотиримга шу нарса келдики, қиёмат куни менинг заиф умматимнинг аҳволи нима бўларкан? Эллик минг йил Аросат майдонида ёйилган бунча гуноҳларидан ва юриб ўтиши ўттиз минг йиллик вақт талаб қилинадиган сиротни қандай қилиб  ўтишар экан? деган хаёлга толдим” дея жавобни марҳамат қилдилар.

Ўша онда Фармон-и илоҳий келди-да, унда: “Эй Ҳабибим! Асло ташвиш қилмагин, қалбингни хуш тутгин. Ҳеч хафа бўлмагин. Сенинг умматинг учун эллик минг йиллик йўл худди бир ондек бўлади” дея марҳамат қилинди.

Шунда Пайғамбар жанобимиз Буроққа миндилар. Буроқ жуда суръат-ла кетарди. Бир одимлаганида, уфқдан нарига ўтиб кетарди. Парвоз давомида Жаброил алайҳиссалом севимли Пайғамбаримизга баъзи тўхтаб ўтадиган жойларда намоз ўқишини айтди. Шунинг учун Оламларнинг жаноби йўлда уч жойда тўхтаб намоз ўқидилар. Жаброил Ундан намоз ўқиган жойларининг қандай жойлар эканлигини биласизми деб сўради. Шунга қарамасдан, Жаброил алайҳиссалом ўз саволларига ўзи жавоб қилиб, биринчи тўхталган жой Мадина бўлиб, келажакда шу шаҳарга ҳижрат қилинишини хабар қилди. Бошқа жойларни ҳам тўхташ навбатига кўра, Ҳазрати Мусонинг Аллоҳу таоло билан воситасиз ва билинмаган бир шаклда сўзлашган жойи Тур-и Сино эканлигини, кейинги жой эса, Исо алайҳиссалом туғилган Байт-и Лаҳм бўлганлигини хабар қилди. Ундан кейин Қуддусдаги Масжид-и Ақсога келдилар.

Масжид-и Ақсода, Жаброил алайҳиссалом тошга Бураоқни боғлади. У ерда ўтмишда ўтган пайғамбарларнинг баъзиларининг руҳлари одам қиёфасида (дунёдаги шаклларида) йиғилдилар. Жаброил алайҳиссалом намозни бошлаш учун Одам, Нуҳ ва Иброҳим пайғамбарларга (алайҳимуссалом) навбати билан имомликка ўтишларини илтимос қилди. Уларнинг барчаси узр айтишиб, таклифни қабул қилмадилар. Шунда Жаброил: “Сиз бор жойда бошқаси имом бўлолмайди” деди-да, Расулуллоҳни олдинга ўтказди.

Фахри олам жанобимиз, пайғамбарларга имом бўлиб, икки ракат намоз ўқидилар. Ундан кейинги ҳодисалар Пайғамбаримиз номидан қуйидагича нақл этилади: “Жаброил (алайҳиссалом) менга бир идишда Жаннат шароби, бошқа бир идишда сут келтирди. Улардан мен сутини олдим. Жаброил (алайҳиссалом), менга фитратни танладингиз (икки жаҳон саодатини танладингиз) деди. Сўнг яна иккита қадаҳда, бири сув, бошқаси болга тўлдирилган ичимлик манзират қилдилар. Иккаласидагини ҳам ичдим. Жаброил, “Ичган болингиз, умматингизнинг қиёматгача давом қилишига, сув эса умматингизнинг гуноҳлардан тозаланишига ишоратдир” деди. Ундан кейин иккимиз бирга кўкка кўтарилдик. Бир дарвоза олдида тўхтаб Жаброил (алайҳиссалом) уни қоқди. “Сен кимсан” дейишди ичкаридан. “Мен Жаброилман” дея жавоб қилди Жаброил. “Яхши, ёнингдаги ким?” дейилди у тарафдан. “Бу Муҳаммаддир (алайҳиссалом)” деди Жаброил. “Унга (кўкка чиқишга ваҳий ва Меърож даъвати) юборилдими?” дейилди ичкаридан. “Ҳа, юборилган” деб жавоб қилди Жаброил. Шундан кейин, “Марҳабо келаётган зотга! Бу келаётган киши нақадар гўзал бир йўловчи?” дедилар ичкаридан ва дарҳол дарвозалар очилди. Мен эса, Одамнинг (алайҳиссалом)  қаршисида турардим. У ҳам менга “Марҳабо” деди ва дуо қилди. ...

У ерда жуда кўп малакларни кўрдим. Уларнинг ҳаммаси қиёмда теран бир ҳурмат ҳолида бўлиб, “Суббуҳун қуддусун рабб-ул-малоикати вар-руҳ” зикри билан машғул эдилар.  Жаброилдан “Бу малакларнинг ибодатлари шунақами?” деб сўрадим. “Ҳа, булар яратилганларидан бошлаб, то қиёматгача қиёмда бўладилар. Ҳақ таолодан тилангизки, бу ибодатни умматингизга насиб қилсин” деди Жаброил. Ҳақ таолодан тиладим, Дуом қабул бўлди. Намоздаги қиём ана ўшадир.

(У ерда) бир жамоатга дуч келдим. Уларнинг бошларини малаклар эзиб ташларди, бошлар яна такрор аслига қайтарди. Уларни малаклар яна эзишарди, бошлар эса, яна эски ҳолига қайтарди. “Булар кимлар” деб сўрадим. “Жумани ва жамоатни тарк қилганлар. Руку ва саждаларни тўла қилмаганлар” дейилди.

Бошқа бир жамоатни кўрдим, улар оч ва яланғоч эдилар. Забонийлар (дўзахийларни дўзахга олиб борувчи малаклар) уларни Жаҳаннамга отишга судрардилар. “Булар кимлар” дея сўрадим. “Камбағалларга марҳамат қилмаганлар ва закот бермаганлар” дедилар.

Яна бир жамоатга дуч келдим. Буларннг олдига нафис овқатлар қўйилган эди. Бошқа бир тарафда ўлаксалар ҳам турарди. У жамоат, нафис таомларни қўйиб, ўлаксадан ейишарди. “Булар кимлар” дедим. Булар, ҳалолни тарк қилиб, ҳаромга майл бўлган эркак ва аёллардир. Ҳалол моллари бўла туриб, ҳаромни еб юрганлардир” дея жавоб қилинди менга.

Устиларига ортиб қўйилган юкларнинг оғирлигидан ҳаракатга мажоли қолмаган бир қатор кишиларга дуч келдим. Шундай ҳолда ҳам улар оммадан устиларига яна бироз юк ташлашларини сўрашарди. “Булар кимлар” дедим мен ҳайрон бўлиб. “Бу кишилар, омонатга хиёнат қилганлар. Булар кишиларнинг ҳақини олиб, яна уларга зулм ҳам қилардилар” деган жавоб эшитдим.

Ўз гўштларини ўзлари кесиб олиб еб турган бир гуруҳга дуч келдик. “Булар кимлар” деб савол бердим. “Булар ғийбатчилар ва кишилар орасида миш-миш тарқатиб сўз ташувчилар” дея жавоб қилди Жаброил (алайҳиссалом).

Юзлари қора, кўзлари кўк, устки лаблари пешонасига чиқиб кетган, пасткиси эса, оёқларигача чўзилиб тушган, оғизларидан қон ва йиринг оқиб турган бир гуруҳ одамларни кўрдим. Уларга оловдан ясалган қадаҳларда Жаҳаннамдан оқиб чиқаётган заҳарли қон ва йирингни ичирардилар, улар эшаклар сингари бақиришарди. “Булар кимлар” деганимда “Булар маст қилувчи ичимлик ичганлар” дейилган жавоб эшитдим.

Тиллари тепасидан суғуриб чиқарилган, шакллари ўзгартирилиб, ҳинзир (тўнғиз) шаклига киритилган ҳолда азоб берилаётган бир гуруҳ кишиларга тўғри келдик. Жаброил (алайҳиссалом) уларни кўрсатиб, “Мана булар ёлғондан гувоҳлик берганлар” деди. Бошқа бир қавмни учратдик. Уларнинг қоринлари шишиб кетиб, пастга осилиб турарди, ранглари кўкариб кетган, қўл ва оёқлари боғлаб қўйилган, жойларидан қимирламайдиган қилиб қўйилганди. Булар ҳақида ҳам Жаброилдан сўрадим. “Булар фоиз еганлар” дея жавоб берди у.

Бир қисм аёлларга дуч келдик. Буларнинг юзлари қора, кўзлари кўк эди. Эгниларига оловдан кийим кийгизилганди. Малаклар уларни оловдан ясалган гурзилар билан урарди. Улар эса, ит ва тўнғизларнинг овозига ўхшаш овоз чиқариб додлашарди. “Булар кимлар” деган эдим, Жаброил “Булар зинокор ва эрларини ранжитган аёллардир” дея жавоб берди.

Бир жамоат кўрдим. Улар ниҳоятда кўпчилик эди. Жаҳаннам водийларига қамаб қўйилганди. Уларни олов батамом ёндириб кулини кўкка совурарди. Сўнгра яна тирилтириларди. Яна такрор ёндириб юбориларди. Буларнинг кимлигини сўраганимда “Булар оталарига осий бўлганлар” жавобини эшитдим.

Бир жамоат кўрдим. Булар экин экарди ва уларнинг экканлари дарҳол етишиб бошоқ берарди. “Булар кимлар” дедим. Жаброил, “Аллоҳу таоло учун ибодат қилганлардур” деди.

Бир дарё ёқасига бордим. Унинг ажойиб-ғаройиб кўринишини сўзлар билан тушунтириб бериш мумкин эмас. Унинг суви сутдан ҳам оқ бўлиб, тўлқинлари тоғлардай бўлиб оқарди. “Бу дарё қандай дарё?” дея сўрадим. “Бу дарёнинг исми “Ҳаёт денгизи”дир. Ҳақ таоло ўлганларни тирилтаидган пайт, бу дарёдан ёмғир ёғдиради. Бу ёмғир оқибатида чириб, сочилиб кетган баданлар, мисоли ўт-кўкатлар каби мозорлардан кўтариладилар” деб саволимга жавоб берди.

Бундан кейин иккинчи қават осмонга чиқдик. Жаброил (алайҳиссалом) бу ерда ҳам эшик тақиллатди. Ичкаридан “Сен кимсан?” дейилди. “Мен Жаброилман” деди. “Яхши, ёнингда ким бор?” дея сўради яна. “У Муҳаммад алайҳиссаломдир” дея жавоб қилди Жаброил (алайҳиссалом). “Унга ваҳий ва Меърож даъвати юборилдими?” дейишди. “Ҳа, келди” деди Жаброил ҳам. “Марҳабо келаётган зотга! Бу келаётган киши нақадар гўзал бир йўловчи!” дедилар ичкаридан ва дарҳол эшик очилди. Мен ўзимни холаваччалар Исо ва Яҳё бин Закариёнинг (алайҳимассалом) ёнларида кўрдим. Улар ҳам менга “Марҳабо” дедилар ва дуо қилдилар...

Малакларнинг бир жамоатига тўғри келдим. Улар саф тортиб турарди, бироқ барчаси рукуда эди. Ўзларига хос бир тасбиҳни тинмай қайтарардилар. Улар ҳамиша шундай турар ва бошларини кўтариб юқорига қарамас экан “Бу малакларнинг ибодатлари мана шундан иборат. Ҳақ таолодан сўрангизки, бу ибодат умматингизга ҳам насиб бўлсин” деди менга Жаброил (алайҳиссалом). Дуо қилдим, қабул бўлиб, намозда руку ҳаракати эҳсон қилинди. 

Бундан кейин учинчи қават осмонга кўтарилдик.  Худди олдинги қатлардагидай савол-жавоблардан кейин эшик очилди ва мен ўзимни Юсуфнинг (алайҳиссалом) олдида кўрдим. Унда шуни кўрдимки, унга ўз чиройининг ярмигина берилибди. У менга “Марҳобо” деди ва дуо қилди. ...

Бу ерда ҳам жуда кўп малаклар кўрдим. Булар ҳам саф тортган ҳолда узлуксиз саждада эдилар. Булар яратилганларидан бери саждада бўлиб, ўзларига махсус тасбиҳ қайтаришардилар. Жаброил (алайҳиссалом) менга “Бу малакларнинг ибодати мана шунақа. Сиз ҳам Ҳақ таолодан сўранг, бу амални умматингизга ато қилсин” деди. Мен Ҳақ таолодан сўрадим. Дуом қабул бўлиб, намозда сажда қилиш барчамизга насиб бўлди.

Тўртинчи қават осмонга ҳам етишдим. Соф кумушдан ясалган, нурли бир дарвозаси бор эди. Унга нурдан бир қулф осилган эди. Қулфнинг устига “Ло илоҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ” деб ёзиб қўйилган эди. Бу ерда ҳам юқоридагидек савол ва жавоблардан сўнгра, ичкари кириб, мен ўзимни Идриснинг (алайҳиссалом) ёнида кўрдим. Менга “Марҳобо” деди ва дуо этди. Аллоҳу таоло у ҳақда  (маолан) “Биз уни юксак бир маконга кўтардик” дея марҳамат қилади (Марям сураси, 57).

Бир малакни кўрдимкм, бир курси устида ғамгин ва хафа бўлиб ўтирарди. Унинг атрофида шунчалар кўп малак бор эдики, уларнинг сони фақатгина Жаноби Ҳаққа маълум эди. Унинг ўнг тарафида нуроний, яшил кийимли, жуда ёқимли ҳидлар тарқатаётган малаклар бор эди. Чап тарафида эса, оғизларидан оловлар чиқиб турган малаклар бор эди. Буларнинг олдиларида оловдан қурол ва қамчилари бўлиб, кўзлари шундай эдики, уларга қарашга тоқат қилиб бўлмасди. Тахт устида ўтирган малакнинг бошидан оёғигача кўздан иборат эди. Доимо олдидаги дафтарга қараб ўтирарди, ундан бир он ҳам кўзини узмасди. Унинг олдида бир дарахт турарди. Дарахтнинг ҳар бир япроғига бир кишининг исми ёзилиб қўйилганди. Бир нарсалар солинган бир лагансимон нарса ҳам унинг олдига қўйилган эди. У лагандан гоҳ ўнг қўли билан ўнгдаги нуроний малакларга бирон нарса олиб берса, гоҳ чап қўли билан бирор нарса олиб, чапдаги зулмоний малакларга берарди. (Бу) малакка назарим тушганида бирдан сесканиб кетдим ва “Бу малак ким” дея Жаброилдан сўрадим. Жаброил эса “Бу малак Азроилдир. Унинг юзини кўришга ҳеч кимнинг тоқати дош бера олмайди” дея жавоб қилди ва унинг олдига бориб “Эй Азроил! Бу охир замон пайғамбаридур ва Аллоҳу таолонинг ҳабиби ва севимлисидур” деди. Азроил (алайҳиссалом) бошини кўтариб, табассум қилди. Ўрнидан туриб менга таъзим қилди ва “Марҳабо! Ҳақ таоло сиздан янада шарафлироқ ҳеч кимни яратмади. Умматингиз ҳам барча умматлардан устундир. Мен сизнинг умматингизга туққан ота-оналаридан ҳам кўпроқ ачинаман” деди.  Мен эса унга “Сендан бир илтимосим бор. Биласан, умматим заиф. Улар билан юмшоқ муомалада бўлгин. Уларнинг руҳларини юмшоқлик билан олгин” дедим. Сени энг сўнгги пайғамбар қилиб юборган ва ўзига ҳабиб айлаган Аллоҳу таолонинг ҳаққи учун кеча-ю-кундуз Аллоҳу таоло етмиш марта “Уммат-и Муҳаммаднинг руҳларини юшмоқ ва қулайгина ол, уларнинг ишларини лутф билан кўриб чиқ” дея амр қилиб туради. Шу сабабдан мен ҳам сенинг умматингга ота-онасидан ҳам кўпроқ шафқат кўрсатаман” деди.

Бундан сўнг бешинчи қават осмонга кўтарилдик. У ерда Ҳорун (алайҳиссалом) билан учрашдик. У ҳам менга “Марҳобо” деди ва хайр дуосини қилди. Бу қаватда ҳам малакларнинг ибодатини кўрдим. Буларнинг барчаси оёқда тик турардилар ва кўзлари оёқларининг бармоқларига тикилган, ҳеч бошқа тарафга қарамасдилар ҳамда товуш чиқариб тасбиҳ қилардилар. Мен Жаброилдан (алайҳиссалом), “Бу малакларнинг ибодатлари шунақами?” дея сўрадим. “Ҳа, сиз ҳам Ҳақ таолодан тилангизки, бу ибодатни умматингизга насиб қилсин” деди Жаброил. Дуо қилдим, Жаноб-и Ҳақ бизга ўша ибодатни ҳам эҳсон айлади.

Олтинчи қаватга чиққан эдик, Мусо (алайҳиссалом) қаршимизда пайдо бўлдилар. У менга “Марҳабо” деди ва хайр дуо қилди. Бундан кейин еттинчи қат осмонга кўтарилдик. Аввалгидай савол-жавоблардан кейин Иброҳимни(алайҳиссаломни) Байт-и Маъмурга орқасини суяниб ўтирган ҳолда кўрдим. Байт-и Маъмур шундайки, ҳар куни у ерга етмиш минг малак кириб тавоф қилади (шунда ҳам уларга иккинчи марта навбат келмайди). Иброҳимга (алайҳиссалом) салом бердим. У алик олиб, “Марҳабо солиҳ пайғамбар, солиҳ ўғил” деди. (Ундан кейин) “Ё Муҳаммад! Жаннатнинг жойи ғоят латиф ва тупроғи тозадир. Умматингга айтгин, у ерга кўпроқ дарахт ўтқазсинлар” деди. “Жаннатга қандай қилиб дарахт ўтқазилади?” дедим. “Ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳ” (Бошқа бир ривоятда эса, “Субҳоналлоҳи валҳамдуллоҳи ва ло илоҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар”) тасбиҳини ўқиш билан” дейилган. (Жаброил алайҳиссалом) сўнгра мени Сидрат-ул-мунтаҳога келтирди. Унинг япроқлари худди филнинг қулоқларидек катта бўлиб, мевалари ҳам нок сингари эди. У Аллоҳу таоло амрларининг ҳар бирига мос шундай ўзгариб турарди ва чиройли гўзалликка эришардики, Аллоҳу таоло яратган махлуқлардан ҳеч бири унинг чиройи ва гўзаллигини англата олмайдиган даражада эди.

Жаброил (алайҳиссалом), Сидрат-ул мунтаҳонинг илгарисини кўрсатди ва мен билан хайрлашди. Мен унга “Эй Жаброил! Сен мени ёлғиз қолдирасанми?” дедим. Жаброил (алайҳиссалом) изтиробга тушиб, Ҳақ таолонинг ҳайбатини кўриши мумкинлигидан титрай бошлади ва “Ё Муҳаммад! Мен яна бир одим илгари юрсам, Аллоҳу таолонинг азаматидан ҳалок бўламан. Бутун вужудим ёниб йўқ бўламан” деб жавоб қилди.” 

Оламларнинг жаноби мана шу ергача Жаброил алайҳиссалом билан бирга келган эди. Жаброил алайҳиссалом бу ерда ўзининг яратилишида мавжуд бўлган олти юз минг қанотларини очиб, уларнинг ҳар биридан инжулар, ёқутлар сочилаётган ҳолатда Расулуллоҳга кўрсатди. Ундан кейин зиёси қуёшдан ҳам порлоқ, Рафраф исмли яшил рангли бир Жаннат гиламчаси келди. Тўхтамасдан Аллоҳу таолонинг зикри билан машғул эди, унинг тасбиҳ садоси оламни тўлдириб юбораётган эди. 

Пайғамбар жанобимизга салом берди. Расулуллоҳ Рафрафнинг устига ўтирдилар. Бир пасда жуда юксакликка кўтирилди. Ҳижоб номи берилган етмиш минг пардадан ўтишди. Ҳижоблар ораси жуда узоқ эди. Ҳар бир парда ёнида вазифадор малаклар бор эди. Рафраф ҳазрати Пайғамбаримизни пардалардан бирин-кетин ўтказди. Шундай қилиб, Курси, Арш ва Руҳ оламларини ошиб ўтдилар.

Ҳабиб-и акрам ва Набий-и муҳтарам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жанобимиз, ҳар бир пардадан ўтаётганида “Қўрқмагин ё Муҳаммад! Яқинлаш, яқинлаш!” деган амрларни эшитарди. Ниҳоят шундай яқинроқ жойга боришдики Каъба-қавсайн мақомига эришишди. Билиб, тушуниб бўлмайдиган, тарифи номумкин тарзда Аллоҳу таоло насиб қилган баландликка эришилди. Маконсиз, замонсиз, жиҳатсиз, воситаларсиз, сифатсиз равишда руъят ҳосил бўлди, яъни Аллоҳу таолони кўриш ҳолати вужудга келди. Сўзсиз, қулоқсиз, алоқа воситаларисиз, шартсиз ва қайдсиз ҳолатда сўзлашиш содир бўлди. Оқибатда, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳеч бир махлуқ билолмайдиган, англаб етолмайдиган неъматларга эришдилар.

Ҳижратдан бир йил олдин, Ражаб ойининг 27-сида Жума кечаси воқе бўлган бу мўъжизага “Меърож” дейилади. Расулуллоҳ меърожга руҳ ва танаси билан уйғоқ ҳолда чиқдилар. Меърож кечасида У зотга анча илоҳий ҳақиқатлар кўрсатилди ва ўша кеча мусулмонларга беш вақт намоз фарз қилинди. Меърож ҳақида Қуръон-и каримнинг Исро ва Нажм суралари ҳамда баъзи ҳадис-и шарифлар орқали маълумот берилган.

Меърож кечасининг бомдодидан бошлаб Жаброил алайҳиссалом келиб, Расулуллоҳ жанобимизга беш вақт намозни ҳар бирининг вақтларида ўзи имом бўлиб, ўқитиб ўргатди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинадики: “Жаброил (алайҳиссалом) Каъба эшиги олдида икки кун менга имомлик қилди. Биз иккаламиз фажр вақтида бомдод намозини, қуёш тепадан сал оғганда пешинни, тик бўлган ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйи бараваридан ошганда асрни, қуёш ботганда (яъни унинг энг юқорги қирраси кўринмай қолганда) шомни ва шафақ қорайганидан кейин хуфтон намозларини ўқидик. Иккинчи куни эса, бомдод намозини ҳаво анча ойдинлашиб қолганда, пешинни нарсаларнинг соялари ўз бўйларининг икки бараварига яқинлашганда ва асрни дарҳол бундан кейин, шомни рўза очиладиган вақтда, хуфтонни кечанинг учдан бири бўлганда ўқидик. Кейин, Ё Муҳаммад! Сенинг ва ўтган пайғамбарларнинг намоз вақтлари мана шулар эди. Умматинг беш вақт намозларини биз ўқиган мана шу икки вақтнинг оралигида ўқисинлар” дея тайинлади.” Намоз вақтлари мана шунақа белгиланганидан кейин Ҳабашистонга ҳам хабар юборилиб, уларнинг беш вақт намозни мана шундай вақтларда ўқишлари ва фарз бўлганидан буён ўқилмаган намозларини қазо ўқишлари ҳақида амр қилинди.

 Мадинаи мунаввара даври

Биъсатнинг (рисолат келган пайт) ўн учинчи йили Рабиъулаввал ойининг 12-да (мелодий 622 йилда) Мадинага ҳижрат қилиш билан севимли Пайғамбаримиз ҳаёти фаолиятлари ўн йил давом этадиган Мадина даври бошланади.

Муҳтарам пайғамбаримиз Холид бин Зайд Абу Айюб ал-Ансорий ҳазратлариининг уйига ташриф буюрганларида пастки қаватда ўтиришни ихтиёр қилдилар ва ўша қаватга жойлашдилар. Шундай қилиб, Коинотнинг хожасига хизмат қилиш ва Уни уйида меҳмон қилиш шарафи ўша муборак зотга насиб бўлди.

Ҳазрати Холиднинг ўзи бу ҳолни шундай баён қилган: “Расулуллоҳ уйимни шарафлантирганларида пастки қаватни танлаган эди. Биз эса, устки қаватда турардик, бироқ бу ҳолдан ўзимизни анча ўнғайсиз сезардик. Шунинг учун бир куни “Ота-онам сизга фидо бўлсин ё Расулаллоҳ! Биз юқорида туриб, сизга пастки қатни раво кўришимизга ҳеч кўнглим рози бўлмаяпти. Бу ҳолат менга жуда оғир ботаяпти. Шу сабабдан Зоти олийларингиз юқорига кўчсангизу, бизга пастда туришимизга ижозат берсангиз?”- дея арз қилдим. Бунга жавобан, “Ё Або Айюб! Уйингнинг пастки қаватини макон тутиш бизга муносиброқ ва келган-кетганимиз учун қулайроқдир” дея марҳамат қилдилар. Ҳузурларига келиб кетиб турадиган зиёратчилар учун қулайроқ бўлишини назарда тутиб, пастки қаватда қолишни уйғун кўрдилар. Шу боис, биз ҳам устки қаватда қолавердик. Бир куни сув кўзамиз синиб қолди. Тўкилиб кетган сув Расулуллоҳнинг устига томиб, Уни безовта қилишидан хижолат чекиб, дарҳол хонимим билан ёпиниб ётадиган биттаю битта кўрпамизни шимиб олсин деб сувнинг устига ташладик.”

Абу Айюб ал-Ансорий бари бир устки қаватда бўлишдан жуда қийналди. Охири, ўзи пастга тушиб, Расулуллоҳни юқори чиқариб тинчиди. Абу Айюб ҳазратлари айтадиларки: “Расулуллоҳга ҳар куни кечки овқат тайёрлаб, ҳузурларига юборардик. Қайтиб келган товоқда ортиб қолганини мен ва хонимим Умму Айюб, Расулуллоҳнинг овқатга қўли теккан жойларини ахтариб, овқатнинг ўша жойларидан ердик ҳамда шу йўсинда баракатланардик. Яна бир оқшом Сарвари коинотга пиёзли ёки саримсоқли овқат юборганимизда Расулуллоҳ унга қўл текказмасдан қайтариб юбордилар. Овқатда сарваримизнинг қўл изларини кўрмаганим учун дилим ўртаниб, ҳузурларига чиқдим. “Ё Расулуллоҳ! Ота-онам сизга фидо бўлсин! Сиз кечки овқатни қайтариб юборибсиз. Бироқ унда муборак бармоқларингиз изини топа олмадик. Ваҳоланки, мен ва рафиқам Умму Айюб, қайтариб юборган овқатда ҳамиша қўлингиз теккан жойларини ахтарардик ва шу билан баракатланардик” дедим. Ўшанда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб шундай дедилар: “Бу таомда ўзгача бир ҳид сездим. Шунинг учун емадим. Чунки мен малак (фаришта) билан сўзлашаман.” “Ундай овқат ҳаромми?” деб сўрадим. “Йўқ! Бироқ менга унинг ҳиди унча хуш келмади” дея марҳамат қилганди, “Сизга хуш келмайдиган нарса менга ҳам хуш келмайди”- дедим мен. Пайғамбаримиз “Сизлар уни енглар” дея марҳамат қилдилар. Биз Расулуллоҳнинг марҳаматини бажариб, овқатни едик. Аммо бошқа ҳеч қачон ҳалиги кўкатдан Расулуллоҳга овқат тайёрламадик.

Яна бир мартасида Сарвари олам жанобимиз ва Абу Бакр иккаласига етарли қилиб овқат тайёрлаб, ҳузурларига юбордим. Расулуллоҳ ўшанда:“Ё Абу Айюб! Бу овқатга Ансорнинг авлодидан яна бирор ўттиз кишини таклиф қилгин! Уларга ҳам етади” дея марҳамат қилдилар. Мен бу сўзни эшитиб, овқат оз бўлса ҳам, Расул-и акрамга кўпдай кўрингандир деган хаёлга бориб турганимда, Расулуллоҳ жанобимиз такрор: “Ё Абу Айюб! Ансордан ўттиз кишини таклиф қилгин” дея марҳамат қилдилар. Алғов-далғов ўй-хаёлларга ботиб Ансордан ўттиз кишини таклиф қилдим, келдилар. Биз тайёрлаган овқатдан ейишди, ҳаммаси тўйишди. Бу ерда бир мўъжиза рўй берганини тушундилар, келганларнинг иймонлари қувватланди ва яна бир марта қайтадан байъат қилишди, шу билан кетдилар.

Кейин Расулуллоҳ: “Дастурхонга яна олтмиш кишини чақиргин” дея буюрдилар. Мен мўъжиза юз бериб, овқат камаймаётганини кўриб, хурсандлигимдан яна олтмиш киши чақириб келдим. Булар ҳам овқатдан едилар. Уларнинг барчаси Расулуллоҳнинг мўъжизасини кўриб тасдиқладилар ва тарқаб кетишди. Уларнинг орқасидан: “Энди Ансордан тўқсон киши таклиф қилгин” дея марҳамат қилдилар. Таклиф қилдим, келдилар. Расулуллоҳнинг амри билан дастурхонга ўтириб овқатдан едилар, овқат камаймади. Уларнинг барчаси бу мўъжизага гувоҳ бўлиб кетишди. Шундай қилиб, мен икки кишига деб мўлжаллаган овқатни бир юз саксон киши еди ва тўйди. Бироқ мен келтирган овқат, келтирганимда қандай бўлса, худди ўшандай қўл ҳам тегмагандек турарди.”

 Ҳазрати Ойшага уйланишлари

Сарвар-и олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жанобимиз ва ҳазрати Абу Бакр ҳижрат этганларида оилаларини Маккада қолдиргандилар. Ҳазрати Ҳадижа волидамиз вафотидан бир йил кейин Раулуллоҳ жанобимиз ҳазрати Ойшага унаштирилганди. Имом-и Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда, ҳазрати Ойша марҳамат қиладики: “Расулуллоҳ жанобимиз менга. “Эй Ойша! Сен, менга тушимда икки марта кўрсатилгансан. Бир яшил ипак билан тўқилган бир парча матода сенинг сувратингни кўргандим ва менга “Бу расмдаги киши келгусида сенга хотин бўлади” дейилганди” дея марҳамат қилдилар.” Пайғамбаримизнинг ана ўша туш кўришидан кейин улар унаштирилгандилар. Аммо ҳали тўйлари ўтказилмаган эди. Ҳазрати Ойша волидамиз отаси ҳазрати Абу Бакрнинг уйида бир неча вақт яшайдилар. Ҳазрати Абу Бакр кунлардан бир куни Сарвар-и олам жанобимизга: “Ё Расулаллоҳ! Аҳлинг билан уйланишгав тўсқинлик қилаётган бирон нарса борми?” деб сўрайди.  Расулуллоҳ эса “Маҳрдир” дея жавоб марҳамат қилдилар. Ҳазрати Абу Бакр, Расулуллоҳ жанобимизга маҳр пули юборди.

Ана шундан сўнг ҳазрати Ойша волидамизнинг тўйи ўтказилди. Ўша вақт Пайғамбар жанобимиз эллик бешга киргандилар. Ҳазрати Ойша волидамиз, жуда закий ва қобилиятли бўлиб, ҳодисаларни онида шеър ҳолида такрорлай оларди. Ўрганган ёки ёд олган бирор нарсасини ҳеч унутмасди. Ниҳоятда ақлли, закий, олима, адиба, афифа ва солиҳа хоним эди. Хотираси жуда қувватли бўлганлигидан Асҳоби киром кўп нарсаларни ундан сўраб ўрганардилар. Ойша волидамиз ояти карима билан мадҳ қилинганлар.

 Вафоти

Ҳижратнинг ўн биринчи йили эди. Жаброил алайҳиссалом, бу йил келганида севимли Пайғамбаримизга Қуръони каримни икки марта бошидан охиригача ўқиб кўрсатди. Олдинги йилларда келганида фақат бир марта ўқирди. Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаброил алайҳиссаломнинг энг охирги олиб келган: “Аллоҳу таолонинг ёрдами ва зафар куни етиб келиб, одамларнинг Аллоҳу таолонинг динига(Исломиятга) оқиб кираётганларини кўрганингда Раббингга ҳамд этгин ва тасбиҳ қилгин! Ундан авф тилагин! Чунки У, тавбаларни доимо қабул этгувчидир” мазмунидаги Наср сурасини эшитганларидан сўнг: “Ё Жаброил! Кўнглимда ўлимим яқинлашаётганини ҳис қилмоқдаман” дея марҳамат қилдилар. Унга жавобан Жаброил алайҳиссалом, мазмуни: “Охират, сен учун дунёдан яна-да хайрлидур. Раббинг сенга (шундай неъматлар) ато этурки, сен (у илоҳий марҳаматлардан) рози бўларсан” (Дуҳо сураси; 4-5) деган ояти каримани ўқиди.

Севимли Пайғамбаримиз, ўша куни Мадинада бўлган барча Асҳоби киромни пешин намозига Масжидга йиғилишларини хабар буюрдилар. Сарвари олам жанобимиз намоздан кейин бир хутба ўқидилар. Бу хутба шундай бир хутба бўлгандики, уни тинглаган барча қалблар инграб, кўзлардан беихтиёр ариқ-ариқ ёшлар оққан эди. Сўзларининг охирида: “Эй одамлар! Пайғамбарингиз сифатида менга қандай қарайсизлар” дея марҳамат қилгандилар, Саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таоло Сизга тарафимиздан мўл-кўл хайрлар эҳсон ва марҳамат қилсин. Сиз бизга ўта шафқатли ота, доим насиҳат қилувчи меҳрибон ака сингари муносабатда бўлдингиз. Аллоҳу таоло Сизга лутф қилган Пайғамбарлик вазифасини ўринли қилиб бажардингиз. Ваҳий қилинганларни бизга етказдингиз. Раббингиз йўлига, Исломга ҳикматлар, чиройли ширин насиҳатлар билан даъват қилдингиз, чақирдингиз. Аллоҳу таоло Сизга энг чиройли ва энг юксак ажрларни берсин” дедилар.

Сафар ойининг охирги кунлари эди. Оламларнинг сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шимолдаги Бизанс (Византия) императорлиги мусулмонларга катта бир хавф-хатар келтирадиган кучга айланишидан олдин уларни яна бир марта Исломга чақириш, бу даъватни қабул қилмасалар, уларга уруш очиш ва уларни Ислом давлатининг ҳукмига киритишни истаётганди. Шу сабабдан ҳам Румликлар билан жанг қилиш хусусида Асҳобининг ҳозирланишини амр буюрдилар. Асҳоби киром бу амрни бажариш учун ишга киришди. Расули акрам Масжидга бориб минбарга чиқиб: “Эй Асҳобим! Усоманинг отаси Зайд, қўмондонликка қандай лойиқ бўлиб, менинг назаримда қандай энг севимли бўлган бўлса, ундан кейин унинг ўғли Усома ҳам қўмондонликка ўшандай лойиқдир. Усома, менинг назаримда кишиларнинг энг севимлисидир” дея марҳамат қилдилар.

Ҳазрати Усоманинг қўмондонлиги остида урушга бораётганлар орасида ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, ҳазрати Абу Убайда бин Жарроҳ, ҳазрати Саъд бин Абий Ваққос каби Асҳобнинг обрўлилари ҳам бор эди.

Бироқ эртаси куни, Коинотнинг султони тўсатдан хасталаниб қолиши муносабати билан қўшиннинг йўлга чиқиши кечиктирилиб, сафар Пайғамбаримизнинг охиратга ташрифидан кейингина амалга оширилди. Севимли Пайғамбаримиз қаттиқ иситмага учрагандилар. Ҳарорати ошгандан ошиб борарди, хасталик вақт ўтган сайин оғирлашаётганди.

Пайғамбаримизнинг хасталиклари кучайиб борарди. Муборак хонимлари Пайғамбаримизнинг ҳазрати Ойша волидамизнинг уйида қолишларига рози бўлишиб, ўз ҳақларини унга бағишлашни афзал кўрдилар. Ўшанда Расули акрам жанобимиз Завжаи мутаҳҳаралари (покиза рафиқалари)нинг бундай фидокорликларига мамнун бўлиб, уларнинг ҳаммасига дуо қилдилар ва ундан кейинги ҳаёт кунларини ҳазрати Ойша волидамизнинг уйларида кечира бошладилар.

Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жанобимизнинг ҳарорати жуда кўтарилиб бораётганди. Ҳароратнинг баландлигидан ётоқнинг у тарафидан бу тарафига ўтиб, юриб турарди. Шундай безовта вақтларида ҳам Асҳоб-и киром У зотни зиёрат қилишарди. Хасталикдан чекаётган ташвишлари Асҳоб-и киромни ҳузнга ғарқ қилиб, ғамгинликка туширарди.

Хуллас, хасталик кундан кунга оғирлашарди. Асҳоб-и киром эса, бу вазиятдан кўп хафа бўлишиб, уйларида бемалол ўтиролмасдилар. Шу сабабдан доим масжидга тўпланардилар, Пайғамбаримизни зиёрат қилишарди ёки вазиятдан хабар келтириш учун ҳазрати Алини Унинг ҳузури шарифига юборишарди.

Севимли Пайғамбаримизнинг вафотидан уч кун аввал, хасталиги янада оғирлашди. Масжидга чиқиб жамоатга намоз ўқиб берадиган ҳолда бўлмадилар. Жамоатга чиқиб имомлик қила олмаган биринчи намозлари хуфтон намози эди. Ҳазрати Билол ҳар галгидай ўшанда ҳам Расулуллоҳнинг эшигига келиб “Ас-салот, ё Расулаллоҳ” деди. Севимли Пайғамбаримизнинг масжидга чиқишга мажоллари йўқ эди. Шу сабабдан:“Абу Бакрга айтинглар! Асҳобимга намоз ўқитсин” дея буюрдилар. Ҳазрати Ойша волидамиз: “Жоним сизга фидо бўлсин ё Расулаллоҳ! Отам жуда кўнгли бўш одам ва жуда хафалар. Зоти олийингизни мақомларида туриб, у ерда сиз кўра олмасалар йиғидан намоз ўқита олмаслар деб ўйлайман. Имомликка Умарнинг ўтишини амр буюрасизми?” деб савол қўйди. Пайғамбаримиз такрор: “Абу Бакрга айтинглар! Асҳобимга имом бўлиб, намозларини ўқитсин” дея буюрдилар. Ҳазрати Билол Абу Бакрга вазиятни тушунтирди. Ҳазрати Абу Бакр, доимо меҳробда кўришга ўрганган Расулуллоҳни кўра олмагач қалби эзила бошлади, ҳушини йўқотаёзди. Йиғлади!... Йиғлади!... Асҳоб-и киром ҳам унга қўшилишиб йиғлай бошладилар. Масжиддан эшитилаётган бу фарёдни эшитган меҳрибон пайҳамбаримиз, у ерда нима бўлаётганини сўрагандилар, ҳазрати Фотима волидамиз: “Жоним сизга фидо бўлсин ё Расулаллоҳ! Асҳобингиз, сизнинг йўқлигингизга чидай олмай йиғламоқдалар!...” дея жавоб берди.

Марҳамат дарёси бўлмиш севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ҳолдан жуда таъсирландилар. Асҳобига бир мунча тасалли бериш ниятида хасталигининг шунчалар оғирлигига қарамай, яна жойларидан туриб, ҳазрати Али ва ҳазрати Аббосга суяниб масжидга келдилар ва намоз тугаганидан кейин: “Эй Асҳобим! Сиз, Аллоҳу таолонинг ҳимоясидасиз ва мен сизни Аллоҳу таолога омонат қолдираман! Тақвода бўлинглар. Аллоҳу таолодан қўрқинглар. Аллоҳу таолонинг амрини бажаринглар ва Унга итоат қилинглар. Мен энди бу дунёдан кетаяпман” дея марҳамат қилдилар.

Ҳазрати Абу Бакр, Асҳоби киромга ўн етти вақт намоз ўқитдилар. Бир сафар пешин намози ўқилаётганди. Ўша вақт Коинотнинг султони ҳам ўзининг вужудида бироз енгиллик сезиб, ҳазрати Али ва ҳазрати Аббосларга суяниб масжидга намозга чиққандилар. Имом ўрнида турган Абу Бакри Сиддиқ, севимли Пайғамбаримизнинг бу ерга ташриф буюрганини англаб, ўрнидан силжимоқчи бўлди. Жанобимиз эса, “Жойингда туриб давом этавер!” дегандек ишорат қилдилар ва ҳазрати Абу Бакрнинг чап тарафида туриб, Асҳобига сўнгги маротаба намоз ўқитган бўлдилар. Вафотларидан уч кун аввал Жаброил алайҳиссалом, зиёрат қилгани келиб: “Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таолонинг сизга саломи бор. Аҳволингизга вақиф бўлса ҳам, ҳол-хотирнингизни сўрамоқда”- деди. Оламларнинг жаноби эса: “Маҳзунман - ғамгинман” дея марҳамат қилдилар.

Жаброил алайҳиссалом якшанба куни ҳам келди ва олдинги келганидаги сўзларни такрорлади. Пайғамбаримиз ҳам аввалги жавобларини такрорладилар. Хасталик оғирлашишидан бир мунча илгари сиҳҳатлари озгина яхшиланиб, ўринларидан туриб бироз олтинларни камбағалларга тарқаттирриб, яна бир қисмини ҳазрати Ойшага топширгандилар. Якшанба куни Расулуллоҳнинг хасталиги бирданига оғирлашди. Ҳузурига келган қўшинларнинг қўмондони ҳазрати Усомага бирон сўз айтмадилар. Бироқ муборак қўлларини кўтариб, унинг устига қўйдилар, Бундан унга дуо қилганлари тушунилди.

Муҳтарам Пайғамбаримизнинг дунёни шарафлантирган ва охиратга ташриф буюрган ҳар икки кунлари ҳам душанба бўлганди. Бу кун Пайғамбаримиз хасталикларининг ўн учинчи ва охирги куни эди... Асҳоб-и киром Масжид-и шарифда Абу Бакр-и Сиддиқ ҳазратларининг орқасида бомдод намозини ўқиётганларида, Оламларнинг жаноби масжид-и шарифга келдилар. Умматининг саф-саф бўлиб намоз ўқиётганларини кўрдилар. Уларни кўриб севинчидан табассум қилдилар. Ўзлари ҳам ҳазрати Абу Бакрга эргашиб намоз ўқидилар. Саҳоба-и киром Расулуллоҳни масжидда кўришиб, соғайибдилар деб ўйлаб хурсанд бўлдилар.

Намоздан кейин ётоқларида бироз дам олганларидан кейин ҳузури шарифларига ҳазрати Алини чақирдилар. Муборак бошларини унинг қучоғига қўйдилар. Муборак пешоналаридан тер чиқиб, муборак ранглари ўзгарганди.

Ташқарида хавотирланаётган Асҳоби киром, Пайғамбаримизнинг сиҳҳатлари яна салбий томонга оққанини англаб, диллари доғ бўлди. Улар ҳам йиғлай бошладилар. Энг охирида бир мартагина бўлса ҳам севимли Пайғамбаримизнинг муборак жамолини кўриш учун: “Илтимос, эшикни очинглар! Расул алайҳиссаломнинг муборак юзларини бир марта яна кўрайлик!...” дейишиб эшик ортида ёлворардилар. Оламларга раҳмат қилиб юборилган Аллоҳу таолонинг Ҳабиби, ўз жонажон Асҳобининг бундай ёлворишларини эшитиб: “Эшикни очинглар!” дея буюрдилар. Асҳобнинг бообрўлилари ва кексалари ичкарига киришди.

Муҳтарам Пайғамбаримиз, уларга сабр қилишни тавсия қилгандан кейин: “Асҳобим! Сиз, инсонларнинг энг устуни ва энг шарафлиларисиз. Сиздан кейин кимлар келса келаверсин, сиз барибир ҳаммасидан олдин Жаннатга кирасиз. Динни оёқда тутиб туришда метиндек маҳкам бўлинг ва Қуръони азимни имом (раҳбар-қўлланма) қилинг. Диннинг ҳукмларидан ғофил бўлманг” дея марҳамат қилдилар. Ундан сўнгра: “Ё Раббий! Таблиғ (етказиш) этдимми?” дедиларда муборак кўзларини юмдилар. Муборак юзлари терлади. Ҳазрати Али асҳобга ташқарига чиқишларини имо қилди.

Асҳоб-и киром чиқишганларидан кейин Расул-и акрамга яқин бориб, ҳазрати Ойша волидамиз ўзига насиҳат қилишларини сўради. Пайғамбаримиз: “Эй Ойша! Уйингда ўтириб, ўзингни муҳофаза қилгин!” дея марҳамат буюрдиларда, кўзларидан оқиб келаётган ёшларни тўхтата олмадилар. Коинотнинг султони йиғлаётганди... Бундай кўз ёшларни кўришиб, у ерда бўлганларнинг кўнгиллари яраланиб, жигар-бағри эзилди. Ҳазрати Умму Салама волидамиз эса: “Жоним сизга фидо бўлсин ё Расулаллоҳ! Нега йиғлайсиз?” деб савол қўйганди, “Умматимга марҳамат бўлиши учун йиғламоқдаман” дея марҳамат қилдилар.

Оламларнинг сарвари, сўнгги нафасларини олаётгандилар... Вақт-соат тамом бўлиш арафасида... Аллоҳу таоло Азроил алайҳиссаломга:“Ҳабибимга энг чиройли ва кўркам кўринишда боргин! Агар рухсат берса, унинг руҳини майинлик билан енгилгина олгин. Рухсат бермаса, қайтиб келгин!”- деб ваҳий қилди.

Аслида, ўзи ҳам вазифасини бажариш учун бораётган Зотнинг ҳурматига яратилган Азроил алайҳиссалом, Коинот султонининг ҳузурларига кириб борди. Рухсат тегди. Севимли Пайғамбаримиз, ёнида турган идишдаги сувга қўларини тиқиб, иккала қўлини ҳам ҳўллади ва муборак юзига суртдилар-да: “Ла илоҳа иллаллоҳ! Эй Аллоҳим! Рафиқ-ул-аъло!...” дея марҳамат қилдилар. Азроил алайҳиссалом, Оламлар жанобининг руҳини ола бошлади. Расулуллоҳнинг ранглари баъзан қизариб, баъзан сарғайиб турарди. Азроил алайҳиссаломга: “Умматимнинг жонини ҳам шундай шиддат ва қийноқ билан оласанми!” дея марҳамат қилганларида, у: “Ё Расулаллоҳ! Ҳеч кимнинг жонини бундай қулай олмадим” деб жавоб қилди. Энг сўнгги сонияларда ҳам умматини унутмаган севимли Пайғамбаримиз: “Эй Азроил! Умматимга кўрсатадиган шиддатингни, қаттиққўллигингни менга кўрсатгин! Зеро улар заифдурлар, чидай олмайдилар...” дея марҳамат қилдилар. Ундан сўнгра такрор “Ла илоҳа иллаллоҳ! Рафиқ-и аъло!” дея  марҳамат қилдилар ва муборак руҳлари олинди, оъло-йи илиййинга етказилди...

Расул-и акрам жанобимиз, ҳижратнинг ўн биринчи йилида (мелоднинг 632-йили) Рабиъул-аввал ойининг 12-си душанба куни пешиндан аввал охиратга иртиҳол айладилар (охиратга кўчдилар). Расул-и акрам жанобимиз вафот этганларида Қамарий йил ҳисобига кўра 63, шамсий йил ҳисобига кўра эса, 61 ёшда эдилар.