Ҳазрати Исо - пайғамбардир, унга сиғинилмайди
Буюк ислом олими “Тафсир-и кабир” ва бошқа турли қийматли қитоблар соҳиби имоми Фахриддин Розий (раҳматуллоҳу алайҳ) Ол-и Имрон сурасининг 61-ояти каримасининг тафсирида айтадиларки: “Хоразм шаҳрида эдим. Шаҳарга бир роҳибнинг келганини ва христианликни ёйишга уринаётганини эшитдим. Ёнига бордим. Суҳбат бошланди. Менга “Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканлигини кўрсатадиган далил нима?” деди. Шу жавобни бердим.
Фахриддин Розий: Мусонинг, Исонинг ва бошқа пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) хариқалар, мўъжизалар кўрсатганлари ҳақида хабарлар бўлгани каби Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам мўъжизалар кўрсатгани ҳақида хабар бизгача етиб келган. Бу хабарлар тавотур (қувватли, ишончли хабар) ҳолидадир. Тавотур йўли билан келган хабарларни ё қабул этасан, ё рад этасан. Агар рад қиладиган бўлсанг ва мўъжиза кўрсатиш одамнинг пайғамбар эканлигига далолат қилмайди десанг, у ҳолда тавотур йўли билан бизга хабар берилган бошқа пайғамбарларга ҳам ишонмаслигинг керак. Агар тавотур билан келган хабарларнинг ҳақлигини ва мўъжиза кўрсатган зотнинг пайғамбар эканлигига ишонсанг, Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканлигини қабул қилишингга тўғри келади. Чунки Муҳаммад алайҳиссалом мўъжизалар кўрсатган ва бу мўъжизалар бизларга тавотур ҳолида етиб келган. Бошқа пайғамбарларнинг пайғамбарлигига тавотур билан билдирилган мўъжизалари сабабли ишонган бўлсанг, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам пайғамбар эканлигига имон келтиришинг керак!
Роҳиб: Мен Исонинг (алайҳиссалом) пайғамбар эмас, илоҳ- тангри ўғли эканлигига ишонаман.
(Тангри – маъбуд демакдир. Сиғиниладиган барча нарсага тангри дейилади. Аллоҳу таолонинг исми Аллоҳдир, тангри эмас. Аллоҳу таолодан бошқа тангри йўқдир. Аллоҳ калимаси ўрнига қасдан тангри дейиш, жуда янглиш ва чиркин бир одат.)
Фахриддин Розий: Биз ҳозир пайғамбарлик ҳақида суҳбатлашяпмиз. Илоҳлик масаласидан олдин нубувват (пайғамбарлик) мавзуини ҳал қилиб олишимиз керак. Бундан ташқари Исо алайҳиссаломнинг илоҳ эканлигини даво қилишинг ҳам нотўғри. Чунки илоҳ, тангри деган мавжудотнинг ҳамиша, ҳамма вақт бор бўлиши лозим. У ҳолда модда, жисм ва маълум бир жой қоплайдиган нарсалар илоҳ бўлолмайди. Ҳолбуки Исо алайҳиссалом жисм эди, инсон эди. Йўқдан бор қилинди, сизларнинг эътиқодларингиз бўйича ўлдирилди. Аввал бола эди, кейин улғайди. Еб-ичарди, худди бизга ўхшаб гапирарди. Ётар, ухлар, уйғонар ва юрарди. Ҳар бир инсондек яшаш учун бир қанча нарсаларга муҳтож эди. Муҳтож бўлган одам бой бўла оладими? Аввал йўқ бўла туриб, кейиндан пайдо бўлган бирон нарса ҳечам абадий бўла оладими? Вақт ўтиши билан ўзгарадиган нарса давомли, абадий бор бўла оладими?
Исони (алайҳиссалом) қочиб яширинган жойидан яҳудийлар тутиб, осди, дейсизлар. Ўша вақтда Исонинг (алайҳиссалом) қаттиқ ғам чекканлигини, бу аҳволдан қутилиш учун чора излаганини айтасизлар. Агар у, сизлар эътиқод қилгандек ҳақиқий Илоҳ ёхуд илоҳнинг бир парчаси бўлганида яҳудийларнинг кўзидан ўзини яширишни уддалаган, ҳатто уларни ҳалок қилган бўлмасмиди? Илоҳнинг ўғли бўлса, нимага ғам чекди ва яширинишга жой излади? Валлоҳи, мен бунга ҳайрат қиламан. Ақли бўлган одам бу сўзларни қандай гапиради, буларга қандай ишонади? Бу сўзларнинг нотўғрилигига ақлнинг ўзи гувоҳ.
Исо ҳақида тасаввурларингиз бир-бирига зид. Уч хил гапирасизлар:
1) У Худодан фарқли ўлароқ кўзга кўринадиган жисмоний бир илоҳ эмиш. Тангри эмиш. Оламларнинг илоҳини ўлдига чиқаришингиз, яҳудийлар уни ўлдирган вақтда оламнинг илоҳини ўлдирганликларини таъкидлаш бўлади. Бу тақдирда оламнинг илоҳсиз қолиши керак бўларди. Ҳолбуки оламнинг илоҳсиз қолиши мумкин эмас. Бундан ташқари, яҳудийлар ноҳақ бўла туриб уни тутиб ўлдиришлари, унинг ожизлигини ва ноҳақликка учраганини кўрсатади. Мана шундай ожиз ва қувватсиз бир одам оламларнинг илоҳи бўла оладими?
Исо алайҳиссаломнинг Аллоҳу таолога кўп ибодат қилгани тавотур билан собитдир. Исо алайҳиссалом илоҳ бўлганида эди, тоат-ибодат қилмасди. Чунки илоҳ асло ўзига ўзи ибодат қилмайди. (Аксинча бошқалар унга ибодат қилади.)
Роҳибнинг сўзи ёлғон эканлиги шундан ҳам билинади.
2) Уни том маънода мутлақ илоҳ дейсизлар. У тангрининг ўғли дейсизлар. Бундай эътиқод тамоман чирик. Чунки илоҳ жисм ва сифат бўлолмайди. Илоҳнинг бир жисмга қўшилиши, у билан бирлашиши имконсиз. Агар илоҳ жисм бўлганида эди, бошқа бир жисмга ҳам қўшиларди. Жисмга қўшилган нарса жисм бўлади ва икки жисмнинг моддалари аралашади. Бу эса илоҳнинг парчаланишига олиб келади. Агар илоҳ сифат бўлганида эди, маълум бир маконга муҳтож бўларди. Бу эса, илоҳнинг бошқа қандайдир омилларга муҳтож бўлиши демакдир. Бошқасига муҳтож бўлган зот илоҳ бўла олмайди. (Илоҳнинг Исо алайҳиссаломга қўшилишига сабаб нима эди? Исо алайҳиссаломга сабабсиз қўшилиши, ҳеч қандай сабабсиз, асоссиз бир нарсани бошқа нарсадан устун кўришдир. Бунинг эса нотўғри эканлигини “Жавоб беролмади” китобида Аллоҳу таолонинг бир эканлигини исбот этаётганимизда билдирганмиз.)
3) У ўзи бевосита тангри эмас. Лекин худонинг бир парчаси унга хулул қилган, қўшилган, дейсизлар. Агар бу парча, илоҳнинг илоҳ бўлишида катта роль ўйнайдиган таъсирли бир фактор бўлса, унда ўша парча илоҳдан ажралгач ҳақиқий илоҳнинг илоҳлиги бузилади. Агар бу парча илоҳнинг илоҳ бўлишида ҳеч қандай роль ўйнамайдиган, таъсирсиз бир бўлак бўлса, унда бу парчанинг тангрига тегишли парча бўлмаслиги керак. Энди Исо алайҳиссаломнинг тангри, илоҳ эканлигига бошқа қандай далилинг бор?
Роҳиб: У ўликларни тирилтирди, туғма кўрларнинг кўзини очди ва Пес деган теридаги қичишадиган оқ доғларни даволагани учун тангри бўла олади. Бундай ишларни фақат тангри қила олади.
Фахриддин Розий: Маълумки далилнинг йўқлиги мадлул (далилнинг далиллаб берган нарсаси)нинг мавжудиятини инкор қилишга асос бўла олмайди. Далил бўлмагунча мадлул ҳам бўлмайди десанг, олам яратилишдан аввал, яъни азалда оламни яратган Яратувчининг йўқ бўлганини даво қилган бўласан, бу эса нотўғри! Чунки олам - Яратувчининг борлигига далилдир. Далил бўлмаса ҳам мадлул бўла олади десанг, азалда махлуқлар йўқ пайтда ҳам Яратувчининг бор бўлганини қабул қилган бўласан. Энди, Исо алайҳиссалом ҳали яратилмаган пайтларда, яъни азалда илоҳнинг унга хулул қилиб, бирлашганини айтсанг, буни далилсиз қабул қилган бўласан. Чунки Исо алайҳиссалом кейин яратилди. Бу - унинг азалда бор эканлигига далилнинг йўқлиги демакдир. Тангрининг Исо алайҳиссалом баданига хулул қилганини, яъни унинг вужудига бир парча кирганини далилсиз қабул қиласан-у, менга, сенга, ҳайвонларга, ўтларга ёхуд тошларга келиб кирмаганини қаердан биласан? Нимага буларга ҳам, далилсиз келиб кирганига, булар билан бирлашганига эътиқод қилмайсан?
Роҳиб: Илоҳнинг айнан Исога хулул қилиши билан сенга, менга ва бошқа мавжудотга келиб кирмаганининг сабаби шундоғам маълум-ку! Исо алайҳиссаломда мўъжизалар кўринди. Сенда, менда ва бошқа борлиқларда эса, бундай ҳолатлар кузатилмади. Демак бундан илоҳнинг айнан унга хулул қилганини, бошқа мавжудот баданига умуман кирмаганини яққол кўрамиз.
Фахриддин Розий: Исонинг (алайҳиссалом) вужудида илоҳнинг мужассамлашганига далил сифатида, Унинг мўъжизалар кўрсатганини даво қиляпсан. Далил бўлмагунча, яъни мўъжизалар кўрилмагунча нимага бошқа баданда мужассам бўла олмайди дейсан? Сенда, менда ва бошқа мавжудотларда мўъжизалар кўринмаганини сабаб-далил кўрсатиб, тангрининг бизларга хулул қилмаганини иддао қила олмайсан. Чунки юқорида "далил мавжуд бўлмаса ҳам, мадлул (далилнинг далиллаб берган нарсаси) мавжуд бўла олади" деган эдик. Мана шу қоида бўйича, илоҳнинг бирон жисмга хулул қилиши (кириши), у билан бирлашиши, унинг танасида мужассамлашиши далилга, яъни мўъжизалар кўрсатишга боғлиқ эмас. У ҳолда илоҳнинг менга, сенга, мушукка, ит ёки сичқон баданига ҳам хулул қилганига ишонишинг, эътиқод қилишинг керак. Илоҳнинг мана шундай паст махлуқларга хулул қилганига, уларнинг баданларига келиб кирганига халқни ишонтиришга уринган дин ҳечам ҳақ дин бўла оладими?
Ҳассани аждарга айлантириш, ўликни тирилтиришдан анча мушкул иш. Чунки ҳасса билан илон ҳеч қайси жиҳатдан бир-бирига яқин эмас. Мусо алайҳиссаломнинг ҳассани аждарга айлантирганига эътиқод қиласизлару лекин унга "тангри" ёки "тангрининг ўғли" демайсизлар. Исо алайҳиссаломга нима учун "тангри, фалон-писмадон" дейсизлар?
Роҳиб бу сўзимга қарши ҳеч нарса дея олмади, жим бўлишга мажбур бўлди.” (Саодати Абадия)