Христианликда таслис (учлик) ишончи
Савол: Таслис ақидаси Инжилларга қачон киритилди?
Жавоб: Илк ёзилган уч Инжилнинг (Матта, Маркос, Лука) ҳеч бирида Таслисга доир ҳатто битта ҳарф ҳам йўқ эди. Тўртинчи бўлиб пайдо бўлган юнонча Юханна Инжилида юнон файласуфи Афлотуннинг таслис (уч Худолик) фикри кўриниш топди. Барнабас Инжилида Аллоҳнинг бир эканлиги айтилади. Константин Афлотуннинг таслис фикрини янги Инжилга ҳам илова қилдиргач роҳиб Ариус “Таслис - улкан залолат! Аллоҳ бир, Исо унинг ўғли эмас, қули” дегани учун христианлар уни черковдан қувғин қилишди. Ариус Мисрга қочса ҳам, ашаддий христианларнинг суиқасдларидан қутила олмай, шаҳид қилинди.
Бугунги кунда Таслис (уч Худолик) христиан динининг асосини ташкил этмоқда. Аллоҳ айни пайтда ҳам учта, ҳам битта деган ақида черковларга ҳоким. Булардан бир қисми учликни Ота, Ўғил ва Руҳулқудс сифатида қабул этади. Бошқа бир қисми эса, Аллоҳ, Марям ва Исо дейишади. Ҳазрати Исо ҳақида “У ўғил тангри, Худо инсон танасига кириб, ҳазрати Марямдан туғилган” дейишади. Яъни бу улуғ Пайғамбарнинг ҳам инсондан туғилганига ҳамда илоҳ эканлигига ишонишади. Махлуқдан туғилган зотнинг ўзи ҳам махлуқ, яъни яратиқ бўлмайдими? Унга қайси ақл билан Холиқ (яратувчи) дейиш мумкин?
Христианлар Руҳулқудснинг Ота тангридан ажралиб чиқиб, Исонинг вужуди билан бирлашиб кетганига эътиқод қилишади. Мусулмонликда эса, Руҳулқудс тўрт улуғ фариштадан Жаброилнинг исмидир. Унинг вазифаси бутун инсонларга руҳ уфлаш билан бирга Пайғамбарларга ваҳий ҳам олиб келади. Худди барча руҳлардек Руҳулқудснинг ўзи ҳам бир яратиқ, яъни махлуқдир.
Христианлар ҳазрати Исонинг жуда кўп ибодат қилганига, кейин эса, яҳудийлар томонидан ўлдирилганига, ўлдирилишдан олдин яширинишга жой излаганига, яширинган жойидан қўлга тушиб, шиддатли азоблар чекиб “Ё Рабби! Мени нима учун тарк этдинг?” деб Аллоҳга ҳолидан шикоят этганига эътиқод қилишади. Ўлдирилганидан кейин Жаҳаннамга кириб, ҳазрати Одам билан унинг наслидан келган барча пайғамбарларни у ердан чиқарганлигига, уч кундан ўтгач жасади ўликларнинг орасидан жонланиб туриб, кўкка учиб кетганлигига ва ота тангрининг ўнг тарафига бориб ўтирганлигига ишонишади. Яъни ҳазрати Исо йўқдан яратилган, ҳазрати Марямдан туғилган, сут эмган, еб-ичган, болалик ва ёшлик чоғларини инсонлар орасида кечирган. Шу ҳолда кейинчалик ўлганлигини ҳечбир христиан инкор қилмайди. Лекин шундай бўлишига қарамасдан йўқдан яратилган ва еб-ичишга муҳтож бўлган бир кишининг асло Худо бўлолмаслигини негадир қабул қилишмайди. Бу қандай Худоки, яҳудийларнинг қўлида ожиз қолиб, қутилиш учун яширинишга жой ахтарса, яна яшириниб ўтирган жойидан қўлга тушиб душманлари қўлида хочга михланиб ўлдирилса?
Ҳам тангри эди дейишади, ҳам-да кўп ибодат қилганлигини айтиб фахрланишади. Тангри ҳам ўз-ўзига ибодат қиладими? Ота тангрининг ўнг тарафига ўтиб ўтирди деганларига қараганда унинг зотини Худодан алоҳида бир мавжудот эканлигини эътироф қилишган ва устига устак ҳақиқий бўлган Худонинг ўзига ҳам макон иснод этишган бўлади. Тангрилик қудрати бор деб эътиқод қилинган зотнинг ўзга бир тангрига ва маконга муҳтож бўлиши ожизликдир. Ваҳоланки Илоҳда ожизлик бўлмайди. Бошқа бир Худога, маконга ёки бошқа бирон бир нарсага эҳтиёжи бўлган зот ҳечқачон тангри, илоҳ, Худо бўлолмайди.
Инжилларда ўғил таъбири нафақат Исо алайҳиссаломга, балки бошқаларга нисбатан ҳам ишлатилган. Масалан, Матта ёзган Инжилда “Тинчликсеварлар қандай таббарук кишилардур, улар Худонинг авлодлари дея ёдга олинади.” (5/9) “Сиз кўклардаги Отанинг ўғиллари бўласиз.” (5/45)
Агар "ота ва ўғил бўлиш" сифатлари ҳазрати Исо ҳақида ҳақиқий маънода қўлланилган бўлса, бошқа инсонлар ҳақида ҳам ҳақиқий маънода қўлланилган бўлади. Унда фақат ҳазрати Исо эмас, барча инсонлар Худонинг ўғилллари, фарзандлари бўлишади. Агар "ота" таъбири ўзга одамларга нисбатан мажозий маънода ишлатилган бўлса, ҳазрати Исо учун ҳам мажозий маънода ишлатилган бўлиши керак.
Матта Инжилида ҳазрати Исога пайғамбар дейилган: “Оршелимга кирганида бу ким дея шаҳар ғалаёнга келди. Халқ эса, бу Насоралик Исо пайғамбар дейишди.” (21/10-11)
“Исо, бир пайғамбардур, у ўз ватанидан бошқа ерларда ҳам обрў-эътиборсиз қолмайди, деди.” (13/53-54)
Кўриб турганингиздек христианлар ҳатто ўзлари ёзган "муқаддас" китобга ҳам ишонишмайди, Исони пайғамбар эмас, илоҳ- дейишади.