Фотиҳа сурасининг фазилатлари
Савол: Фотиҳа сурасининг маъноси ва хосиятлари қанақа?
Жавоб: “Уммул Қуръон” деб аталадиган Фотиҳа сурасининг маъноси қуйидагича:
“Раҳмон ва раҳим бўлган Аллоҳу таолонинг исми билан бошлайман. Мақтов ва мадҳларнинг энг устуни бутун оламларни яратган (тартиб билан бир-бирига боғлаган) Аллоҳу таолога хос. Аллоҳу таоло дунёда ва охиратда қулларига жуда меҳрибондир. Қиёмат кунининг эгаси ва бошқарувчиси ёлғиз Удир. Биз фақатгина сенга ибодат қиламиз (Сендан бошқа ибодат этишга лойиқ бўлган ҳеч нарса йўқ) ва фақат сендан ёрдам сўраймиз. Бизни (эътиқодимизда, ҳаракатимизда, сўзларимизда ва одобимизда, ортиқ ва кам орасидаги ўрта йўл бўлган) дуруст йўлда юргизгин! (Шу йўлда бизни доимий қил!) Бизни (меҳрибончилигинг ва эҳсонинг билан) неъмат берган зотларингнинг (авлиё, анбиё ва сиддиқларнинг) йўлида юргизгин. (Ҳақни қабул этмасдан) сенинг ғазабингга учраганларнинг, адашганларнинг йўлига туширма! (Омин).”
Фотиҳанинг хосиятлари ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифларда билдирилган:
“Фотиҳа билан Оятал курсини ўқиган одамга шу куни жин ва шайтон зарар етказа олмайди, кўз тегмайди.” (Дайламий)
“Фотиҳа билан Оятал курсини ўқиган одамга шу куни назар тегмайди.” (Дайламий)
“Энг хосиятли сура – Фотиҳа.” (Ҳаким)
“Фотиҳа сурасини ўқиш Аллоҳу таолонинг ғазабининг олдини олади.” (Шира)
“Фотиҳа сураси заҳарга қарши шифодир.” (Абушшайх)
Бир саҳоба Фотиҳа сурасини ўқиганини айтганида Пайғамбаримиз “Қасам ичаманки, Аллоҳу таоло Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда ҳам бу суранинг ўхшашини туширмаган. Бу сура менга берилган буюк Қуръондан бўлиб, намозларда такрор-такрор ўқилади” деб марҳамат қилганлар. (Термизий)
Севимли Пайғамбаримиз Жаброил алайҳиссалом билан ўтирганда бир фаришта келиб айтади: “Сендан аввал ҳеч бир Пайғамбарга берилмаган икки нур ҳақида хушхабар айтаман. Булар Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг сўнгги оятлари. Шу иккаласини ўқисанг истаганинг, албатта, берилади.” (Муслим)
Бир қабиланинг бошчисини илон чақиб олади. Саҳобалардан бири Фотиҳа сурасини ўқиганида Аллоҳу таолонинг изни билан ҳалиги одам шифо топади. Қабила бошчиси унга 30 та қўй совға қилади. Саҳоба олиш-олмаслиги жоиз бўлишини билмасдан Пайғамбаримиздан сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом “Нима ўқидинг?” деб сўрадилар. Саҳоба Фотиҳа сурасини ўқиганини айтганида, унга “Фотиҳанинг шифо бўлишини қаердан билдинг? Бу қўйларни ёнингдагилар билан бўлиш ва менга ҳам бир қисмини ажрат” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий)
Дуо ўқилиши билдирилган ерда Фотиҳа ўқиш яхшироқ бўлади. Фотиҳа сураси дуоларнинг энг яхшисини билдириш учун туширилди. Имом “Ал-Фотиҳа” деганида ҳар кимнинг овозсиз ўқиши яхши бўлади. Сабаби дуоларнинг сўнгида мадҳ этиш мустаҳаб. Ҳамд этишнинг энг яхшиси ҳам – Фотиҳа ўқишдир. (Бариқа)