Қадарга ишонмоқ
«Ва бил қадари, хайриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таоло»: Тақдирга, хайр ва шаррлар (яхши ва ёмон кунлар)нинг Аллоҳу таолодан эканлигига ишондим - деганидир. Инсонларга келадиган хайр ва шарр, яхшилик ва ёмонлик, фойда ва зарар, қозонч ва зиёнларнинг ҳаммаси Аллоҳу таолонинг хоҳиши, тақдир қилиши биландир.
Аллоҳу таолонинг бирор нарсани азалда, яратишни хоҳлашига тақдир дейилади. Ўша тақдирнинг, яъни яратилиши исталган, тақдир қилинган нарсанинг вақти-соати келиб яратилишига қазо дейилади. Тақдир ва қазо сўзлари кўпинча бир бирининг ўрнида ҳам ишлатилаверади.
Аллоҳу таоло қулларига ирода, ихтиёр берган бўлиб, қуллардаги ўша ирода ва ихтиёрни ишларнинг яратилишига сабаб қилиб қўйган. Бир банда бирон нарсани қилишни истаганида яъни ихтиёр қилганида, Аллоҳу таоло ҳам ўша нарсанинг бўлишини тақдир қилган бўлса, ўша ишни яратади. Банда ихтиёр қилмаса, Аллоҳу таоло ҳам бу ишни хоҳламайди ва яратмайди.
Мана шу ергача жуда қисқа ва асос жойларини олиб, Аҳли суннат эътиқодини билдирдик. Бу тўғри эътиқодни батафсил ўрганмоқчи бўлганлар буюк олим Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларининг форисий «Эътиқоднома» китобини ва ўша китобнинг камоҳлик Файзуллоҳ Афанди таржимаси бўлган «Барчага лозим бўлган иймон» китобларини ўқисинлар. Бу китоблар жуда фойдали, ҳузурбахш асарлар бўлиб, файз ва баракатлари икки жаҳоннинг саодати учун кифоя қилади.
Аллоҳу таоло ҳаммамизга таваккул қилишни амр қилган. «Таваккул иймоннинг шартидир» маъноли ояти карима бу амрлардан биридир. Моида сурасида: «Агар иймонингиз бўлса, Аллоҳу таолога таваккул қилингиз!», сураи Ол-и Имронда: «Аллоҳу таоло таваккул қиладиганларни албатта севади», сураи Талоқда: «Бир кимса Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳу таоло унга кофий [етарли] бўлади», сураи Зумарда: «Аллоҳу таоло қулига етмайдими?» маъолидаги ояти карималар, Аллоҳу таолога таваккал қилишнинг аҳамиятини урғуламоқда.
Расулуллоҳ “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” марҳамат қилиб буюрдиларки: «Умматимни менга кўрсатишди. Кўплигидан тоғлар ва саҳролар тўлиб кетганди. Умматимнинг бунчалик кўп эканлигидан ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Севиндингми?- дедилар, ҳа- дедим. Булардан атиги етмиш минги ҳисоб-китобсиз жаннатга киргай,- дедилар. Улар кимлар?- деб сўрадим. Улар ишларига сеҳр, жоду, тугун тугиб уфлаш ва фол аралаштирмасдан Аллоҳу таолодан бошқасига таваккал ва эътимод қилмайдиганлардир,- дейишди.»Буни эшитганлар орасида Укоша родияллоҳу анҳ ўринларидан ирғиб туриб: «Ё Расулуллоҳ! Ҳаққимга дуо қилсангиз-да ўшалардан бўлсам»- деб илтимос қилганларида, «Ё Рабби! Уни ўшалардан айла!»-дедилар. Бошқа бири ҳам туриб, дуо сўраганларида, «Укоша сиздан чаққонроқ ҳаракат қилди»- деб марҳамат қилдилар.
Таваккул - деб, сабабларга ёпишиб, (яъни барча чора ва тадбирларни олиб) у ёғини Аллоҳу таолонинг хоҳишига ҳавола қилиб, ўйлаб бошини оғритиб ўтирмасликка айтилади.