Охиратга ишонмоқ
«Вал-явмил охири»: Охират кунига ишондим, демакдир. Охират, инсоннинг ўлган кунидан бошлаб, Қиёмат сўнгигача давом этади. Охират куни дейилишининг сабаби ундан кейин тун бўлмагани ёхуд дунёдан кейин келгани учундир. Қиёматнинг қачон бўлиши билдирилмаган. Лекин пайғамбаримиз “саллаллоҳу алайҳи ва саллам”, Қиёматнинг кўпгина аломатларини хабар берганлар: Ҳазрати Маҳдийнинг келиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан Шомга тушиши. Дажжолнинг чиқиши. Яъжуж ва Маъжуж деган кимсаларнинг ҳар тарафга фитна-фасод уруғи экиши. Қуёшнинг ғарбдан чиқиши. Катта-катта зилзилалар содир бўлиши. Дин илмининг унутилиши. Фисқ ва ёмонликларнинг кўпайиши. Ҳамма жойда ёппасига ҳаром, гуноҳ ишланиши. Яманда катта ёнғин чиқиши. Осмон ва тоғларнинг парча-парча бўлиши. Қуёш ва ойнинг қорайиб кетиши... каби аломатлар шулар жумласидандир.
Охират ўлим билан бошланади. Қабрда мозорда савол-жавоб бўлиши ҳақдир. Бунга ишонмаслик бузуқ эътиқодда бўлишнинг белгисидир. Қабрда Мункар ва Накир саволларига жавоб тариқасида қуйидагиларни ёдлаб олиш ва фарзандларига ҳам ёдлатиш керак: «Раббим - Аллоҳу таоло, пайғамбарим - Муҳаммад алайҳиссалом, диним - Ислом дини, китобим - Қуръони карим, Қиблам - Каъбаи шариф, эътиқодда мазҳабим - Аҳли суннат вал-жамоат, амалда мазҳабим - Ҳанафий мазҳабидир». Қиёмат куни ҳамма тирилади. Маҳшарда тўпланишади. Солиҳларнинг амал дафтарлари ўнг, ёмонларники эса чап ёки орқа тарафларидан берилади. Ширкдан, куфрдан бошқа ҳархил гуноҳни Аллоҳу таоло хоҳласа ҳеч сўроқсиз авф этади. Хоҳласа кичкина гуноҳ учун ҳам азобга гирифтор қилади.
Охиратда амаллар тортилади. Улар учун махсус “Мезон” деган тарозилар бўлади. “Сирот кўприги” Аллоҳу таолонинг изни билан жаҳаннам узарига қурилади. Муҳаммад алайҳиссаломга оид бўлган “Кавсар ҳовузи” ҳам бўлади.
Шафоат ҳақдир. Тавба этмасдан вафот этиб кетган мўминларнинг катта ва кичик гуноҳларининг кечирилиши учун пайғамбарлар, авлиёлар, солиҳлар, олимлар, малоикалар, шаҳидлар ва бошқа Аллоҳу таоло изн берган қуллар шафоат қилишади ва бу шафоатлари қабул қилинади. Улар Аллоҳу таолонинг севгили қуллари бўлгани учун дуолари, шафоатлари рад қилинмайди. Уларнинг ҳурмати учун Аллоҳу таоло гуноҳкор мўминларни авф этади.
Жаннат ва Жаҳаннам ҳозир мавжуддир. Жаннат етти қат кўкларнинг устида. Жаҳаннам эса, барча мавжудотнинг тагидадир. Жаннатнинг саккизта дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозадан алоҳида алоҳида Жаннатларга кирилади. Жаҳаннам эса, етти табақа бўлиб, бирдан еттинчи табақага қараб азоблар шиддатланиб боради.