Ота калимасининг маънолари
Савол: Христианлар нима учун Аллоҳга "ота" дейишади? Бундан ташқари, Пайғамбар жанобимизнинг боболаридан бўлмиш ҳазрати Иброҳимнинг отасига кофир дейишадими?
Жавоб: Қуръони каримда ҳазрати Яъқубга “Отанг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқ” деб буюрилади. (Бақара, 133) Ҳазрати Яъқуб ҳазрати Исҳоқнинг ўғлидир. Ҳазрати Исмоил амакиси, ҳазрати Иброҳим эса бобосидир. Демак бу ерда амакига ҳам, бобога ҳам ота дейилган. Ҳазрати Иброҳимнинг отаси Торуҳ бўлгани ҳолда амакиси ва ўгай отаси Озарга нисбатан Қуръони каримда “Иброҳимнинг отаси” деган ифодани учратамиз. (Анъом, 74)
Ҳазрати Одамга "Одам ота" дейилганидек ҳазрати Нуҳга ҳам "иккинчи ота" дейилмоқда. Ҳадиси шарифда: “Одам билан Нуҳ орасида ўнта ота бор” деб марҳамат қилинган. (Табароний)
Расулуллоҳ амакиси Абу Толибга ота ва унинг аёли Фотима бинти Асадга она деганлар. Бу воқеа ҳадиси шарифлар билан собитдир. Туркистон диёрида ҳурматли кишиларга ҳам "ота" дейилиши “Рашаҳот” китобида ёзилган. Турли миллатларда амакига, ўгай отага, қайнотага ва ёрдамсевар кишиларга ота дейиш одат. Инсонларга яхшилик қилган, уларни ҳимоясига олганларга мажозан "фақир отаси" дейилади.
Қари кишиларга ҳам ҳурмат маъносида ота дейилади. Эскидан зовия ва хонақоҳлар (тариқат мактаблари) улуғига ҳам ота дейиларди. Бугунда тўдабошиларига ҳам мафия отаси дейилмоқда. Кампирларга ҳам Фотима она, Ойша она ёки Ҳожи она дейилади. "Ота" деганимиз билан у киши бизнинг ўз туққан отамиз бўлиб қолмаганидек, "она" деб ҳитоб қилган аёлллар ҳам бизнинг ўз онамиз бўлиб қолмайди. Булар ҳурмат учун айтилади. Яна қари кишиларга қариндош бўлмасак ҳам амаки, бобо, хола, буви деймиз. Булар ҳақиқий маънода эмас, ҳурмат маъносидадир.
Қайнота ва қайнонага "ота" ва "она" дейиш нормал ҳодиса. Баъзи жойларда қайнонага "жижи она" ҳам дейилади, Булар мубоҳ одатлардир. Гуноҳ бўлмаган одатларга эргашишда хавф йўқ. Ҳатто гуноҳ бўлмаган баъзи одатларга амал қилмаслик "у фалончи" дегандай ном олишга, шуҳратга ёки ўзгаларнинг кўнглини оғритишга сабаб бўладиган бўлса, бундай одатларга амал қилиш керак. (Ҳадиқа)
Бугун баъзи христианлар “Барчамиз Аллоҳнинг фарзандларимиз. Аллоҳ барчамизнинг отамиз. Инжиллардаги ота ва ўғил калималарини шундай тушуниш керак” дейишади. Христианларнинг аксари Инжиллардаги "ота" калимасини нотўғри тушунгани учун Аллоҳу таолога қатъиян Исонинг отаси дейишмоқда. Инжиллардаги ота муборак бир мавжудот, ўғил эса, унинг севгили бандаси-қули демакдир. Яъни бу ифодалардан мақсад уч тангри эмас. "Ота" ва "ўғил" сўзлари ишлатилган жумлалардан чиқадиган маъно қуйидагича:
“Ҳар нарсанинг ҳокими ва молики бўлган Аллоҳу таоло ҳазрати Исодек севгили бир қулини инсонларга пайғамбар этиб юборди.”
Ҳозирги Инжилларнинг эски ибронийча нусхаларидан нотўғри таржима қилиш натижасида юзага келганини айтаётганлар ҳақли. Чунки ибронийча Ота калимаси “Ҳурматга лойиқ улуғ шахсият” деган маънога ҳам келади. Бунинг учун Қуръони каримда ҳазрати Иброҳимнинг амакиси бўлган Озарга “Озар деган отаси” деган ифода ўтган. Ўғил калимаси ҳам ибронийчада ўзига жуда яқин, қадрдон бўлган бирини таърифлаш учун қўлланилади. Матта Инжилининг 5-боби 9-оятида “Тинчликсеварлар нақадар табаррук инсонлардир, улар Худонинг ўғли деган ном билан ёдга олинади” дейилади. Бу ерда "ўғил" сўзи "Аллоҳнинг севган қули" деган маънони беради. У ҳолда Инжилда "ота"дан мақсад - муборак бир яратувчи, "ўғил"дан мақсад эса, севгили бир бандадир.
Натижа: Инжилларда "ўғил" таъбири Исо алайҳиссаломдан ўзга инсонларга нисбатан ҳам ишлатилган. Масалан, Матта ёзган Инжилда айтиладики: “Тинчликсеварлар нақадар табаррук инсонлар, улар Худонинг ўғли дея ёдга олинади.” (5/9)
“Сизлар самоларда бўлган Отанинг фарзандлари бўласизлар.” (5/45)
Агар "ота ва ўғил бўлиш" ҳазрати Исо ҳақида ҳақиқий маънода ишлатилган бўлса, унда ўзга инсонлар ҳақида ҳам ҳақиқий маънода ишлатилган бўлади. У ҳолда, нафақат ҳазрати Исо, балки барча одамзод Аллоҳнинг ўғли, фарзандлари бўлади. Агар "ота" таъбири ўзгаларга нисбатан мажозий маънода ишлатилган бўлса, унда ҳазрати Исога нисбатан ҳам мажозий маънода қўлланилган бўлади.